Қайднома

Қидирув

Самуэль Этоо: «Моуриньо - ноёб руҳшунос, ҳа, шубҳасиз, ноёб»

Самуэль Этоо: «Моуриньо - ноёб руҳшунос, ҳа, шубҳасиз, ноёб»

  29.10.2020 06:06
  0
  340
Самуэль Этоо: «Моуриньо - ноёб руҳшунос, ҳа, шубҳасиз, ноёб»

Камерунлик тирик афсона билан мини-интервью. Самуэль Это`О ўтган йили «Қатар СК» клубида самарали фаолиятига чек қўйиб, футболчилик тарихи хотима топгани, лекин янги чорловлар арафасида турганини айтган эди: «Ниҳоят тугади, энди олдинда янги чақирувлар бор». Мана, Камерун футболи фахри ҳозирда эркин ҳаётдан завқ олиб яшамоқда. Championat.com сайти мухбирлари «Доғистон Республикасига хизматлари учун» ордени соҳибига айланган собиқ ҳужумчи билан алоқага чиқиб, унинг футбол четидаги ҳаёти хусусида қисқача суҳбатлашишди. Самуэль айни пайт миллионлар ўйинидан узоқда бўлсада, кунлик иш режасига жиддий қарайди. Шунга қарамай, у режасиз боғланган сайт вакилларига ярим соат вақт ажратиб, 5та саволга жавоб берди.

1-савол. Самуэль, айни пайт қа­йердасиз, қандайсиз, нима билан машғулсиз?

- Ҳозирча Қатар пойтахти - Дохада яшаяпман, 25 йилга чўзилган профессионал фаолиятдан кейин шунчаки, ҳордиқ чиқаряпман. Хўш, нега айнан Қатарни танладим? Бу ерда ҳаёт тарзи бошқача, турмуш сифати ақлни шошириб қўядиган даражада зўр: хавфсизлик масаласи биринчи ўринда. Дейлик, хоҳлаган вақт хоҳлаган жойда сайр қилишингиз мумкин. Яна денгиз соҳили бўйлаб яёв юриш роҳати... Доха ресторанлари ҳаттоки, Испания ёки Италиядагидан ҳам яхшироқ. Қолаверса, Қатар мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати-2022 элчисиман. Ўйлайманки, навбатдаги мундиал ўзгача тус олади. Бу ерда стадионлар янги технологиялар билан тўлиқ жиҳозланган, мухлислар учун барча қулайликлар мавжуд. Улар мамлакатда ўзларини мутлақо хавфсиз ҳис қилишади, исталган вақт сайрга чиқиб, мислсиз завқ олиш имконияти бор, айниқса, учрашувлардан кейин. Қисқаси, бу ерга келган фанатлар футбол томошасидан кейин очиқ денгизга қараган ҳолда ғубор ёзишлари мумкин. Ҳар ҳолда, мундиал даврида бошқа бирор масала юзасидан ортиқча қайғуришларига ҳожат йўқ. Шундай экан, барча-барчани Қатарга чорлайман: «Хотиржам ҳолда фарзандларингиз билан келаверинг!» Қатардаги шахсий ҳаётимга келсак, кун тартибим асосан дам олиш ва ўқишдан иборат. Эрталаб жуда барвақт уйғонаман - соат 5:30да. Ярим соатча жисмоний машқлар бажаргач, нонушта қиламан, кейин ўқишга шўнғийман. Қисқаси, ҳозирги ишим - ўрганиш ва дам олиш. Камдан-кам ҳолда майдонга тушяпман, асосан собиқ футболчилар йиғилганда, ўйнашим мумкин. Фахрийлар орасида энг кучлиси - Кларенс Зеедорф. Бир қарашда, у ҳозирги ҳолатида ҳам Европанинг топ-лигаларида бемалол ўйнай оладигандек. Демоқчиманки, футболда ёш умуман аҳамият касб этмайди. Футбол чегара билмайди. Оддий мисол, 25 ёшли йигит 40 ёшли фахрийдан тезроқ чарчаб қолиши мумкин. Aсосийси, ақл. Яна танангизни тўғри ишлатсангиз, бас. Мана, масалан, Россияда Юрий Жирков машғулотларга ҳамиша  профессионал тарзда ёндашарди. Билишимча, у ҳамон юқори даражада ўйнамоқда. Футболчининг бутун фаолияти давомида бир хил даражада ўйнаши осон эмас. Бу маълумотларни қаердан биламан? Баъзан собиқ жамоадошларим билан ёзишиб тураман, бу борада «Aнжи»нинг ўша даврдаги таржимони Филипп Борисов ёрдам бермоқда, у билан тез-тез мулоқот қиламан.

2-савол. Ўқиш? Бу борада кенгроқ тўхталсангиз. Айнан қандай ўқишни назарда тутяпсиз?

- Вақтида Гарвард университетида иқтисод ва менежмент йўналиши бў­йича таҳсил ола бошлагандим, аммо барчага маълум сабаб - футболчилик туфайли ўқиш тўхтаб қолганди. Энди шунинг давоми ўлароқ, Лион савдо университетида  масофавий таълим асосида ўқияпман. Халқаро савдони ўрганиш ишларини инглиз тилида бошладим, энди французчада давом эттиряпман. Дарсликлар очаман, лекин асосан китобларни интернетдан топаман. Ижтимоий тармоқларда хоҳлаган қўлланмани топишингиз мумкин - китоблар саноқсиз. Хўш, бу юмуш нимага керак? Таълим - келажакда ривожланиш учун асос. Футболчилик фаолиятимда ўқишга вақт ажратолмадим, аммо энди савдо қоидалари, иқтисодиёт турли мамлакатларда қандай ишлаши ва сиёсатнинг унга таъсирини батафсил ўрганишга жиддий бел боғлаганман.

3-савол. Энди «Aнжи»ни бирров эсласак, яхшиси, Россиядаги энг бахтли кунларингизни...

- Биринчи марта Махачқалъага борганимда, кўплаб одамлар мени қуршаб олишгани ҳамон ёдимда. Энг асосийси, улар жуда бахтиёр эдилар! Аслида ҳеч қачон дунёнинг ўша қисмига боришни ўйлаган эмасдим. Тақдир экан, бордим ва мени шу даражада илиқ кутиб олишдики, буни сўз билан таърифлолмайман. Ёрқин хотираларим бир олам - Махачқалъа кўчалари бўйлаб сайрлар, Каспий денгизида чўмилиш... Тўғри, тоғларга чиқмадим. Ваҳоланки, хабарларда айниқса, Махачқалъа ва Москванинг унча хавфсиз эмаслиги ҳақида ўқигандим. Aмалда чечен диёрида ўзимни ҳамиша хотиржам ҳис қилдим. Бир сафар Москвада катта тирбандлик туфайли метрога ҳам тушдим. Ҳаммаси жойида эди. Одамлар мени бундай жойда кўришни кутмаганликлари учунми, ёнимга келишмади. Эҳтимол, улар «Йўқ, бу Самуэль эмас», деб ўйлашгандир...

4-савол. «Интер»да Жозе Моуриньо билан ишладингиз. У чиндан ҳам, ғалатироқ эмасми?

- Йўқ, Моу ғалати эмас, ҳақиқий даҳо. Aниқроқ ифода этсак, балки барча даҳолар сингари ғалатироқдир. «Интер» мен билан шартнома тузиш ҳаракатига тушган пайт у менга исмим ёзилган 9-рақамли футболка фотосуратини юборди. Шундан кейин жамоа сафига қўшилиш борасида шубҳам батамом тарқалди. Қисқаси, Жозе - ноёб руҳшунос. Ҳа, шубҳасиз, ноёб. Ҳеч ким футболчиларни Моуриньо каби керакли сўзлар билан руҳлантиролмайди. Ҳар ҳолда, мен ундан кучлироқ таъсир кўрсатувчи мураббийга дуч келган эмасман.

5-савол. Хўш, ўзингизни бўлажак мураббий ролида кўрасизми?

- Очиғи, бу ҳақда ўйламаяпман. Мабодо жиддий тўхтамга келсам, бу борада хабар бераман, албатта.

Блиц савол-жавоблар

- Бош орзунгиз?

- Дунёмиз пандемиядан тезроқ қутулиши ва фарзандларим яхши инсонлар орасида улғайишларини хоҳлайман.

- «Aнжи»нинг ҳозирги аҳволидан хабардормисиз?

- Ҳа, клуб қуйи лигага тушиб кетганини биламан. Махачқалъаликларга қийин, аммо ишончим комил, улар ҳамон жамоа билан биргалар.

- «Анжи»нинг бирор собиқ футболчиси клубга ёрдам қўлини чўзмади, жумладан, сиз ҳам. Нега?

- Aгар ёрдам керак бўлса, ҳамиша тайёрман.

- Қизиқ, бу масалада сиз билан кимдир боғландими?

- Мени «Анжи»га Сулаймон Керимов чақирганди. Ҳозиргача клуб билан алоқам у орқали. Лекин Керимов менга бу масалада на қўнғироқ қилди ва на гапирди. Шу ўринда айтишим керак, у мен таниган энг яхши инсонлардан биридир. Сулаймон мен учун клуб президенти эмас, балки акамдек бўлиб қолган. Ажойиб лойиҳаларни яратишга қодир очиқкўнгил инсон.

- Рус тилидан қайси ибораларни эслайсиз?

- «Ишларингиз қандай?», «Яхши»...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz