ФИФА кунлари туфайли миллий чемпионатларда юзага келган узилишда барча клублар футболни соғиниб қолганликлари дам олиш кунларидаги беллашувларда яққол сезилди. Муросасиз ва қизиқарли кечган баҳсларда ажабтовур натижалар қайд этилди. Етакчи бешлик вакиллари орасида атиги икки жамоа 100 фоизли натижа билан бораётгани фикримизни тасдиқлайди.
Англия. Халоскор сўнгги дақиқалар
5-турнинг марказий учрашувларидан бири сифатида эътироф этилган Мерсисайд дербисида турнирда етакчилик қилаётган «Эвертон» амалдаги чемпион - «Ливерпул»ни енга олмади. Аксинча, асосий вақт тугашига 9 дақиқа қолганида мувозанатни тиклаб, дастлабки мағлубиятдан қутулиб қолди. Томонларнинг фаоллиги билан бошланган баҳсда меҳмонлар Садио Маненинг тезкор голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Аммо майдон эгалари тез орада Киннинг аниқ зарбаси билан жавоб қайтаришди. Танаффусга қадар ҳисобни ўзгартириш на мезбон ва на меҳмонларга насиб этди.
2-бўлимда ҳам тенгма-тенг кураш давом этди. Ниҳоят, 72-дақиқада Муҳаммад Салоҳ яна «Ливерпул»ни олдинга олиб чиқди. Аммо чемпион ғалабани ушлаб қололмади - Кальверт-Льюиннинг аниқ зарбаси якуний ҳисобни ўрнатди - 2:2. Садио Маненинг қўшимча вақтда урган голини ҳакам Жордан Хендерсоннинг «офсайд» ҳолати туфайли инобатга олмади. Шу тариқа ниҳоясига етган ўйинда Юрген Клопп жамоаси нафақат етакчига тенглашиб олиш имкониятидан, балки ишончли ҳимоячисидан ҳам жудо бўлди - 11-дақиқада тиззасидан жароҳат олган Виржил ван Дейк майдонга қайтишга уринган бўлсада, шифокорлар рухсат беришмади. Маълумотларга кўра, ҳимоячи мавсум охиригача сафга қайтмаслиги мумкин.
Лондонлик мухлислар эса уик-энд оқшомларида биттадан чинакам спектаклларни мириқиб томоша қилишди. Аввалига «Стэмфорд Бриж»да «Челси»га қарши майдонга тушган «Саутгемптон» тенгма-тенг ўйини билан номдор рақибини шошириб қўйди. Ваҳоланки, жамоа германиялик дебютанти Тимо Вернернинг «дубл»и эвазига дастлабки ярим соат ичида 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Бироқ «авлиёлар»нинг тиниб-тинчимас ҳужумчиси Ингс танаффус арафасида жавоб тўпини киритишга муваффақ бўлди - 2:1.
Танаффусдан кейин ўйин мазмуни ўзгармади ва Адамс ҳисобни тенглаштирди. Лекин меҳмонлар хурсандчилиги узоққа чўзилмади - «кўклар»нинг яна бир дебютанти Хаверц лондонликларни олдинга олиб чиқди. Шундан кейин мезбонлар асосий эътиборни ғалабани ушлаб қолишга, меҳмонлар эса мағлубиятдан фориғ бўлишга қаратишди. Охир-оқибат, қўшимча вақтнинг 2-дақиқасида Вестергор сафардан қуруқ қайтмасликни таъминлаган голни амалга оширди - 3:3.
Якшанба оқшомида бўлиб ўтган Лондон дербиси - «Тоттенхэм» - «Вест Хэм» қарама-қаршилигида ҳам 3:3 ҳисоби қайд этилди. Аммо баҳс тамоман ўзгача сценарий асосида кечди. Яъни, майдон эгаларининг дастлабки ҳужуми Сон Хюн Миннинг аниқ зарбаси билан якунланди. Рақиб эсини йиғиб олишга улгурмасдан, Кейннинг «дубл»и меҳмонларни нокдаун ҳолатига туширди. Таажжубки, танаффусдан кейин ҳам меҳмонларда «болғачилар» сифати мутлақо сезилмади. Лекин энг ҳаяжонли воқеалар 82-дақиқадан кейин бошланди: аввалига Бальбуэна фарқни қисқартирди, 3 дақиқадан кейин «шпорлар» вакили Санчеснинг «совға»си ўйинга интригани қайтарди ва Лансинининг фантастик зарбаси дерби баҳсига якун ясади. Қандайдир 12 дақиқа ичида 3та гол устунлиги ғойиб бўлди.
Ниҳоят, якшанба оқшомидаги сўнгги беллашув, «Лестер» - «Астон Вилла» ўйинида ҳам қимматли 3 очко тақдирини Барклининг қўшимча вақтдаги аниқ зарбаси меҳмонлар фойдасига ҳал қилди. Аввалги мавсумда бир амаллаб жон сақлаб қолган «Вилла» ҳозирча 100 фоизли натижа билан кетмоқда.
Испания. Чемпионга дебютантдан сабоҚ
Ла Лига 6-турининг энг кутилмаган натижаси Мадридда, «Реал» - «Кадис» учрашувида қайд этилди. Тўғри, тўп думалоқ, майдон текис. Ҳеч қайси жамоа мағлубиятдан кафолатланган эмас. Бироқ амалдаги чемпионнинг дебютантдан енгилиши - чинакам сенсация. Боз устига, ўз майдонида. Хуллас, Зайниддин Зидан шогирдлари 29 йилдан бери илк марта камтарин жамоага имкониятни бой беришди. Бундан аввал жамоа 1991 йилда худди шундай кичик ҳисоб билан мағлубиятини тан олганди. Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, Лозанонинг 16-дақиқадаги аниқ зарбаси 3 очко тақдирини ҳал қилди. Албатта, мезбонлар вазиятни ўзгартиришга уриниб кўришди. Аммо 14та зарбадан атиги 2таси дарвозага етиб борди, холос. Меҳмонларга келсак, мавсумдаги 3-ғалабасини расмийлаштирган «Кадис» очколар бўйича чемпионга етиб олди ва тўплар нисбатига кўра 5-ўринда бормоқда.
Шунингдек, футбол оламига «эл-класико»дек муросасиз баҳс билан танилган иккинчи иштирокчи - «Барселона» ҳам бу турда мағлубият аламини тотиб кўрди. «Хетафе» меҳмони бўлган жамоа мезбонлар вакили Матанинг ягона голига жавоб қайтара олмади. Натижада Рональд Куман жамоанинг бош мураббийи сифатида дастлабки мағлубиятини тан олди.
Мавсумда муваффақиятли старт олган «Реал Сосьедад» «Бетис» майдонидан йирик ғалаба (3:0) билан қайтиб, етакчилик мақомини сақлаб қолди. У билан ёнма-ён одимлаётган «Вильярреал» эса ўз майдонида «Валенсия»ни камтарона ҳисоб билан (2:1) маҳв этди.
Вигога сафар уюштирган «Атлетико» «Сельта» дарвозасига 2та жавобсиз тўп киритди. Шунингдек, дебютант «Эльче» ҳам сафарда «Алавес»ни 2:0 ҳисобида енгди. «Гранада» «Севилья»дек номдор рақибни кичик устунлик (1:0) билан бўлсада, маҳв этди. Эътиборли жиҳати шундаки, худди АПЛ каби Ла Лига вакилларида ҳам учрашувлар сони бир хилда эмас. Айниқса, бошқаларга нисбатан 2 ўйин камроқ ўтказган «Атлетико», «Барселона», «Севилья» ва «Эльче» жамоалари вазиятни ўнглаш учун яхши микониятга эгалар.
Германия. Ҳозирча шов-шувларсиз
Бундеслига немисларга хос ҳисоб-китоб асосида одимламоқда - ортда қолган 4 турдан кейин совриндорлар учлиги одатий кўринишда, кутилмаган натижалар йўқ, ҳисоби. Турнир жадвалини бошқариб турган «РБ Лейпциг» бу турда «Аугсбург» майдонидан ишончли (2:0) ғалаба билан қайтди. Анхелиньо (45) ва Поульсен (66) томонидан амалга оширилган 2 гол пешқадамга навбатдаги 3 очкони тақдим этди.
Шунингдек, «Штутгарт» Берлинда ҳозирча ўз ўйинини тополмаётган «Герта» дарвозасини 2 бор ишғол этиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. 2-ўринни эгаллаб турган «Бавария» «Арминия» билан бўлган беллашув тақдирини дастлабки 45 дақиқада ҳал қилиб улгурди - 0:3. Танаффусдан кейин Мюллер (8, 51) Левандовски каби «дубл»га эришгач, меҳмонлар бироз хотиржамликка йўл қўйишди. Бундан майдон эгалари унумли фойдаланиб, Нойер дарвозасига жавоб тўпини киритишди. Лекин бундан ортиғига кучлари етмади - 1:4.
Майнцда «Байер» маҳаллий жамоа дарвозасини иш-ғол этиб, мавсумдаги дастлабки ғалабасини (1:0) расмийлаштирди. Дортмунднинг «Боруссия»си ҳам сафарда «Хоффенхайм»дан минимал устунлик эвазига қимматли 3 очкони тортиб олди. «Фрайбург» - «Вердер», «Боруссия М» - «Вольфсбург», «Кёльн» - «Айнтрахт» ва «Шальке» - «Унион» учрашувлари бир хил - 1:1 ҳисобидаги жанговар дуранглар билан ниҳоясига етди.
Италия. Роналдунинг ўрни билинди
4-турни бошлаб берган беллашувда «Наполи» «Аталанта»га қарши айнан рақибига хос бўлган ҳужумкор услубни қўллаб, дастлабки бўлимнинг ўзида 4та гол урди. Аниқроғи, 23-43-дақиқалар оралиғида мухлислар Лозанонинг «дубли», Политано ва Осимхеннинг голларидан завқ олишди. Табиийки, танаффусдан кейин мезбонлар ҳушёрликни йўқотмаган ҳолда устунликни сақлаб қолиш пайида бўлишди. «Аталанта» фақат битта гол уришга эришди.
Ўтган мавсум чемпионликка даъвогарлик қилган «Лацио» «Сампдория» майдонидан йирик (0:3) мағлубият билан қайтди. Натижада Рим клуби 14-ўринга тушиб кетди.
Доимо кескин курашлар остида ўтадиган Милан дербисида шаҳар номи билан юритиладиган жамоа ғалабага эришди. Эътиборлиси, «россонерлар»нинг швециялик фахрий ҳужумчиси Златан Ибрагимович 4 дақиқа ичида (13, 16) икки марта Самир Хандановични доғда қолдирди. «Нерадзурралар»нинг атоқли тўпурари Ромелу Лукаку эса битта гол (29) билан жавоб қайтарди. Якуний ҳисоб - 1:2.
«А» серия дебютанти «Кротоне» майдонига ташриф буюрган амалдаги чемпионга Криштиану Роналдунинг майдонга тушмагани ўз таъсирини ўтказди. Португалиялик мергансиз ўйнаган «Ювентус» аввалига камтарин рақибининг тезкор (12) голини қабул қилишга мажбур бўлди. Кейин тез орада (21) мувозанатни тиклаганига қарамай, мезбонлар дарвозасига йўл тополмади. Сафарда бой берилган навбатдаги 2 очко Турин грандини 5-поғона билан кифояланишга мажбур этди. Тўғри, 60-дақиқада Кьеза ўйиндан четлатилгач, меҳмонлар озчилик билан ўйнашди. Бироқ мухлислар «Юве»нинг чемпионга хос ўйинига кўникиб қолишган.
Аввалги мавсумнинг кашфиёти унвонига асосий даъвогар бўлган «Сассуоло» ҳамда «Кальяри» бу турда сафардан қимматли 3 очко билан қайтдилар. Қизиғи, бу икки жамоа аввал ўз дарвозасидан тўп олиб чиқиб, ке-йин иродали зафарни расмийлаштирди. «Сассуоло» «Болонья»дан 4:3, «Кальяри» эса «Торино»дан 3:2 ҳисобида устун келишди.
«Удинезе» ўз майдонида «Парма» устидан 3:2 ҳисобида зафар қучди. Пойтахтда «Рома» «Беневенто»ни аямади - 5:2.
ИТАЛИЯ «А» СЕРИЯСИ. 4-ТУР
«ВЕРОНА» - «ЖЕНОА» - 0:0
«Женоа»: Перин, Чиборра, Масьелло, Бани (Гольданига, 69), Гильоне, Бадель (Беҳрами, 79), Ровелла (Эбонг, 79), Радованович, Сапата, Шомуродов (Скамакка, 63), Пандев (Парижини, 79).
Франция. Лига 1да таниш манзара
Франция чемпионатида навбатдаги турда кутилмаган натижалар қайд этилмади. Жадвалнинг юқори поғоналари ҳам одатий фаворитлар тасарруфида. Амалдаги чемпион сафарда «Ним»ни маҳв этишда қийинчиликка дуч келмади - 4:0. Жорий мавсум пешқадами бўлиб турган «Лилль» ўз майдонида «Ланс» дарвозасига 4та жавобсиз гол урди. Бу турга қадар 2-ўринни эгаллаб турган «Ренн» «Дижон» билан битим имзолаб, ўз ўрнини чемпионга бўшатиб берди. Аввалги мавсумни анча суст бошлаган «Марсель» ўз уйида «Бордо»дан, «Ницца» эса сафарда «Сент-Этьен»дан бир хил - 3:1 ҳисобида устун келишди.
Страсбурга йўл олган «Лион» Кадеверенинг тезкор (12) голи ва Токо-Экамбининг «дубли» эвазига 1-бўлимдаёқ 3та тўп фарқи билан олдинга чиқиб олганди. Мезбонлар бунга жавобан ҳар бўлимда биттадан гол уришди, аммо ҳисобни тенглаштиришни уддалай олишмади.
Ўз майдонида «Монпелье»ни қабул қилган «Монако» 19-дақиқада сон жиҳатидан устунликка эришган бўлсада, ундан самарали фойдалана олмади. Аксинча, 51-дақиқада ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. 70-дақиқада Бен-Йеддер пенальти эвазига мувозанатни тиклади. Аммо ғалаба келтирувчи голни уриш на мезбонлар ва на меҳмонларга насиб этди.
У.УМАРОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20