Қайднома

Қидирув

Тибо Куртуа: "Рамос ҳамиша ҳайратлантирган,фақат Лиссабонда..."

Тибо Куртуа: "Рамос ҳамиша ҳайратлантирган,фақат Лиссабонда..."

  21.10.2020 06:06
  0
  370
Тибо Куртуа:

«Реал»нинг бельгиялик дарвозабони Тибо Куртуа El Larguero газетаси мухбири билан суҳбатда кўплаб масалаларга тўхталди. Хусусан, «жирафа» лақабини қандай олгани хусусида ҳам гапириб берди.

- Қизиқ, сизни видеоўйинларда нега «жирафа», деб аташади?

- Машғулотларда Регилон мени айнан шундай чақирарди ва бу лақаб кейинчалик ўз-ўзидан оммалашиб кетди. Аслида қандайдир ноодатий лақабни хоҳлагандим, лекин шуниси ҳам ёмон эмас.

- Бўйингиз деярли 2 метр эканлигини айтишади. Аниғи қанча?

- «Реал» сафига қўшилгач, тиббий кўрикда ўлчашганида, айнан 2,0 метр чиққанди.

- Бельгия терма жамоаси йиғинидан барвақт кетишингизга тўғри келди. Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Ҳаммаси жойида. «Леванте» билан учрашувдан кейин қандайдир нохушлик сездим. Муҳими, тиббий кўрикдан кейин  шифокорлар ҳеч қандай жароҳат йўқлигини айтишди. Агар терма жамоам муҳим ўйинларда иштирок этганида, бемалол майдонга тушардим. Лекин олдимизда узун мавсум турганини ҳисобга олиб, бироз дам олишни афзал билдим. Баъзан танангизга эътиборли бўлишингиз талаб этилади. Кейинги ўйинда қатнашиш-қатнашмаслигимни мураббийлар ҳал қилишади. Асосийси, ҳозир яхши спорт формасидаман.

- Дейлик, муайян учрашув якунида сизни энг яхши футболчи сифатида тан олишди. Бу сиз учун яхши, лекин жамоа учунчи?

- Одатда «сэйв»ларимнинг деярли барчаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Шунинг учунми, ҳамиша диққат марказида тураман. Дейлик, «Леванте» билан баҳснинг биринчи бўлимида умуман ишга киришмадим, иккинчисида эса вазиятлар туғилди. Агар 2:0 ёки 3:0 ҳисобида ғалаба қозонсак, мен ҳақимда гапирмайдилар. Умуман, ҳамиша ўз ишимни бажаришга уринаман.

- Сизга қай бири маъқул - мудом вазиятларни бартараф этиб, энг яхши футболчи бўлишми ёки дарвозада айтарли ишга киришмай, кўзга ташланмаслик?

- Иккинчиси яхшироқ, барибир. Зеро, фақат жамоам ҳақида ўйлайман. Албатта, зиммадаги вазифани сифатли бажаришни хоҳлайман, лекин ўйин давомида 1-2та қарши ҳужумни бартараф этсам ва ортиқча «сэйв»ларга ҳожат қолмаса, жамоам эса 3:0 ҳисобида ғалаба қозонса, бундан фақат хурсанд бўламан. қисқаси, учрашувда 7талаб «сэйв» кўрсатишдан кўра, хавфли вазиятларни бартараф қилиш зарур ҳолатда жойимда туришим афзал.

- Куртуа ҳаттоки, такси тўхтатишни ҳам эплолмайди. Шу гап эгаларига қандай жавобингиз бор?

- Нималарга қодирлигим, салоҳиятимни ҳар доим теран англаганман ва луқма ташлайдиганларга жавоб беришим шарт эмас. Бу шунчаки, чалғитувчи танқид. Лекин ёшлигимдан менга яқин инсонларнинг конструктив тан­қидларини тўғри қабул қилиб келаман. қайси ўйинларда яхши ҳаракатланганим, қайсиларида янада ишончли ўйнашим мумкин бўлганини яхши биламан.

- Демак, танқидлар сизга умуман таъсир қилмайди...

- Ҳар ҳолда, инсонмиз, менда ҳам ҳиссиёт мавжуд ва танқиднинг бироз таъсири бор, албатта. Муҳими, танқид қаердан келаётгани, бош мураббий, дарвозабонлар устози, оиланг вакиллари ва дўстларинг қандай фикрда эканликларини кузатишинг лозим. қўйиб юборилган голни тўса олармидим ёки йўқ - буни аввало, ўзим биламан.

- Хўш, бунданда кучли ўйнашингиз мумкинлигини қаердан биласиз?

- Энг нозик томоним - оёқлар билан ўйнаш, лекин бу жиҳатни ҳам анча яхшиладим. Кўп ишлаяпман, жорий мавсум кўпроқ баланддан ўйнаб, таваккал қиляпмиз ва бу тўп йўқотилган пайт жуда фойдали. Ҳар доим кучайтириладиган жиҳатлар топилади - янада баландроқ сакраш, кучлироқ ва тезроқ тепиш мумкин... Жамоавий машғулотлардан ташқари, кечқурун шахсий мураббий билан тезлик ва мушаклар устида ишлайман. Ўзимга махсус ошпаз ёллаганимга 1 йил бўлди. 20-22 ёшли пайтда булар ҳақида умуман ўйламайсан. Лекин агар узоқроқ фаолият юритишни истасанг, ёшинг ўтгани сари организмга жиддий қайғуришинг керак.

- Охирги вақтларда такрорий зарбаларни тўсиш устида кўп шуғулланаётган экансиз.

- Бу жуда муҳим. Чунки голлар кўпинча айнан такрорий зарбадан кейин уриляпти. Шундай экан, машғулотларда бу жиҳатга кўпроқ вақт сарфлаш керак.

- Зайниддин Зидан мураббий сифатида сизга айнан нима берди?

- Ҳамиша унинг ишончини сезаман. Энг муҳими шу. Агар ўтган мавсум бошидаги мураккаб даврда мураббий ишончини ҳис қилмаганимда, ҳаммаси янада ёмонроқ тус оларди. Ахир футболда руҳий фактор катта роль ўйнайди. Агар танқидни қабул қилолмасанг ёки жамоа ва мураббийнинг ишончини сезмасанг, ҳаммаси ўзинг учун аянчли тугайди. Футболчи аввало, руҳий муаммолардан қутулиши керак. Умуман, Зидан ажойиб мураббий. Ишонмасангиз, натижасига қаранг!

- Кимдан кўпроқ ўргандингиз - Зиданданми ёки Симеонедан?

- Икки хил мураббий. «Чоло» қўл остида тўпни кўпроқ рақибга топшириб, барчамиз ҳимояланардик, майдон марказида прессинг уюштирардик, дарвозамиздан тўп ўтказиб юбормасдик, ўз ҳудудимизда камдан-кам таваккалга йўл қўярдик. Ла Лигада ғолиб чиққан пайт кўпинча Рауль Гарсия бошини қидирардим. Зидан тамоман бошқача футболга таянади - тўп билан муомала қилиш муҳим... Ўйлайманки, жиддий ўсишга эришдим, чунки турли услубларда ўйнадим. Жумладан, Конте ва Моуриньодан ҳам сабоқ олдим. Кун келиб мураббийликка қўл урсам, албатта, ҳар биридан энг яхши жиҳатларни оламан.

- Ўзи мураббий бўлишни истайсизми?

- Билмайман. Келажак ҳақида ўйлашга ҳали эрта. Ўзимга ёшлар билан ишлаш ёқади. Балки 12-13 ёшлиларни шуғуллантирарман...

- «Ванда Метрополитано»да мухлислар суратингизни тепишганида, қандай ҳолатга тушдингиз?

- Барчаси «Реал» ва «Атлетико» ўртасидаги рақобат самараси ва буни тўғри тушунаман. «Атлетико»нинг муваффақиятлари учун боримни берганман. Кўчада собиқ жамоам мухлислари билан кўришиб қолсак, улар омад тилашади. Биз катта дербида иштирок этамиз - бундай муҳит фақат олдинга ундайди.

- Сизга қарши ўйнаган энг кучли ҳужумчи ким?

- Месси, Криштиану, Ибрагимович, Мбаппе ва бошқа кўплаб ажойиб ҳужумчиларга қарши турганман. Улар шунчаки, супер ва сен ҳар бирини тўхтатишни хоҳлайсан.

- Шахсан сиз учун қай бири кучлироқ - Мессими ёки Роналду?

- Уларни таққослаш қийин. Ҳар иккиси бошқа дунёдан. Криштиануда куч, тезлик ва вазиятни сезиш қобилияти баланд. Месси эса чин иқтидор, финтлари такрорланмас. Кутилмаганда 2 метр оралиғида 4 нафар рақибини доғда қолдириши мумкин. Уларни таққослаш эмас, ҳаракатларидан роҳатланиш керак. Бундай юлдузларга қарши ўйнаганим ва баъзан устун келганимдан фахрланаман.

- Месси «Барселона»дан кетса, қувонармидингиз ёки...?

- Кетиш-қолиш унинг иши, Ла Лига мен учун жаҳондаги энг кучли чемпио­нат бўлиб қолаверади.

- Бўм-бўш «Камп Ноу»даги «Эль-класико» - бу сизларга устунлик берадими?

- Ҳа, лекин ҳозир барча стадионларда ҳолат шундай. Дейлик, Сан-Себастьян ёки Бильбаода ҳам мухлислар туфайли ҳамиша қийналардик. Тўғри, ҳаммаси трибуна эмас, майдонда ҳал қилинади. Умуман, барчага айнан мухлислар етишмаётгани ҳам аниқ.

- «Бернабеу»ни соғинасизми? Ҳаттоки, мухлисларсиз бўлса ҳам.

- «Бернабеу»да ўйнаш - бу ўзгача. Айни пайт у дунёдаги энг яхши стадионга айланяпти. Аввалги мавсум ўйинлари ёзувларини кўриб, жуда қўмсаганимни ҳис қиламан. Бироқ ҳозир «Ди Стефано»да ўйнаяпмиз ва ишларимиз яхши. Ўзи 1та стадионни бошқасига алмаштириш осон эмас, лекин ўз йўлимизни топа олдик.

- Фаолиятингизни айнан «Реал»да тугатишни истармидингиз?

- Футболчиликда қолган вақтни шу ерда ўтказсам, ажойиб бўларди. Бунинг учун янада яхшироқ ҳаракатланиб, кўплаб совринларга эга чиқишимиз талаб этилади.

- Мадрид ҳаётига кўникдингизми? Шаҳар сизга ёқадими?

- Ҳа, «Атлетико»да ўйнаган даврдаёқ Мадридга меҳрим тушган. Фантас­тик шаҳар. Лондонда Мадридни кўп соғинардим. Умр бўйи шу ерда яшашга ҳам тайёрман.

- Назарингизда, жаҳондаги энг яхши дарвозабон ким?

- Топ-клубларда ажойиб киперлар кўп. Бири иккинчисидан яхшироқ ўйнайди, умуман, юқори даража ҳамиша билинади.

- Сизнингча, ҳар бир жамоа ўз услубига мос дарвозабонга эгами? Масалан, «Барселона»да тер Штеген, «Атлетико»да Облак...

- «Барса» ҳамиша ҳужумкор ўйнайди ва бунда дарвозабоннинг роли катта. Тер Штегендан кўра, оёқ билан яхши ўйнайдиган дарвозабонни билмайман. Облак эса камдан-кам ҳолда бундай ўйнайди, лекин аминманки, ундан шуни талаб қилишса, шубҳасиз, эплайди. Бугунги кун дарвозабонлари ҳар қандай услубда яхши ҳаракатланишлари шарт.

- «Реал»нинг ўйин схемаси дарвозабонлар учун қийин эмасми?

- Бельгия термаси ҳам худди шундай тажовузкор ҳаракатланади, ҳимоя­да катта бўшлиқлар қолдиради. Бу дарвозабонга мураккаблик туғдиради, албатта. Умуман, «Реал» дарвозасини қўриқлаш - катта масъулият.

- Серхио Рамоснинг жамоада етакчилик қилишига қандай қарайсиз? Унинг шартнома муддатини узайтиришига ишонасизми?

- Серхио биз учун жуда муҳим. У буни голлари ва ҳимоядаги ҳаракати билан исботлаяпти. қолгани клуб билан ўзининг иши, лекин Мадридда ҳамма унинг қолишини истайди. Серхиодан ҳамиша ҳайратланганман, фақат Лиссабондаги ҳолат бундан мустасно. Унга ҳурматим баланд.

- «Реал»нинг энг кучли жиҳатлари нима ва яна қайси йўналишларни кучайтириш керак?

- Кучайтириш лозим жиҳатлар? Буни жамоа ичида муҳокама қилганимиз маъқул. Жорий мавсум яхшироқ ҳимояланяпмиз, шунинг ҳисобига рақиблар имкониятлари анча камайди. Карантиндан кейин кўплаб ўйинларда дарвоза дахлсизлигини сақлаб келяпмиз. Яна тўп назорати, узун узатмалар, вазиятлар кўпайди.

- «Реал»га голлар камлик қилмаяптими?

- Йўқ. Карим уряпти, Асенсио ҳам, Вини... «Бетис»га 3та, «Леванте»га 2та гол «тортиқ» этилди. Агар вазиятлар бўлмаганида, хавотирга тушардим, лекин бу борада муаммо йўқ.

- Мухлислар Кейлор Навасни эсламайдиган даражада ҳаракат қиляпсизми?

- Буни фанатлардан сўраш керак. Ўз ишимни муносиб бажариш, жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиляпман. Кейлор Мадридда кўплаб сов­ринлар ютди. У ажойиб дарвозабон ва буни Парижда ҳам исботлаяпти. Бизни таққослашлари, менгача бу ерда ким қандай тургани ҳақида ўйлашим шарт эмас.

- Мадридликларни Эден Азар хавотирга соляпти. «Реал»да унинг энг яхши жиҳатлари кўзга ташланмаяпти.

- Ҳозир бу ҳақда ўйлаётган биринчи инсон Эденнинг ўзи бўлса керак. Унда ҳаммаси жойида ва тез орада ҳақиқий Азарни кўришимизга ишонаман.

- Гарет Бэйлнинг бошқа клубга кетгани яхши бўлдими?

- Футболчининг мураббий билан нималар ҳақида гаплашгани - бу шахсий масала. Гарет билан муносабатимиз яхши эди. Унга омад тилайман, гарчи Лондоннинг энг яхши жамоасига бормаган бўлса-да, ҳазил...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz