Қайднома

Қидирув

ПФЛ ҲАМОН ХАТОЛАРИНИ ТАН ОЛМАЯПТИ!

ПФЛ ҲАМОН ХАТОЛАРИНИ ТАН ОЛМАЯПТИ!

  16.10.2020 23:21
  0
  193
ПФЛ ҲАМОН ХАТОЛАРИНИ ТАН ОЛМАЯПТИ!

Профессионал Футбол Лигаси илтифот кўрсатиб, Ўзбекистон Кубоги ва аёллар ўртасидаги чемпионатни қандай ўтказиш бўйича клублар ўртасида сўров ўтказди. Демократия тантанасими бу? Эҳтимол. Албатта, агар бу ягона ҳолат, истисно бўлмаса. ПФЛ кейинчалик ҳам янада жиддийроқ масалаларда клублар ва жамоатчилик фикри билан қизиқса, шундай. Лекин ўз навбатида, мазкур сўров ПФЛнинг ўзига хос иккиюзламачилигининг тантанаси ҳамдир.

Келинг, барчасини Кубок беллашувларидан бошласак. ПФЛ ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, турнир иштирокчилари сонини 22 тагача қисқартирди, бу мусобақа тарихидаги антирекорддир. Ҳеч кимдан сўрамай, Про-лига клублари ўртасида саралаш турнири ўтказилди ва саралашнинг икки раунди якунларига мувофиқ, гуруҳ босқичига 8 жамоадан атиги 2 таси чиқди. Ҳеч кимдан сўрамай, гуруҳ босқичи ўйлаб топилди, у эса ўйин кунлари сонини оширди, учрашувларнинг аксарияти «ўткинчи» мақомига эга бўлиши катта эҳтимол. Анъанавий «плей-офф» тизимини сақлаб қолиб, унга Про-лига клубларини ҳам қўшилганда, жуда кўп масалалар ижобий ҳал этилиши мумкин эди: кичик жамоалар грандларга қарши тўп суриш имконига эга бўлишади, раундлар сони ортмайди, масалан. ПФЛ ушбу хатоларидан бирортасини ҳали-ҳамон тан олганича йўқ.

Июлда, пандемия сабаб мавсум иккинчи марта тўхтаб қолганда, Кубок баҳсларини гуруҳ босқичи форматида ўтказилиши тақвим нуқтаи назаридан ҳам ортиқча ҳашамат эканлиги ойдинлашди. Бу ҳақда кўп жойда кўпчилик гапирди. Фақат ПФЛ сукут сақлади. Мана, октябрь ойи ўрталарига келиб, ПФЛ ниманидир ўзгартиришга қарор қилди. Аммо буни демократия ниқоби остида амалга оширмоқчи.

Аёллар ўртасидаги чемпионат ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. ПФЛ масалани ҳал қилиш чораларини бюджетни қисқартириш билан изоҳламоқда. Хўш, қайси клубнинг бюджети қанча қисқартирилгани хусусида батафсилроқ маълуот беришнинг иложи борми? Мазкур ҳолатда, июль ойида берилган таклифга асосан, нега асосий жамоалар формати ўзгармаяпти? Шундагина бюджетда иқтисод кузатиларди. Қизларнинг бир ойдан ортиқ вақт мобайнида кучли зўриқиш остида ўйнашаётгани, агар формат сақланиб қолса, яна бир ярим ой ичида ҳар ҳафта иккитадан ўйин ўтказишлари мумкинлиги бир четда қолиб, нега асосий эътибор бюджетга қаратилмоқда? Эҳтимол, ПФЛ ходимлари (учрашувлардаги комиссарлар ҳам улар) ўйинлар сони ортишидан манфаатдордирлар, қизларнинг саломатлиги ва турнир сифатига тупуриб қўйишгандир?

Яна бир масала. Аёллар ўртасидаги чемпионат форматини ўзгартириш чоғи ПФЛ «олтин очколар»ни санашни таклиф қилмоқда. Кимдир мактабда фақат битта дарсни яхши ўрганган бўлса, ҳар галги имтиҳонда фақат шуни такрорлайверади.

Алишер НИКИМБАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz