Қайднома

Қидирув

Тимо ВЕРНЕР: «Менга «Челси» кўпроқ мос тушади»

Тимо ВЕРНЕР: «Менга «Челси» кўпроқ мос тушади»

  20.10.2020 07:07
  0
  138
Тимо ВЕРНЕР: «Менга «Челси» кўпроқ мос тушади»

Бу футболчи «Штутгарт»нинг асосий жамоаси таркибига 17 ёшида қўшилган, Лейпцигда эса Германия термаси аъзоси даражасигача кўтарилди. Эндиликда у ўзини халқаро шон-шуҳратга эришиш ҳақида ёзилган сценарийни ўқиган киши сингари тутмоқда. Хорижлик ҳамкасбларимизнинг яқинда Тимо Вернер билан уюштирган суҳбатлари турли мавзуларни ўз ичига қамраб олди.

«Болалигимда «Штутгарт»даги машғулотлардан кейин уйга қайтгач, нарсаларимни ташлаб, кўчага чиқиб, дўстларим билан яна футбол ўйнардим, - дея эслайди Вернер. - Шундан буён иш ва кўнгилхушлик мен учун бир нарсани англатадиган бўлган».

«Челси» германиялик футболчининг маҳаллий муҳитга мослашиши осон кечиши учун барча ишни амалга оширди. Антонио Рюдигер дастлаб унга кўп ёрдам берди, клуб эса ҳатто коммунал тўловлар бўйича ҳам кўмагини аямади. «Клуб ходимлари, футболчилар, мураббийлар штаби - ҳамма менга илиқ ва самимий муносабатда бўлишмоқда. Улар туфайли барчаси осон кечмоқда. «Челси»да эканимдан бахтиёрман».

Лондонликлар, айниқса, шаҳарнинг «кўк» қисми Вернернинг келганидан хурсанд. «Кўчада кўпчилик мени таниётганидан ажабландим. Аммо бундай ҳолат Германиядагидан фарқланади. Уларнинг айримлари мулойимлар, баъзилари аксинча, хусусан, суратга тушиш ва шунга ўхшаш масалаларда. Бир йигит деразасидан бошини чиқариб, «Челси»га хуш келибсан!» деди. Баъзилар ёнимга келиб, омад тилашди. Бундай қабул учун миннатдорман».

Аммо Лондондаги дастлабки ҳафта қийинчиликларсиз ўтмади. Шаҳарнинг катталиги ва автомобиллар қатновига кўникишга тўғри келади. Нотаниш сўзлар билан боғлиқ кичик муаммолар инобатга олинмаса, Вернернинг «Челси»даги фаолияти анча яхши бошланди. Кобхэм ҳам унда ёрқин таассурот қолдирди («Ҳеч қачон бундай катта машғулот майдонини кўрмаганман, базадаги қулайликлар ҳам юқори даражада»), «арис­тократлар» сафидаги ўйинлари эса машҳурлигини оширмоқда. «Брайтон»га қарши кечган дебют ўйини муваффақиятли ўтгач, ҳаммасини тўғри бажарганини тушунди: июлда «РБ Лейпциг»да қолиб, Чемпионлар Лигасини якунламай, Лондонга кўчиб ўтиш хато бўлмаган.

Шу тариқа адаптация жараёнидан муваффақиятли ўтди, янги мавсумга яхши спорт формасида кириб келди. Тезкор қарор чиқаргани, барибир, Германияда кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Экспертлар «буқалар» сафида бир мавсумда 34та гол урган Вернерни янги клуби манфаатларини барчасидан устун қўйганликда айблашди. Лекин собиқ жамоасининг Лиссабонда ўтган ЕЧЛ «саккизлик финали»даги иштирокини четдан кузатиш унга осон бўлган, дейсизми? «Албатта, у ерда тўп сурмаганим ёқимсиз эди. Инсон табиати шунақа. Аммо трансфер билан боғлиқ вазият оғир кечди. Охир-оқибат, томонлар Лондонга дарҳол кўчиб ўтишим энг тўғри вариант бўлади, деган тўхтамга келишди. Бу қарорни бир ўзим чиқармадим, гарчи айримлар бошқача ўйлашаётган бўлса ҳам. Мазкур ҳолатни мотивация сифатида қабул қилдим, «Челси» билан Чемпионлар Лигаси ярим финали ёки ундан ҳам узоқроққа бориш ниятидаман».

Шу йилнинг баҳорида коронавирус карантини кўп нарсаларни қайта кўриб чиқишга ундади. Вернер майса устидаги оқ чизиқлардан ҳам муҳимроқ мавзуларда гапирди. «Чемпионат рестарти қачон бўлишини билмаганингда, ўзингга-ўзинг савол берасан: «Нега бундай қиляпман? Нимага машғулот ўтказяпман?». Аммо кўп ўтмай, бош-қаларнинг муаммоси сеникидан жиддийроқ эканлигини тушунасан, ахир уларнинг иши ва муваффақияти хавф остида қоляпти. Бу вазият биз - футболчиларга қанчалик яхши эканлигини кўрсатиб қўйди. Пулимизни оляпмиз, бизни ишдан бўшатишмаяпти. Ўзига хос имтиёз. Унинг ортида масъулият ҳам бор, албатта».

Вернер аввал ҳам Лейпциг ва Штутгартда турли лойиҳаларга ҳомийлик қилган, аммо эндиликда Common Goal ҳаракати ташаббуси билан бу ишда мунтазамликни таъминламоқчи. Common Goal вакиллари (160 мураббий ва футболчи) ҳозирча 2,5 млн. йиғишди.

Ҳаракат ўсишга эришиш илинжида. Ташкилотчиларнинг таъкидлашларича, дунёдаги барча футболчилар маошларининг бир фоизини ажратишса ҳам, 400 млн. евро жамғариш мумкин экан. «Дўстларим ва қариндошларим қариялар уйи ва шунга ўхшаш қўшимча воситаларга муҳтож муассасаларга дуч келишларини айтишади. Ўз ҳудудимдаги одамларга шундай ташаббус кўрсатиш имконини бераётганимдан мамнунман. Бу пулларнинг қаерга кетаётганини аниқ биламан. Штутгартда, Лейпцигда ва дунёнинг бошқа ҳудудларида инқироз даврида ёрдамга эҳтиёжмандлар бор. Болалар соғлиғи заиф ёки кимлардир ишини йўқотган. Футболчилар шунча пул топаётган паллада уларни замондошларимизга қайтариб, ҳаёт тарзи яхшиланишига ҳисса қўшишимиз даркор».

Эҳтимол, бу танаффус Тимони Лейпцигдаги тўрт йилдан сўнг навбатдаги қадамни ташлашга ундагандир. У уч хил турли мураббийлар қўл остида тўп сурди. Шу вақт ичида нафақат ўсиш, балки пасайишлар ҳам кузатилди. Масалан, бўйнидан жароҳат олганда, фаолияти хавф остида қоладигандек туюлганди. Аммо мавсум-2019|2020да у «РБ Лейпциг» етакчисига айланди.

«Буқалар» сафида тўп суриш муваффақият оролчаси бўлганди, бу ерда ҳаммаси ажойиб. Германияда менга мос клуб йўқ деб ўйлардим. Ўша жамоада ўзимни уйдагидек ҳис қилишим керак эди. Шу боис, ёзда таклиф тушгач, чегара ортига йўл олишни маъқул кўрдим. Лейпцигда бажарган ишларимни бошқа клубда амалга оширишни ўйлагандим. Ҳамма жойда шундай даражада тўп суриш мумкинлигига ишончим комил. Лекин бунинг учун жиддий ҳаракат ва машаққатли меҳнат талаб этилади. Янги чемпионат, янги клуб, янги тил билан шуларни уддалай олишимни кўрсатишим керак».

Тимонинг айтишича, шаҳар четидан данғиллама уйларни кўриб чиқмаган. У Лондон билан максимал даражада яқинроқ танишмоқчи. «Шаҳар четида яшаш яхши, аммо буни Германияда қилса ҳам бўлади. Фарқни англаш учун кўчага қарашнинг ўзи етарли: машиналар йўлнинг чап томонида ҳаракатланади. Шаҳар ва унинг аҳолиси билан танишмоқчиман. Бу футболдан муҳим эмас, аммо шундай мафтункор жойга келганда, нега ундан кўпроқ нарса ўрганмаслик керак?».

Вернер «Ливерпул»га ўтиш нияти борлиги, шу йил Юрген Клопп билан гаплашгани ҳақида сўзлаб берганди. «қизиллар» сафига ўтиш эҳтимоли қандай эди? «Агар «Ливерпуль» вакиллари сенга қўнғироқ қилишса, уларни тинглашинг ва ўйлаб кўришинг керак. Бу жаҳоннинг энг яхши жамоаларидан бири, унга германиялик супермураббий устозлик қилади. Албатта, бундай таклифни жиддий кўриб чиқиш лозим. Лекин якунда «Челси»ни танладим. «Ливерпуль» билан нимадир содир бўлгани учун эмас, шунчаки, «Челси» менга кўпроқ мос тушарди».

Пулларнинг ҳам ўзига хос роль ўйнагани шубҳасиз, лекин Вернер якуний қарорга келишида асосий фактор Фрэнк Лэмпард бўлганини таъкидлади. «У менга қўнғироқ қилди. Унинг футболга қараши, «Челси»да қандай жамоа шаклланаётгани ҳақида суҳбатлашдик. Буларнинг ҳаммаси, айниқса, мен билан қандай гаплашгани ёқди. Бу оддий «Мен мураббийман, бизга кераксан. Илтимос, кел!» эмасди. Фрэнк анча оғир-босиқ эди, вазиятга муносабатимни билишга интилди, қайсидир позициялардаги ўйин борасида қарашларим билан қизиқди. Мен ўз фикримни билдириш имкониятига эга эдим. У тинглади. Кўп жиҳатлар бўйича тасаввурларимиз яқин бўлиб чиқди. У прессинг ишлатиш, рақиб ярим майдонида тезкор ўрин алмашишлар билан тўп суришни хоҳлайди, шунингдек, жамоа тўпни эгаллаб туришда ҳам фаол бўлишини истайди. Лэмпард менга шундай деди: «Тимо, майдонда эркин ҳаракатланиш имконига эга бўласан, сенга ишонаман». Бу жуда ажойиб суҳбат эди».

қизиғи, Вернер муайян бир позицияда тўп сурмоқчилигини айтмади. Аслида, барчаси мутлақо аксинча тус олди. «Бу ҳақда жуда кўп гаплашдик, мен учун бу жуда муҳим, - деди Вернер. - Лейпцигда марказий ҳужумчи, «ўнлик» вакили эдим, қанотларда ўйнардим. Ўзимни биргина роль билан чекламоқчи эмасман. Мураббий кўнди ва «Челси»да турли позицияларда тўп суришим мумкинлигини айтди: «Тактика 4-4-2 бўладими, 4-3-3ми, сенга марказдан ёриб кириш ёки қанотга ўтиш имконияти берилади, умуман, позициянгни алмаштиришинг мумкин». Бундай серқирралик ўсишимда катта роль ўйнаган. Энди ривожланишда давом этмоқчиман».

Премьер-лигадаги дастлабки ўйин Тимо айнан шундай тўп сура олишини кўрсатди. «Бу ерда бақувват ва баланд бўйли ҳимоячилар - ҳақиқий айиқлар ва буқаларга қарши тўп суришга тўғри келади, - дейди у. - Ритм ўзгача. Аммо бошқа томондан, ўйин чўзилади. Бўш ҳудудлар очилади. Тезлигинг бўлса, бурчаклар бўйлаб ҳаракатланиб, қулай позицияларга чиқишинг мумкин. Бу қизиқарли, ўз навбатида, кўп куч олади. Агар рақибингни алдаб ўтсанг, қаршингда катта ҳудуд очилади».

Вернер «Челси»нинг энг тезкор футболчисими? Бунга ҳам ўзига хос жавоб берди. «Кристиан Пулишич ва Каллум Хадсон-Одои жуда тез югуришади. Ҳимоячилардан эпчилроқ ҳаракат қиларканман, энг тезкор бўлишим шартмас».

«Ливерпуль» билан ўйин арафасида Вернер ушбу фаразни синаб кўриши мумкин эди. Бироқ германиялик форварднинг бу борадаги фикри ўзгача, ниманидир исботлаши шарт эмас, деб ҳисоблайди. «қайсидир ўйинни бундай қабул қилиш нотўғри. Бошқа жамоага ўзимнинг қанчалар яхши эканлигим, кимни йўқотишганини кўришларини исботлаш асосий мотивация бўлолмайди. Ҳар ҳолда, бунақаси менга тўғри келмайди. Биз - суперклубмиз, супержамоага эгамиз. «Челси»даги вазифамиз - сўнгги йиллардаги «Ливерпуль» даражасига кўтарилиш».

Лондон клуби жорий мавсум чемпионликдан ҳам умид қилса бўладими? Вернер мазкур саволга бироз ўйланиб жавоб қайтарди: «Бу бизнинг биргаликдаги илк мавсумимиз. Ритмни ушлай олсак, кўплаб ўйинларда ғалаба қозонишимиз мумкин, шу тариқа буюк мақсадларга эриша оламиз. Аммо ҳозир чемпионликка эришиш имкониятлари ҳақида гапиришдан маъни йўқ. Таркибимизда кўплаб янги футболчилар бор, уларнинг бир-бирлари билан тил топишишлари учун вақт керак. қолаверса, жамоамиз анча ёш. Ҳозир «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»ларни енгиб, биринчи ўринни қўлга киритамиз, деёлмаймиз. Бу мақтанчоқлик бўлади. Лекин бугунги кунда исталган жамоани мағлубиятга учратишимиз мумкин. Бунга кучимиз етади. Бош соврин учун асосий даъвогар эмасмиз. Балки, ҳеч ким кутмаган жойда нималарга қодирлигимизни кўрсатармиз, «сирли тулпор» бўлармиз».

Ҳозир бу ҳақда гапиряптими, демак энди сирлилиги қолмайди-ку. «Бу ҳам тўғри, - дейди Вернер жилмайиб. - Интервьюнинг айнан шу қисмини ўчирворинглар, ҳеч ким билмасин».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz