Қайднома

Қидирув

Нўъмон Ҳасанов: «Навбаҳор»да ўйин томонлама катта ўзгаришлар бўлади»

Нўъмон Ҳасанов: «Навбаҳор»да ўйин томонлама катта ўзгаришлар бўлади»

  23.10.2020 09:29
  0
  325
Нўъмон Ҳасанов: «Навбаҳор»да ўйин томонлама катта ўзгаришлар бўлади»

Coca Cola Суперлига 19-тури доирасидаги «Навбаҳор» - «Металлург» учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Нўъмон Ҳасанов қатнашиб, турли мавзуларда фикрларини билдирди.

«Металлург» билан ўйин ҳақида

- Футболчиларимиз ҳужумкор ўйин кўрсатишди, ўзларини аямасдан ўйнашди. Кўплаб вазиятлар яратган бўлсакда, улардан фойдалана олмадик. «Металлург»да айтарли вазият бўлмади, жарима зарбасидан кейин қайтган тўпни дарвозамизга йўллашди. Дастлабки 20 дақиқадан кейин 2:0 ёки 3:0 ҳисобида ғалаба қозонсак керак, деб ўйлагандим. Футбол шунақа экан. Вазиятларни голга айлантириш бўйича ишлашимиз керак. Лекин ўйин тарафлама футболчиларимиз яхши ҳаракат қилишди.

«Навбаҳор»даги селекция ишлари ҳақида

- «Қўқон-1912»да, «Пахтакор»да ишлаганман. Ҳамма жойда селекция бўлади, бусиз иложи ҳам йўқ. Наманганда аввалдан иқтидорли футболчилар кўп бўлган. Мана, ҳозир ўринбосарлар таркибида ҳам шунча ёшлар бор, улар эртага «асосий»да бемалол ўйнаб кета олишади. Ҳозир селекция қилиб бўлмайди-ку, футболчи топган билан уни рўйхатдан ўтказишнинг иложи йўқ. Албатта, ноябрь, декабрь ойларида турнир ўтказмоқчимиз, чекка қишлоқларда ҳам шундай мусобақалар ташкил этиб, ўйинларни ўзим кузатмоқчиман. Шу тариқа футболчиларни танлаб оламиз. Келганимга кўп бўлмади, шу боис ҳозир «Навбаҳор»да селекционер мураббий бор-йўқлигидан бехабарман.

«Навбаҳор»даги муҳит ҳақида

- Эндигина келганимда, жамоадаги ҳолатни кўриб, бошим айланиб қолди. Бунақасини аввал кўрмагандим. Аҳил оила йўқ эди. Футболчилар овқатланадиган жойгача кириб, у ердаги жараённи кузатдим, ҳолат ижобий эмаслигини кўрдим. Бу нотўғри. Ҳамма бирдам бўлса, бир-бирига ёрдам берса, шундагина яхши жамоа бўлади. Ошпаз билан ҳам гаплашдим, нималар бўлганини ҳаммасини айтиб бермайман. Ўйлашимча, буёғига барчаси тўғри йўлга қўйилмоқда. «Навбаҳор»га эндигина келганимда, кўп интервьюларда бу ҳақда гапирдим. Жамоадагиларнинг бир-бирига муомаласи, мураббийларнинг ўзаро муносабати... буларни кўриб, уларга қойил қолмадим.

Футболчиларни ўйинларга тайёрлаш ва шогирдлари билан муносабатлари ҳақида

- Мен бир йўналишга амал қиламан. Кўрдинглар, «Андижон» билан ўйнадик, рақиб жамоанинг хатолари ва яхши томонларини йигитларга кўрсатдим. «Металлург»нинг ўйинини кўриб чиқдик, ҳимоядан ҳужумга ўтишларини ўргандик, бунга қарши қандай йўл тутиш кераклиги бўйича кўрсатмалар бердик. Авваллари жамоага шу нарса етишмаган. Мабодо, футболчи машғулотга 5 дақиқага кеч қолса, уни машғулотга қўймайман. Футболчилар билан кўп гаплашаман, улар ҳеч қачон менга ёмон муносабатда бўлишмайди. Буни бугунги ўйинда ҳам кўриш мумкин эди. Биринчи 20 дақиқада жуда чиройли футбол кўрсатишди, мазза қилиб кузатдим. Шунчаки, гол уролмаяпмиз. «Металлург» тўп киритилган вазиятдан бошқасида дурустроқ имкониятга эга бўлолмади, шунинг учун ҳозир футболчиларимизни ёмонлашга асос йўқ, улар яхши ўйнашди.

Азиз Турғунбоев ҳақида

- Турғунбоев ва Голбан яқинда терма жамоада ўйнаб қайтишди. Шунга қарамай, ҳозир бу футболчиларни захирада ўтқазиб қўёлмайман. Азизни алмаштирмоқчи бўлиб турганимда, Азим Аҳмедов ўрнига футболчи туширишимни сўради, шунинг учун режалар ўзгарди. Турғунбоев яхши ўйинчи, шунчаки, ҳимояга қайтишга улгурмаяпти. Унинг позицияси бў-йича ҳам ишлаймиз, Азизни ҳужумчи ортида ўйнатиб кўришни режалаштир­япман. Бугунги ўйинда таваккал қилгим келмади.

Стандарт вазиятлар ижроси ҳақида

- Жарима зарбаларини ижро этиш бўйича машғулотларда комбинацион ҳаракатларни йўлга қўйгандик. Бугунги ўйинда ҳам ўша услубни амалга ошириш кераклигини айтдим. Лекин йигитлардан кимдир буни тушунмади, машғулотлардаги ҳаракатлар эсида қолмаган, шекилли. Шунинг учун ўша жарима зарбасини Эҳсони тўғридан-тўғри дарвоза томон йўллаб қўя қолди. Канчельскис борлигида мен стандарт вазиятлар бўйича ишлардим. Аввалги ўйинларда бурчак зарбалари тепиш чоғида олдиндан ўйланган услубларни ишга солдик, ҳаракатлар ўхшади, Голбан қулай вазиятга чиқди, лекин имкониятдан фойдалана олмадик. Ҳар доим стандартлар пайти 5-6 хил вариантимиз бўлади, аммо уларни футболчиларга айтсам, фақат 2-3таси эсида қолган бўлади. Келганимга кўп бўлмади, вазиятни ўзгартириш учун вақт керак. Мунтазамликни таъминласак, яхши бўлади.

Майдонга тушмаган футболчилар ҳақида

- Болов машғулотларда жароҳат олди, шунинг учун бугун қайдномага ҳам киритилмади. Жавлон Иброҳимовнинг оиласида рўй берган воқеадан хабардор бўлсангизлар керак, у кўплаб машғулотларни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Унинг ҳолатидан келиб чиқсак, бунақа вақтда футбол ўйнамай тургани маъқул. Жавлоннинг нималарга қодирлигини биламан, айни пайт астойдил ҳаракат қиляпти. Машғулотларда ишлашни тўхтатмаса, тез орада ўзига келиб олади, унга имкон берамиз. «Металлург» билан ўйиндан олдин ундан сўраганимда, тайёрлигини айт­ди, лекин мен футболчининг аҳволини яхши биламан. Шунга яраша иш тутдим. Азиз Турғунбоевнинг ўрнига Шоҳруҳ Маҳмудҳожиевни майдонга туширмоқчи эдим, лекин юқорида айтганимдек, Аҳмедов боши оғриётганини айтиб, алмаштиришимни сўради. Режалар ўзгарди.

Ўйиннинг энг яхши футболчилари ҳақида

- «Металлург» сафида жарима зарбасини йўллаган Евгений Чумакнинг ўйини ёқди. «Навбаҳор»дан эса... (бироз ўйланиб) Азим Аҳмедов. Позицияси алмашганига қарамай, жуда яхши тўп сурди. Агар жароҳат олмаганида, яхши бўларди.

«Навбаҳор» таркиби ҳақида

- «Навбаҳор» ҳозир таркибга йиғилган футболчилар билан камида 2-3-ўринларда юриши керак эди. Мана, бир-икки ҳафта астойдил ишладик, самарасини бугунги ўйинда кўрдинглар, ижобий ўзгаришлар бор. Агар 2-3 ой аввалроқ шу иш бошланганда, бу жамоанинг янада кучлироқ футбол намойиш эта олишига ишончим комил эди. Ўзимга яраша услубим бор. Масалан, айрим мураббийлар футболчи тўпни қабул қилганда рақибни алдамасликни сўрайди. Менинг бу борадаги фикрим ўзгача. Тўғри, ўз ярим майдонимизда алдаш нотўғри, лекин олдинги чизиқларда бунга тўсқинлик қилмайман. Кўплаб футболчиларни алдаб, жарима майдончасига кирсин, шундай сифати бўлса, ёмонми? «Навбаҳор»да маҳоратли ўйинчилар жамланган, бу жамоа Чемпионлар Лигасида ҳам бемалол ўйнай олади. Кубок беллашувлари бошлангунча ҳали вақтимиз ҳам, ўйинларимиз ҳам бор. Ҳар бир баҳсда футболчилар кучайиб боришади ва Ўзбекистон кубогида муносиб қатнашиб, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашамиз. Кўрасизлар, ўйин тарафлама «Навбаҳор»­да ҳали катта ўзгаришлар бўлади.

Х.ЮСУПОВ ёзиб олди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz