Қайднома

Қидирув

Ришарлисон ижросидаги кабутарлар рақсига шайланинг...

Ришарлисон ижросидаги кабутарлар рақсига шайланинг...

  18.10.2020 03:30
  0
  386
Ришарлисон ижросидаги кабутарлар рақсига шайланинг...

«Эвертон» клуби ва Бразилия миллий жамоаси ҳужумчиси Ришарлисон кўплаб футболчилар қатори қатар-2022 мундиалини ўзгача сабрсизлик билан кутмоқда. У қатар майдонларида ўз голларини кабутарлар рақси намойиши билан нишонламоқчи ва ҳозирда бу ҳаракатни маромига етказиш устида ишламоқда. Ришарлисон ФИФА расмий сайти мухбирлари билан суҳбат чоғи бу борада дангал гапирди, «селесао» умиди шунинг баробарида ватандоши Неймар, клубдошлари - Хамес Родригес ва Доминик Калверт-Льюин хусусида ҳам ўз фикрларини баён этди.

- Ҳозирги клубдошинг Хамес Родригес замбарак ўқидек зарбаси билан Уругвай термаси дарвозасини нишонга олганида, қаерда эдинг, умуман, ўша бетакрор голни эслайсанми?

- Бу саволга тасдиқ жавобини берадиган бразилияликлар жуда кўп. Ҳар ҳолда, Хамеснинг голини фақат ўйинни «Маракана»да кузатган мухлислар эмас, балки бошқалар ҳам жуда яхши эслашади. Тўғри, ўша вақт ҳаваскорлар жамоасида эртадан кечгача тинмай машқ қилардим, хонамда эса эскигина митти телевизордан бошқа ҳеч вақо йўқ эди.

Ҳозир эса вазият бутунлай ўзгарди - Ришарлисон энди ФИФАдан Пушкаш номидаги нуфузли сов­ринни олган колумбиялик юлдуз билан ёнма-ён тўп сурмоқда. У бўлажак ЖЧда Хамесдек ажойиб голлар уриб, уларни мафтункор рақс билан нишонлаш ниятида. Худди ЖЧ-90да ажойиб рақс ижро этган камерунлик Роже Милла каби.

- Умуман олганда, айнан қайси ЖЧ сенда кучлироқ таассурот уйғотган?

- 2002 йилги турнир хотирамдан чуқур ўрин олган, гарчи ўшанда жуда ёш бўлсамда. Айниқса, Роналдонинг битта голидан ҳайратга тушгандим. Ривалдо тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборган, уни кузатиб турган Роналдо эса дарвозанинг қуйи бурчагини енгилгина нишонга олганди. Ажойиб гол! Албатта, ундан кейинги барча мундиаллар, жумладан, Бразилия мезбонлик қилган ЖЧ-2014 ўйинларини диққат билан томоша қилганман. Тўғри, стадионга боришни истасамда, ўйинларни ўзим ўйнайдиган ўсмирлар жамоаси базасида кўришга мажбур бўлганман. Робин ван Перси ва Арьен Роббеннинг Испания термасига, Хамес Родригеснинг Уругвай жамоасига «тортиқ» қилган голлари ҳануз кўз ўнгимда. қисқаси, Бразилия мундиали жуда қизиқарли тус олганди.

- қара, энди Хамес Родригес билан битта клубда ўйнаяпсан. Бунга ҳалигача ишонолмаётгандирсан...

- О-о, бундай орзуларнинг қанчаси рўёбга чиқиб улгурди (кулади). Албатта, барчасидан ғоят мамнунман. Болалигимдан «селесао» либосида майдонга тушиш, Неймар ва Коутиньо билан бирга ўйнашни орзу қилганман. Жамоада яна Габриэль Жезуснинг ўрни катта. Иккимиз битта ёш гуруҳиданмиз. Мен ёшлар жамоасида ўйнаб юрганимда, у юлдуз мақомини олишга улгурганди. Демак, Жезусдан ибрат олишга уялмаслигим керак.

- ЖЧда иштирок этиш орзуси биринчи ўринда турса керак, барибир. Шундайми?

- Албатта, бу бразилиялик барча болакайларнинг чин орзуси. Мамлакатимизда мундиални ўйламайдиган бола йўқ. Зеро, турнир бутун дунё эътиборини тортади. Шу пайтга қадар энг йирик мусобақани Бразилия термаси ва футболнинг асл мухлиси сифатида кузатиб келдим. 2022 йили эса футболчи ролида бевосита иштирок этишдан умидворман. Тўғри, бунга эришиш осон эмас, олдинда ўта мураккаб саралаш ўйинлари турибди. Жанубий Америка ҳудудидаги саралаш довони пухта тайёргарлик талаб этади. Йўлланмага эга бўлиш учун тинмай изланиш, ишлаш ва маҳоратни ошириб бориш керак. Лекин мақсадим тайин - мундиалга бошланғич таркиб аъзоси мақомида бориш.

- Сенингча, Жанубий Америкадаги саралаш босқичи сизлар учун нега мураккаб кечади?

- Чунки барча жамоалар Бразилия термасига қарши баҳсга ўзгача тайёргарлик кўради, ҳар бир рақиб бизни енгишни истайди. Бу вазифамизни қийинлаштиради, албатта. қолаверса, қитъа футболи охирги йилларда кескин ўзгарди, рақобат кучайди. Колумбия, Чили, Парагвай ва Эквадор терма жамоаларининг охирги мундиаллардаги иштироки фикримни тўла тасдиқлайди.

- қатарда кабутарлар рақсини ижро этишни дилингга тугиб қўйибсан. Бундай ғоя ўзингдан чиқдими ёки кимдир тавсия этди?

- Албатта, ўзим ўйладим. Бу рақс - шахсий савдо маркам. Мухлисларга, айниқса, болакайларга жуда ёқади. Рақсни терма жамоа учун Неймар билан бирга тайёрладик, клубда ҳам фойдаланяпман. қисқаси, қатарда тез-тез рақс тушишни истайман. Шундай экан, имкон борича кўпроқ гол уришим керак.

- Бразилия термаси бош юлдузи - Неймар ҳақида нима дея оласан?

- Менимча, бу йил Неймар ва Левандовски дунёнинг энг яхши футболчилари сифатида тўп суришди. ФИФАнинг нуфузли совринига ватандошим лойиқ топилишини истайман. Зеро, ҳар қачонгидан кучлироқ ўйнамоқда. Унинг жаҳон чемпиони бўлиш орзусидан ҳаммамиз хабардормиз. Неймарнинг қатарда ҳам Бразилия футболи ғалабаси йўлида бор куч-маҳоратини ишга солишига заррача шубҳаланмайман.

- Сенингча, қатарда қайси жамоалар ғолибликка даъвогарлик қилади?

- Фаворитлар - Франция, Бельгия ва Нидерландия термалари. Бироқ ЖЧ ўта қалтис мусобақа - биргина суст ўйин ҳаммасини барбод қилиши ҳеч гап эмас. Бунга аввалги мундиалда ҳам гувоҳ бўлдик - Бельгия термасидан қабул қилинган 2та гол Россияда курашдан эртароқ чиқиб кетишимизни тақозо этди. Табиийки, барча жамоа­лар каби бўлажак ЖЧга пухта тайёргарлик билан бориш ва аввалги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.

- Ўзингга қўйиб беришса, қайси позицияда тўп суришни хоҳлардинг?

- «Эвертон»да дон Карло Анчелотти 4-4-2 тактик схемасини биринчи ўринга қўймоқда ва бунда марказий ҳужумчи вазифасини бажаряпман. Айнан шу позицияни ёқтиришимни мураббийга ҳам айтганман. Зеро, фао­лиятимни олдинги чизиқда бошлаганман. Одатда, жароҳатлар кузатилса, чап қанотда ҳам ҳаракатланишим мумкин. Муҳими, қаерда ўйнашимдан қатъий назар, бор кучимни сарфлайман. Сиз хоҳишимни сўрадингиз, мен айтдим. Аммо қайси нуқтада ўйнашимни профессор Тите ва Анчелотти белгилашади. Профессионал спортчи сифатидаги вазифам - буйруққа бўйсиниш ва ишончни оқлаш.

- Ўзи Анчелотти айнан қайси жиҳат устида ишлашни ёқтиради?

- Дон Карло - футболда мавжуд барча совринларни қўлга киритган мураббий. Сон-саноқсиз мураббийлар ундан ўзгача илҳом оладилар. Дейлик, Анчелотти «Реал»да ишлаган пайт профессор Тите ҳам у билан ҳамкорлик қилган. Шундай мутахассис раҳбарлигида ўйнаётганимдан бахтиёрман, у туфайли савиям янада кўтарилганини яққол сезиб турибман.

- Доминик Калверт-Льюин айнан Анчелотти туфайли ёрқин ўйин кўрсатмоқда...

- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан, Доминик чиндан ҳам, сезиларли ўзгаришга юз тутди. Яъни етук ҳужумчи даражасига кўтарилди. Буларнинг барчасига тинимсиз меҳнати билан эришди. У ҳар куни спорт залида, доимо ҳужумларни якунлаш устида изланади. Назаримда, Доминик айнан дон Карло кўрсатмаларига амал қилиш эвазига тобора яхшироқ ўйнамоқда. «Эвертон»нинг стартдаги парвозида унинг ҳиссаси салмоқли. Ана шу муваффақият ортидан Англия миллий жамоасига ҳам чақирилди.

- Хамес Родригес ҳам мавсумни аъло даражада бошлади. Колумбиялик клубдошинг ҳақида фикринг қандай?

- Ноёб иқтидор соҳиби. У ўз терма жамоасининг етакчиси, чин «10-рақам». «Реал», «Бавария» ва «Порту»да етарли тажриба тўплагани шундоқ билиниб турибди. Ўйлашимча, ҳозир АПЛнинг ҳар қандай клуби Хамесни мамнуният билан ўз сафига қўшиб олишга тайёр. «Эвертон»даги ажойиб старти узоқ давом этиши ва биргаликда мақсадга эришишимиздан умидворман.

- қайси мақсадни назарда тут­япсан?

- Клуб билан чемпион бўлишни истаймиз. Ахир мухлисларимиз сов­ринларни соғиниб қолишган. Ўйлайманки, Анчелоттидек малакали мураббий бошчилигида кубок ва ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга кучимиз етади. Тўғри, Англияда фаворитлар етарли, лекин «Эвертон» ҳам аввалги мавсумдаги жамоа эмас. Ўтган мавсум футболчиларимиз жуда кўп жароҳатланишди. Муҳими, раҳбарият таркибни савияли ўйинчилар эвазига кучайтирди. Бунинг самараси ўлароқ, мавсумни муваффақиятли бошладик, мураббий эса ғайрат-шижоати билан илҳом бағишламоқда. қисқаси, шахсан мен якунда ЕЧЛ йўлланмасига эга чиқишимизга шубҳаланмаяпман.

 - 17 октябрга «Мерсисайд дербиси» белгиланган. Агар барча мусобақаларни инобатга олсак, ўйин «Эвертон»нинг «Ливерпуль» устидан қозонган охирги ғалабасига 10 йил  тўлган куни бўлиб ўтади. Демак, ғалаба жамоанг учун жуда муҳим.

- Ҳа, дербида гарчи ҳар бир ўйин каби ғалабага 3 очко берилсада, у биз учун муҳим аҳамиятга эга. Ўша вақт бутун шаҳар тақа-тақ тўхтаб, дербини томоша қилади, менимча. Жамоанинг ғалабали сериясини давом эттириш ва мухлисларимизни қувонтириш учун фақат устун келиш илинжида майдонга тушамиз. Мухлислар ҳам шундай мақсад билан келишади. Ўша оқшом Европанинг энг сара жамоалари сафида бораётган ўта кучли, лекин аввалги турда омадсизликка учраган аламзада рақибга қарши майдонга тушишимизни биламиз. Муҳими, хотиржамлик билан пухта тайёрланиб, навбатдаги 3 очкони олган ҳолда пешқадамликни давом эттиришни ўйлашимиз лозим.

- Англиядаги турмуш тарзининг қайси жиҳати кўпроқ маъқул тушмоқда?

- Футболга муносабат. Дўстларимга ҳамиша ҳали-вери туманли ўлкадан кетмаслигимни айтаман. Чунки дунёда энг сифатли футбол айнан Англияда намойиш этилади. Тўғри, баъзи қийинчиликлар ҳам йўқ эмас, иқлим тамоман ўзгача, маҳаллий одамлар Бразилиядагидек гапдон эмаслар. Аммо Англия футболига ошиқман, барибир.

- Майдон ташқарисида нималар билан шуғулланишни хуш кўрасан?

- Видеоўйинларга меҳрим баланд, яна телевизор томоша қилиш жону-дилим. Айниқса, уруш ҳақидаги фильм­ларга қизиқаман. Шу кунларда «Сўнгги қироллик» картинаси намойиш этилди. Ажойиб кино.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz