Қайднома

Қидирув

ПОРТУГАЛИЯЛИК МАЭСТРО ёхуд Бруно Фернандеш бошидан кечирганлари ҳақида сўзлайди

ПОРТУГАЛИЯЛИК МАЭСТРО ёхуд Бруно Фернандеш бошидан кечирганлари ҳақида сўзлайди

  26.10.2020 05:50
  0
  190
ПОРТУГАЛИЯЛИК МАЭСТРО ёхуд Бруно Фернандеш  бошидан кечирганлари ҳақида сўзлайди

"Дастлаб акам ҳақида гапирмоқчиман. Энг ёмони - у «Барселона» мухлиси. Болалигимизда муносабатларимиз ғалати бўлган. У мендан 5 ёш катта, бироқ хоналаримиз алоҳида эди. Кичкинтойлик пайтинг ҳеч ниманинг фарқига бормайсан. Аммо ёшинг 15-16га чиққанда, дўстларингни уйга чақиргинг келади... Акамга қайсидир маънода халал берардим, у ҳар доим «Бруно, бор кўчада ўйнаб кел!» деб қич­қирарди.

Натижада болалигим паркда тўп тепиш билан ўтди, демакки, бунинг учун акамдан миннатдорман. Бошқа ерларда қандай билмадиму, Португалияда, айниқса, Евро-2004 пайти ҳамма шунчаки футболни севиш билан чекланмаган, ҳамма футбол билан яшаган. Бу Месси ва Криштиану даври эди, Роналдиньо энг ёрқин дамларини ўтказаётганди. қаерга қараманг, болалар кимнинг энг яхши эканлиги ҳақида баҳслашишарди. Жумладан, акам иккимиз ҳам. «Олтин тўп»ни ким олади? Энг чиройли гол муаллифи ким бўлади? Мен ҳар доим Криштиану томонида эдим, акам эса - Месси.

Бир сафар Рождество байрами пайти акам иккимиз отамнинг олдига - Швейцарияга бордик. У ўша ерда ишлаётганди. У пайтлари Интернет ҳали оммалашмаган, севимли жамоа­лар либосларини сотиб олиш ҳам осон эмасди - айниқса, АПЛ клублариникини. Сотиладиган маҳсулотлар ҳам жуда қиммат эди. Отам билан Nike дўконига кирдик. Иккита футболка танлаш мумкин эди. Мушкул танлов. Акам Месси туфайли «Барселона»нинг сариқ рангли либосини танлади, мен эса... албатта, «Манчестер Юнайтед» футболкасини маъқул кўрдим. Ўша либосни ҳамон эслайман. Кўк тусда, оқ чизиғи бор, баъзи жойларида қизил ранг ҳам. Роналду сабабли Англияда фақат «Юнайтед» мен учун орзулар жамоаси ҳисобланарди.

Ўқитувчиларим айтишарди: «Бруно, ерга туш. Футболга киришиб кетиш жуда қийин. Ўқиш керак!». Аммо уларнинг гаплари мени янада кўпроқ меҳнат қилишга ундади. Сиз ниманидир орзу қилсангиз, унга боғланиб қолишингиз турган гап. Болалигимда мен учун исталган жой футбол майдони вазифасини ўтарди, айрим нарсалар эса дарвоза бўларди. Ўйинлар қизғин кечарди. Аниқроқ айтганда, жуда кўп баҳслашардик.

Дарҳол кўз олдимга клубдошим Виктор Линделёф келади. Европа Лигаси ярим финалида журналистлар бизнинг тортишганимизни эшитиб қолишди, сўнгра бундан шов-шувли воқеа ўйлаб топишди. Аммо мен учун бундай беллашувлар ва Мая шаҳри кўчаларидаги ўйинлар орасида фарқ йўқ. Португалияда футбол шунақа. Шундай гаплашилади. Кимдир иш орт­тирса, жим туролмайман. Футбол билан яшайман, ҳар бир лаҳза билан яшайман. Лекин ҳамма негатив стадионда қолади. Эртасига яна дўстона муносабатлар давом этади.

Ростини айтсам, танқидни яхши кўраман. У менинг янада кучайишимга ёрдам беради, бўшашишга йўл қўймайди. Бу мен учун мотивация. Атрофига тилёғламачиларни тўплаганларнинг кўпини биламан, менга бунақаси тўғри келмайди. Дўстларим муаммо ва хатоларимни кўрсатишдан қўрқмасликларини истайман. Ўйиндан ке-йин: «Сени яхши кўраман, лекин нега гол уролмадинг? Яхши паслар берилди, аммо зарбаларинг ўхшамади...» дейишларини хоҳлайман.

Баъзан мени қизим Матильда ҳам танқид қилади. Ваҳоланки, у эндигина 3 ёшга тўлди! Бироқ у ўзича тан-қид қилади. Бундан ҳам кичиклигида бизни эшитиб, эшитмаганликка олишни ўрганганди. Унга ўйинчоқларини йиғиштириши кераклигини айт­сак, қулоқларини қўли билан ёпиб: «Ҳеч нимани эшитмаяпман, дада!» дерди. Натижада голларимни шундай ҳаракат билан нишонлашга одатландим. У эса буни тушунди. Энди голларимни нишонламасам, манзилимга танқид ёғилади. Нима ҳам қила олардим?

Менинг менталитетим - тарбия самараси. Болалигимда нечта гол уришим ёки қанча пас беришим отамга аҳамиятсиз эди. Унинг эътибори фақат бир нарсага қаратиларди: хатолар сони. Бу ҳам ўсишимда муҳим омил бўлди. Эсимда, Боавиштада 15 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Португалиянинг энг кучли жамоа­ларидан бири - «Порту»га қарши ўйин ўтказилаётганди. Ёмон ўйнамаётгандим. Ўшанда ҳимоя чизиғида ҳаракатланаётгандим, менга қарши бақувват рақиблар тўп суришарди. Биз 0:1 ҳисобида ютқаздик, аммо жуда яхши тўп сурганим учун мени ҳамма мақтади. Ҳатто «Порту» мураббийи ҳам? «Бу йигитчадан ажойиб футболчи чиқади!» деганди. қувончим ичимга сиғмасди, лекин отам хурсанд эмасди. «Рақиб қандай гол урганини кўрдингми? Агар ортга бу қадар қайтмаганингда, кросс қилган футболчи сендан ўтиб кетолмасди!»

Шунда ўша гол ҳақида ўйлай бошладим. Тўғриси, ўша вазиятда иштирок этмагандим ҳам - майдоннинг нариги қисмида эдим! Аммо отам ўзининг ҳақлигига шунчалик ишонардики, натижада мен ҳам хатоимдан хавотирга туша бошладим. Ҳар бир мағлубиятдан кейин нотўғри ҳаракатим ҳақида қайта-қайта ўйлайдиган бўлиб қолдим. Иштаҳам йўқолди. Хонамга қамалиб, ўйиннинг ҳар бир сониясини таҳлил қилардим. Шу тариқа ҳамма танийдиган Бруно дун­ёга келди. Кимларгадир менинг ўйи­ним ёқмаслиги мумкин, аммо ҳеч нарсани ўзгартирмоқчи эмасман.

Ҳаётда ўз йўлингизни топишингиз учун ўзгаришни ҳам билиш керак. 14 ёки 15 ёшлигингизда ҳаммаси ўзгаради. Иқтидорнинг ўзи етарли эмас - худди меҳнатсеварлик сингари. Ўзингизда ҳаммасини жамлашингиз шарт. Футбол билан яшаб, қолган нарсаларни унутиш керак. Бир неча йиллардан кейин Италияда тўп сурдим. Бу мен учун синов эди. 17 ёшда бегона юртда яшаш осонмас. Тилни билмасдим, атрофдагиларнинг ҳаммаси ёт... жуда оғир бўлган. Ўзимни ёлғиз ҳис қилгандим. Ҳатто ҳаммасини ташлаш ҳақида ҳам ўйлаганман. Агар отам болалигимдан менга шундай менталитетни сингдирмаганда, Италиядаги синовларга бардошим етмасди. Агар у бошқа оталар сингари фарзандини мақтайверганда, футболчи бўлолмасдим. Чунки реал ҳаётда сени ҳар сафар мақтайдиганлар бўлмайди.

Фақат олдинга интилишдан ўзга чорам қолмаганди. Астойдил меҳнат қилиб, курашишим керак эди. Токи, қандайдир ғайритабиий воқеа рўй бермагунча. 2017 йилнинг 28 август санаси ҳамон ёдимда. Мени жаҳон чемпионати саралашида Фарер ороллари термасига қарши ўйнайдиган Португалия термасига чақиришди. Ким билан ўйнашимиздан қатъий назар, бу катта шараф эди. Тасаввур қилинг... 13 йил аввал ёшим 9да эди. Юзимни миллий жамоа рангларини билан бўягандим. Мая шаҳри маркази. Евро-2004 финали. Грецияга қарши ўйин.

Бу Криштиану учун аҳамиятли йил бўлганди. Ушбу паллани Португалияда ҳамма яхши эслайди. Аммо ёшинг 9да бўлса, барчаси янада жиддийроқ туюлади. Гарчи грекларга ютқазсакда, футболчиларнинг кўз ёшлари кўпроқ ёдимда қолган. Шу боис, кийиниш хонасига кирганимда, ўзгача ҳиссиётларни бошдан кечирдим. У ерга Криштиану кирганда эса, умуман тилим айланмай қолган. Роналду ва термамизнинг бошқа футболчилари билан тўп суришдан фахр­ланаман. Умид қиламанки, бизни кузатаётган 9 ёшлилар авлодига илҳом бахш эта оламан.

«Манчестер Юнайтед»га ўтиш - орзунинг рўёби. Келишув ҳақида агентимдан хабар топганимда, Швейцариядаги ўша кун эсимга тушди. Сўнг­ра бу ҳақда рафиқам ва қизимга айт­дим. Энди... фақат йиғлаш қолганди. Бахтиёрлик кўз ёшлари. қувонч ёшлари. Хотира ёшлари.

Рафиқам билан тўйимиздан аввал учрашиб юрган пайтларимизни ёдга олдим. Унга Италиядан туриб қўнғироқ қилиб, барчасини ташламоқчи эканлигимни айтганимда, бундай қилиш нотўғрилиги, бу менинг орзуим эканлигини тушунтирганди. Сўнг­ра акамга қўнғироқ қилиб, унга ҳам дардимни тўкиб солгандим. Отамни ҳам эсладим. Ҳеч ким менга унинг сингари кўп талаб қўймаган. У менинг асосий танқидчим, бирга йиғлади. Худди акам сингари. Ҳеч қандай эътирозга ўрин қолмаганди. «Юнайтед»да эканманми, демак шунга лойиқман".


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz