Қайднома

Қидирув

«Жалолиддинов иши»: «Бунёдкор» ва «Локо» ўртасидаги воситачилар 550 минг еврони ўзлаштирган

«Жалолиддинов иши»: «Бунёдкор» ва «Локо» ўртасидаги воситачилар 550 минг еврони ўзлаштирган

  16.10.2020 16:16
  0
  332
«Жалолиддинов иши»: «Бунёдкор» ва «Локо» ўртасидаги воситачилар 550 минг еврони ўзлаштирган

Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддиновнинг «Бунёдкор»дан Москванинг «Локомотив» клубига трансфер қилиниши бўйича Eurosport нашри журналисти Димитрий Зимин тафсилотларни эълон қилди. «Дарё» қуйида ушбу тафсилотларни ўзбек тилида тақдим этади.

Июль ойи охирларига бориб, Москванинг «Локомотив» клуби Чемпионлар Лигаси олдидан таркибни кучайтириш фонида «Бунёдкор»дан Жасур Жалолиддинов трансферини эълон қилди. Тан олиш лозим, 18 ёшли ўзбекистонлик футболчи ҳақида кўп нарса номаълум эди, у ҳақида ягона жўяли маълумот – 2019 йилда Guardian талқинига кўра 2002 йилда туғилган 60 нафар энг яхши ёш футболчилар рўйхатига киргани эди, холос.

Ўзбекистон чемпионатида фаолият юритган мутахассислар, хусусан, «Навбаҳор» собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскис унинг иқтидорли йигит эканлигини айтар экан, айнан нималарга қодир эканлиги ҳақида аниқ башорат қилмаганди. Матбуотда ушбу трансфер миқдори эълон қилинганида эса у(лар)нинг оғзи очилиб қолди: номаълум ва 18 ёшли футболчи учун бир миллион евро – катта таваккал қилинган сармоя.

Фото: Eurosport

Табиийки, бунинг ортидан Ўзбекистонда ҳам ушбу битимнинг шаффофлигига (асосли) шубҳалар пайдо бўла бошлади. Оммавий ахборот воситаларида турли хил рақамлар пайдо бўлди: «Бунёдкор» қанча олди бу трансфердан, 1 миллион, 150 минг ёки 300 минг евро? Футболчи кетишидан олдин клуб билан шартномасини бекор қилдими? Маблағнинг қанчаси «Бунёдкор»га тегди? Демак, қуйида Жалолиддиновнинг можароли трансфери ҳақида батафсил фикр юритилади.

Белоус ва «Бешиктош» таклифи

«Москва» футбол клубининг собиқ президенти Юрий Белоус «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов билан тошкентликларнинг ўқув-машғулот йиғинларида тез-тез иштирок этиб турарди. Маълумотларга кўра, у Жасурни 16 ёшидаёқ пайқаб қолган. Жасур тенгдошлари фонида яққол ажралиб турарди. Шундан сўнг у асосий жамоага жалб этилади ва бундан икки йил олдин йигитчанинг жиддий «актив» экани маълум бўлиб улгурган эди. Аммо Белоус шошилмади. У яхши билардики, 18 ёшгача фақат академиядан академияга кўчиб ўтиш мумкин. Шу сабаб у футболчининг балоғат ёшига етишишини кутди. Клуб ичидаги барча жараёнларга таъсир кўрсатадиган Абрамов орқали у футболчи борасидаги барча музокараларни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

2020 йилнинг 15 май куни Жалолиддинов (ниҳоят) 18 ёшга тўлди. Аммо Юрий Викторович ҳаракатни қишда бошлаб юборган ва Жасурни Россиянинг турли клубларига таклиф қилишга улгурганди. Манбаларга кўра бу ерда риторика муҳим аҳамият касб этган: «Ўзбекистонда комиссия билан 800 минг евро эвазига олиш мумкин бўлган истеъдодли йигит бор. Аммо агар рози бўлсангиз, нарх туширилиши ҳам мумкин». Шу билан бирга айнан ушбу вақтда «Бунёдкор»га «Бешиктош» мурожаат билан чиқиб, клубга 300 минг евролик (тахминан, «Бунёдкор» бюджетининг учдан бир қисми) таклиф юборади. Бироқ Абрамов эски дўсти Юрий Белоус бундан ҳам кўпроқ келтириши мумкинлигини билиб, шошилмасликка қарор қилади.

«Локо» учун икки вариант

Шундан сўнг эса воқеалар ривожининг кулминацияси рўй берди. Айнан туркларнинг таклифи «Локо»нинг «Бунёдкор» билан музокараларни бошлашига туртки бўлади. Москваликлардан анча катта тўловлар кутилган эди. Ишончли манбаларга кўра, «Локо»да иккита вариант мавжуд бўлган – расмий ва норасмий. Биринчиси – худди шу 800 минг еврони ташкил этса, маълумотларга кўра, бу сумма футболчининг 2022 йилгача мўлжалланган шартномасида кўрсатилган. Иккинчиси – 350 минг евро. Ушбу таклиф қуйидаги шартларни ўз ичига оларди: футболчи биринчи шартномасини бекор қилади ва 2020 йилнинг охиригача мўлжалланган ва камроқ товон пули белгиланган янги битим имзолайди. Ушбу ҳолатда клубга 350 минг евро берилади (турклардан 50 минг еврога кўпроқ), қолган маблағ эса шунчаки комиссия сифатида музокарачиларга тарқатилади.

«Локомотив» норасмий вариантни танлади: трансферга пул тежалди, лекин катта қисми воситачиларга ўтказиб берилди. Охир-оқибат клуб 900 минг еврога яқин маблағ сарфлаган, икки манбага кўра, бу офшор компаниянинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган, Ўзбекистонга эса бунинг бор-йўғи 350 минг евроси ўтказилган, холос. Маблағнинг ярмидан кўпроғи у ёки бу тарзда музокараларда қатнашганларга берилган. Бир нечта клуб раҳбарлари билан маслаҳатлашилганида улар билвосита клубга маблағ ўтказилмаслиги унчалик ҳам ноёб ҳолат эмаслигини маълум қилди. Баъзи ҳолатларда футболчига бўлган ҳуқуқлар бир нечта юридик шахсларга тегишли бўлиб қолади, бундай ҳолатлар, асосан Лотин Америкаси футболчилари орасида учраб туради. Баъзан эса клуб эгасининг ҳисоб рақамига ҳам ўтказилиши мумкин. Шу билан бирга экспертлар Жалолиддинов учун комиссияни офшор ҳисоб рақамларига ўтказилгани тўғрисидаги маълумотдан ҳайратга тушди ва буни солиқлардан қочиш истаги билан боғлади.

Мазкур трансфердан сўнг дарҳол «Бунёдкор» бош директор Улуғбек Мирзаев ишдан олинди ва «Жалолиддинов иши» бўйича федерация даражасида суруштирув бошланди. «Бунёдкор» собиқ раҳбари икки учрашувда қатнашиб, лига раҳбарига ўз позициясини тушунтириб берган. Унинг тушунтиришларидан барчанинг мамнун бўлганига ишониш қийин. Бироқ ушбу учрашувлардан сўнг биронта ҳам расмий баёнот берилмади. Шу билан бирга яқинда клубда жиддий молиявий муаммолар борлиги маълум бўлди: футболчилар тўрт ойдан бери маош олмаётган экан. Янги раҳбарият эса ҳозирча алоқага чиққани йўқ.

Клуб базасидаги ҳаёт ва жамоага мослашиш

Москвадаги манбаларга кўра футболчи клуб ихтиёрига келгач, «Локомотив» базасига жойлашган. У ерда эса Жасур ўзини унчалик ҳам қулай ҳис этмаган. Марко Николич («Локомотив» бош мураббийи) кучли легионер трансферини хоҳлаганди, аммо бунинг ўрнига унга жуда ёш йигитчани олиб келинди. Жамоа ҳам янги футболчини жиддий қабул қилмади. Трансферни амалга оширган Юрий Белоус эса бу ерда ҳеч қандай ёрдам беролмади.

Дастлаб Жалолиддинов мавсум қайдномасига киритилди ва асосий таркиб билан машғулотларни бошлади ҳам. Ҳатто бир неча марта РПЛдан ўрин олган ўйин қайдномаларидан ҳам жой олди. Аммо аста-секин асосий футболчилар сафга қайтди ва Жасур легионерлар чеклови туфайли қайдномадан чиқариб ташланди.

Ярим ҳимоячини «Бунёдкор»да кутишаётганди. Гап ижара ҳақида кетмоқда. Аммо клублар бу борада келиша олмади. Трансфер ойнаси ёпилган, шу боис ижара фақат Россия ҳудудида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга «темир йўлчилар» Жасурни бошқа клубга жўнатишга унчалик ҳам жиддий киришмаган. Эҳтимол, улар уни «Kazanка»да («Локомотив»нинг фарм клуби) кўришаётгандир. Бироқ Жалолиддинов майдонга тушиш имкониятисиз қишгача асосий таркиб билан машғулот ўтказиши аниқ.

Буларнинг барчаси «Локомотив»га 900 минг еврога тушди. Клуб раҳбарияти легионерлар чекловига тўғри келмайдиган ва майдонга туша олмайдиган футболчи учун нима сабабдан шунча маблағ сарфлаганини тушунтирса тўғри бўларди.

«Дарё» маълумотномаси

Жасур Жалолиддинов — 2002 йил 15 майда Навоийда туғилган. 2018 йил 2 август санасида «Бунёдкор» сафида Суперлига доирасида дебют ўйинини «Қўқон-1912»га қарши ўтказган. У дебют қилган вақтда 16 ёш 80 кунлик эди. Бу орқали у Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчига айланганди. 2019 йил октябрида The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истеъдодли 60 футболчиси рўйхатида қайд этилган. 2019 йил якунларига кўра, Суперлиганинг энг яхши ўйинчиси деб топилган. 2019 йил декабрида Италиянинг «Беневенто» клуби кўригида бўлган.

2020 йил июль ойида «Бунёдкор»нинг ўша вақтдаги директори Улуғбек Мирзаев Жасур Жалолиддинов 350 минг евро эвазига Москванинг «Локомотив» клубига ўтаётганини тасдиқлаганди. Орада «Чемпионат» нашри «Локомотив» Жалолиддинов учун 1 миллион евро сарфлашини, маблағнинг 100 минг евроси футболчининг «Бунёдкор» билан амалдаги шартномасини бекор қилишга, қолган 900 минг евро эса Жасурнинг агентларига насиб этиши ҳақида маълум қилди. 29 июль куни эса москваликлар Жасурнинг трансферини эълон қилди. Август ойи аввалида «Бунёдкор» директори Улуғбек Мирзаев ишдан кетгани айтилди. Шундан сўнг август ойида Профессионал футбол лигаси Жасур Жалолиддинов трансферида шубҳали жиҳатлар борлигини эълон қилиб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат қилгани айтилди. Ушбу мурожаат натижалари ташкилот расмий сайтларида эълон қилинмади. Аммо «Championat.asia» сайти ушбу масалада Улуғбек Мирзаев барчасини клуб фойдасига ҳал этганини ва тез орада унинг ўзи нашрга интервью беришини эълон қилди. Маълумотларга кўра, «Бунёдкор» футболчилари сўнгги бор июнь ойида маош олган.

Қайд этиш жоиз, Жасур Жалолиддинов мавсум сўнгига қадар «Локомотив» томонидан «Тамбов» клубига ижарага берилди. У янги жамоасида 7-рақам остида ҳаракат қилади


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz