Қайднома

Қидирув

“Бавария” ни ким “яксон” қилди ?

“Бавария” ни ким “яксон” қилди ?

  17.10.2020 03:33
  0
  167
“Бавария” ни ким “яксон” қилди ?

«Хоффенхайм» Бундеслига 2-турида амалдаги чемпион, ЧЛнинг янги ғолиби, турнир стартида «Шальке»ни 8:0 ҳисобида енгиб, барчада қўрқув уйғотган «Бавария»га жуда оғриқли зарба берди - 4:1. Эслатиш керак, Зинсхайм жа­моа­си аввалги мавсум Бундеслига финишига атиги 6-қаторда етиб келганди. қаранг-а, қудратининг чек-чегараси йўқдек кўринган «Бавария» шу «оддий» рақиб олдида мулзам бўлиб қолди-я. Ҳар ҳолда, 1:4 ҳисоби Дитер-Ханс Фликнинг ҳозирги дружинасига асло ярашмайди. Энг диққатни тортадиган томони шуки, «Бавария» янги мавсум олдидан бунга қадар Бундеслигада ишламаган мураббий қўл остига ўтган жамоага ютқазди. Яна бир томони, бу мураббий яқин-яқинда ҳам «Бавария» ёшларини шуғуллантираётганди. Боз устига, у Мюнхен клуби фахри - Ули Хёнесснинг жияни. 38 ёшда «Хоффенхайм» бош мураббийи! Ким у ўзи? Gol.ru сайтининг мақоласи айнан Себастьян Хёнесс ҳақида.
***
Себастьян Хёнесс - «Бавария» клуби ва ГФР терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Дитер Хёнесснинг ўғли. Маълумот учун, Себастьяннинг отаси вақтида Мюнхен жамоаси сафида 5 марта мамлакат чемпиони бўлган, қолаверса, Европа Чемпионлар кубогида 2 бора зафар қучиб, ЖЧ-86 финалида ҳам иштирок этган.

***Себастьян Хёнесс - янада машҳурроқ Ули Хёнесс (немис футболи афсонаси ва «Бавария»нинг кўп йиллик президенти)нинг жияни.

***Себастьян Хёнесснинг ўзи футболчилик фаолияти давомида ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида тўп сурган, бироқ кенг доирада танилмаган. Яъни асосан Берлин «Герта»си иккинчи жамоасида ўйнаш билан чекланган.

***Себастьян Хёнесс «Герта»дан ташқари, яна бир клуб «заявка»сига тушган - айнан «Хоффенхайм»никига. Лекин ўша мавсум (2006|2007) Германия чемпионати учинчи лигасида иштирок этган Зинсхайм жа­моа­си сафида 3 марта майдонга тушган, холос. Энг муҳими, «Хоффенхайм»даги қисқа фаолияти зое кетмаган. Себастьян ўша мавсум кимсан Ральф Рангник қўл остида ишлаганди.

***Себастьян Хёнесс 29 ёшидаёқ мураббийлик ишини бошлаб, аввалига «Герта» ёшларини шуғуллантирди, кейин эски таниши Рангник чорлови билан «РБ Лейпциг» тизимига қўшилди. Лейпцигдан «Бава­рия»­га ўтган кичик Хёнесс мавсум-2019|2020 арафасида «Бавария»нинг иккинчи жамоаси бошқарувини қўлга олиб, ёшлар билан учинчи лига ғолибига айланди.

***«Герта» иккинчи жамоасида Себастьянга устозлик қилган  Карстен Хайне уни идеал сардор сифатида таърифлаган эди: «Жуда эҳтиросли йигит, лекин у билан ҳар қандай мавзуда баҳслашиш мумкин - жуда фойдали тортишув бўлади».

***Кичик Хёнесс мураббийлик соҳасига қўл ургач, билим олишга жиддий бел боғлади, жумладан, Хуб Стевенс, Томас Тухель, ҳаттоки, Хосеп Гвардиола олдига тажриба ошириш учун борди. Себастьян айниқса, испаниялик мураббий билан учрашувдан кучли таассурот олганини айтганди: «Биз тўлиқ 1 соат давомида фақат футбол ҳақида гаплашдик, у ўта самимий эди ва эҳтирос билан гапирди, шунчаки, идеал суҳбатдош».

***Себастьян Хёнесс «Герта»да ишлаган пайт отаси клуб вице-президенти эди. «Албатта, отам туфайли клубда ишлаётганим ҳақидаги турли гап-сўзларни эшитдим. Бироқ буларнинг барчаси тоза сафсата эди», - деганди Себастьян.

***Мураббийнинг айтишича, амакиси аслида уни «Бавария»га таклиф этишни истамаган - таниш-билишчилик ҳақида гап бошланишидан чўчиган. Лекин клубнинг ёшлар департаменти Ули Хёнессни фикридан қайтарган, яъни кўндирган. Ўйинларда эса, фанатлар афсонанинг жиянига босим ҳам ўтказишди. «Катта ном буюк мураббийга тенг эмас» баннери бунга ёрқин мисол.

***Себастьян Хёнесс мураббийлик фаолиятидаги доимий ассистенти Давид Крекидло билан «Герта»да ўйнаган вақти танишган ва қалин дўст тутинган. Кичик Хёнесс уни «Бавария»га ҳам олиб борди ва дуэт тез орада бутун Германияга танилди. Бинобарин, мюнхенлик ёшлар жамоаси аввалига турнир жадвали аутсайдерлари қаторида юрди, кейин бирданига ақлга сиғмас даражада тезлик олиб, якунда лига ғолибига айланди. Германия футболи тарихида бунга қадар ҳеч бир захира клуби турнир ғолибига айланган эмасди. «Ёшларимизнинг амалга оширган ишлари ва натижалари - шунчаки, фантастика», - дея ҳайратини яширмаганди «Бавария» раҳбари Карл-Хайнц Румменигге.

***Себастьян Хёнесс бошқарувидаги «Хоффенхайм» Бундеслиганинг янги мавсумини кетма-кет 2та ғалаба билан бошлади - жамоа «Бавария»ни шарманда қилишидан олдин «Кёльн»дан ҳам устун келганди. Бироқ Хёнесс шогирдлари ФИФА кунлари бошланиши арафасида Франкфуртда «Айнтрахт»га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Зинсхаймликлар танаффусдан кейин Дортмунд «Боруссия»сини қабул қилишади, шундан сўнг «Вердер», «Унион» ва «Вольфсбург» клублари билан куч синашишади. Шунингдек, «Хоффенхайм»ни олдинда ЕЛ гуруҳ босқичи ўйинлари кутиб турибди.

***«Хоффенхайм» аввалги чемпионат якунида голландиялик мутахассис Альфред Схредерни истеъфога чиқариб, 38 ёшли Себастьян Хёнессни таклиф этиш борасида иккилангани йўқ. Гап шундаки, у «Бавария» ёшлар жамоасидаги дебютида чемпионликни нишонлаб, барчада ёрқин таассурот уйғотди. Ахир Хёнесс асосан 18-20 ёшли йигитлардан иборат жамоа билан катталар турнирида чемпион бўлди. Муҳими, мураббий чемпионат давомида Жошуа Зиркзее, Сарприт Сингх, Оливер Батиста Майер, Леон Даяку, Жамол Мусиала ва учинчи лиганинг энг яхши тўпурари Кваси Вридтга бош жамоа йўлланмасини берди. Бироқ «Бавария II» регламент бўйича учинчи лигадан юқорига чиқолмайди, шу туфайли Бундеслига-2 йўлланмасидан воз кечишга тўғри келди. Кичик Хёнесс эса олдинга интилиш кераклигини тушунди, аммо Дитер-Ханс Флик ёрдамчиси бўлишни истамай, «Хоффенхайм» таклифини қабул қилди.

А.ҲАМИДОВ тайрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz