Қайднома

Қидирув

Одил эффекти ёки яна легионерларимиз ҳақида

Одил эффекти ёки яна легионерларимиз ҳақида

  20.10.2020 02:55
  0
  423
Одил эффекти ёки яна легионерларимиз ҳақида

Беларусдагилар жим. Беларусь чемпионати Олий лигаси 26-тури «Энергетик-БГУ» ва ҳамюртларимиз учун омадсиз келди. «Талабалар» «Витебск» меҳмони бўлиб, 80-дақиқада қўйиб юборилган ягона гол туфайли мағлубиятни тан олишди. Ҳумоюнмирзо Иминов ҳам, Шаҳбоз Умаров ҳам бу ўйинни «Энергетик-БГУ»нинг бошланғич таркибида бошлашди. Иминов 69-дақиқада захира вакили билан алмаштирилган бўлса, Умаров майдонда тўлиқ вақт ҳаракатланди. Чемпионликка реал даъвогар «Шахтёр» мазкур турда Жасур Яхшибоевсиз ўйнаб, ўз майдонида «Динамо-Минск»­ка 0:1 ҳисобида ютқазди.

Барқарорлик йўқ. Жанубий Корея чемпионатидаги ҳам­юртларимизга барқарорлик етишмаяпти. Дейлик, «К»-лига 25-туридан ўрин олган «Сеонгнам» - «Сеул» ўйинида мезбонлар вакили Жамшид Искандеров тўлиқ 90 дақиқа тўп сурган бўлса, меҳмонлар ярим ҳимоячиси Икром Алибоев ҳаттоки, қайдномадан ҳам четда қолди. Натижага келсак, «Сеул» ягона гол эвазига ортга 3 очко билан қайтди. «Пусан И~Парк» - «Сувон Блюуингс» ўйинида ҳисоб очилмади, қолаверса, мезбон жамоа ҳимоячиси Достон Турсунов майдонга тушмади. Шунингдек, «Кванжу» вакили Рустам Ашурматов сафарда «Чонбук Моторс»га 1:4 ҳисобида бой берилган ўйинда иштирок этмади.

Жароҳат туфайли. Россия Премьер-лигаси 11-туридан ўрин олган «Химки» - «Спартак» ўйинида «қизил-қоралар» ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов қатнашмади. Ҳамюртимизнинг майдонга тушмаслигини беллашувдан аввал Москва клуби бош мураббийи Доменико Тедеско алоҳида изоҳлаганди: «Ўруновда кичик жароҳат бор - оёқ мушакларида муаммо юзага келган. Шу боис, у «Химки» билан баҳсда қайдномага киритилмайди». Яқинда ижара келишуви асосида «Тамбов» сафига қўшилган Жасур Жалолиддинов ҳам «Ротор»га қарши сафар ўйини (2:0)да майдонга тушмади.

Тиним билмас Одил Аҳмедов. Хитой Суперлигасида 9-16-ўрин эгаларини аниқлаб берадиган ўйинлар бошланди. Жумладан, «Тянжин Теда» ўз майдонида «Шэнжэн»ни 2:0 ҳисобида енгиб, жавоб учрашуви олдидан ўз имкониятини анча яхшилаб олди. Мезбонлар вакили Одил Аҳмедов тўлиқ 90 дақиқа давомида тинимсиз ҳаракатда бўлиб, бу муҳим ғалабага катта ҳисса қўшди.

Галиулин ўйнамаганида ғалаба. «Нефтехимик» Россия чемпионати Биринчи дивизионидан ўрин олган охирги 2та ўйинда икки хил натижа қайд этди. Вагиз Галиулин ва Бобур Давлатовнинг клуби аввалига сафарда «Шинник»дан устун келди - 2:1. Бу учрашувда Бобур 82-дақиқада майдонга тушди, Вагиз эса четда қолди. «Нефтехимик» кейинги тур ўйинини Москвада «Торпедо»га қарши ўтказиб, 0:4 ҳисобида енгилди. Бунисида Галиулин тўлиқ вақт ўйнади, Давлатов яна захирадан ўйинга қўшилди (67-дақиқада).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz