Қайднома

Қидирув

Трансфер нега можарога айланмоқда ёхуд яна Жасур Жалолиддинов "масаласи" ҳақида

Трансфер нега можарога айланмоқда ёхуд яна Жасур Жалолиддинов "масаласи" ҳақида

  21.10.2020 04:44
  0
  325
Трансфер нега можарога айланмоқда ёхуд яна Жасур Жалолиддинов

Биласиз, Москванинг «Локомотив» клуби ёзда ярим ҳимоячимиз Жасур Жалолиддиновни 900 минг еврога сотиб олди. Бироқ РПЛда «темирйўлчилар» сафида бир дақиқа ҳам ўйнашга улгурмаган 18 ёшли ҳамюртимиз яқинда ижара сафарига жўнатилди - «Тамбов»га. Шундан кейин Россия матбуоти бу трансферга можароли келишув тамғасини босди... Жумладан, Еurosport.ru сайти ҳам. 


Трансфер бўйича можаро ортидан...

«Локомотив» июль ойи охирида, Европа ЧЛ бошланишидан олдин таркибини жиддий кучайтириш фонида Тошкентнинг «Бунёдкор» клубидан Жасур Жалолиддиновни сотиб олаётганини эълон қилди. Ўзбекистонлик 18 ёшли ўсмирни кўпчилик танимасди. Тўғри, у 2019 йили Guardian талқинига кўра, жаҳоннинг энг яхши 60 нафар ёш футболчиси (2002 йили туғилганлар) рейтингига киритилганди. Шундан кейин маҳаллий лига экспертлари, жумладан, «Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис йигитчани иқтидорли футболчи сифатида таърифлашди. Аммо анчагача ҳеч кимдан аниқ гап чиқмади. Матбуотда унинг трансфер баҳоси ҳақида хабар чиққанида эса, ҳамма бирдек ҳайрон қолди. Ҳар ҳолда, ёш футболчи учун қарийб 1 миллион евро тўлаш - катта таваккалчилик.

Мазкур трансфер ортидан Ўзбекистонда можаро келиб чиқди. Бу ўз навбатида, шартноманинг ҳалоллигига жиддий шубҳа уйғотди. ОАВда турли рақамлар пайдо бўлди: 1 млн. евро, 150 ёки 300 минг. Охир-оқибат, «Бунёдкор»га қанча маблағ етиб борди? Футболчи Москвага кўчиб ўтишидан олдин шартномани бекор қилганмиди? Хуллас, еurosport.ru мухбири Ўзбекистондаги манбалар билан алоқага чиқиб, бир қатор қизиқарли деталларни аниқлади.

 

Белоус ва «Бешиктош»дан таклиф...

«Москва» клуби собиқ президенти ва «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамовнинг яқин дўсти Юрий Белоус «Локомотив» машғулотларида тез-тез кўриниш беради. Маълумотларга кўра, Жасур 16 ёшдаёқ унинг эътиборига тушган. Ўша пайт ёш иқтидор тенгдошлари орасида яққол ажралиб турар ва уни асосий жамоага қўшиб олишганди. Лекин Белоус шошилмади. Зеро, 18 ёшга тўлмаган футболчини фақат академия учун олиш мумкин эди, холос. Хуллас, у Жасурнинг паспорт олишини кутди. Юрий ўша пайтдаёқ «Бунёдкор»нинг барча ҳаракатларига таъсири кучли ҳисобланган яқин дўсти Абрамов билан ушбу йигитча билан барча музокарани ўз бўйнига олишига келишиб олган экан. Жалолиддинов 15 май куни 18 ёшга тўлди. Аммо Юрий Викторович қишдаёқ Россия клубларига таклиф билан чиқа бошлади. Ўзбекистонда битта гап чарх урарди: «Бу ерда 800 минг евро плюс «воситачилар ҳаққи»га тенг иқтидорли ёш футболчи бор. қолаверса, келишиб, нархни пасайтириш ҳам мумкин». Бу орада «Бунёдкор»га «Бешиктош» (Туркия)дан 300 минг евро (бу сумма клуб бюджетининг учдан бир қисми демакдир)лик таклиф тушди. Бироқ Абрамов шошилмади. Чунки эски дўсти Юрий бундан кўпроқ олиб келиши мумкинлигини биларди.

 

«Локомотив» олдида икки вариант

Кейин энг қизиғи бошланди. «Локо» раҳбарияти «Бунёдкор» билан музокара бошлаган пайт айнан турклар таклифи туртки вазифасини ўтади. Москваликлардан янада каттароқ рақам кутишаётганди. «Темирйўлчилар»да эса 2та йўл мавжуд эди: расмий ва норасмий. Биринчиси - 2022 йилгача тузилган 800 минг евролик шартнома. Иккинчиси - 350 минг евро. Ушбу шартнома ичига алоҳида бандлар кирган: футболчи биринчи шартномасини бекор қилади ва 2020 йил охиригача мўлжалланган янгисига имзо чекади. Бунда 350 минг евро клуб бюджетига тушади (турклар таклифидан 50 минг кўп), қолган маблағ музокара иштирокчиларига тегади. «Локомотив» норасмий йўлни танлади. Яъни трансфердан маблағ тежаш, лекин «ўртакаш»ларни рози қилишни маъқул кўрди. Якунда клуб 900 минг евро сарф­лади ва 2та манба маълумотига кўра, маблағ оффшор ташкилот ҳисоб рақамига тушган. Кейинроқ атиги 350 минг евро Ўзбекистон жамоасига етиб борган. Хуллас, маблағнинг ярмидан кўпи битим тузишда у ёки бу ишни бажарганлар ҳисобига кетган. Клубнинг айрим раҳбарлари сўзларига қараганда, трансфернинг бундай кўриниши кўп учрайди. Футболчининг ҳуқуқи бир неча юридик шахс­лар тасарруфида бўладиган ҳолат кўпинча Лотин Америкасида кузатилади. Баъзан трансфердан тушган маблағ клуб хўжайини ҳисоб рақамига тушиш ҳолатлари ҳам учрайди. Аммо Жалолиддиновнинг битимида маблағ оффшор ташкилот ҳисобига тушганидан мутахассислар ҳайратдан ёқа ушлашди ва бу ҳолатни шунчаки, солиқ тўловларидан қочиш варианти сифатида баҳолашди.

Мазкур трансфер амалга ошганидан кейин «Бунёдкор» бош директори Улуғбек Мирзаев истеъфога чиқарилди. Ўзбекистонда эса «Жалолиддинов иши»нинг тафтиши федерация даражасига чиқди. «қалдир­ғочлар»нинг собиқ директори 2та учрашувда иштирок этиб, мазкур битимдаги ўз ролини лига раҳбарига тушунтирди. Катта эҳтимолки, унинг тушунтиришлари барчани қониқтирган. Бироқ ушбу учрашувлардан ке­йин бирор расмий баёнот берилмади. Аниқланишича, клуб жиддий молиявий муаммолар гирдобида. Футболчилар 4 ойдан буён маош олмас эканлар. Янги раҳбарият эса алоқага чиқишни истамади.

 

Базадаги ҳаёт ва жамоа билан муаммолар

Жасур Москвага етиб боргач, «Локомотив» базасига жойлашган. Бироқ у ерда ўзини анча ноқулай ҳис этган. Бинобарин, Николич кучли легионер трансферини кутганди. Бунинг ўрнига ёш йигитни олиб келишди. қолаверса, жамоадагилар ҳам янги ўйинчини эътиборсиз қабул қилишди. Трансфер бошида турган Юрий Белоус энди ёрдам беролмасди. Бу орада Жалолиддиновни янги мавсум ҳамда FIFA 21 ўйин иловаси учун рўйхатга киритишди. Шу тариқа у асосий жамоа машғулотларида қатнаша бошлади. Ҳатто бир неча ўйин қайдномасига ҳам кирди. Бироқ ке­йинчалик Жоржевич жароҳатдан қутулиб, сафга қайтди ва Жасур легио­нерларга қўйилган лимит туфайли қайд­номадан йўқолиб қолди. ЧЛ учун берилган рўйхатда ҳам унинг исм-шарифи йўқ. Иқтидорли ярим ҳимоячини «Бунёдкор»да кутишганди. Аниқроғи, номаълум муддатга ижара асосида олмоқчи эдилар. Аммо клублар келишолмади. Трансферлар ойнаси ёпилгач, фақат Россия ичкарисидаги ижара варианти қолганди, холос. Буларнинг барчаси «Локомотив»га 900 минг еврога тушди. Клуб раҳбарияти энди лимитга тўғри келмайдиган ва майдонга тушолмайдиган ўйинчи учун нега шунча сарфлаганини тушунтириб берса, яхши бўларди...

*** «Локо» Жалолиддиновни РПЛ мавсуми учун «заявка»га қўшганида, жамоа ихтиёрида 8 нафар легионер бор эди.

*** Орадан бир ой ўтиб, «Локомотив» Жалолиддиновни «заявка»дан чиқариб, ўрнига Лука Жоржевични киритди.

*** Яна бир ойдан кейин «Локомотив» Жалолиддиновни «Тамбов»га ижара асосида юбориб, маошини ўзи тўлаш мажбуриятини олди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz