Қайднома

Қидирув

“А” серия : Яна маошлар ҳақида гаплашамиз...

“А” серия : Яна маошлар ҳақида гаплашамиз...

  23.10.2020 11:00
  0
  153
 “А” серия :  Яна маошлар ҳақида гаплашамиз...

Олдин хабар берилганидек, La Gazzetta dello Sport ўз анъанасига кўра, Италия футболининг маош рейтингини эълон қилди. Асосий маълумот: «А» сериянинг 20та клуби футболчилар маоши учун жами 1,288 миллиард евро сарфлайди. Бу сумма аввалги мавсум кўрсаткичига нисбатан 72 миллион евро камдир. Эътиборга олиш керак, газета таҳлилчилари клубларнинг маош бюджети солиқ тўловларидан олдинги суммани келтиришган, алоҳида футболининг эса йиллик соф моянаси кўрсатилган. Бюджетга ҳозирда клубда ўйнамаётган футболчилар иш ҳақи ҳам қўшилган. Мисол учун, Сами Хедира («Ювентус»)ники.

***«Ювентус» йиллик маош харажатини деярли 20 фоизга пасайтирди - 294 миллион евродан 236 «лимон»га. Бу сумма унча аниқ эмас. Дейлик, Сами Хедира оладиган 6 миллион евро ҳам қўшилган. Муҳими, Миралем Пьянич, Гонсало Игуаин ва Блез Матюидининг кетишгани маош тўловини соф 17,5 миллион еврога енгиллатди. қолаверса, «Юве» ўтган қишда Марио Манжукич ва Эмре Жан билан хайрлашиб, 11 миллион евро миқдоридаги харажатдан қутулганди. «Кекса синьора»нинг 5 нафар янги футболчиси (Федерико Кьеза, Артур, Альваро Мората, Деян Кулушевски ва Уэстон Маккенни) жами 20 «лимон» олишади. Айтганча, Кулушевскининг йиллик иш ҳақи 2,5 миллион еврога тенг. Таққослаш учун келтирсак, швециялик иқтидорнинг маоши бирданига 10 баравар ошди - у «Парма»да 250 минг евро эвазига ўйнарди.

***Криштиану Роналду («Ювентус»)нинг маоши ҳамон айрим жамоаларнинг барча футболчилари улушларидан ҳам кўп. Португалиялик юлдузнинг ҳужжатларда кўрсатилган йиллик иш ҳақи 31 миллион еврога тенг. Бу «Удинезе»нинг умумий харажати билан тенг. «Верона», «Кротоне» ва «Специя»да эса умумий маош харажати биргина Роналду улушидан ҳам кам.

***Маош тўлаш бобида энг катта ўсиш «Интер»­да қайд этилди: }10 миллион евро. «Нерадзурралар»нинг 6 нафар янги футболчиси клубда энг кўп ҳақ оладиганлар рўйхатининг кучли 10талигига кирди: Кристиан Эриксен (7,5 миллион евро), Алексис Санчес (7 миллион евро, аввалги мавсум 5 «лимон» олганди), Артуро Видаль (6,5 миллион евро), Ашраф Ҳакими (5 миллион евро), Иван Перишич (5 миллион евро), Ража Наингголан (4,5 миллион евро). Александар Коларовнинг маоши эса 3 миллион еврога тенг ва бу Николо Барелла ҳамда Лаутаро Мартинес (2,5 миллион евродан)никидан кўп. Жамоанинг 4-рақамли ҳужумчиси Андреа Пинамонти асосий таркиб ҳимоячиси Алес­сандро Бастони ва доимий равишда майдонга тушаётган Роберто Гальярдинидан кўпроқ маошга эга: 2 миллион евро 1,5 «лимон»га қарши.

***«А» сериянинг энг кўп маош олувчи 10 нафар футболчисидан ярми «Ювентус» вакили. қолаверса, йиллик гонорари миқдори 6 миллион евродан кўп 13 нафар футболчидан 7 нафари «кекса синьора»га тегишли:

Криштиану Роналду («Ювентус») - 31 миллион евро

Маттейс де Лигт («Ювентус») - 8 миллион евро

Ромелу Лукаку («Интер») - 7,5 миллион евро

Кристиан Эриксен («Интер») - 7,5 миллион евро

Эдин Жеко («Рома») - 7,5 миллион евро

Пауло Дибала («Ювентус») - 7,3 миллион евро

Златан Ибрагимович («Милан») - 7 миллион евро

Алексис Санчес («Интер») - 7 миллион евро

Адриен Рабьо («Ювентус») - 7 миллион евро

Аарон Рэмзи («Ювентус») - 7 миллион евро

Леонардо Бонуччи («Ювентус») - 6,5  миллион евро

Войцех Шесни («Ювентус») - 6,5 миллион евро

Артуро Видаль («Интер») - 6,5 миллион евро.

***«Наполи» маош тўлови бўйича «Милан»дан ўзиб кетди. Энди Неа­поль клуби бу борада Италия чем­пионатининг 4-позицияни эгаллаб турибди. «Наполи»нинг янги футболчилари орасида энг катта маош Виктор Осимхенга тегишли -  4,5 миллион евро. «Милан» эса янгилар орасида энг кўп маошни Сандро Тоналига беради - 2 миллион евро. Умуман «россонерлар» Златан Ибрагимович ва Анте Ребич маошини кўпайтириб, тўлов миқдорини 25 миллионга оширдилар. Жамоадан кетганлар: Лукас Биглия (3,5 миллион евро), Сусо (3 миллион евро), Пепе Рейна (3 миллион евро), Фабио Борини (2,5 миллион евро), Рикардо Родригес (2,1 миллион евро), Жакомо Бонавентура (2 миллион евро).

***«Рома» рейтингда 3-ўринни сақлаб қолди: Эдин Жеконинг маошига 2,5 миллион евро қўшилди (7,5 миллион евро), клуб шунингдек, Крис Смоллинг (3,8 миллион евро) ва Генрих Мхитарян (3,5 миллион евро)ни сотиб олди, яна Педро билан йилига 3 миллион евролик маошни ўз ичига олган шартнома расмийлаштирди. Жамоанинг маош рўйхати 2-қаторида Хавьер Пасторе турибди - у йилига 4,5 «лимон» олади, гарчи аввалги мавсум асосий таркибда атиги 5 марта майдонга тушган ва 514 дақиқа ўйнаган бўлсада.

***«Аталанта»га қойил қолиш керак - Бермаго клуби «А» серияда маош бериш бўйича атиги 11-ўринда (жами 42,6 миллион евро). Алексей Миранчук 1,5 «лимон» иш ҳақига эга ва бу жамоадаги 5-йирик маошдир. «Аталанта»да Папу Гомес (2 миллион евро), Йосип Иличич, Луис Муриэль ва Дуван Сапата (1,8 миллион евродан) нисбатан яхшироқ  иш ҳақига эгалар. Мисол учун, бошқа клубларда муҳим роль ўйнамаётган Жанлуи­жи Буффон, Андреа Раноккья, Фабиан Руис, Давиде Сантон, Саму Кастильехо, Тео Эрнандес ва Жованни Симеоненинг маоши ҳам деярли шунча.

***Ўзбекистонлик Элдор Шомуродовнинг йиллик маоши 1,3 миллион еврога тенг. «Женоа»да фақат Милан Бадель  ва «заявка»га тушмаган Лассе Шёне (1,4 миллион евро) бундан кўпроқ олишади. «Ростов»нинг собиқ ҳужумчиси дейлик, «Рома» дарвозабони Антонио Миранте, «Наполи» вакили Никола Максимович, «Милан» футболчилари Симон Кьер ва Раде Крунич, «Лацио» аъзолари Марко Пароло, Томаш Стракоша ҳамда Сенад Лулич, Италия термаси ва «Сассуоло» клуби ҳужумчиси Франческо Капуто, «Сампдория»нинг энг яхши тўпурари Фабио Квальярелла, «Удинезе» етакчиси Родриго де Пауль каби ўйинчилардан кўпроқ пул олади.

***Италия чемпионатининг аввалги мавсуми бош тўпурари Чиро Иммобиленинг иш ҳақи 2,5дан 4 миллион еврога ошди. Умуман, «Лацио»нинг 3 нафар янги вакили клубнинг энг катта маошга эга футболчилари рўйхатида кучли 10таликка кирди: Андреас Перейра (2,5 миллион евро), Ведат Мурики (2,2 миллион евро), Пепе Рейна (2 миллион евро).

***Диего Годин - «Кальяри»нинг энг кўп ҳақ оладиган футболчиси. Унинг йиллик улуши 3 миллион еврога тенг.

***«Сассуоло»да йилига миллион евродан кўп оладиган ягона футболчи - бу Доменико Берарди  (1,8 «лимон»). Италия терма жамоаси аъзолари Франческо Капуто ва Мануэль Локателлининг улушлари тегишлича 800 ҳамда 700 минг евро, холос.

***«А» серия дебютанти «Беневенто» футболчилар маошига «Удинезе» (31 миллион евро) ва «Верона» (24 миллион евро)га нисбатан кўпроқ сарфлайди - 32 миллион евро. Жамоанинг марказий ярим ҳимоячиси Камил Глик 2,5 миллион евро олади. Бу Родриго Бентанкур, Николо Барелла, Лаутаро Мартинес ва Ҳоқон Чалханоглунинг гонорари билан тенг. Яго Фальке (1,7 миллион евро) ва Жанлука Лападула (1,6 миллион евро) эса «Аталанта» етакчилари даражасида маош олишади.

***«Интер»да йилига миллион евродан камига кўнадиган биргина футболчи бор - бу дарвозабон Даниэле Паделли (500 минг евро).

***«Кротоне»да бирор футболчининг маоши миллион евро маррасига етмаган ва у бу борада «А» сериянинг ягона иштирокчисидир.

Давоми бор. Мазкур таҳлили мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ" газетасида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz