Қайднома

Қидирув

Суперлига-2020: Бизни олдинда нималар кутмоқда?

Суперлига-2020: Бизни олдинда нималар кутмоқда?

  29.10.2020 03:30
  0
  277
Суперлига-2020: Бизни олдинда нималар кутмоқда?

Мана, Ўзбекистон Суперлигаси-2020нинг энг шиддатли палласига ҳам етиб келдик. ПФЛ раҳбари тез-тез айтаётганидек, жорий мавсум дарҳақиқат, ҳам клублар, ҳам футболчилар учун оғир кечмоқда. Пандемия шароитида учрашувларни ташкиллаштириш айниқса, ПФЛга қўшимча муаммолар туғдираётгани айни бор гап. Бинобарин, тождор вирус футболимиз ва клубларимизни ҳам четлаб ўтмади. Муҳими, жамоалар шиддат ва курашни ўрнига қўймоқда. Тўғри, турнир жадвалининг 1-қатори соҳиби деярли маълум, лекин қолган ўринлар учун кураш сўнгги турга қадар давом этишини бемалол тахмин қилиш мумкин. Футболимиз мавсумнинг ортда қолган даврида қандай кунларни бошдан кечиргани, нималар рўй бергани ўзингизга аён. Шундай экан, бугун яхшиси, мавсумнинг якуний қисмида бизни нималар кутаётгани ҳақида фикр юритиб, тахминларни ўртага ташламоқчимиз...

НЎЪМОН ҲАСАНОВ«НАВБАҲОР»НИ УЙҒОТАДИМИ?

Жорий мавсум давомида Андрей Канчельскиснинг «Навбаҳор»даги саргузаштлари бош мавзулардан бирига айланди. Россиялик мутахассис кўпроқ матбуот анжуманларида айбни ўзидан соқит қилиш мақсадида турли баҳоналар келтиргани билан ёдда қолди. Ахир коронавирус фақат унинг жамоаси эмас, барча иштирокчиларга таъсир ўтказди-ку. Эҳтимолки, Канчельскис ўринбосарлар жамоасида кўзи ёниб турган ёшларга кўпроқ таяниши керакмиди? Бироқ вақтни ортга қайтариш иложсиз. Энди фақат олдинга қараш керак. Мана, Наманган клуби ўз стратегиясини ўзгартирди. Унга мувофиқ, маҳаллий иқтидорларга катта ишонч билдирилади. Бундай пайт жамоани айнан Нўъмон Ҳасанов бошқариши айни муддао. Ҳар ҳолда, бу мутахассис Қўқондаги фаолияти давомида кўплаб ёшларни танилиб, катта футболда ўз жойларини топишларига ҳисса қўшганди. Дейлик, Жавоҳир Сиддиқов ва Мурод Холмуҳаммедов қайта кашф қилинди, мухлислар Ойбек Рустамов, Иқбол Маликжонов, Муҳаммад­анас Ҳасановни яқиндан танишди. Наманганда ҳам бундай иқтидорлар етарли. Қолаверса, жамоанинг ўйинида олдинга силжиш кузатилса, ажабмас. Ҳар ҳолда, сўнгги ўйинлардаги натижалар ҳафсаласизлик оқибатидек туюлмоқда. Демак, ҳафсаласизлик ўрнини иштиёқ эгалласа, «Навбаҳор» финиш маррасига муносиб қадам ташлайди.

 

«БУНЁДКОР» МУАММОЛАРИ ҚАЧОН ҲАЛ БЎЛАДИ?

Аввалги мавсум ички чемпионатда барқарор ўйинлари билан эътиборга тушиб, олқишларга сазовор бўлган «Бунёдкор»нинг бугун муаммолар гирдобига тушиб қолгани кўпчиликка маълум. Афсуски, клуб раҳбарияти алмашганидан буён ишлар ортга кетса кетяптики, олдинга силжимаяпти. Клубнинг ички муаммолари ўйин сифатига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Бош­қа томондан, Жасур Жалолиддиновнинг трансфери муҳокамаси ҳамон якунлангани йўқ. Бу футболчи 29 июль куни «Локомотив» (Москва)га йўл олганди. Маълумотларда «Бун­ёдкор»нинг ушбу трансфердан умумий ҳисобда чамаси 350 минг доллар олиши айтилмоқда (200 минг доллар - трансфер суммаси, 130-150 минг доллар - компенсация тўлови). Daryo.uz сайтида ёзилишича, «Бун­ёдкор» шу 350 минг долларни ҳам ҳали ишлата олгани йўқ. Маблағни олиш учун банкка шартноманинг асл нусхаси тақдим этилиши керак. Аммо 2,5 ой ичида ҳужжатнинг асл нусхасини топиш иложи бўлмаётгани тушунарсиз ҳолат... Норасмий манбалар хабарига кўра, «Локомотив» футболчилар трансферини рўйхатдан ўтказиш дастурига икки клуб ўртасидаги келишув эмас, футболчининг «Бунёдкор» билан бекор қилинган шартномаси ҳужжатини жойлаган. Шунингдек, дастурда трансфер суммаси ҳам аниқ кўрсатилмаган. Умуман, айни пайт «Бунёдкор»да овқатланиш, маош билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Булар тезроқ бартараф этилмас экан, «қалдирғочлар»нинг бу йил  совринли ўринлардан қуруқ қолишлари эҳтимоли ошаверади. Улуғбек Мирзаев даврида ўзини анча ўнглаб олган клуб ҳозирда янги раҳбар бошқарувида яна депсинмоқда. Шунга қарамай, футболчилар майдонда ўз ишларини имкон доирасида бажаришмоқда. Вадим Абрамов ҳам шогирдларини руҳлантириш йўлини топмоқда. Ҳозирда футболчиларнинг яхши ўйнашлари биринчи навбатда, ўзлари учун керак. Ахир ким ўзини кўрсатса, кучлироқ клублар эътиборига тушади.

 

«АНДИЖОН» УЧУН БОРИНИБЕРАЁТГАН ҲАМИДУЛЛАЕВ

Биринчи даврада муаммолар гирдобида қолган, ёпилиб кетиш арафасида турган «Андижон» ҳал қилувчи палла яқинлашганида, ўйинларни нисбатан яхши ўтказа бошлади. Албатта, клубнинг молиявий ҳолати яхшилангани, футболчилар маош ола бошлашгани ва мукофот пули ҳам қўшимча мотивация бергани кўриниб турибди. Яна бир жиҳат - вақтида «Андижон» учун борини берган Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг бош мураббий лавозимига тайинлангани ҳам фойда келтирмоқда, албатта. У футболчиларга клубга нима кераклиги ва қандай ўйнаш зарурлигини, юракдан астойдил ҳаракатланиш талаб қилинишини тушунтира олди. Ушбу мутахассис ҳозирда пул ёки обрў учун ишламаяпти. Шунчаки, ўзини элга танитган ва машҳурлик олиб берган жамоага астойдил ёрдам бермоқда. Бахтиёр Ҳамидуллаев айни шу миллий руҳиятни футболчилар онгига ҳам сингдирмоқда, уларга қандай жамоада ўйнаётганларини теран англатмоқда, чоғи. Эътибор берсангиз, андижонлик футболчилар майдонда охирги дақиқага қадар жон куйдиришмоқда. Улар мағлубият билан тугаган ўйинларда ҳам майдондан бошни тик тутган ҳолда чиқиб кетишга муносиб ўйин кўрсатдилар. Ҳар бир вазият ва тўп учун қаттиқ кураш... Футболда «азарт» ибораси тез-тез ишлатилади. «Андижон»да шу «азарт» йўқ эмас. Бу биринчи даврада умуман сезилмаганди ҳатто. Йўқ, футболчиларнинг танаффусга қадар курашишмагани ёки ўйнашмаганини айтишдан йироқмиз. Мураббийнинг  футболчилар кўнглига қандай йўл топиши ва қай даражада мотивация бериши муҳимлиги «Андижон» мисолида ҳам кўринмоқда. Шундай экан, «бургутлар»ни Про-лига томон «учириш»га ҳали эрта.

 

КАПАДЗЕ БИЛАН ЮКСАЛАЁТГАН «ЛОКОМОТИВ»

Биринчи даврани жуда ёмон ва ўзига ярашмаган натижа билан якунлаган «Локомотив» вақтида Темур Кападзени жамоага қайтарди. Аввалги мавсум клубнинг ўринбосарлари чемпионатда 1-ўринни эгаллашларига катта ҳисса қўшган Кападзе энди асосий жамоа­га ҳам дарҳол эффект бермоқда. Ҳарқалай, клубнинг ўйинида аввалги чиройли ҳаракатлар кўзга ташланмоқда - аниқ узатмалар орқали комбинациялар уюштириш, рақибнинг кучсиз томонидан унумли фойдаланиш, футболчиларнинг устун жиҳатларидан самара чиқариш. Агар Кападзе мавсум бошида мураббийлар штабига қўшилганида, балки жамоа ҳозир юқори ўринлар учун курашармиди? Маълум бўлишича, клуб Темур Кападзега аввалроқ таклиф билан чиққан. Лекин ёш мутахассис бошқарувида терма жамоа борлиги туфайли бунга рад жавоби берган. Жорий йилга белгиланган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг қолдирилгани эса Кападзе ва «Локо» иттифоқига имкон берди. Кўриб турганимиздек, пойтахт клуби қисқа вақтда ҳам ўйин, ҳам натижа бобида ўсишга эришди.

 

«СУРХОН»ДА БОШҚА МУАММОЛАР ҲАМ БОРМИ?

Равшан Ҳайдаровнинг «Сурхон» бошқарувини қўлга олгани мухлисларда умид учқунларини уйғотганди. Ҳар қандай мураббий янги жамоада иш бошлагач, дарҳол кескин ўзгаришга қўл урмайди. Қолаверса, мавсум ўртасида бунинг иложи ҳам йўқ. Равшан Ҳайдаров «Сурхон»ни ниҳоятда қийин шароитда қабул қилганини эътиборга олиш керак. Зотан, термизликлар охирги ўйинларда мағлубиятлар гирдобида қолишган, футболчиларнинг кайфияти ҳаминқадар эди. Бундай ҳолатда ҳеч бир мутахассисга осон тутиб бўлмайди. Олдинда «Сурхон»ни «Локо» билан ўйин кутар, Равшан Акмалович олдида жамоани навбатдаги турга тайёрлаш учун 2 кунгина вақт бор эди. Энг тажрибали мутахассис ҳам 48 соат ичида услуб ва фалсафа, ўз талабларини сингдиролмаслиги тайин. Бироқ жаҳон тажрибасидан маълумки, мураббийлар  қисқа муддатда асосан руҳият масаласига  эътибор қаратишади ва керакли гаплар айтиш билан шогирдларини «уйғотишади». Услуб ва фалсафа масаласи эса бир неча ой талаб қилади, бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Равшан Ҳайдаров қандай жамоага келганини жуда яхши билади, у бундай шароитга биринчи марта тушаётгани йўқ. Қолаверса, «Сурхон»даги аксарият футболчилар унга бегона эмаслар. «Локомотив» билан ўйинда жамоа кутилганидан-да яхшироқ ўйнади. Яъни янги мураббий иш бошлагани яққол сезилди. Футболчилар ҳаракатида креативлик, мазмун кўринди. «Сурхон» шундан сўнг сафарда «Андижон» билан ҳам бинойидек курашди. Умуман, термизликлар аксарият ўйинларда рақибларга минимал ҳисобда ютқазишмоқда. Аламлиси, асосан сўнгги дақиқаларда гол қўйиб юбормоқдалар ёки ижобий натижани сақлаб қолиш уддасидан чиқолмаяптилар. Кетма-кет йўқотилган очколар ортидан жамоанинг аҳволи анча оғирлашди. Эҳтимол, клуб ичида биз билмаган бошқа муаммолар ҳам мавжуддир. Билмадик...

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz