Қайднома

Қидирув

«Эвертон»нинг асосий кучи...

«Эвертон»нинг асосий кучи...

  25.10.2020 12:33
  0
  207
«Эвертон»нинг асосий кучи...

«Селхерст Парк»да ёмғир ёғарди, аммо Карло Анчелотти табассумини яширолмасди. Гап янги сотиб олинган Хамес Родригеснинг қойилмақом пасида эмас, ҳатто Шеймус Коулманнинг рақиб жарима майдончаси ичига моҳирона ёриб киришида ҳам эмас. Йўқ, италиялик мутахассиснинг кўтаринки кайфияти одатда кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб кетадиган футболчи Доминик Калверт-Льюиннинг ажо-йиб ўйини билан боғлиқ эди.

Ўша куни англиялик форвард «Эвертон»нинг мавсумдаги 15-голини урди - ўзи учун эса бешинчиси эди. «Ҳужумчи бир ҳаракат билан дарвозани ишғол қилиши керак, - деди Карло ўйиндан сўнг. - Тўпга ҳар бир ортиқча тегиниш вазифани қи-йинлаштиришини Доминикка ҳам уқтирдим. Ўз вақтида, қўл остимда етук форвард - Инзаги тўп сурарди, 300та голидан 210тасини бир уринишда урганди. Ҳужумчининг эътибори рақиб жарима майдончасига қаратилиши лозим ва Калверт-Льюин буни жуда яхши тушунади. Ушбу ҳудудда у тезлик, ҳаводаги курашда фаоллик ва қувватини намойиш этади».

Чиндан ҳам, Анчелотти кўпйиллик фаолияти давомида ажойиб ҳужумчилар билан ишлади. Калверт-Льюин ҳақида гапирганда, Инзаги сингари афсоналарни тилга олиши шогирдининг сўнгги йилларда қанчалик ўсишга эришганини кўрсатиб турибди. «Ҳаракатларимни мукаммаллаштириш бўйича кўп ишлайман. Буни нафақат машғулотлар пайти, балки ҳар доим бажараман, - деганди Доминик «Эвертон» расмий сайтига берган интервьюсида. - Ноутбукимни олиб, уй вазифасини қилишга киришаман. Ўйинни кўриб чиқиб, ҳар бир детални таҳлил қиламан. Кўпчилик тез югуриши мумкиндир, аммо ҳар бир вазиятни ҳисоб-китоб қилиб, ундан максимал самара чиқаришга интилиш ҳам керак».

Калверт-Льюин аслида эскилик тарафдори: классик «тўққизлик»да ўйнайди, жамоаси устунлигини таъминлаш мақсадида рақибларини синовдан ўтказади, уларнинг кичик хатоларидан ҳам унумли фойдаланишга уринади. Ортга қайтмайди, Фирмино ёки Кейн сингари ўйинда дирижёрлик қилмайди, шунчаки, «иккинчи қават»да кўпроқ курашади.

Доминикнинг ўйин услуби оддий, бир ўйинда ўртача 14та пасни амалга оширади. Авваллари кам гол урарди, энди эса «янги Эвертон»да «Янги Калверт-Льюин» тўп суряпти. Анчелоттининг 4-3-3 схемасида у ёлғиз ҳужумчи вазифасини бажаради. Чап қанотда Ришарлисон мўъжизалар яратади, ўнгда эса - Хамес. Улар ҳимоячилар эътиборини ўзларига қаратиб, Доминикка бўш ҳудудлар яратишади.

Ҳозир Ливерпулда кўтаринки кайфият ҳукмрон, аммо унинг «қизил томони»да эмас, балки «мовий қисми»да. Одатда, бу ҳудуд анча сокин бўларди. Жорий мавсум «Эвертон» учун анча сермаҳсул бошланди - барчасига трансфер бозорида амалга оширилган оқилона харидлар сабабдир.

Аллан ва Абдулай Дукуре - ўтмишдаги суст ярим ҳимояни кучайтиришди, колумбиялик юлдуз Хамес эса қисқа муддатда мухлислар ёқимтойига айланди. Шунча уринишларга қарамай, айнан Калверт-Льюиннинг самарали ўйини кўпроқ хурсанд қилмоқда. Янги келганлар кўп иш бажаришмоқда, аммо олдинги чизиқда англия­лик ҳужумчи бўлмаганда, уларнинг уринишлари камроқ натижа келтириши тайин эди.

Ўтган мавсумда ҳам Калверт-Льюиннинг голлари кам бўлмади, ҳозир эса у ўша рақамга анча яқинлашиб қолди. Айни пайт Доминик Англиянинг энг яхши тўпурарларидан бири, унинг миллий терма таркибига жалб этилгани ҳам бежиз эмас. Қаҳрамонимиз ёшлар жамоасида тўп суриш тажрибасига эга: 20 ёшгача бўлганлар сафида 6та гол урган, U-21 тоифасида эса - 7та. Тушунарлики, у Гарри Кейнни термадан сиқиб чиқаролмайди, лекин... нега энди бунга уриниб кўрмаслиги керак?

Ў.Умаров тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz