Қайднома

Қидирув

Хитой сармоясининг кучи ёхуд "Интер"даги катта ўзгаришлар ҳақида

Хитой сармоясининг кучи ёхуд "Интер"даги катта ўзгаришлар ҳақида

  19.10.2020 04:44
  0
  427
Хитой сармоясининг кучи ёхуд

Хитойликлар атиги 4 йилда «Интер»ни мутлақо ўзгартиришди. Улар қисқа вақтда трансферлар бўйича ишларни тўғрилашди, ёш президент тайинлашди ва  топ-клуб тузишни ўрганишди. Италия футболининг номдор клубларидан бири - «Интер» охирги йилларда ҳам доимгидек, ички ва халқаро турнирларда фаворитлар қаторида тилга олинган бўлсада, орада анча вақт совринлардан четда қолгани ҳеч кимга сир эмас. Милан клуби 2016 йили Хитойнинг Suning Group концерни тасарруфига ўтишидан олдин ажабтовур трансферлар оқибатида мураккаб вазиятга тушганди. Аниқроқ айтсак, Гари Медель, Ян М`Вила каби бир қатор футболчилар ишончни мутлақо  оқлай олишмади, мураббийлар фаолияти ҳам мақтанарли даражада эмасди. Осиёлик сармоядорлар аралашуви арафасида «Интер» бошқарувини ўз қўлига олган Роберто Манчини 2 йил ичида жамоани ЧЛнинг доимий иштирокчисига айлантиришга ваъда берганди. Бироқ тан олинган мутахассис бу ишни уддалолмади. «Нерадзурралар» мавсум-2015|2016ни «А» серия турнир жадвали 4-поғонаси (ЕЛ ҳудуди)да якунлашди, аммо 3-ўриндаги жамоадан нақ 13 очко ортда қолган ҳолда...
*****

Хитойликлар клубда ишни режали ривожланиш лойиҳасини амалга татбиқ этишдан бошладилар. Улар 2016 йили мухлисларга «Интер»ни бир неча йил ичида рақобатбардош жамоа даражасига қайтаришларини баралла айтгандилар. Мана, «нерадзурралар» 2020 йили чемпион - «Ювентус»дан атиги 1 очко ортда қолдилар, ЕЛ финалида ўйнадилар. Тан олиш керак, юксалиш суръати чакки эмас, тўғрими? Янги соҳиблар аввало, клуб ходимларига муваффақият учун доимий ўзгаришлар ва ёшларга кўпроқ қулоқ солиш зарурлигини уқтиришди. Маиший хизмат техникаси ва электроника анжомлари савдоси билан шуғулланадиган концерн «Интер» акцияларининг 68,55 фоизини 270 миллион еврога харид қилганди. Ташкилот раҳбари Чжан Цзиндун клуб соҳиби мақомидаги илк интервьюсида босиқлик билан ўта хотиржам гапирганди: «Бу барчамиз учун муҳим қадам. Европанинг номдор жамоаларидан бирини ўз тасарруфимизга олдик. «Интер» мураккаб даврни бошдан кечираётганидан хабардормиз. Унга кўмаклашишга ваъда берамиз. Лекин унутмаслик керакки, тараққиётнинг энг мақбул моделини топмагунимизгача тинмай ишлаш ва тажрибалар ўтказишдан тўхтамаймиз».

*****

Хитой концерни 4 йил давомида футболчилар хариди учун ярим миллиард евродан кўпроқ маблағ сарфлади, ривожланишнинг бир неча вариантларини синаб кўрди ва бошқарув тизимини қайтадан шакллантирди. 2018 йилга келиб, «Интер» соҳиби ўз ўрнини 26 ёшли ўғли Стивен Жанга бўшатиб берди. У эса «Ювентус»дан Беппа Мароттани таклиф қилди. Мазкур ўзгаришлар тезда натижа берди.

1.  Мухлислар аввалига Стивен Жан номзодига шубҳа билан қарашди: «Соҳибнинг 26 ёшли ўғли бош раҳбар, бу қанақаси? Нима, «Интер ўйинчоғми?» Лекин Стивен «Интер» харид қилинган кундан эътиборан директорлар кенгашидан ўрин олган ва муҳим топшириқларни бажаришни бошлаганди. қисқаси, у маълум кўникма ҳосил қилганидан кейингина раҳбарликни ўз қўлига олди. Энг асосийси, Жан 4 йил давомида клуб даромадини барқарор равишда оширди: 318, 241, 347, 415 млн. евро. (охиргиси клуб тарихидаги рекорд кўрсаткич). Ёш соҳиб шунинг баробарида мухлислар билан яқин алоқа ўрнатди: унинг даврида «Интер» охирги 8 йил ичида илк марта мавсумий чипталар сотуви режасини 100 фоиз уддалади - 2018 йили 37000 дона абонемент сотилди. Стивен мухлислар билан мунтазам учрашувлар учун на ўзини ва на вақтни аяйди. Умуман олганда, ёш президент «Интер»га чинакамига ошиқ бўлиб қолди: йил бўйи Миланда яшамоқда, доимо офисда клуб ишлари билан банд, «нерадзурралар»нинг уй ва сафар учрашувларини сира ўтказиб юбормайди. қисқаси, «Интер» унинг учун аллақачон шунчаки, иш жойидан чин муҳаббат гўшаси мақомига кўтарилди. Жан «Лацио» устидан қозонилган зафар («Интер»ни ЧЛга чиқишини таъминлаган ғалаба) таъсирида севинчдан йиғлаб юбордики, буни миланлик тиффозилар асло унутмасалар керак. Жан билан ишлаган ва ҳамкорликни давом эттираётган ходимларнинг эътирофларига қараганда, ёш президент ҳамиша ўз олдига энг юксак марралар, иззатталаб мақсадларни қўяди. Майдонда - максимал натижа, бозорда - энг яхши футболчилар хариди. Жаннинг шиори шу. Дейлик, Лионель Мессининг «Барселона»дан кетиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганида, «Интер» аргентиналик юлдузга асосий даъвогар сифатида эътироф этилди ва бунда ҳам Стивен Жаннинг роли катта. «Интер»­нинг собиқ спорт директори Массимо Мирабелли бу борада алоҳида тўхталганди: «У Мессини «Интер» либосида кўришни истайди. Трансферлар қўмитасининг мажлисида бўлажак харидлар хусусида фикрини сўрадик, чунки раҳбарнинг истаги биз учун муҳим. Стивен эса барчамизни ҳайратга солди: «Шахсан мен Мессини хоҳлайман» Кейин унга нақ 2 соат давомида молиявий «Фэйр-плей» қоидаси туфайли бу трансферни амалга оширолмаслигимизни тушунтиришимизга тўғри келди».

2.  Беппа Маротта «Интер»нинг трансфер сиёсатини тубдан ўзгартирди. Янги соҳиб дастлабки 2 йилда матбуот орқали «келажаги бор» ёрлиғи остида 1-2 марта кўриниш берган ўйинчиларни харид қилаверганди. Натижа - беҳуда сарфланган юзлаб миллион ва оз сонли самарали трансферлар. Маротта эса дарҳол трансфер сиёсатининг самарали вариантини танлади. Яъни аввало, раҳбариятни рақиблар билан қайсидир футболчи учун тортишиш бефойда эканлиги, акс ҳолда, омадсиз харидлар давом этишини тушунтирди. Ке­йин касбдошларига музокара жараёри қай йўсинда олиб борилишидан сабоқ берди. Ромелу Лукаку ва Крис­тиан Эриксен айнан Моратта ҳаракати ўлароқ, «Интер» сафига қўшилишди. Энг асосийси - Маротта трансферлар масаласида аввало, мураббий фикрига таяниш кераклигини уқтирди. Ана шу бош қоиданинг амалдаги исботи сифатида биргина мисол: клуб ёзги трансферлар дарчасида бош мураббий Антонио Контенинг барча талабларини қондирди. Николо Барелла, Валентино Лазаро, С­­тефано Сенси, Ромелу Лукаку ва Алексис Санчес трансферлари расмийлаштирилди. қишда эса Кристиан Эриксен, Эшли Янг ва Виктор Мозес жалб этилди. Мазкур келишувларнинг фойдали иш коэффициенти қарийб 100ни ташкил этди: фақат Лазаро ишончни оқламади.

******

Мураббийлар - алоҳида мавзу. Аввалига келажак умиди сифатида қаралган ёш мутахассислар «ғалвир»дан ўтказилди, кейин юксак малакали мураббийлар ҳам таклиф этилди. Мана, Suning даврида фаолият юритган мураббийларга қаранг:

***Роберто Манчини. Мавсумолди тайёргарлигига раҳбарлик қилиб, ке­йин жамоадан кетди, чунки унинг аввалги чемпионатда қайд этган натижалари соҳибларни қониқтирмаганди.

***Франк де Бур. «Аякс»даги 6 йиллик фаолият унинг рисоладагидек мураббий эканлигини кўрсатганди. Бироқ «Интер»да 3 ойдан камроқ ишлади, холос.

***Стефано Пиоли. Жамоа билан 2016|2017 йиллар мавсумини ниҳоясига етказди.

***Лучано Спаллетти. Бу мутахассис шахсан Цзиндуннинг ишончига сазовор бўлганди: «Лучанонинг фаолиятини анчадан буён кузатиб келяпман. У дунёнинг кўзга кўринган мураббийларидан бирига айланиш ва «Интер»ни етакчи жамоага айлантириш салоҳиятига эга». Спаллетти жамоани чемпионга айлантиролмади. Лекин ўйинга сезиларли ўзгаришлар киритди. Бироқ «Интер» савия жиҳатидан юқори даражага кўтарилиш учун ҳар томонлама кучли мутахассис кўмагига муҳтож эди.

******

Антонио Конте - «Интер»га топ-клуб мақомини қайтариш йўлидаги охирги юриш. 2 ойлик кузатувлардан кейин уни Стивен Жан ва Беппе Мароттанинг ўзлари бош мураббий ролига муносиб кўришди. Чжан Цзиндун эса бу мутахассис номзодини тўла қўллаб-қувватлади: «Интер»ни барча жабҳаларда кучайиши учун айнан Контени таклиф этдик. У малакали мутахассис ва фидойи инсон. Футболчилар бу мураббий учун жон фидо қилишга тайёрлар». Антонио Конте эса «Интер» бош мураббийи сифатида берган дастлабки интервьюсидаёқ жамоанинг чемпионлик учун курашишини маълум қилди. Кейин янги шогирдлари ҳамжиҳатлик ва интизом бобида идеал даражага кўтарилганларини эътироф этди. қисқаси, 1 йил давомида «Интер» ички муҳит бузғунчисидан қутулиб (жанжалкаш Мауро Икардини «ПСЖ»га сотди), футболчилар ўртасида самимий муносабатни тиклади. Ромелу Лукаку энди Контени фаолиятидаги энг яхши мураббий сифатида мақтамоқда, Николо Барелла эса унинг мулоқот маданияти ҳар қандай футболчи қалбини эритиб юборишини таъкидламоқда: «Конте ҳамманинг кўнглига йўл топади. Ундан доимо қандайдир янгилик эшитамиз. Шахсан мен бу мураббий учун жонимни фидо қилишга тайёрман, ўйлайманки, барча жамоадошларим худди шундай фикрдалар. Ишонинг, бу жуда муҳим».

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz