Дунёнинг энг мафтункор клуб турнири мақомидаги ЕЧЛ беллашувларини барчамиз катта қизиқиш билан томоша қиламиз, қайсидир хориж клубига ўз жамоамиздек мухлислик қиламиз. Лекин нуфузли мусобақа ғолибига бериладиган соврин ҳақида нималарни биламиз? Футбол оламига «Шалпангқулоқ« номи билан танилган кубок қачон ва ким томонидан яратилган? қуйидаги материал Европа клублари учун энг юксак чўққи ҳисобланган чемпионлар кубоги ва у билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни ўзига жо қилган.
1967 йилда УЕФА Кубок эгалари кубоги турнири учун янги соврин тайёрлашга қарор қилиб, бу масалада бернлик дизайнерлар Ганс ҳамда Юрг Штадельманнларга (ота-ўғил) мурожаат этди. Чунки ташкилот қароргоҳи айнан шу шаҳарда эди. Ота-бола дизайнерлар тасарруфидаги заргарлик дўкони рўпарасида устахона жойлашган бўлиб, улар дўкондаги тақинчоқлар камчилигини шу устахонада тузатишарди. Кубокка оид воқеаларни кичик Штадельманн қуйидагича баён этганди: «УЕФА мурожаатидан кейин отам билан қароргоҳга йўл олдик. Бизни жаноб Бангертер (УЕФАнинг ўша пайтдаги бош котиби) ҳузурига йўллашди. Бирпасда унинг хонасини қоралама лойиҳаларимиз эгаллади. Чизгиларни диққат билан кузатган амалдор ниҳоят, тилга кирди: «Менга мана шу нусхадаги соврин маъ-қул бўлди». У трубасимон кубокни танлаганди. Отам унга жавобан шундай деганди: «Сэр, бу соврин ўта содда кўринишга эга. Биз унда улуғворлик акс этишини истардик. Мана бу вариантга нима дейсиз?»
Ўшанда Ганс Штадельманн кўриниши ҳозирги кубокка яқин бўлган эскизни таклиф этганди. Фарқ катта эмас - фақат кубокнинг дастаси ҳозиргисидан сал кичикроқ эди. Юрг Штадельманн отасининг танловига шундай изоҳ берганди: «Отам турли миллатдаги ўртоқлари билан маслаҳатлашган ҳолда шу нусхани яратган. Болгарларга кубокнинг пастки қисми, испанларга ўртаси, итальянларга дасталари, немисларга юқори қисми маъ-қул бўлганди».
Шундан кейин ота-бола дизайнерлар янги кубокни тайёрлаб, сўнг уни ўймакор устага топширдилар. Наққош унга УЕФА рамзи ва турнир номини туширгач, соврин тайёр бўлди. Кубокнинг асл нусхаси ғолиб жамоага тақдирлаш маросимида берилади. Ке-йин уни УЕФА вакиллари қайтариб оладилар. Совриннинг баландлиги - 71 см., вазни - 7,5 кг. Энг нозик қисми ҳисобланган дасталарини тайёрлаш учун усталар 15 кун меҳнат қилишади.
Штадельманнлар томонидан тайёрланган асл нусха УЕФАнинг Ньондага қароргоҳида сақланади. Махсус хизматчи қўлларига қўлқоп кийган ҳолда ҳафтада бир марта уни ойнаванд қутичадан олиб артади, дезинфекция қилади ва занг ёки бошқа иллатлар бор-йўқлигини текширади. Финал учрашуви ниҳоясида ғолиб жамоага асл нусха топширилади, кейин у 10 ой давомида жамоа музейида туради. Шундан кейин УЕФАга қайтарилиб, ўрни кўчирма нусха билан тўлдирилади. Асл нусха эса навбатдаги ЕЧЛ финалини ташкил этадиган шаҳар маъмурларига топширилади.
1966 йилга қадар ғолиб жамоалар фақат кубокнинг кўчирма нусхалари билан кифояланишган. Бироқ «Реал» президенти Сантьяго Бернабеу бу ҳолни клубларга нисбатан ҳурматсизлик cифатида баҳолагач, мутасаддилар кубокни ЕЧЛда 5 марта ғолиб чиққан жамоага абадий сақлаш учун беришга қарор қилишди. 2009 йилдан бошлаб қаторасига 3 марта ЕЧЛ кубогини қўлга киритган жамоа ҳам шундай ҳуқуққа эга бўлиши қўшимча қилинди.
Қайси жамоалар кубокнинг асл нусхасига эга бўлишган?
«Реал» (жами 5, қаторасига 3 ғалаба учун)
«Аякс» (қаторасига 3 ғалаба учун)
«Бавария» (қаторасига 3 ғалаба учун)
«Милан» (5 ғалаба учун)
«Ливерпуль» (5 ғалаба учун)
Табиийки, финалга олиб келинган кубокда ғолиб жамоа номи ёзилмаган бўлади. Шу боис, учрашув ниҳоясига етиб, зафар қучган жамоа ғалабани нишонлаган лавҳалардан кейин телекамера объективи кубокка ғолиб номини битаётган махсус мутахассисга қаратилади. Хўш, бу юмушни ким бажаради? 2009 йилгача УЕФАда доимий ўймакор уста бўлмаган, ҳар сафар турли наққошлар хизматидан фойдаланиларди. Фақат ЕЧЛнинг «Барселона» ва «МЮ» ўртасида кечган Рим финалидан бери бу вазифани швейцариялик Марсель Рис адо этмоқда. Асли касби пўлат ва лазер ўймакорлиги бўлган, 2001 йилдан бери шу соҳада ишлаб келган мутахассис 2008 йилдан буён УЕФА билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Дастлабки 2 йилда у фақат ЕЧЛ кубокларига ишлов берарди. Кейинчалик Европа Лигаси, Европа Чемпионати ва Миллатлар Лигаси кубокларига ишлов беришни ҳам ўз зиммасига олди.
Унинг айтишича, кубокларга трафаретлар тайёрлаш учун уларни 2-3 ҳафта аввалроқ қабул қилади. Трафаретни фақат ўзи тайёрлайди, бошқа ҳеч кимга ишонмайди. Масъулиятни чуқур ҳис этгани туфайли, трафаретларни кўпроқ тайёрлайди. Чунки 2015 йилдаги Берлин финалига («Барселона» - «Ювентус» - 3:1) йўл олганида, асосий трафаретлар яроқсиз ҳолга келиб қолган, шунда захира трафаретлар эвазига мураккаб вазиятдан чиқиб кетганди.
«Одатда финалларнинг биринчи бўлимларини томоша қиламан. Ке-йин техник бинога йўл оламан. У ерда сукунат бўлиши шарт. Акс ҳолда, ишлай олмайман. Хонада ҳатто телевизор ҳам йўқ. Ўйин тугаши билан ҳузуримга ТВ оператори ва УЕФАнинг махсус вакили киришади. Натижани улардан билиб олгач, ишга киришаман», - дейди Рис.
УЕФА вакилининг айтишича, ўймакор учрашув бошланишидан икки соат аввал тайёргарликни бошлайди: трафаретлар ва анжомларини алоҳида стол устига териб, кубокни улар ёнига қўяди. Кейин хонани ўзидаги калит билан беркитиб, майдонга йўл олади. Жамоалар танаффусга йўл олишганда, Рис хонага қайтиб, асбоб-ускуналарни тайёрлашга киришади.
«10 йиллик фаолиятимда кўплаб футбол юлдузларини кўрдим. Бироқ УЕФА улар билан мулоқот қилмасликни тавсия этган. Чунки мен расмий шахсман, иш жойимдаман. Лекин финалларда машҳур кишилар билан танишдим. Масалан, хонанда Зара Ларссон ва шаҳзода Уильям билан», - дейди уста.
Кубок ўймакорлигининг мураккаб жиҳатлари
Вақт.ғолиб жамоа номини кубокка тушириш учун Рис ихтиёрида 10-15 дақиқа бор. Агар жамоа номи узунроқ бўлса, устага қўшимча дақиқалар керак бўлади.
Стресс.Рис ҳарфларни кубокка тушираётганда, камера бу жараённи суратга олиб туради - устанинг ишини 200 млн.дан кўпроқ мухлис тўғридан-тўғри эфирда кузатади. «Бундай вазиятда муҳими - ҳаяжонмаслик ва трафаретни тўғри ушлаш. Бу борада мухбирни кескин ҳаракат қилмаслик борасида олдиндан огоҳлантириб қўяман».
Сафар муаммолари.Аэропортларда хавфсизлик хизмати ходимлари Рисга юклари хусусида саволлар беришади: жомадонда асбоб-ускуналар ва кубок нусхалари... Уста буларни тушунтиришга, барча ҳужжатлар ва УЕФА аккредитациясини кўрсатишга мажбур бўлади.
Авваллари Рис бизнес-класс тоифасидаги самолётларда парвоз қиларди. Ҳозир тежамкор-классда учмоқда. Айтишича, дабдабадан маъно топа олмаган. У ўзи билан ҳеч бўлмаганда 3та улкан жомадонни олиб юради.
2015 йилда уста Швейцариядан Германияга машинада йўл олганди. Сафар чоғида трафаретлар яроқсиз бўлиб қолганидан кейин, Рис автомобиль саёҳатидан воз кечди.
Абдулаҳад ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20