Қайднома

Қидирув

Рўзиқул Бердиев: «Лицензия бўйича савол менга эмас»

Рўзиқул Бердиев: «Лицензия бўйича савол менга эмас»

  30.10.2020 06:55
  0
  192
Рўзиқул Бердиев: «Лицензия бўйича савол менга эмас»

Coca-Cola Суперлига 20-туридан ўрин олган «Насаф» - АГМК учрашуви (2:0)дан кейинги матбуот анжуманида «аждарлар» устози Рўзиқул Бердиевнинг одатдагидан кўпроқ саволларга жавоб беришига тўғри келди. Шунинг учун унинг учрашув ҳақидаги умумий фикрларини тур шарҳида бериб, қолган савол-жавобларни ҳукмингизга интервью шаклида ҳавола этишни лозим топдик. Зеро, мураббий «Насаф»нинг ОФКдан лицензия олишига боғлиқ масалага ҳам тўхталди. Бу эса ҳозирда кўпчиликни қизиқтираётган мавзудир.

— «Насаф» очиқ футболни яхши кўрадиган жамоа. Бироқ ҳимоявий ўйинга мойил рақибларга қарши баҳсларда анча қийналмоқда...

— Ҳа, «Бухоро» билан ўйинда роса қийналганимиз рост. «Машъал» ҳам биз билан ўйинда ҳимояга катта эътибор қаратган эди. Шунга қарамай, муборакликлар дарвозасига 4та гол уриш йўлини топдик. Фақат «Бухоро»га қарши баҳсда хавфли вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Акс ҳолда, ҳаммаси бошқача тус оларди. Умуман, бу ўйинлар энди ортда қолди. Ҳозир кейинги турлар ҳақида бош қотиришимиз керак. Дейлик, бугун Ғолиб Ғайбуллаев бетоблиги туфайли жамоамизга ёрдам беролмади.

— «Насаф»нинг навбатдаги 2та тур ўйинини бетараф майдонда ўтказиши ҳақидаги гап-сўзларга муносабатингиз...?

— Йўқ, нейтрал майдонда ўйнаш хусусида гапириш ортиқча. Дастлаб Бекободга борамиз, кейин ўз майдонимизда «Қўқон-1912» билан куч синашамиз. Фақат охирги 4та турни яна марказлашган формат асосида ташкил этиш бўйича таклиф бор. Лекин бу ҳам ҳали аниқ эмас.

— Мураббийлар ғалабадан кейин кўпинча барча футболчилар ҳаракатидан қониқишганини айтишади. Хўш, бугун кўнглингиз тўлмаган жиҳатлар бўлдими? Балки қайсидир шогирдингизга эътирозингиз бордир...

— Футболда ғалаба қўлга киритилгач, ўйиндаги баъзи камчиликлардан кўз юмишингиз табиий ҳол - барчасини тезда эсдан чиқарасиз. Лекин ўйинни таҳлил қиламиз, барибир. Фақат ўзимиз учун.

— Бобур Абдухолиқов тўпни қабул қилиб олишда тез-тез хатога йўл қўйди. Шунга қарамай, уни чамаси 80 дақиқа ўйнатдингиз. Ҳусайн Норчаевга камроқ имконият берилмаяптими?

— Бобурни танқид қилсак, бироз нотўғри бўлади. Ахир у голлари билан жамоамизга катта фойда келтиряпти. Бобурни тўғри тушунишимиз керак, деярли барча ўйинларда тўлиқ вақт фаол ҳаракатланмоқда. Юклама катта. Эҳтимол, шунинг таъсирида бугун унча тетик кўринмагандир. Норчаевга келсак, у ёш, ҳали тажриба ошириши керак.

— «Насаф» 2 йилдан буён ОФК лицензиясини ололмаяпти. Бу жамоанинг халқаро турнирларда иштирок этолмаслигини англатади. Айтингчи, лизенция масаласи қачон ҳал этилади?

— Бизда ҳеч қачон бундай муаммо бўлмаганди. Барча шароитлари бор жамоа ҳужжатларини тўғрилаб беролмаслик - кутилмаган ҳолат. «Насаф» ҳар доим лицензия ҳужжатларини биринчилардан бўлиб топширган. Балки бу савол менга эмасдир. Қайтараман, бу борада ҳеч қачон камчилик сезилмаган. Жамоамизда барча шароитлар жойида.

Якунда ўйин ҳақида яна озгина фикр - бугун барча йигитлар ғалабага ўз ҳиссаларини қўшишди. Фақат Ойбек Бозоровда жароҳат бор эди. Ҳусниддин Алиқуловнинг майдонда қандай тўп сурганини кўрдинглар. Бу ёқимли.
***

Coca Cola Суперлига 21-тури доирасида “Металлург”га қарши учрашувда рақиб жамоа футболчиси шаънига хақоратли сўзлар ишлатгани учун “Насаф” жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев майдондан четлатилган эди. Ўзбекистон Футбол Aссоциацияси тартиб-интизом қўмитаси ушбу ҳолатни кўриб чиқди. 

Унга кўра, Рўзиқул Бердиев 1 та ўйинга дисквалификация қилинди ва моддий жаримага тортилди. Бундай ҳолат яна такрорланса, мураббийга нисбатан жиддий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.


Манба: fcnasaf.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz