Қайднома

Қидирув

Янги қаҳрамон 17- ёшли мигрант...

Янги қаҳрамон 17- ёшли мигрант...

  18.10.2020 01:10
  0
  350
Янги қаҳрамон 17- ёшли мигрант...

Франция - Украина - 7:1. Мағлуб томон коронавирус оқибатини кўрди, ғолиб тараф янги қаҳрамон кашф қилди. Ҳа, 17 ёшли вундеркинд Эдуардо Камавинга Франция миллий жамоасининг янги қаҳрамони ролида гавдаланди. Ўсмир йигитча бошлан­ғич таркибда майдонга тушиб, атиги 9-дақиқада ўзини кўрсатди ва 106 йил бадалига Франция термаси учун гол урган энг ёш футболчи номини олди. Ўзи Камавинга ҳозирнинг ўзида юлдуз, албатта, тенгдошлари орасида. Умуман, «Реал», «ПСЖ» ва бошқа йирик клубларнинг унга эътибор қаратганига 1 йилдан ошди. Лекин Эдуардонинг бутун футболчилик фаолиятини битта кўнгилсиз воқеа белгилаб берганини кўпчилик билмаса керак. Вақтида Камавингалар оиласи уйи ёниб кулга айлангач, отаси унинг зиммасига дарҳол катта миссия юклаган экан: «Ўғлим, энди ҳаётимиз сенинг истиқболинг қандай бўлишига боғлиқ».



Эдуардо Камавинга Анголада туғилган, лекин чақалоқлигидаёқ (1 ёшлигида) ота-онаси оилани Францияга кўчириб келган. Давоми -  барча эмигрантлар учун хос воқеалар занжири. қисқаси, Камавингалар оиласи камбағаллик ва ишсизликдан шаҳарма-шаҳар кезишган ва якунда Ренн теварагидаги мўъжазгина ҳудудда қўним топишган. Янги уй сотиб олиш учун Камавингалар оиласида маблағ йўқ эди. Шунинг учун Эдуардонинг ота-онаси шунчаки, бўш ер ҳудудида ўзлари уй қуришади. Бунда уларга қўшнилар ва Африкадан айнан шунинг учун келган қариндошлари беминнат ёрдам беришади.

Эдуардо 6 ёшга тўлгач, футбол билан шуғуллана бошлайди. Анголалик болакай 5 мавсум оддий футбол мактабида таҳсил олгач, 2013 йили 11 ёшли иқтидорга «Ренн» скаутлари эътибор қаратишади. Бироқ Эдуардо тезда катта клуб тизимига ўтолмайди - бунга оилавий бахтсизлик халақит беради. Яъни электротармоқдаги носозлик туфайли ёнғин келиб чиқиб, оиланинг уйи ёниб кетади. Ана шу паллада ёш Эдуардо ва отаси ўртасида болакайнинг бутун фаолиятини белгилаб берган жиддий суҳбат бўлиб ўтади. «Уйимиз ёниб, кулга айланган куни отам мени олдига чақириб, дангалини айтди: «Ўғлим, энди бор кучимизни мол-мулкимизни тезроқ тиклашга қаратишимиз керак. Ҳозир теран тушуниб ол: истиқболингга катта умид боғлаяпмиз, айнан сен ўзимизни ўнглаб олишимизга ёрдам беришинг керак. Эҳтимол, бунда футбол қўл келар...». Эсимда, ўша куни юқори савия­ли футболчи бўлишга аҳд қилган ва бу борада отамга ваъда берган эдим», - дея хотирлайли Эдуардо болалигидаги оғир вақтни.

Камавингалар оиласи яна қўшнилар, дўстлари, Эдуардонинг синфдошлари ҳамда уларнинг ота-оналари ёрдами билан уйни қайта тиклашади. Мисол учун, бўлажак футболчининг мураббийи ўз дачасидаги мебелларни анголаликларга тортиқ этади. Эдуардонинг ўзи ҳам қурилиш ишларида тер тўкади, албатта, аммо кўп вақтни машғулотларга ажратарди, барибир. «Ренн» бу вақтда йигитчанинг Франция фуқаролигини қабул қилиши (жараён ёниб кетган ҳужжатларни тиклаш ишлари туфайли чўзилганди)ни кутиб ўтирмай, уни ўз академиясига чорлайди. Диққатга сазовор факт, Камавинга 15 ёшга тўлганида, уни Ангола миллий жамоасига таклиф қилишади. Лекин йигитча шошилмайди ва рад жавоби беради. Бежиз эмас экан - у 2019 йилнинг ноябрида Франция паспортини олди ва ўша куниёқ мамлакат ёшлар терма жамоаси йиғинига қўшилди. 15 ёшли ўйинчи буни алоҳида «твит» билан нишонлаганди.

Камавинга ажойиб спорт формасини дзюдога муҳаббати билан изоҳлайди. қолаверса, у оиласи манфаати йўлида параллель равишда таълим ҳам оляпти. Ҳа, Эдуардо ёшлигида дзюдо билан шуғулланган, чунки бу спорт турига меҳри баланд эди. Онаси эса уни футболга йўналтирган. Умуман олганда, Эдуардо 9 ёшига қадар ҳар икки спорт тўгарагига қатнаган. «Драпо-Фужер» жамоаси мураббийларининг айтишларича, Эдуардо болалигида жисмоний томондан тенгдошларига нисбатан анча кучли эди. Мана, «Драпо»да Камавингани шуғуллантирган ва ёнғиндан сўнг унинг оиласига катта кўмаклашган Николас Мартинаснинг сўзлари: «Эдуардо реакция бобида тенгдошларидан яққол ажралиб турарди. У яна ҳаммадан тезкорроқ ва бақувватроқ эди. ота-онасидан бунинг сирини сўраганимда, улар йигитчанинг дзюдо билан ҳам шуғулланишини айтгандилар. Шунда барчасини тушунганман: ёш шогирдларим юкламаларга энди-энди кўникаётган паллада Эдуардо бу борада муаммо сезмаган, чунки нисбатан шаклланиб улгурганди».

 «Ренн» академияси собиқ директори  Ланди Шовен эса, Эдуардони тарбия­ли футболчи сифатида мақтайди: «Ҳа, у чиндан ҳам, қойилмақом йигит. Дейлик, ҳеч қачон интизом масаласида муаммога учраган эмас. Яна аниқ мақсад сари олға интиладиган бола. Яъни ҳамиша нимага ҳаракат қилаётганини теран тушуниб, шунга яраша ишлаган. Камавинга бир сафар мураббийлар штабидан ўйин видеоёзувини сўраган. У бу борада тенг­дошлари орасида биринчи футболчидир. Мушак пайларига боғлиқ кичик муаммо бошлангач эса, бадан анатомиясини ўрганишга тушганди. Шу тариқа организмига тўғри ёндашишни ўрганган».

Яна Камавингалар оиласи ҳақида: Эдуардонинг отаси унга вақтида бежиз футбол муваффақиятга элтувчи энг яхши йўл эканлигини уқтирмаган. Муҳими, ёш футболчи барча йўналишларда ўсмоқда. Дейлик, у Лига 1даги дебют ўйинининг эртасига мактабга борди. Ҳозир эса мактаб таълимини тугатган юлдузча футбол билан чекланиб қолмай, маҳаллий университетда иқтисодчи мутахассислигига ўқимоқда. «Ҳа, футболчиман. Бироқ фаолиятим якунлангач, жамият учун муҳим ва фойдали нимадир билан шуғулланишни истайман. Бу борада билим ва тегишли маълумот зиён қилмаслиги та­йин», - дейди ғайратли Эдуардо.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz