Қайднома

Қидирув

Яна "Фиорентина"дан "ўмариш"...

Яна "Фиорентина"дан "ўмариш"...

  24.10.2020 13:13
  0
  212
Яна

Туриннинг «Ювентус» клуби ўз одатига амал қилган ҳолда, «Фиорентина»нинг яна бир етакчисини ўз томонига оғдирди. «Агар уй сотиб олишга қурбинг етмаса, ижара келишуви бўйича ол». «Кекса синьора» трансферлар бозорида анчадан буён айни шу ёзилмаган қоидага таянмоқда. Турин суперклуби директори Фабио Паратичи нафақат ўзига хос табиатга эга, балки яна муайян қоидаларга оғишмай риоя қиладиган инсон. У трансферлар мавсуми бошланиши арафасида юқоридаги иборани алоҳида зикр этганди, мана, жамоа якунда «Фиорентина»нинг сўнгги йиллардаги энг яхши футболчиларидан бирини ўз сафига қўшиб олди. Ҳозирча ижара шартномаси бўйича. Тўғри, бу келишув борасидаги гап-сўзлар ижобий эмас, лекин уни рисоладаги трансфер сифатида баҳолаш учун асослар етарли.

«Юве» учун шоҳона келишув

Хуллас, охирги мавсумларда «Фио­рентина» етакчиларидан бири ролида гавдаланган Федерико Кьеза 2 йил давомида Турин гранди сафида ижара муддатини ўтайди. «Юве» бунинг учун Флоренция жамоасига 10 млн. евро тўлайди. Келишувнинг асосий жиҳати шуки, «кекса синьора» ижара муддати якунлангач, Кьеза трансферини 40 млн. еврога тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, турли бонуслар миқдори 10 млн. еврога етиши мумкин. қолаверса, трансфер суммаси бирданига эмас, нақ 3 йил ичида тўланади, 2 йиллик ижара баҳоси ҳам шу шаклда берилади. Оддий айтганда, «Фиорентина» ҳозирча атиги 3 млн. евро олди, холос. Умуман, келишувда кўрсатилган маблағни бериш спорт натижалари бўйича шартлар тўлиқ бажарилганидан ке­йингина мажбурий тўлов мақомини олади. Энг муҳими, «Ювентус» қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, футболчини харид қилиш ҳуқуқини йўқотмайди. Федерикодан талаб этиладиган натижалар ҳам ўта юқори эмас: 2 мавсум давомида 10та гол ва шунча самарали узатма расмийлаштирса, бас. Трансфернинг молиявий жиҳатлари камдан-кам ҳолларда клубнинг расмий сайти орқали эълон қилинади. Туринликлар эса бу масалага юксак масъулият билан қарашади - нафақат молиявий, балки имидж нуқтаи-назаридан ҳам. Бунинг асосий сабаби - трансфердан кейин юз бериши эҳтимоли бор зиддиятлар. Оддий айтганда, туринликлар бундай ҳолатларга сира йўл қўймайдилар.

- Федерико майдонда ҳайратланарли даражада иш бажаради. Шахсан мен уни Кевин де Брюйнега ўхшатаман. Ўйин услубини эмас, ақл билан ҳаракат қилишини (Фабио Капелло).

- Федерико улкан салоҳият соҳиби, ҳозирнинг ўзида рисоладагидек савия­га эга. Тезкор, маҳоратли, ажойиб узатмаларни амалга оширади (Арриго Сакки).

- Буюк ўйинчи, ўз вазифасини барча шерикларидан кўра, сифатлироқ бажаради (Марчелло Липпи). 

Йўқ, афсонавий мураббийларнинг бундай эътирофлари Кьезага эмас, унинг адаши - Федерико Бернардескига аталганди. қизиқ, бунинг мавзуга қандай алоқаси бор? Гап шундаки, 3 йил муқаддам «Ювентус» раҳбарияти «Фиорентина» юлдузига 40 млн. евро сарфлаганди, аммо негадир шу пайтгача унга тайинли иш топиб беролмади. Бернардески тўп билан барча ишни яхши уддалайди, чап  оёғида йўллайдиган зарбалари туфайли уни ҳаттоки, Роберто Баджога қиёслагандилар. У ҳам вақтида «бинафшаранглар» етакчиси эди, аммо Туринда ўзини кўрсата олганича йўқ. Умуман, «Юве»нинг Флоренциядан ноёб иқтидорларни харид қилиши салбий тасаввурларни уйғотмоқда. Вақтида Баджо ва Липпи ўртасидаги шов-шувли можаро мамлакатни гўёки, икки қисмга бўлиб юборганди. Мана, Бернардески 26 ёшга тўлган пайт авлоднинг асосий умиди мақомини бой бериб, аниқ позицияси йўқ ўйинчига айланди-қўйди: у билан ҳар қандай «йиртиқ»ни ямаш мумкин, лекин ҳеч қаерда энг яхши бўлолмайди.

Тан олиш керак, «Ювентус» ҳам бошқа барча клублар қатори коронавирус балосидан жиддий жабр тортди. Боз устига, инсоният бошига ёғилган фалокат ҳали тўла-тўкис бартараф этилганича йўқ. Бундай оғир шароитда «Фиорентина»нинг навбатдаги иқтидори учун катта маблағдан воз кечиш ўта шубҳали қадам бўларди. Баҳсли келишув мухлисларда ишончсизлик уйғотади, футболчини кучли босим остида қолдиради. Шу сабаблими, туринликлар юзага келиши эҳтимоли бор келишмовчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилишди. Ижара келишуви ва кейинчалик харид қилиш ҳуқуқи масаласига ўта эҳтиёткорлик билан ёндашилганлиги «кекса синьора»нинг навбатдаги кераксиз футболчи харидидан ҳимояланишга интилганини англатади. Шартнома бандларининг ошкора баён этиш эса клуб ўтмишнинг салбий тажрибасидан тўғри хулоса чиқаргани ва таваккал иш тутишни истамаслигидан далолат.

10 млн. евро эвазига Италиянинг энг яхши ёш ҳужумчиларидан бирини 2 йил муддатга ижара асосида олиш ва у талаб даражасида ўйнолмаган тақдирда иззат-икром билан ортга қайтариш - «Ювентус» учун шоҳона келишув. «Фиорентина» учун эса ғайритабиий ҳол. Айниқса, клуб тасарруфини ўтган йилнинг ёзида ўз қўлига олган Рокко Коммиссо ундан даромад манбаи сифатида фойдаланмаётгани, жамоа юлдузларини сотишни асло истамаётганини инобатга олсак, шундай. Афтидан, трансфер масаласида ҳужумчининг хоҳиш-истагига ҳал қилувчи мезон сифатида қаралган. Зотан, Коммиссо бундан 1 йилча олдин Кьезани клубнинг умиди ва ёрқин келажаги сифатида мақтаган ва Флоренцияда узоқ вақт қолишини таъкидлаганди. Аммо бир неча ойдан кейин ОАВда ҳужумчининг Туринга талпинаётгани, бошқа таклифларга қиё ҳам боқмаслиги ва «Фиорентина»да қолиш нияти йўқлиги эълон қилингач, соҳибнинг муносабати кескин ўзгариб кетди: «Аввалроқ фикрим бошқача эди - Феденинг жамоада қолиши ҳамма учун энг мақбул вариант эканлигига ишонгандим. Энди бу борада ўзгача хулосага келдим: агар кетмоқчи бўлса, кетаверсин. Муҳими, ўзимиз учун зарур маблағни олсак, бас». Гапнинг оҳангидан ранж-алам уфуриб турибди. Келишув шартлари ҳам ўртамиёна - Феде жамоа ғазнасига чамаси 50 млн. евро келтириши мумкин, сумманинг сўнгги қисми 2025 йилда тўланади. Бордию, «Юве» хариддан воз кечса, 40 млн. ҳам йўқ.

 

Кьезанинг Туриндаги имкониятлари қандай?

Мухлислар ўртасида  «Кьезани харид қилиш учун Дуглас Костадан воз кечиш шартмиди?»  қабилидаги ишонч­сизлик кайфият кучли бўлишига қарамай, трансфер кутилган натижа беришига умид уйғотадиган омиллар ҳам йўқ эмас. Биринчидан, Кьезани «Ювентус» харид қилган бошқа италиялик ёш иқтидорлар, айниқса, «Фиорентина» вакиллари, жумладан, Баджо ва Бернардескига таққослашдан маъно йўқ, бунга чек қўйиш керак. Баджо ва Бернардески - эркин мусаввир ролига мансуб ижрочилар. Бири буюк, иккинчиси ўртамиёна. Улардан керакли самара олиш учун ўта нафис жамоавий уйғунликка эришиш талаб этилган. Кьеза эса тамоман ўзгача ўйинчи, ҳар ҳолда, мусаввир эмаслиги аниқ. У «Фиорентина»да бир қатор позицияларда ўйнаб чиқди ва биринчи навбатда, жисмоний қуввати билан лол қолдирди. қисқаси, Федерико тезлик ва атлетик салоҳият, юксак иш қобилияти билан бошқа ёш футболчилардан яққол ажралиб туради. Тўп билан қанот бўйлаб рақиб жарима майдончасига яқинлашгач, уни жамоадошига узатади (агар ён чизиқ яқинида бўлса) ёки дарвозани нишонга олади (агар жарима майдончасига яқинлашса). Агар жарима майдони ичига киришга улгурса, рақибига тўқнашиш асносида йиқилади. Тўғри, ҳозирги вақтда бундай найранглар билан мухлисларни лол қолдириш қийин, ҳакамларни чалғитиш янада мушкул, аммо Кьеза ҳаммани ўзига ром этмоқда. Феде аввалги мавсум гол билан якунланган ҳужумлардаги ҳаракатлар (самарали узатмалар ва голкипердан қайтган тўпни дарвозага йўллаш) инобатга олинган кўрсаткич бўйи­ча «Фио»да яққол етакчи бўлди. У бу борада 14 балл тўплаб, энг яқин таъқибчиси - Франк Риберини 4 очкога ортда қолдирди. Бундай таҳлил усули футболчининг фойдали иш коэффициенти хусусида самарали узатмалар кўрсаткичи (Кьеза ҳисобида гол билан якунланган 6та узатма бор)га нисбатан тўлароқ маълумот беради. Чунки у ўйинга таъсир этган кичик жиҳатларни ҳам қамраб олади. Хуллас, бевосита голга йўл очган ҳаракатлар таҳлили Кьезанинг услубини белгилаб беради. У ортиқча ҳаракатларсиз, тўғридан-тўғри ҳужумга ўтадиган футболчидир.

Феденинг «Ювентус»даги фаолия­тини белгилаб берадиган муҳим масала - унинг қайси позицияда тўп суриши. Андреа Пирло мавсумолди тайёргарлик жараёни ва «А» серия 2-турида кўҳна тактик схемалар уйғунлигидан фойдаланди: ҳимоявий ҳаракатлар вақтида - 4-4-2, ҳужумда эса - 3-2-5. Кьеза бундай чизмада қанотдан жой олиб, 5-ҳужумчи вазифасини бажариши мумкин. У охирги 2 йил давомида асосан ўнг қанотда ўйнади. Лекин бундан олдин сўл тарафда ҳам анча тўп сурган. Дарвоқе, Италия терма жамоаси ҳам баъзан шу схемани қўллайди ва бунда Феде ўнг қанотда ҳаракатланиши мумкин. Хулоса шуки, Пирлонинг «омухта» услубида ҳужумчидан ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнаш талаб этилади. Кьеза «Фиорентина»да айнан шу чизиқда ҳам самарали ҳаракатланган эди. Энди «Ювентус»да айни шу тажрибаси қўл келса, ажабмас. Агар Пирло аралаш чизмадан воз кечса, Кьеза 4-3-3 ёки 3-4-3 схемаларида латерал роли учун асосий номзодга айланади. Чунки у ўнг қанотнинг барча нуқталарида ишончли ўйнаш салоҳиятига эга. Энг асосийси, трансфер қийматини тўлаш анча муддатга белгилангани футболчини ортиқча босимлардан халос этади.

Кьезанинг Туринга йўл олиши ортидан юзага келган хавотирларнинг чекиниши нафақат футболчининг маҳорати, балки мураббий малакасига ҳам боғлиқ. Пирлонинг савиясига баҳо беришга ҳали эрта. Бир қарашда, ғоялари чакки эмас, аммо у ҳам ҳали янги муҳитга мослашиши лозим. Жумладан, Кьеза билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиши учун вақт керак. Пирлонинг ҳозирча энг катта ютуғи шуки, жамоа у билан! Март ойида ҳам ТВ эксперти сифатида ишлаб юрган Андреа ҳозирги янги шогирди ўйинига қойил қолишини эътироф этганди. Бу эса ёш мураббий ва футболчи ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг бошланғич нуқтасига айланиши мумкин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz