Таажжубки, азалдан иқтидорлар булоғи бўлиб келган ва айнан шу туфайли футбол тожини қўлга киритиш бўйича тенгсиз бўлиб турган Бразилия 2002 йилдаги зафардан кейин жаҳон чемпионатларида пентакампеонларга хос иштирок этолмаяпти. Бунинг асосий сабаби шуки, таркибда ноёб иқтидорли ҳужумчилар етарли бўлсада, мураббийлар уларнинг юксак салоҳиятидан унумли фойдалана олишмаяпти. Мана шу нохуш анъанага барҳам беришга астойдил бел боғлаган амалдаги бош мураббий Тите муаммога ечим изламоқда. Жумладан, у Роберто Фирминони ҳужум чизиғида синаб кўришга қарор қилди. Футболчи эса, ўз навбатида, иложи борича ортга камроқ қайтиш ва асосий эътиборини дарвозани ишғол этишга қаратишга ваъда берди. Натижада «селесао» ЖЧ-2022 саралаш босқичи стартини Боливия дарвозасига 5та жавобсиз гол уриш билан бошлади. Роберто шу учрашувда «дубл»га эришиб, йирик ғалабага муносиб ҳисса қўшди. «Ливерпуль» вакилининг Fifa.com мухбири билан мулоқоти саралашдан муваффақиятли ўтиш ва зафарли юришни Қатарда давом эттириш хусусида бўлди.
- Рақиб дарвозасини икки бор забт этишнинг завқи ўзгача бўлса керак, айниқса, старт учрашувида?..
- Гол - бутун жамоа томонидан амалга оширилган ҳаракатлар самараси. Албатта, жуда хурсандман. Лекин жамоадошларим қувончи меникидан кам эмас. Мусобақани муваффақиятли бошлашнинг аҳамияти катта эди. Юксак сермаҳсулликка эришганимиз нур устига нур бўлди. Дарвозани ишғол этишнинг гашти ўзгача. Барча имкониятлардан фойдалана олмаган бўлсамда, барибир, бахтиёрман. 29 ёшда фаолиятимнинг тотли дамларини ўтказяпман. Мана шу кўтаринки кайфиятни йўқотмаган ҳолда, финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш йўлида бор кучимни аямайман.
- Тите орқа чизиққа иложи борича камроқ қайтишингизни сўрагани ростми?
- Ҳа. Бу билан у амплуадошларимга ёрдам бермасликни эмас, ҳужумлар пайтида доимо ўз жойимда бўлишим ва улардан унумли фойдаланишим, тўпни излаб, вақтни беҳуда ўтказмаслигимни назарда тутганди. У кўпроқ жарима майдончасида бўлишимни истаяпти. Ҳимоячиларга кўмак бериш истаги эса «Ливерпул»да одат бўлиб қолганди. Терма жамоада уни бир четга суриб, мураббий кўрсатмасини бажаряпман. Майдоннинг барча нуқталарида тўп учун курашишни хуш кўрардим. Лекин жарима майдончаси ичида ўйнаш ва гол уриш лаззати ҳам ўта ёқимли.
- Карека, Ромарио ва Роналдо каби афсоналар узоқ йиллар давомида сиз ўйнаётган чизиқда Бразилияга катта манфаат келтиришган. Уларнинг анъаналарини давом эттира оласизми?
- Қайсидир маънода, ҳа. Ҳар ҳолда, «тўққизлик» позициясида тўп суриш менга ёқади. Муҳими - терма жамоа талабини қай даражада уддалашим.
- Жамоангиз 2-турда Перу устидан иродали ғалабага эришди. Бу борада қандай фикр билдирасиз?
- Бизни барча рақибларга ҳурмат билан қарашга ўргатишган бўлсада, Перу ва Боливия савиялари ўртасидаги фарқ сезиларли. Перу, айниқса, сўнгги йилларда шиддатли тарзда ривожланди. У аввалги мундиалда иштирок этди, ўтган йили Копа Америка турнирида финалга чиқди. Ўшанда Перуни таслим этиш бизга осон бўлмаганди. Бу гал ҳам рақибимизнинг жиддий қаршилигига дуч келдик. Лекин керакли натижага эриша олдик.
- Алиссон жароҳати туфайли майдонга тушолмаяпти. Қачон у дунёнинг энг моҳир дарвозабонлари сафидан жой олади?
- Шахсан мен учун у биринчи рақамли дарвозабон. Бу гапни Алиссон клубдошим эканлиги учун айтмаяпман. У майдонда ақл бовар қилмайдиган ҳаракатларни амалга оширади. «Селесао»да ҳам нуфузи чакки эмас. Майдон ташқарисида эса ажойиб йигит, энг яқин дўстим.
- Филиппе Коутиньо ажойиб спорт формасида...
- Ноёб иқтидор соҳиби! Уни афсунгар сифатида таърифламасликнинг иложи йўқ. Майдонда тасаввур қилиш қийин бўлган лавҳаларни намойиш этади. Филиппе билан «Ливерпул»да ҳам, терма жамоада ҳам завқ билан тўп сураман. Қолаверса, унинг мухлисиман. Коутиньони дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бири, деб биламан.
- Неймар ҳақида нима дея оласиз?
- Яна бир тенги йўқ футболчи. Боливияга қарши ўйинда «хет-трик»ка эришди. Тўпни худди сеҳрлаб олгандек олиб юради.
- Муҳаммад Салоҳ-чи?
- Бу ҳужумчини фақат ҳайрат билан эътироф этаман. Унинг ўйинларини мириқиб кузатаман. Ўта сермаҳсул ўйинчи. Қанчалик кўп меҳнат қилишини айтсам, ишонмайсиз. У ва Мане билан ёнма-ён тўп суриш бахтига муяссар бўлганимдан бахтиёрман.
- «Ливерпуль» билан нуфузли совринларга сазовор бўлдингиз. Жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритиш иштиёқи қай даражада?
- Ўта юқори. Сиз тасаввур қила олмайдиган даражада! Европа Чемпионлар Лигаси, Англия Премьер-лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиблигига эришдим. Жаҳон чемпиони унвони эса, йўқ. Уни қўлга киритиш учун тинимсиз тер тўкишим талаб этилади. Шунингдек, буни 2022 йилда уддалай олишимизга барчамиз ишонишимиз ва шунга интилишимиз лозим. Шахсан мен ҳозирги жамоадошларим билан ўйнаётганим, шундай мураббийлардан сабоқ олаётганимдан фахрланаман.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20