Қайднома

Қидирув

Отабек Зокиров : «Мақсад битта-Суперлига йўлланмаси»

Отабек Зокиров : «Мақсад битта-Суперлига йўлланмаси»

  25.10.2020 11:01
  0
  258
Отабек Зокиров : «Мақсад битта-Суперлига йўлланмаси»

Фарғонанинг «Нефтчи»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсад қўйган - Про-лигада ишончли ўйнаб, Суперлигага қайтиш. Муҳими, Абдусамад Дўрмонов шогирдлари ҳар бир ўйинда чинакамига курашишяпти, очколар сонини кўпайтиришга имкон қадар ҳаракат қилишяпти. Албатта, мухлислар шонли тарихга эга жамоанинг қуйи лигада юришига кўникмаганлар. Нима бўлишидан қатъий назар, улар ўз суюклиларига катта умид боғламоқдалар. Ҳозирда жамоанинг ўйини ҳам, қайд этаётган натижалари ҳам ёмон эмас. қолаверса, Фарғона вилояти ҳокими лавозимига футболсевар Хайрулла Бозоровнинг тайинлангани келгусида «Нефтчи»га эътибор янада ошишини англатади. Бу албатта, жамоа вакилларига қўшимча куч ва мотивация бериши тайин. Мана, «Нефтчи» маълум танаффусдан кейин «Истиқлол» стадионига қайтди ва энди рақибларини шу аренада қабул қилади. Фарғоналиклар Про-лиганинг охирги ўйинларини айнан шу замонавий стадионда ўтказишди. Яъни 10-11-турларда «Оқ-тепа» ва «Шўртан»ни қабул қилиб, биринчисини 2:1 ҳисобида енгишди, иккинчисига шундай кўринишда ютқазишди. Дўрмонов шогирдлари айниқса, пойтахтликларга қарши баҳс­да кучли иродаларини намойиш этишди, яъни ҳисобда ортда бора туриб, якунда ғалабани ўз томонларига оғдиришди. Бироқ мезбонлар «Шўртан» билан ўйинда бундай иродани такрорлай олишмади. Биз Про-лига 12-тури олдидан айни шу ўйинлар юзасидан «Нефтчи» етакчиларидан бири Отабек Зокиров билан суҳбатлашдик.

- «Нефтчи» «Оқ-тепа»ни енгди, аммо пешқадам бўлиб турган «Шўртан»га қимматли очколарни бой берди. Жамоага маром етишмаётгандек...

- Нима десам экан... Бу йил Про-лигада шиддатли ўйинлар кўпайди. Ҳар бир жамоа очко учун чинакамига олишяпти. Оддий айтганда, лигада кучсиз жамоанинг ўзи қолмади - иштирокчилар савия бўйича бир-бирига яқин. Олдинда ҳал қилувчи ўйинлар турибди. Уларнинг ҳар бирида ғалаба учун майдонга тушамиз, албатта.

- Истаймизми-йўқ, футболда баъзан рақибга паст баҳо бериш ҳолатлари кузатилади. Бош мураббий Абдусамад Дўрмонов «Нефтчи»да асосий урғу  руҳий тайёргарликка қаратилишини таъкидлади. Бу нима билан боғлиқ?

- Айни пайт учрашувларга тайёргарлик кўриш учун вақт кам. Дейлик, охирги икки турдан олдин сафарда «Хоразм» билан мураккаб ўйин ўтказдик ва узоқ масофа босиб қайтдик. Демоқчиманки, чарчоқ аломатлари бор эди. қисқаси, тўлиқ тикланишга улгурмаганимиз ҳам таъсир кўрсатмай қолмади.

- Умуман, «Нефтчи»нинг ҳар икки бўлимда бир маромда ўйнашига нима тўсқинлик қиляпти?

- Бир қарашда, ҳаракатларимиз чакки эмас. Бироқ муайян ҳудудларда рақибга эркин тўп суриш имконини бериб қўйяпмиз. Менимча, бу айнан чарчоқ билан боғлиқ бўлса керак.

- Жамоа анчадан буён қиргулида ўйнаётганди. «Истиқлол» стадиони майдонига мослашиш қийинчилик туғдирмаяптими?

- Тўғри, «Истиқлол»да ўйнамаганимизга анча бўлганди. Лекин майдонни баҳона қилиш ноўрин. Футболчи фақат ўйнаши керак, майдон танлаш профессионалликка хос эмас. Вазифамиз - ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз ишимизни бажариш.

- «Нефтчи» кўплаб ўйинларда охирги дақиқаларда кескин фаоллашмоқда. Бу машғулотларда ишланган ўйин чизмасими?

- Баъзи пайтлар ҳужумда шошиб қолмоқдамиз. Табиийки, натижа учун охиригача курашиш талаб қилинади. Албатта, ҳар бир жамоа охирги дақиқаларда фаолликни оширишга уринади. Чунки бу вақтда рақибнинг чарчоғи қўл келиши мумкин.

- «Нефтчи»нинг Суперлигага қайтишига нечоғли ишоняпсиз, имконият қандай?

- Ҳозир ҳар бир ўйинда максимал куч билан ўйнаб, зарур миқдорда очко жамғаришимиз керак. Самарасини якунда кўрамиз. Ягона мақсадимиз - Суперлигага қайтиш. Бу вазифани бажариш учун охиригача курашамиз. Ўйлайманки, «Нефтчи» учун кучлилар сафига қайтиш вақти келди.

- Тан олиш керак, Про-лигада муросасизлик даражаси анча ортди. Айниқса, кучли тўртликка кириш учун қизғин кураш кетмоқда. Демак, биринчи босқич якунига қадар ҳар бир ўйин финал мақомида ўтса керак...

- Худди шундай. Ҳар бир жамоа майдонда борини бермоқда. Чунки барча иштирокчиларда ўзига яраша мақсад бор. Бу қувонарли ҳол, албатта.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz