Қайднома

Қидирув

Родриго де Паул: “Месси учун керак бўлса жангга ҳам кираман”

Родриго де Паул: “Месси учун керак бўлса жангга ҳам кираман”

  17.10.2020 07:07
  0
  147
Родриго де Паул: “Месси учун керак бўлса жангга ҳам кираман”

Бугун эътиборингизга аргентиналик футболчиларнинг янги авлоди вакили интервьюсини ҳавола этишни лозим топдик. «Удинезе» клуби ва Аргентина миллий жамоаси ўйинларидаги шиддаткор ҳаракати билан кўзга ташланаётган тиниб-тинчимас ярим ҳимоячи - Родриго де Пауль болалигида футболни бошқача қабул қилган: «Дарҳақиқат, ўйин бошқалар узатган тўпни тепишдан иборат, деб ўйлардим. Шундай ўй билан улғайдим. Кейинчалик бу тушунчам ўйиннинг бир қисми эканлигини билдим ва ўзгара бошладим» Родриго шу ўзгариш ортидан юксак савияли плеймейкер даражасига кўтарилди. 26 ёшли футболчи энди ижобий хислатларини жўшқинлик ва садоқат руҳлари ҳисобига бойитмоқда. Профессионал фаолиятини 2012 йили, 18 ёшида бошлаган де Паулнинг расмий ўйинлардаги самарали узатмалари сони 42та, голлари эса 34тага етди. У «альбиселест»дан илк марта 2018 йили таклиф олди. Ўшанда Аргентина терма жамоаси янгиланиш босқичига киришганди. Бош мураббий вазифасини бажариб турган Лионель Скалони жумладан, Родригога ҳам катта ишонч билдирди. Скалони тўлақонли бош мураббий сифатида иш бошлагач, де Пауль асосий таркибнинг доимий аъзоси сифатида Америка кубоги-2019 турнирида иштирок этди.


- Родриго, аввало, футбол ҳаётингизга қай йўсинда кириб келганини эсласак...

- Ҳаммаси жуда қувноқ бошланган, гарчи хотирамга асосан ўз ўйиним муҳрланган ва эски суратларда тўп билан ёлғиз турганим акс этган бўлсада. Уйда мени футболдан бош­қа ҳеч нарса қизиқтирмасди. Club Deportivo Belgrano клубида ҳам бу борада ўзгариш сезилган эмас.

- Илк жамоангиз - «Расинг» сафига қандай қўшилгандингиз?

- Бу режалаштирилмаган ўтиш. Мени жамоага энг яхши дўстим тавсия этган ва ўзи олиб борганди. Ўшанда болалар билан асосан мини-футболда мусобақалашардик. У аввалига болаларни синаб кўрмоқчи эканлигини айтди. Шунда беихтиёр дўстимга эргашдим. Клубда қайси рақам остида тўп суришни хоҳлашимни сўраганларида, «10»ни танладим ва айнан плеймейкер позиция­сида ўйнай бошладим.

- Илк устозларингиздан бирининг айтишича, ўсмирлик чоғи ҳеч қачон тўп ортидан югурмаган экансиз...

- Ҳа, шундай. қўшни клубда шунга ўрганиб қолгандим. Машғулотларда финтлар устида алоҳида ишламасамда, рақиблардан осонгина ўтиб кетардим. Шу сабабми, футболни тўлиқ ўзлаштирганимга ишониб қолганман. Лекин бу хато фикр эди.

- Ўзгариш айнан қачон ва қандай бошланди?

- Назаримда, бобомнинг вафотидан кейин. У оиламиз устуни бўлиб, мудом барчамизни қўллаб-қувватлаб турарди. Дейлик, мени машғулотларга айнан ўзи олиб борарди... Бобом хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмган вақт 14 ёшли болакай эдим. Очиғи, мусибат менга қаттиқ таъсир кўрсатди. Шундан кейин футболга муносабатим ҳам мутлақо ўзгарди - фақат лаёқатим борлиги эмас, оилага ёрдам бериш учун ҳам ўйнашим кераклигини тушундим. Ўйлайманки, бу ҳаракатларим зое кетмаганини Америка кубогида тўла исботладим.

- Терма жамоага боғлиқ дастлабки савол: ёдингизда қолган илк ЖЧ қайси?

- 1998 йилги мундиал. Бу муболағадек туюлади. Чунки ўшанда атиги 4 ёшда бўлганман. Эсимда, акаларим билан ўйнагани боргандим, лекин менинг ёшимга мос гуруҳ йўқлиги учун каттароқ болалар жамоасига қўшиб қўйишганди. Аниқроғи, менга дарвозада туришимни тайинлаб, «Лечуга» («Учқур» - Аргентина  терма жамоасининг ўша даврдаги дарвозабони Карлос Роа лақаби) номини беришганди. Ҳаттоки, Роаникига ўхшаш рангли футболка  совға қилишганди.

- Сиз мухлис сифатида кузатган мундиаллардан қандай ёрқин таассуротлар қолган?

- Улғайган сайин хотиралар ҳам турлича бўлади. 2002 йилги мундиал ўйинларини томоша қилиш учун ҳар тонг жуда барвақт уйғонардим. Ўша ўйинларни унутиб бўлмайди. Мисол учун, миллий жамоамиз Швеция термасига ютқазиб қўйган ва бу катта алам улашганди. ЖЧ-2006да эса Германия термаси бизни нокаутга учратган. Ўшанда мактабда ўқирдим. Ундан кейинги турнирларни ўзимга ўхшаш футболга ошно тутинган йигитлар даврасида кузатдим. ЖЧ-2018 тортиқ этган ҳаяжон кучлироқ бўлди. Ахир яқин дўстларим Николас Отаменди ва Пауло Дибала жамоа таркибида ўйнашди.

- Дарвоқе, Россия мундиалида иштирок этишингиз кутилганди, ҳар ҳолда, жамоа таркибидан ўрин олишингиз хусусида гап-сўзлар урчиди. Бу борада ҳам ҳаяжонландингизми?

- Йўқ, юқори савияга чиққан футболчи саралаш босқичида қатнашмаган ўйинчини камдан-кам ҳолда турнирга жалб этишларини яхши тушунади. Мен эса терма жамоада деб­ют қилишга ҳам улгурмагандим. қисқаси, матбуот хабарларига бепарво қарадим, сира ҳаяжонланмадим. Зеро, 2016 йилги Олимпиада арафасида ҳам номзодимни тилга олишган, аммо якунда миш-мишлар миш-мишлигича қолгани қаттиқ ранжитганди.

- 2018 йилнинг сентябрь ойидаги чорлов хафагарчиликларни ювиб юборгандир...

- Шерикларим «Удинезе» спорт директори телефон орқали мен билан гапирмоқчи эканлигини айтишди. Шунда бошқа клублар скаутлари ўйинимни кузатиб юришганини айтса керак, деб ўйладим. Бироқ у миллий жамоа йиғинига чақирилганимни тасдиқлади. Бу ўта ҳаяжонли хабар эди. Майдонга тушиб, давлат мадҳиясини тингламагунча бунинг кўламини аниқ тасаввур қилолмадим. Ўшанда чинакам ҳаяжонли лаҳзаларни бошдан кечирганим рост.

- Мана, қисқа вақт ичида Аргентина терма жамоасининг янги авлоди рамзларидан бирига айландингиз.

- Бизга янги жамоа сифатида қарашаётгани қанчалик тўғрилигини билмайман, очиғи. Шахсан ўзим ёшларга ҳамиша жамоанинг доимий бир бўлаги сифатида қарайман. Миллий жамоа­дан чорлов олиб майдонга тушгач, орзуси рўёбга чиққан футболчи чинакам масъулиятни ҳис этади. 45 миллион аҳолиси бор Аргентина номидан майдонга тушиш - ҳазил гап эмас. Америка кубогида ғолиб чиқмаган бўлсакда, муносиб иштирок этдик, менимча. Ҳа, ярим финалда Бразилия термасидан енгилдик, аммо мухлисларимиз ўйинимиз сифатини юқори баҳоладилар.

- Скалонини тажрибасизликда айб­лаётганлар гапларини эшитиш оғир эмасми?

- Ҳа, Скалонида бош мураббий сифатида тажрибаси озроқдир, лекин у 30 йилдан буён футбол жамоаси ичида. Муҳими, ўз ишини ҳам, номзодларни ҳам яхши билади. Ҳар ҳолда, бунга қадар ёшлар терма жамоаларини шуғуллантирган, ёрдамчилари - Самуэль, Роберто Айяла ва Пабло Аймар каби мундиалларда майдонга тушган. Мураббийлар штаби вакиллари Аргентина футбол ассоциацияси штаб-квартирасини биздан яхшироқ биладилар. қанчадан-қанча кишиларга етишмаган қатъиятни айнан улар намойиш этишди ва жамоага номдор клубларда ўйнамаган футболчиларни ҳам таклиф этишди.

- Жамоангиз Америка кубогида яхлит куч сифатида кўпчиликка маъқул келди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Турнирда иштирок этган таркибдан  мен билган энг сара ўйинчилар жой олишди. Муҳими, жамоа мураббийлар штаби билан бирлашиш, янада савиялироқ ва самаралироқ ўйнашга интилмоқда. Жамоамиздан нима кутишаётганини ҳам барчамиз теран ҳис этиб турибмиз.

- Жамоада энг зукко ҳазилкаш эканлигингиз ростми?

- Кўпчилик шундай фикрда. Бироқ шунчаки, ғоя бераман, кейин бошқалар уни охирига етказишади - Туку Перейра, Лео Паредес, ҳаттоки, Месси ҳам.  Хуллас, ҳазил-мутойиба масаласида ёлғиз эмасман (кулади).

- Айтганча, Месси сизга юксак баҳо бермоқда...

- Тушунарлики, кўпчилик унга паст­дан юқорига қараб муомала қиладигандек кўринади. Аслида Лео билан яқинроқ муносабатда бўлсангиз, қанчалик мусаффо йигит эканлигини кўриб, беихтиёр шошиб қоласиз. Шу аснода асл фикрингиз қолиб, унинг жажжи ўғлонлари ҳақида сўрайсиз. Ёки «Валенсия» - «Барселона» баҳсида сизни қандай ишсиз қолдирганини эслатасиз (кулади). Агар Лео жамоангиз сардори бўлса, унинг учун ҳаттоки, жанг майдонига тушишга ҳам тайёр турасиз.

- Пандемия даври жамоани саралаш баҳсларида муҳим аҳамият касб этадиган импульсдан маҳрум этмадими?

- Шубҳасиз, таъсири бор. Бразилия термасига қарши ўйин бир уринишда поёнига етди. Кейин 7та учрашувни мағлубиятсиз ўтказдик. Гарчи жамоанинг кўплаб аъзолари ЖЧ саралашида энди иштирок этаётган бўлсаларда, бу масалани етарлича муҳокама қилдик, натижа моҳиятини яққол ҳис этиб турибмиз.

Родриго де Паулнинг футбол ва ҳаётга ёндашуви

 

- Гол ёки самарали узатма?

- Дарвоза ортидаги 10 сония чексиз қувонч бағишлаши аниқ. Бироқ танлаш ҳуқуқини менга беришса, голни таъминлайдиган узатмани маъқул кўрардим.

- Оталик бахти?

- Ўғлим Франческа ҳозир 2 ёшда ва у ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Бу шундай ўзгаришки, мени шахс ва ўйинчи сифатида тинимсиз тараққиётга мажбур этмоқда...

- Татуировкалар маъноси?

- Уларнинг кўпи муҳим аҳамиятга эга: онам, рафиқам ва қизалоғим номлари, бобомнинг туғилган санаси, Аргентина терма жамоасидаги дебют учрашувим, болалик даврим...Ўйлайманки, агар жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритолмасам, бу ишни тўхтатаман. Фақат кўксимга ЖЧ рамзини туширганимдан кейин...

У.УМАРОВ тайрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz