Қайднома

Қидирув

Бир ўйин хулосалари ёхуд "Пахтакор"нинг ОЧЛдаги иштироки ҳақида...

Бир ўйин хулосалари ёхуд "Пахтакор"нинг ОЧЛдаги иштироки ҳақида...

  16.10.2020 01:22
  0
  203
Бир ўйин хулосалари  ёхуд

Афсуски, «Пахтакор»нинг ОЧЛ-2020даги юриши биз кутган нуқтагача етиб бормади. Ҳар ҳолда, «шерлар» қатарда мини-турнир шаклида ўтказилган ўйинларда тетик футбол кўрсатиб, ҳаммамизни ОЧЛ финалига чиқа олишларига ишонтиргандилар. Лекин битта ўринсиз ҳаракат ортидан келган қизил карточка бутун сценарийни бузиб юборди. Умуман олганда, «Пахтакор» қатарда футболимизга яхши имидж ярата олди - Шота Арвеладзе бу борада ҳақ. Лекин бугун жамоанинг умумий иштироки эмас, балки 1та ўйини юзасидан мулоҳаза юритишни лозим кўрдим. Бунда гуруҳ босқичи 3-тури доирасида «Ал-Ҳилол»га қарши кечган учрашувни танладим. Нега айнан шу ўйинни? Биринчидан, Ўзбекистон миллий жамоасини олдинда ЖЧ-2022|ОК-2023 қўшма саралашида Саудия Арабистони термасига қарши кечадиган ўта муҳим ўйин кутиб турибди. «Ал-Ҳилол» эса Саудиянинг етакчи клуби, мамлакат терма жамоасининг бош таъминотчиси. Нега энди «Ал-Ҳилол»га қарши кечган 4-тур учрашуви эмас, бир тур олдингисини олдим? Чунки айнан шунисида еврофутбол шукуҳи сезилди, иккинчи тўқнашувда эса ҳар икки жамоа негадир бирданига анча паст кайфиятда ҳаракатланди.  Умуман олганда, «Ал-Ҳилол» билан биринчи учрашув кўпроқ озуқа берди, гарчи мағлубият билан хотима топган бўлсада. Ҳар ҳолда, шу учрашув давомида бир қатор фикрлар, мулоҳазалар юзага чиқди. Биринчи навбатда, бу ўйин АПЛ 1-туридан ўрин олган «Ливерпуль» - «Лидс» тўқнашувини эслатиб юборди қайсидир жиҳатлари билан. АПЛ чемпиони - «Ливерпул»нинг юлдузлари ва Чемпионшипдан энди чиққан таниш мураббий қўл остидаги «нотаниш» йигитлар ўртасидаги олишувдан андоза кўчирилгандек, гўё. Ҳисобни очган «Ливерпуль», тенглаштирган «Лидс». Ҳисобда чинакам қувлашмачоқ. Якунда тажрибали ва юлдузли «Ливерпул»нинг қўли баланд. «Ал-Ҳилол» - «Пахтакор» учрашуви якуни ҳам мана шу сценарийга ўхшашроқ драма тақдим этди. Хуллас, ўша бир ўйин бизга футболимиздаги бир қатор плюс ва минусларни кўрсатиб берди.

Бир ўйин кўрсатиб бердики, Сау­дия Арабистони ва Ўзбекистон футболининг бугунги даражаси ўртасида фарқ у қадар катта эмас. Ҳар икки мамлакат чемпионатлари етакчилари, амалдаги чемпионлари ўртасидаги тўқнашувда кўриндики, легионерлар салобатию, маҳобати борасида саудлар ҳали ҳам биздан устунроқ эканлар, барибир. Ўша машҳур Себастьян Жовинко ва Бафетимби Гомис биз учун ёқимтойгина Драган Черан, ҳозирча фақат трансфер баҳоси ҳамда ўтмишда ўйнаган лигалари билан мақтана оладиган Эрен Дердийокдан анчагина залворли эканлар.

Бир ўйин кўрсатиб бердики, ОЧЛ ғолиблиги учун курашган «Пахтакор» мусобақанинг амалдаги чемпионидан ҳеч бир жабҳада қолишмади. Ўйин суръати, футболчиларнинг жисмоний ҳолати аъло даражада эканлиги яққол кўзга ташланди.

Бир ўйин кўрсатиб бердики, «Пахтакор» футболчиларига ҳам қизил карточка кўрсатиш мумкин экан. Эсланг, Суперлигада ҳам худди ОЧЛ ўйинида кузатилганига ўхшаш ҳолат юзага келганди. «Насаф» билан ўйинда. Ўшанда тўпни жарима майдони ташқарисида ушлаган «Пахтакор» киперига сариқ карточка берилганди. ОЧЛда ўша ҳолат такрорланди, фақат бу сафар «қизил» кўрсатилди. Шарҳловчи ҳакам футбол қоидаларига асосан тўппа-тўғри қилганини айтди. Нима, Суперлигада қоидалар бошқачами?

Бир ўйин кўрсатдики, жамоаси бир ўйинчи кам бўлиб қолганига қарамай, амалдаги чемпиондан ҳайиқмасдан очиқ футбол таклиф этадиган Шота Арвеладзе тўғри йўлдан кетмоқда.

Бир ўйин кўрсатдики, ўзбек футболида анчадан буён энг оғриқли нуқта бўлиб келаётган сўнгги сониялар жабри ҳамон йўқолмаган. Эҳ, санаб адоғига етолмаймиз охирги сониялари алам улашган ўйинларни. Вақтида атиги 12 сония қолган паллада гол уриб, 3 очко олиб кетган эронликлар, сўнгги дақиқаларда мағлубиятни ғалабага алмаштирган саудлар... Барчаси яна кўз олдимиздан ўтди бир ўйин баҳона.

Бир ўйин кўрсатдики, барча жабҳаларда маҳаллий клублардан анча илгарилаб кетган «Пахтакор» олдида чинакам буюк бўлиш учун ҳали битта муҳим иш бор экан. Скаутлик. Дейлик, Африка томонлардан 18-20 ёшли иқтидорларни олиб келиб, тарбиялаш йўлга қўйилса, зўр бўларди. Истаса, клуб бундай иқтидорларни АГМК, «қизилқум», «Динамо» каби жамоаларга ижара асосида юбориш асносида тарбиялаши керак. Скаутлар Колумбия ва Перуга бориб, ёш-ёш Карильоларни топиб келишса, нур устига аъло нур.

Бир ўйин кўрсатдики, «Пахтакор»­га ҳам еврофутболда анчагина кўйлак йиртиб, тажриба тўплаган етакчи керак экан. Ўтган йили испаниялик Хавининг жарима зарбаларидан урган голларини эсланг. Бу сафар миттигина Жовинконинг суперзарбалари... Ҳа, бизнинг футбол ҳам худди шундай трендга мансуб футболчига муҳтож. Шота Арвеладзе бежиз Эммануэль  Адебайор трансферини талаб қилмаган экан.

Бир ўйин кўрсатдики, Суперлигада «Пахтакор» билан тенгма-тенг ўйнайдиган жамоаларни кўпайтиришимиз керак. Юқори суръатдаги ўйинлар футболчилар жисмоний ҳолатини ҳам яхшилайди. Айтарсиз, ЕЧЛ финалида ўйнаган «Бавария» ва «ПСЖ» ҳам ўз лигаларида мутлақ пешқадам, рақобатдан холи. Лекин Бундеслигада ҳам, Лига 1да ҳам футбол умуман бошқача. Дейлик, «Бавария» Бундеслигада «РБ Лейпциг» ёки «Боруссия» Д. билан ўйнамоқда. Мануэль Нойер жарима майдони ташқарисида тўпни қўли билан ўйнади ёки қоида бузди. қоида бўйича қизил карточка бериш керакми, «қизил» берилади, тамом. «қизил» ўрнига «сариқ» кўрсатиб, буни инсон факторига йўйиб қўймайдилар Бундеслигада ишлайдиган ҳакамлар.

Бир ўйин кўрсатдики, футбол ўйи­ни ҳакам ҳуштаги янграгунича давом этади. 20 дақиқа қўшиб бермайдими, ўйнаш керак. «Пахтакор» устунликка эга бўла туриб, мағлубиятга учради. Фожиа ясаш керак эмасдир, лекин ўша битта мағлубият фонида ҳар доимги «анъана»ларимиз ётибди. Шуниси аламли. Сўнгги дақиқада қўйиб юборилган гол, имкониятлардан фойдаланолмаслик ва ҳоказо...

Бир ўйин кўрсатдики, бизда вазиятлардан фойдаланиш коэффициенти жуда паст. Биргина Игорь Сергеевнинг ўзи биринчи бўлимдаёқ 4та яхши имконият ҳосил қилганди, бироқ... Ҳужумкор футболимизга ҳамлани якунловчи тўпурар етишмаяпти. Эҳ, Лионель Мессининг «Наполи» дарвозасига урган голини бир эсланг.

Бир ўйин кўрсатдики, Осиё гранд­лари билан тенгма-тенг ўйнайдиган клубимиз бор. Чемпион бўлишимиз учун эса чемпионлар билан ўйнашимиз, уларни енгишимиз керак. Майли, бу сафар эртароқ тўхтадик, лекин Арвеладзе айтганидек, «ПАХТАКОР» ҲАЛИ ҚАЙТАДИ!

Орол НОРБОЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz