Қайднома

Қидирув

Катта мавҳумот бағрида кичик қувонч

Катта мавҳумот бағрида кичик қувонч

  21.10.2020 01:55
  0
  310
Катта мавҳумот бағрида кичик қувонч

Хўш, катта мавҳумот нима? Унинг бағрида қандай кичик қувонч бўлиши мумкин? Муҳтарам мухлис! Рухсатингиз билан жавобни иккинчи саволдан бошлаймиз. Мазкур мулоҳазаларни ёзишга ҳозирланар эканмиз, қишлоқдан укам Ҳусанбой қўнғироқ қилди. У - ажойиб футбол мухлиси, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлайдиган муаллим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, укам ғоят шукуҳ билан гапира бошлади: «Битта маълумотни айтиш эсимдан чиқибди. Раҳматли ошнангиз Шокиржоннинг набираси Диёрбек «Нав­баҳор» футбол академиясига 1-ўрин билан қабул қилинди!» Буни қаранг, шундай ажойиб маълумотни менга кеч етказишди. Укамни сал-пал койигач, астойдил сўраб-суруштирдим. Маълум бўлишича, Диёрбек Шокиржонов академия­га қабул синовида пенальтидан берилган 10та зарбанинг барчасини тўсибди! 100 фоизли натижа. Кейин эса дарвозага узоқ масофадан 10та зарба йўллаб, 9тасида гол урибди. Синовни назорат қилгани пойтахтдан келган вакиллар ҳам ҳайратдан ҳайқириб юборишибди ва Президентимиз назарда тутган олтин авлод вакили, деб болакайни осмонга отишибди.

Бутун Ўзбекистонимизда бўлгани каби Чортоқ туманидаги Пешқўрғон қишлоғида кўча футболи талаблари ўта қаттиқ ва раҳм-шафқат, таниш-билишчиликни кўтармайди. Маҳалла жамоалари ўртасидаги ўйинлар қонга-қон, жонга-жон даражасига етади. Диёрбекнинг суяги шу муҳитда қотган. Айни чоғда Темур Ражаббоевдек футбол фидойиси ундаги истеъдодни илғаб, болага йўл-йўриқ кўрсатган. Яна бир ёш истеъдод Асадбек Эргашев эса унинг маслаҳати билан Янгийўлдаги футбол мактабида тарбияланмоқда. Айтишларича, унга «Бунёдкор» харидор экан. Катта мавҳумот бағридаги кичик қувонч - мана шу воқеа. Мамлакатимизнинг ҳар бир қишлоғида Темур Ражаббоев каби футбол фидойилари топилади ва яна Диёрбек, Асадбек каби ўнлаб истеъдодлар улғайишаётгани ҳам аниқ. Фикр-у ўйларимизни чувалаштириб юбораётган мавҳумот - ана ўша истеъдодларни бой берилаётгани, не-не иқтидорлар кўзи очиб улгурмай, мурғаклигидаёқ нобуд бўлаётгани. «Болалигимда мендан зўр ўйнайдиган тенгдошларим бор эди», -деганди Одил Аҳмедов вақтида ва бу ҳам аслида ҳақиқат.

Бугун вазият қисман ижобий томонга ўзгарган. Истеъдодлар энди эътибордан четда қолишмаяпти ва вақтида футбол мактабларига жалб қилинмоқдалар. Фақат муаммо эндиликда футбол мактаблари савиясига алоқадор. Истеъдодни тарбиялашнинг йўли тўғри танланмаса ҳам, уни бой бериш ҳеч гап эмас. Иқтидорни ҳам ақлан, ҳам жисмонан, ҳам футбол руҳида тарбия­лаш мураббийлардан улкан интеллектуал салоҳият талаб қилади. Бизни қийнаётган мавҳумот сабабларидан яна бири футболимиздаги катта авлод вакиллари ҳаракатларига бориб тақалади. Клублар доирасида ҳам, миллий терма жамоамиз миқёсида ҳам улар негадир ўзларини қийнашдан олиб қочишаётгандек. Биргина мисол. «Пахтакор» - «қизилқум» учрашувининг 75-дақиқасига қадар ўйин бир маромда кечди. «Пахтакор» футболчилари маҳоратларига ишонган ҳолда андак иштиёқсиз тўп суришди. Ҳожимат Эркинов ва Аброр Исмоилов ўйинга қўшилишдию, майдонда бироз олов сезилди. Болалар ва ўсмирлар футболидан кўпроқ умидвор бўлаётганимиз, ёшлардан қандайдир натижа кутаётганимиз сабаби ҳам шу. Лекин ҳозирги ёш авлодга мундиал йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини юклаш мумкинми? Бу авлод мазкур миссияни бажаришга қодирми? Очиғи, бу саволлар жавоби ҳам мавҳум. Чунки ҳозирги ёш авлодни Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Максим Шацких, Одил Аҳмедовнинг футболга кириб келишларидаги оловли дамларга тенглаштиролмаяпмиз. Тўғри, бугунги ёш авлод вакиллари ҳам анчайин истеъдодли ва ҳаракатчан, лекин улар орасида ўйин масъу­лиятини зиммасига оладиган, барчасини бошқарадиган ва майдондаги вазиятни кескин ўзгартириб юборадиган лидер кўзга ташланмаяпти. Ҳолбуки, жамоа ўйини издан чиқиб, мураббий кўрсатмалари иш бермай қолган тақдирда ҳаммаси бир ижрочи, яъни биз назарда тутаётган лидерга юкланиши даркор! Бироқ ўша лидер қани? У Жалолиддин Машариповми ёки Элдор Шомуродов? Ҳар икки футболчига қанчалар ишонишни истамайлик, ҳозиргача уларда лидерлик хусусиятлари сезилмади. Миллий терма жамоамизда тезроқ ҳал қилиниши лозим саналган  муаммо - айнан лидерлик масаласи! Аммо шундай деганимиз билан лидер осмондан тушмайди-ку?! Вадим Абрамов уни қаердан топади? Бу саволнинг жавоби ҳам мавҳум. Ҳар ҳолда, саволларга биз жавоб беролмаймиз ва бу шарт ҳам эмас. Чунки вазифамиз - саволлар ва муаммолар мавжудлигини айтиш.

Еврофутбол магияси ҳар қанча кучли бўлмасин, ўзига тортмасин, ўзимизда куч топиб юқоридаги мулоҳазаларни ёздик. Ёзмасак бўлмасди. Зеро, мамлакатимиздаги мухлислар сўнгги икки кун мобайнида Милан ва Ливерпуль дербиларини, «Реал» ҳамда «Барселона» мағлубияти сабабларини муҳокама қилишдан ўзларини тийишолмади. Уларга қарата айтамизки, «Интер»нинг мағлубиятида бош «айбдор» - Златан Ибрагимович. Ундаги кураш руҳи, шижоат ва жамоадошларига таъсир ўтказиш қобилияти - Стефано Пиоли муваффақиятлари кафолатидир. «Милан»даги бошқа ҳамма жиҳат «Интер»да ҳам мавжуд. Фақат «нерадзурралар»да Златан Ибрагимович йўқ, холос! «Реал»нинг мағлубиятини Зайниддин Зидан жуда камтарона изоҳлади. Лекин «Барселона» мухлислари Луис Суаресни эслаб, ҳозирдан «оҳ» тортишмоқда. Жамоа мутасаддиларининг қайси ақл билан шундай марказий ҳужумчини қўйиб юборишгани тушунарсиз. Луис Суарес «Барселона» мутасаддилари қарори хато эканлигини, ҳужумда ҳамон Антуан Гризманндан анчагина устун эканлигини исботлашда давом этмоқда. У шу кетишда «Барселона» мухлисларини ҳали роса алам-изтиробга солади, чоғи.

Кўриниб турибдики, еврофутбол завқи беихтиёр бутун борлиғимизни чулғаб олмоқда. Яхши ҳамки, футболда шундай эталон яшамоқда. Акс ҳолда, бизнинг мураббийлар ва ­ўйинчилар ўзлариникини маъқуллаб, «Футболни биз каби ўйнайдилар!» дея барчамизни енгишармиди?! Улар эсда тутишсинки, ўзбекистонлик футбол мухлислари бу масалада ҳеч қачон енгилишмайди!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz