Қайднома

Қидирув

Жейдон Санчога ўринбосар топилди

Жейдон Санчога ўринбосар топилди

  23.10.2020 07:27
  0
  188
Жейдон Санчога ўринбосар топилди

Жейдон Санчо «МЮ»га ўтиш-ўтмаслик бўйича бир тўхтамга келиб улгурмаган паллада Дортмундда 17 ёшли америкалик ярим ҳимоячи Жованни Рейна порламоқда. «Фрайбург»га қарши кечган баҳсда у касалликка йўлиққан англиялик футболчининг ўрнига майдонга тушди. Бошлан­ғич таркибда ўйинни бошлаган вундеркинд 3та самарали узатмани амалга оширди, шунингдек, тўпни олиб қўйиш ва муваффақиятли алдаб ўтишлар бўйича тенг­сиз бўлди. қуйидаги ҳикоя «Боруссия» мухлислари олқишлар билан кузатиб қўйган иқтидорли футболчи ҳақида.

ОИЛАСИДАГИ ФОЖИА  ВА «НЬЮ-ЙОРК СИТИ» АКАДЕМИЯСИГА КИРИШИ

Рейна футболчилар оиласида туғилган. Отаси Клаудио Рейна «Рейнжерс», «Сандерленд», «Манчестер Сити» ва бошқа клубларда ярим ҳимоячи позициясида тўп сурган. Онаси Даниэль Иган АқШ аёллар термасида ўйнаган. Жио 2002 йили Сандерлендда туғилган, ўшанда отаси «қора мушуклар» шарафини ҳимоя қиларди. Катта Рейна ўғлини «Рейнжерс»даги собиқ клубдоши Жованни ван Бронкхорст шарафига номлаган. 2007 йили оила АқШга кўчиб ўтди ва Клаудио у ерда «Нью Йорк Ред Буллз» билан шартнома имзолади.

Жио 10 ёшга тўлганда, оилада катта фожиа содир бўлди. Акаси Жек миядаги агрессив саратон хасталиги туфайли 13 ёшида вафот этди. Ака-укалар жуда иноқ эдилар, тез-тез Америка футболи, баскетбол ёки футбол ўйнаб туришарди. «Албатта, у Жованнининг бир қисми эди. Бу барчамиз биладиган, аммо ҳар доим ҳам гапиравермайдиган нарсалардан бири. Биргаликда бошдан кечирган мазкур воқеа бизни бирлаштирди», - деганди Клаудио Рейна The Athletic нашрига берган интервьюсида.

Акасининг ўлимидан 3 йил ўтгач, кичик Рейна «Нью-Йорк Сити» академиясида шуғулланишни бошлади, отаси у ерда спорт директори лавозимида ишларди. Ёшлар жамоасидаги дастлабки ўйиндаёқ у «хет-трик» қайд этди, бош мураббий Патрик Виейра эса Жиони Давид Трезегега ўхшатди, унинг келажаги порлоқ бўлишини башорат қилди. Кичик Рейна порлашда давом этди ва шу тариқа Европа клублари эътиборини ўзига қаратди.

Нега айнан Дортмундни танлади?

«қовоғарилар» скаутлари футболчининг нималарга қодирлигини илк бор 2017 йилнинг кузида Филадельфияда ўтказилган турнирда кўришди. Жованнининг ўзи эса АқШ термаси U-16 таркибида Флоридада ўтган турнирдаги иштироки туфайли Европа клублари қизиқишига сабаб бўлганини таъкидлайди. қаҳрамонимиз 17 ёшга тўлгунча «Боруссия» унинг ўсиш жараёнини диққат билан кузатди. Ўшандаёқ кичик Рейна «Аякс», «Бавария» ва АПЛнинг бир нечта жамоалари эътиборига тушганди.

Футболчи 17 ёшга тўлиши ҳамоно, унга Португалия фуқаролиги берилди, бунга бувисининг келиб чиқиши ушбу мамлакатга тааллуқли экани сабаб бўлди. Жио эса дортмундликлар таклифини қабул қилди, зеро унга Кристиан Пулишич, Усмон Дембеле ва Жейдон Санчо каби иқтидорларнинг ўсиш жараёнини намуна қилиб кўрсатишганди.

«Отам ва агентим билан гаплашган энг муҳим мавзумиз - ўйин амалиётига эга бўлиш имконияти эди. Дортмунд мен учун идеал жой экан, чунки у Кристиан Пулишич ва Усмон Дембеле сингари ёш футболчиларнинг кўнгилдагидек ўйнаб кетишлари учун вақт берарди. Дортмундда асосий эътибор менга қаратилмаслигини билардим. Аммо ўзимга ишончим юқори эди, агар астойдил ишласам, машғулотларда фаол қатнашсам, бош жамоага қўшилиб, унинг таркибида мунтазам ўйнашимга ишонардим. Ҳозир тўғри йўлдаман», - деди Жованни.

«Боруссия» бош мураббийи Люсьен Фавр америкалик шогирдининг биринчи жамоа машғулотларида қатнашишини пайсалга солмади. Бироқ Жованни фақат 2020 йилнинг бошидагина Бундеслигада дебютини нишонлади. Ўшанда у клубнинг асосий таркибига киритилганди. Рейна «Аугс­бург»га қарши кечган ўйинда (3:5) майдонга тушганда 17 ёшу 66 кунлик эди ва шу тариқа Германия чемпионатида тўп сурган энг ёш америкаликка айланди.

Орадан икки ҳафта ўтиб, Жованни Рейна «қовоғарилар» либосида дастлабки голини урди - ушбу воқеа «Вердер»га қарши кечган кубок баҳсида (2:3) содир бўлди. Шу тариқа Германия кубогидаги энг ёш гол муаллифи сифатида тарихга кирди.

Дортмундликлар ҳужумчиси Эрлинг Холанд клубдошининг ўйинидан катта таассурот олиб, Жио манзилига мақтовлар йўллади, уни «Америка орзуси» деб атади. «Рейна эндигина 17 ёшда, бундай паллада тўп билан шу қадар хотиржам ҳаракатланиш, шундай катта жамоада ўйнаш... Ундаги оғир-босиқликни кузатиш жуда қизиқ. Жио асло хавотирга тушмайди, у шунчаки ўйинга киришиб кетади. Ажойиб иқтидор. Яхшиямки, у бизнинг жамоада. Рейна жаҳон футболи элитасига кириши мумкин. «Америка орзуси», уни шундай атайман», - деди Холанд ESPNга берган интервьюсида.

Жорий мавсум Фавр 17 ёшли шогирдини асосий таркибга киритишда давом этди. Бундеслига 1-тури доирасидаги «Боруссия Менхенгладбах»га қарши ўйинда (3:0) Жованни бошланғич таркибда майдонга тушиб, Германия чемпионатидаги дебют голини урди. У ишлаган пенальтини Эрлинг Холанд муваффақиятли амалга оширди. Энг қизиғи, Рейнага самарали узатмани «қовоғарилар»нинг бошқа бир 17 ёшли футболчиси Жуд Беллингем берганди.

Яқинда ўтказилган «Фрайбург» билан ўтган учрашувда (4:0) Жио яна ўзини кўрсатди: 3та ассист қайд этди. Унинг самарали ҳаракатлари туфайли Холанд иккита, Эмре Жан битта гол муаллифига айланишди. WhoScored маълумотига кўра, Жованни тўпни олиб қўйиш (4) ва муваффақиятли алдаб ўтиш (4) кўрсаткичи бўйича энг яхши деб топилиб, ўйин якунида энг баланд баҳо - 9,8 баллга муносиб кўрилди.

Рейна АҚШ термасида ўйнашни хоҳламоқда

Кичик Рейнада миллий жамоа танлови бўйича турли вариантлар бор эди: Аргентина (отасининг оиласи туфайли), Англия (шу ерда туғилган), Португалия (мазкур мамлакат фуқаролигига эга) ва АқШ. Жорий йилнинг март ойида Жованни якуний қарорни қабул қилди, фақат АқШ термасида тўп суриш нияти борлигини ошкор этди.

«Мен учун ҳаммаси аниқ. Америка қўшма Штатлари миллий жамоаси таркибида ўйнашни хоҳлайман. Бу менинг уйим», - деди 17 ёшли футболчи.

Жио авваллари АқШ ўсмирлар термасига чақирилган, энди эса бош жамоадан чақирув кутмоқда. Нияти - Кристиан Пулишич етакчилигидаги терма билан қатардаги ЖЧ-2022да иқтидорини намойиш этиш.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz