Қайднома

Қидирув

Эктор МОРЕНО: «СЎНГГИ СЎЗИМНИ ҚАТАРДА АЙТАМАН»

Эктор МОРЕНО: «СЎНГГИ СЎЗИМНИ ҚАТАРДА АЙТАМАН»

  24.10.2020 12:00
  0
  396
Эктор МОРЕНО: «СЎНГГИ СЎЗИМНИ ҚАТАРДА АЙТАМАН»

Айни пайт Қатар чемпионатида маҳаллий «Ал-Гарафа» клуби шарафини ҳимоя қилаётган мексикалик Эктор Морено миллий жамоа либосида 100 мартадан кўп майдонга тушган таниқли ҳимоялардан биридир. У ёрқин фаолиятини 2005 йили U-17 тоифасидаги жаҳон чемпионида олтин медаль ютган Мексика ўсмирлар термасида бошлаганди. Эктор охирги 10 йил давомида «ацтеклар» бош жамоасида мунтазам тўп суриб, ЖЧда 3 марта ва КОНКАКАФ кубогида 2та  иштирок этди. Футболчининг совринлари орасидан КОНКАКАФ чемпиони унвони (2та) бор. Қисқаси, фаолиятини якунлаш арафасида турган фахрий ҳимоячи ушбу рекорд натижаси билан фахрланса, арзийди. Бироқ Морено халқаро фаолиятини ҳали якунламоқчи эмас. У ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ўзига қадрли бўлиб қолган Қатар заминидаги мундиалда Мексика термасида муҳим роль ижро этишни кўзлаётганини яширгани йўқ.

 

- Эктор, Европада узоқ давом этган самарали фаолиятдан кейин Қатар сафарига бел боғлашингизга нима туртки берди - пулми ёки...?

- Нафақат футболчилик фаолиятим, балки ҳаётим учун ҳам муҳим саналган бу қадамни бир қатор омилларга асосан ташладим. Асосий сабаб - «Ал-Гарафа»нинг муносиб чорлови. Клуб ўз олдига совринлар учун курашиш баробарида ёш авлодни муносиб тарбиялаш вазифасини қўйган. Ҳозир қатарликларга халқаро ва Европа майдонларида тўплаган тажрибам билан имкон доирасида ёрдам беряпман. Қолаверса, жамоада тажрибали ҳимоячига эҳтиёж сезишганди.

- Осиёга йўл олишингиздан аввал Қатар ва маҳаллий Юлдузлар Лигасига умумий муносабатингиз қандай эди?

- Таклиф олгач, Қатарда ўйнаган бир қатор танишларим билан боғландим, уларнинг фикр-мулоҳазаларига қизиқдим. Аксарият дўстларим мамлакат чемпионатидаги рақобат, лиганинг савияси ва тараққиёти хусусида ижобий фикр билдиришди. Қолаверса, 2019 йили Қатар миллий жамоаси Осиё чемпионатида ғолиб чиққанди. Умуман, Европада афсона даражасига кўтарилган бир қатор машҳур футболчилар ҳам Қатардан олам-олам таассуротлар билан қайтишганини айтишди. Шу тариқа таклифнинг ўзим ва оиламга тегишли жиҳатларини ҳам кўриб чиққач, розилик билдирдим.

- Қатардаги дастлабки таассуротларингиз қандай бўлди? Мамлакатнинг бўлажак мундиалга қаратилган тайёргарлик ишларига баҳо Бера оласизми?

- Митти мамлакатда иш ҳамон қизғин. Барча шаҳарлар 2 йилдан кейин ўтказиладиган турнирни муносиб ташкиллаштириш юмушлари билан банд. Ҳозирнинг ўзида ҳаммаси шайдек туюлади. Мундиал чоғи бу ерга ташриф буюрадиган мухлислар ҳайратланарли таассуротлар билан қайтишларига аминман. Ҳаттоки, бир кунда 2та учрашувни бевосита стадионда томоша қилиш имконияти бўлади. Бу жуда ажойиб.

- ЖЧ учун барпо этилган стадионларнинг айримларида майдонга тушдингиз. Хўш, улар ёқдими, умуман, бўлажак мундиални қандай тасаввур қиляпсиз?

- Ҳа, янги ареналарда ўйнаш бахтига мушарраф бўлдим. Яна 3та стадион тайёр - тез орада очилиш маросими ўтказилади. Стадионларнинг ташқи кўриниши кўзни қамаштирадиган даражада чиройли - худди одамларни ўз бағрига чорлаётгандек. Ички қулайликларни таърифлашга эса тил ожиз. Назаримда, майдон муҳити бизга ўзгача қулайлик яратиб, бор куч билан ўйнаш имконини бераётгандек. Ўйин учун энг мақбул ҳарорат таъминлаётганини ҳам бемалол таъкидлашим мумкин. Биз мавсумни ёзда якунладик, янгисини 3 ой аввал бошладик. Муҳими, совутиш тизими аъло даражада. ЖЧ бўлиб ўтадиган ноябрь-декабрь ойларида барча мухлислар ажойиб об-ҳаводан баҳра оладилар. Уларни ҳеч иккиланмай, Қатар сафарига тадорик кўришга даъват этаман.

- Терма жамоадаги дўстларингиз ва Мексика футболи расмийлари сизга Қатар хусусида мурожаат қилишяптими?

- Албатта. Улар мамлакатдаги кундалик ҳаёт ва бошқа кўплаб масалалар юзасидан саволлар беришади. Буларга жавобан «Инстаграм» орқали бир нечта фотосурат жўнатдим, қолаверса, ўтган ҳафта жамоа йиғинига борганимда, ҳаммаси ҳақида бафуржа суҳбатлашдик. Қолаверса, аввалроқ бу ерга Мексика футбол федерацияси вакиллари келиб, объектлар билан танишдилар ва ажойиб таассуротлар олдилар.

- Энди Қатарда истиқомат қилиб, мамлакат майдонларида ўйнаганча фаолиятингиздаги 4-мундиалда иштирок этишни мўлжаллаяпсиз, шундайми?

- Ҳа, албатта. Айни пайт бутун эътиборим футболга қаратилган. Мақсадим - терма жамоа таркибидан жой олиш. Бизда ёш футболчилардан ажойиб таркиб шаклланганини биламан, лекин ўз имкониятимга ҳам ишонаман, ҳали жамоага манфаат келтира оламан. Олдимизда турган 2 йил давомида ишончли тўп суриб, таркибдаги ўрнимни сақлаб қолиш учун бор кучимни сарфлайман. Ҳозир асосий эътиборни саралаш босқичи ўйинлари ва йўлланма ютишга қаратганман.

- ЖЧ-2022 саралаш босқичи КОНКАКАФ ҳудудида бошқача формат асосида олиб борилади. Бунга муносабатингиз қандай?

- Мексика термаси ҳамиша Шимолий ва Марказий Америка конфедерациясининг энг кучли жамоаси бўлиб келган. Аммо ҳар саралаш босқичи ва бошқа турнирларда рақибларимиз ҳам ривожланиш жараёнида эканликларини кўриб турибмиз. Навбатдаги саралаш беллашувлари ҳеч қайси жамоага осон кечмаслиги тайин. Лекин буни ижобий жиҳат сифатида қабул қиламиз. Чунки рақобат янада кучлироқ ғайрат-шижоат билан ишлашни тақозо этади. Авваллари асосий кураш Мексика ва АқШ термалари ўртасида кечарди. Бироқ охирги ЖЧ саралашида азалий рақибимиз саралаш чиғириғидан ўтолмади. Бу бошқа терма жамоаларнинг шиддатли тараққиётидан далолат беради. Масалан, Коста-Рика ва Гондурас, шунингдек, охирги босқичгача етиб келган Панама термаларини алоҳида таъкидлашим мумкин. Россия мундиали мавзусига қайтсак, биз амалдаги жаҳон чемпиони - Германия термасини ишончли тарзда таслим этдик. Ундан аввалги 3та жаҳон чемпионатида бу жамоадан енгилган эдик.

- Ана шу тарихий ғалаба хусусида батафсил тўхталсангиз, майдондаги муҳит ва зафарни нишонлаш лаҳзалари...

- Тушунарлики, ғалаба барча футболчиларимизга такрорланмас қувонч бағишлади, терма жамоамиз ўз тарихидаги энг чиройли ўйинни кўрсатди. Албатта, юксак унвонни ҳимоя қилиш учун келган рақибга қарши курашиш осон эмаслигини яхши билардик. Лекин ўша оқшом ўзгача ғайрат ва чаққонлик билан тўп сурдик. Айниқса, гол урганимиздан кейин иштиёқимиз янада кучлироқ жўш урди. Мексикалик мухлислар ҳам жўшқин қўшиқлари ва ҳайқириқлари билан стадионда эканликларини эслатиб туришди. Бу албатта, қўшимча куч- қувват, илҳом бағишлади. Асосийси, ғалабага маҳлиё бўлиб қолмадик, ўша оқшом Жанубий Корея термасига қарши кечадиган навбатдаги учрашув ва кейинги босқичга чиқиш масаласини муҳокама қилганимиз ҳамон ёдимда.

- Жамоангиз гуруҳдан 2-ўрин билан (тўплар нисбатига кўра, Швеция термасидан кейин) «плей-офф» босқичига йўл олди ва Бразилия термаси билан куч синашди. Бироқ ўйинни бой бериб, яна нимчорак финалда мусобақа билан хайрлашди. Бир қарашда шу босқич Мексика термаси учун омадсиз нуқтага айланиб қолгандек...

- Бу чиндан ҳам афсусланарли ҳолат. Нима учун шундай? Билмадим. 2014 йили Нидерландия термасига имкониятни бой берганимизни ҳали унутганим йўқ. Сўнгги дақиқагача рақиб билан тенгма-тенг ўйнагандик, аммо пенальтилар туфайли мағлубиятни тан олдик. Ана шу аламли мағлубият ҳам биз учун ибратли сабоқ вазифасини ўтайди ва Қатарда яхшироқ ўйнашга даъват этади. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиш ва йўлланмага эга чиқиш учун пухта ҳозирлик кўриш борасида изланишда бардавоммиз. Ихтиёримизда улкан тажриба соҳиблари ва ноёб иқтидорлар етарли. Қисқаси, Қатар-2022 турнири Мексика футболи учун тарихий мақом касб этишини истаймиз.

- Шу кунга қадар Мексика терма жамоаларининг бир қатор мусобақаларда соврин ютишига муносиб улуш қўшдингиз. Жумладан, U-17 тоифасидаги ўсмирлар термаси билан жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритдингиз. Шунингдек, миллий жамоа сафида 2 марта (2011 ва 2019 йиллар) ШимолийҒМарказий Америка чемпионати олтин медалига эришдингиз. Ватан шарафини улуғлаш ҳисси қандай бўлади?

- Очиғини айтганда, бу дунёдаги энг буюк туйғу. Биламизки, бутун Мексика футбол билан нафас олади. Энди унга соврин совға қилган футболчини тасаввур қилинг: ундан бахтлироқ инсон топилмаса керак! Бу жуда ажойиб. 2005 йили Бразилия термасига қарши кечган учрашув худди кечагидек эсимда. Ахир бразилияликларни йирик 3:0 ҳисобида енгиб, жаҳон шоҳсупасига кўтарилган эдик. Умуман, ўша оқшом майдонда юз берган барча воқеалар қалбимда ўчмас из қолдирган. Боз устига, фаолиятимнинг илк босқичи эди. Хуллас, айнан ўша турнир бутун ҳаётимни ижобий томонга буриб юборди. КОНКАКАФ «Олтин кубоги»га келсак, Мексика термаси бу мусобақанинг доимий ва одатий фаворитларидан биридир. Мамлакатим бош жамоаси таркибида нуфузли совринни 2 марта бош узра баланд кўтарганим билан чексиз фахрланаман. 2015 йили жароҳат туфайли мусобақада иштирок этолмагандим. Энди барча умидим навбатдаги турнирдан, албатта.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz