Қайднома

Қидирув

Евротур: «100 фоизли жамоа қолмади»

Евротур: «100 фоизли жамоа қолмади»

  28.10.2020 17:17
  0
  281
Евротур: «100 фоизли жамоа қолмади»

Ҳа, мусобақанинг дастлабки чораги ниҳоясига етмасдан, етакчи бешлик вакиллари орасида очко йўқотмаган бирорта жамоа қолмади. 5-турга қадар топ-чемпионатлар пешқадами бўлиб турган «Милан» «Сан-Сиро»да «Рома» билан жанговар (3:3) дурангга имзо чекиб, қимматли 2 очкони йўққа чиқарди. Ана шу омадсизлик Бундеслига етакчиси «РБ Лейпциг»га бу борада «россонерлар» билан тенглашиб олиш имкониятини берди.

Англия. Пешқадамларда илк мағлубиятлар

Шу тургача мағлубият нималигини билмаган «Эвертон» ва назарий жиҳатдан етакчига айланиш имкониятини сақлаб қолган «Астон Вилла» жорий мавсумдаги илк мағлубиятларини тан олишди. Айниқса, стартдаги 4 учрашувни ғалаба билан якунлаган «Вилла»нинг ўз майдонида дебютант «Лидс»дан йирик ҳисобда (0:3) енгилиши ҳеч бўлмаганда маҳаллий мухлислар учун кутилмаган ҳол бўлди. Тенгма-тенг курашлар остида кечган дастлабки 45 дақиқада томонлар дарвозага йўл тополмадилар. Танаффусдан кейин эса Марсело Бьелса шогирдлари ташаббусни қўлларига олишди. Натижада «Лидс» ҳужумчиси Патрик Бэмфорд 20 дақиқа ичида 3 марта Мартинес дарвозасини ишғол этди. Майдон эгалари ҳатто жавоб тўпини киритишни ҳам уддалай олмадилар. Шу тариқа меҳмонлар етакчи тўртликка яқинлашиб олдилар, мезбонлар эса ўз ўринларини «Ливерпул»­га бўшатиб беришди. Лекин рақибларидан битта учрашув камроқ ўтказган «Вилла»да пешқадамга айланиб олиш имконияти сақланиб қолди.

Карло Анчелотти жамоаси Саутгемптон сафаридан очкосиз қайтишга мажбур бўлди. Мазкур қарама-қаршилик тақдирини мезбонлар томонидан урилган 2 гол ҳал қилди. «Эвертон» нафақат мағлубиятдан қутулиб қолиш, жавоб голини уришни ҳам уддалай олмади. Муҳим ғалаба «авлиёлар»га етакчиларга яқинлашиш ва «Лидс» билан қўшничиликни давом эттириш имконини берди.

Турнинг марказий беллашуви сифатида эътироф этилган «МЮ» - «Челси» баҳсида кучлар тенг келди - 0:0. Очиғи, ўйин анчайин эҳтиёткор, мухлислар учун зерикарли тарзда кечди. Майдон эгалари нисбатан фаоллик эвазига кўпроқ зарбалар (14га 6) йўллаган бўлишсада, мақсадга эришолмадилар. Сабаби - ноаниқ зарбаларнинг кўплиги. Ҳатто танаффусдан кейин майдонга туширилган Поль Погба ва Эдинсон Каванилар ҳам вазиятни ўзгартира олмадилар. «ПСЖ»дан ўтган таниқли дебютант ярим соатдан кўпроқ вақт ичида атиги 2та ноаниқ зарбани амалга оширди. Хуллас, «МЮ» - «Челси» қарама-қаршилиги сўнгги 1,5 йил ичида илк марта дуранг билан ниҳоясига етди.

Вице-чемпион мақомидаги «Манчестер Сити» ҳам 1 очко билан кифояланишга мажбур бўлди. Бу гал Гвардиола жамоаси Лондонда «Вест Хэм» меҳмони бўлиб, 18-дақиқада дарвозасидан тўп олиб чиқди. Таъкидлаш жоизки, Майкл Антонионинг голи турнинг энг чиройли голи унвонига муносиб: бурчакдан узатилган тўпни ҳужумчи ўз устидан оширган ҳолда шундай чиройли йўлладики, Эдерсон ва Рубен Диаш ҳайратдан донг қотиб қолдилар. Танаффусдан кейин Агуэро ўрнини эгаллаган Фоден жавоб тўпини киритишга муваффақ бўлди. Сўнгги дақиқаларда Раҳим Стерлинг жамоасига қимматли 3 очкони тақдим этишга яқин келди. Аммо аввалига у яккама-якка ҳолатда Фабианьскини алдай олмади, кейинги зарбасини эса дарвоза устуни қайтарди.

«Энфилд»да «Шеффилд»ни қабул қилган «Ливерпуль» катта қийинчилик билан иродали ғалабага эришди. Меҳмонлар Бергенинг тезкор голи эвазига ҳисобни очган бўлишсада, чемпион хотиржам ўйнашда давом этди. Ниҳоят, танаффус арафасида Фирмино мувозанатни тиклади. Танаффусдан кейин ҳам ўйин суръати ўзгармади. Аниқроғи, меҳмонлар ишончли ҳимояланишди. Фақат Диогу Жотанинг аниқ зарбаси қаршисида ожиз қолишди. Учрашув ниҳоясига яқинлашганда Юрген Клопп айнан гол муаллифларини захирага олиб, улар ўрнини Милнер ва Минаминолар билан тўлдирди. Шу тариқа чемпион 2-поғонага кўтарилиб олди.

«Арсенал» ўз майдонида «Лестер»га имкониятни бой берди - 0:1. Очиғи, бу ўйинда Артета шогирдлари ғалабага ҳақлироқ эдилар. Бироқ уларнинг ҳужумлари Шмейхель ҳамда ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатлари туфайли самара бермади. Меҳмонлар асосан ўз дарвозалари дахлсизлиги хусусида бош қотиришди. Кейин Брендан Рожерснинг ўйинчи алмаштириши ўйин тақдирини ҳал қилди: 60-дақиқадан жангга киришган Жейми Варди 80-дақиқада Бернд Ленони доғда қолдирди.

Испания. Навбатдаги «Эль-Класико» «Реал» фойдасига

7-турнинг марказий учрашуви бўлган «Эль-Класико»да «Барселона» ўз майдонида «Реал»дан енгилди - 1:3. Аслида беллашув анча қизиқарли ўтди, томонлар очиқ футбол намойиш этишди. Шу боис, Вальверденинг тезкор (5) голига Фати 3 дақиқадан кейин жавоб қайтарди. Қизиғи шундаки, гол муаллифлари «Класико»даги дастлабки муваффақиятларини нишонлашди. Ансу Фати эса навбатдаги рекордини ўрнатди - азалий қарама-қаршиликдаги энг ёш (17 ёшу 359 кун) гол муаллифига айланди. Аввалги рекорд «Реал» афсонаси Раулга тегишли бўлиб, у «Барселона» дарвозасини илк бор 18 ёшу 95 кунлик пайтида забт этганди. Фати шунингдек, каталонияликларнинг «Эль-Класико»даги 400-юбилей голини амалга оширди. Бўлим ўрталарида дарвозабонлар катта саҳнага чиқиб, бир нечта сэйвларни намойиш этишди. Шу тариқа жамоалар танаффусга 1:1 ҳисоби билан йўл олишди.

2-бўлимда ҳам рақиблар очиқ ўйин кўрсатишди. Вазиятларнинг бирида ҳужумга отланган Серхио Рамос мезбонлар жарима майдончаси ичида йиқитилди. Аниқроғи, йиқитилганига нафақат ҳакам, VARни ҳам ишонтириш учун бор маккорлик маҳоратини ишга солди. Чунки бунга Лангленинг Рамос либосидан тортгани сабаб бўлганди. Фактдан эса кўз юмиш мумкин эмас. У ёғи Рамоснинг виждонига ҳавола. Хуллас, 63-дақиқада «Реал» пенальти эвазига олдинга чиқиб олгач, Куман 3 нафар футболчини алмаштирди, мезбонлар асосий эътиборни ҳужумга жалб этишди ва 90-дақиқада дарвозаларидан 3-тўпни ўтказиб юборишди. Захирадан майдонга тушган Лука Модрич Нетони 2 марта алдаб ўтиб, бўш қолган дарвозани ишғол этди - 1:3.

Ҳозирча таъқибчиларига нисбатан битта ўйин кўпроқ ўтказган пешқадам - «Реал Сосьедад» ўз майдонида «Уэска»га имконият қолдирмади - 4:1. Бироқ ҳисоб йирик бўлишига қарамасдан, дебютант муносиб қаршилик кўрсата олди. 1-бўлимнинг 35-дақиқасида мезбонлар пенальти кўмагида ҳисобни очишганди. Меҳмонлар бунга танаффусдан кейин дарҳол жавоб қайтаришди. Аммо сафардан 1 очко олишни уддалай олишмади.

Мавсумни рисоладагидек бошлаган «Кадис» ва «Вильярреал» баҳси нурсиз дуранг (0:0) билан ниҳоясига етди. «Хетафе» майдонига ташриф буюрган «Гранада» эса танаффус арафасида пенальтидан урилган ягона гол эвазига навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобига расмийлаштирди. Ортда қолган 5 учрашувни мағлубиятсиз ўтказган «Атлетико» «Ванда Метрополитано»да ҳар бўлимнинг охирги дақиқаларида рақиб дарвозасини бир мартадан забт этиб, очколарини 11тага етказиб олди. Симеоне жамоаси бой берилган очколар бўйича етакчи тўртлик вакилларидан яхшироқ натижага эга. Улардан унумли фойдаланса, яққол пешқадамга айланади.

Шанба оқшомида «Валенсия»ни енгган (2:1) «Эльче» ҳозирча 8-ўринда бормоқда. Лекин захирасидаги 2 учрашувни ғалаба билан якунласа, совриндорлар сафига кўтарилиб олиши мумкин. Дебютант учун ажойиб старт.

Германия. Совриндорлардан синхрон одим

Етакчи учликдан ўрин олган жамоалар навбатдаги ғалабаларни расмийлаштиришди. Арзимас фарқ шуки, «Герта»ни қабул қилган «РБ Лейпциг» сўнгги сонияларгача ўз мухлисларини ҳаяжонда ушлаб турди. Боиси, аввалига меҳмонлардан тезкор гол ўтказиб юборди. Ке-йин тезда мувозанатни тиклади. Аммо 3 очкони нақд қиладиган муҳим голни 1 соатдан кейин, боз устига, пенальтидан амалга оширди. Кейинги ярим соатга яқин вақтни мухлислар қандай ўтказишганини тасаввур қилаверинг. Уларнинг бахтига, мезбонлар кичик устунликни сақлаб қолишди - 2:1.

3 кун аввал «Атлетико»ни 4та жавобсиз гол билан сийлаган «Бавария» энди «Айнтрахт»га «ҳиммат» кўрсатди - 5:0. Мерганларнинг одобини айтмайсизми, аввалига майдонни Левандовскига бўшатиб, «хет-трик»ни кутиб ўтиришди. Кейин аста-секин майдонга тушиб, биттадан гол уришди. Айнан Леваголни алмаштирган Шупо-Мотинг эса бир оқшом учун 5та гол етарли, деган қарорга келди. Ана сизга камтарлик.

Дортмунднинг «Боруссия»си 1-бўлимда «Шальке» дарвозасига йўл тополмади. Лекин танаффусдан кейин рақибини 3 марта дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.

Ўз майдонида «Боруссия М»ни қабул қилган «Майнц» сўнгги поғонани тарк этишга астойдил бел боғлаган ва Матетанинг «дубл»и эвазига 2:1 ҳисобидаги устунлик билан танаффусга йўл олганди. Бироқ 2-бўлимда меҳмонлар 2та гол уриб, 5-ўринга кўтарилиб олишди.

Италия. Чемпиондан навбатдаги  дуранг

Янги мавсум амалдаги чемпион учун ўта омадсиз кечмоқда. Бу турга қадар 4 учрашувнинг 2тасини ўз фойдасига ҳал қилган жамоа энди ўз уйида ўртамиёна «Верона» билан сулҳ тузишга мажбур бўлди - 1:1. Ҳа, ушбу дурангни жанговар дейишга ҳам тил бормайди. Чунки «Ювентус» 32 йилдан бери фақат ғалаба қозониб келаётганди. Қолаверса, учрашувни ўта суст ўтказди, 1-бўлимда рақиб дарвозаси томон атиги 2та аниқ зарба йўллади. Тўғри, танаффус арафасида Альваро Мората дарвозани забт этди, аммо гол баҳсли офсайд туфайли инобатга олинмади. Танаффусдан кейин эса ўйиндаги ҳисобни... меҳмонлар очишди. Тўғри, ўтказиб юборилган голдан кейин майдонга тушган дебютант Деян Кулушевски «Юве»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Лекин 3 очколи голни амалга оширишни Пауло Дибала ва Альваро Моратадек юлдузлар ҳам уддалай олмадилар. Роналдусиз майдонга тушган «Ювентус» 2-учрашувда ҳам қимматли очколарни йўқотди.

Ҳисобот турига 100 фоизли натижа билан келган «Милан» ҳам «Сан-Сиро»да «Рома»ни енголмади - 3:3. Натижада «Беневенто» майдонидан иродали ғалаба (2:1) билан қайтган «Наполи» пешқадамга яқинлашиб олди. Мавсумни кўтаринки кайфиятда бошлаган «Сассуоло» ўз майдонида «Торино»га очко совға қилиб (3:3), «Наполи»га ўрнини бўшатди.

Ватандошимиз Элдор Шомуродов жамоаси - «Женоа» меҳмони бўлган «Интер» сафардаги ғалаба эвазига етакчи тўртликка кўтарилиб олди. Ҳамюртимиз дастлабки голдан кейин майдонга тушди. Лекин номдор рақиб ҳам 5 нафар футболчисини алмаштириб, мезбонларга мувозанатни тиклаш имконини бермади. Аксинча, Амброзионинг аниқ зарбаси эвазига ғалабани мустаҳкамлаб олди.

Франция. Чемпион тезликни  оширмоқда, аутсайдерлар ҳам...

Лига 1нинг одатий етакчиси жорий мавсумнинг 8-турида ўз ўрнини эгаллади. Бунга унинг пойтахтда «Дижон» дарвозасига 4та жавобсиз гол ургани ва «Лилл»нинг Ниццада 2 очко йўқотгани (1:1) сабаб бўлди. Эътиборлиси, чемпион ғалабасини таъминлаган 2 «дубль» соҳиблари, Кин ва Мбаппе навбатма-навбат майдонга тушишди. Бошланғич таркибда ўйинни бошлаган Мойзе 3 ва 23-дақиқаларда ўз номини таблога ёздириб қўйди. 73-дақиқада унинг ўрнига тушган Мбаппе бу юмушни 7 дақиқа ичида уддалади.

Аутсайдерлар гуруҳида бораётган «Реймс» ва «Страсбур» мазкур турда ўз мухлисларини хушнуд этишди - «Реймс» сафарда «Монпелье» дарвозасига 4та жавобсиз гол урди, «Страсбур» эса «Брест» устидан 3:0 ҳисобида зафар қучди. «Монпелье»нинг йирик мағлубиятига ўйинни камчиликда ўтказгани сезиларли таъсир кўрсатгани аниқ. Демак, жамоа интизом масаласида муаммоларга дуч келган.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz