Қайднома

Қидирув

Суперлига инқироз кўчасидами?

Суперлига инқироз кўчасидами?

  29.10.2020 02:20
  0
  539
Суперлига инқироз кўчасидами?

Нима бўляпти ўзи? Ҳақиқатан ҳам, Суперлигада инқироз бошландими? Нима сабабдан аксарият жамоаларда тушкунлик кайфияти ҳукм сурмоқда? Мазкур саволлар жавоби устида мулоҳаза юритар эканмиз, таниқли адиб Шукур Холмирзаевнинг қалам аҳлини титратиб юборган «Адабиёт ўладими?» қабилида қўйган машҳур саволи ёдимизга тушди. Ўшанда адиб адабиёт ҳеч қачон ўлмаслигини била туриб, шу савол устида бош қотирганди, ўй-хаёлларини қоғозга туширганди. Мана, адабиётимиз ҳамон яшамоқда, яъни ўлмади! Лекин ўтган вақт мобайнида роса нари-бери бўлди. Қарийб 20 йил ичида Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Тоғай Мурод, Ҳалима Худойбердиева каби улуғ адабий гигантлар орамиздан кетишди.
Тан олайлик, адабиё­тимиз ҳувуллаб қолди! Бугун адабиётимиз «юк»и кимларнинг елкасида? Усмон Азим, Хуршид Даврон, Эркин Аъзам, Сирожиддин Саид, Эшқобил Шукр, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Улуғбек Ҳамдам... Шу ижодкорлар баҳоли қудрат қалам тебратишмоқда. Лекин томирларимиздаги қонларни кўпиртирадиган, юраклардаги оловни ловуллатадиган, онг-у шууримизда тафаккур чақинларини чақнатадиган асарлар қани? Қани, янги замоннинг «Улуғбек хазина»си, «Юлдузли тунлар»и, «Ўзбегим»и, «Биринчи муҳаббатим»и, «Чўл ҳавоси» ёки «Бодом қишда гуллади»си? Йўқ! Тополмайсиз! Адабиётимиз оловланолмаяпти, тутаб-бурқсаяпти!

Муҳтарам мухлис! Мулоҳазаларимиз тушунарлироқ чиқиши учун Суперлига аҳволини адабиётимизга қиёсладик. Ахир адабиёт-инсоншунослик. Ҳар бир инсон адабиёт орқали бошқа соҳа муаммоларини тезроқ англайди. Шу маънода Суперлигадаги ҳақиқий аҳволни ёритишдан олдин сўзни адабиётдан бошладик. Тўғри тушунишингиздан умидвормиз, албатта.

Ҳа, Суперлига инқироз кўчасида эканлигини айтиш - анчайин оғир. Бундай хулоса чиқариш осон эмас. Хулоса айтилдими, демак, уни изоҳлаш зарур. Аксарият мухлисларга маълумки, ҳозирги ҳолатда фақат «Пахтакор», «Металлург», АГМК ва «Қизилқум»да ички ҳотиржамлик мавжуд. Қаердаки молиявий барқарорлик бор экан, хотиржамлик бўлиши ҳам турган гап. Бироқ молиявий хотиржамлик бу жамоаларда ҳали футбол билан боғлиқ орзу-умидлар гуллаб-яшнаётганини англатмайди. Очиғи, «Пахтакор» ОЧЛнинг бу йилги мавсумига катта умид боғлаганди, турнирга юксак ишонч билан қараганди. Бошқача айтганда, Шота Арвеладзе мураббийлик фаолиятида натижа кўрсатадиган маррага етиб келганди. Марра забт этилиши учун жамоада неки зарур бўлса, барчаси амалга оширилди. Афсуски, марра яна забт этилмади, вазифа бажарилмади. Энди жамоа келгуси мавсумда ҳам бу йилги каби шашт-у-шижоат билан тўп суришга ўзида куч топадими? Футболчилар, хусусан, Жалолиддин Машарипов энди қайси йўлдан боради? Яна ОЧЛ ғолиблиги учун курашга куч-ғайрат сарфлайдими? Жамоа мутасаддилари уни ва жамоани қўллаб-қувватлаш учун арзирли трансферларга қўл уришадими? Бу каби саволларга ҳозирча аниқ жавоб қайтариш мушкул. Дейлик, «Пахтакор» таркиб бобида янада кучайтирилса, Суперлигадаги мувозанат бузилмайдими? Шундай савол қўймоқдамиз-у, аслида Суперлигада мувозанат бор-йўқлиги бизни кўпроқ ўйлантиради.

Нима бўлганда ҳам, «Пахтакор» бугун Суперлигада ижобий маънодаги барометр вазифасини бажаролмаяпти. Жамоадаги ҳолат бошқа клубларнинг умумий кайфиятини тушириб юбормоқда. Боз устига, «Металлург», АГМК, «Қизилқум» каби молиявий барқарор жамоаларда неча йиллардан буён катта мақсадлар режалаштирилмайди. Бу жамоа­лар Суперлигада иштирок этиб юрса, бас - бошқаси иккинчи даражали масала. Қолган 10та жамоанинг боши қийинчиликлардан чиқмаяпти. «Андижон» ўнгланишга астойдил тиришди. Бахтиёр Ҳамидуллаев жамоада ўзгача миллий кайфиятни шакллантиришга уринди. Бўлмади, бўлмаяпти! Охир-оқибат, жамоа «Бун­ёдкор» қаршисида «ерпарчин» бўлди. Футболчиларга, ғалаба учун майдон узра елиб-югураётган, аммо омади чопмаётган йигитларга ачинасан киши. Чорасизлик - нақадар оғир дард. «Навбаҳор»даги вазиятни бундан енгил дейишга тил бормайди. «Лочинлар» ғалаба нималигини унутишганига анча бўлди. Назаримизда, футболчилар Жиззахдаги ўйинда барчасини тубдан ўзгартиришга астойдил уринишди. Аммо яна ўхшамади. Нўъмон Ҳасанов илк бор Андрей Канчельскис каби ҳакамлик ҳақида кескин сўзлади. Жони оғриган, адолатсизликдан юрак-бағри ўртанган мураббийгина беихтиёр шундай сўзлайди! У бошқача гапиролмасди ўша вазиятда. Лекин бизни бошқа бир масала ўйга толдирди. Ўйиндаги ҳакамликни Улуғбек Бақоев ҳам кузатди. Бироқ у нима сабабдан ҳакамлик ҳақида ёниб-куйиб гапирмади? Жамоаси ғалаба қозонгани учунми? Балки, аммо ғалаба йўлида адолатсизликдан кўз юмиш тўғрими? Умуман олганда, «Эль-класико»дан сўнг Рональд Куман ҳам ҳакамликдан норози бўлди, аммо Зайниддин Зидан бу масалада оғиз очмади. Демак, у ҳакамликдан рози ва ўйинда адолатсизлик рўй берган, деб ҳисобламайди. Бу ёқда Нўъмон Ҳасанов ва Улуғбек Бақоев, Испанияда Рональд Куман ва Зайниддин Зиданнинг бир ўйиндаги ҳакамлик масаласига қарашлари, ёндашувлари турлича. Бундай ҳолат мантиқ чегараларига сиғмайди. Деярли бир хил салоҳиятга эга мутахассисларнинг маълум масалада қарашлари турлича бўлиши футболдаги адолатни ўлдиради. Шундай аҳвол давом этаверса, охир-оқибат, футбол ботқоққа ботади, адолат йўлини йўқотади.

«Сурхон», «Машъал» ва «Бухоро»даги ҳолат «Андижон» ва «Навба­ҳор»даги муаммоли вазиятдан қолишмайди асло. Мазкур жамоаларда ҳам ички муҳит нотинч, десак адашмаймиз. Клубларни бошқараётган мураббийлар кўнглида ҳам мудом ғулғула. Улар эртанги кунга қатъий ишонч ва умид билан боқишолмайди. Исталган вазиятда истеъфога чиқишлари мумкинлиги уларнинг руҳиятига салбий босим ўтказади. Табиийки, мураббийларда беқарор руҳият барқ урса, бу футболчилар кайфияти ва ҳаракатига кўчади. Суперлиганинг ҳозирги тушкун ва ташвишли манзараси шу. Айни манзарани инқироз кўчаси сифатида баҳоладик. Балки кимдир бошқача ўйлар, яъни биз футболимиз ва Суперлигага ортиқча масъулият юклаётгандирмиз. Эҳтимол, футболга фақат ва фақат ўйин сифатида қараш керакдир, Суперлигага нисбатан эса «Бир неча жамоа иштирокидаги оддий мусобақа» қабилидаги хулосага кўникишимиз лозимдир. Шундай десак, миллий чемпионатимиз қизғин ўтган дамлар қаёқда қолади? Нима, ўша ёрқин тарихни унутамизми?

Юқоридаги мулоҳазалар журна­листнинг кўнгил кечинмалари, ўйлаганлари! Бошқалар, айниқса, мутасаддилар бу масалада қандай мулоҳаза билдиришади? Уларнинг фикр-хулосалари мухлислар учун қизиқ. Хуллас, футболимиз муҳити очиқ-ошкора суҳбатлар, расмий муносабатларга муҳтож! «Қуруқ гап оғиз йиртади», - дейди доно халқимиз. Энди мухлисларни ёлғон-яшиқлар билан алдаб бўлмайди. Ҳамма ҳақиқий аҳволни кўриб-билиб турибди-ку ахир!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz