Қайднома

Қидирув

Нурилло Тўхтасинов «Жамоа ютуғи олдида индивидуал соврин аҳамиятсиз»

Нурилло Тўхтасинов «Жамоа ютуғи олдида индивидуал соврин аҳамиятсиз»

  31.10.2020 12:12
  0
  365
Нурилло Тўхтасинов «Жамоа ютуғи олдида индивидуал соврин аҳамиятсиз»

Кетма-кет омадсиз ўйинлардан кейин Суперлига турнир жадвалидаги мавқеини бироз йўқотган «Бунёдкор» 20-турда «Андижон»ни йирик - 6:2 ҳисобида енгди. Шу учрашув якунида «Бунёдкор» таркибида доимгидек фаол ҳаракати билан ажралиб турган тўпурар ярим ҳимоячи Нурилло Тўхтасиновни суҳбатга чорладик.

- «Қалдирғочлар» ижросида анчадан буён бундай сермаҳсул ўйин кўрмаётган эдик. Жамоангизнинг 6та гол уришини ўйлаганмидингиз, умуман, учрашув ҳақидаги умумий таассуротингиз қандай?

- «Андижон»нинг охирги натижаларидан келиб чиқиб, ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик. Қолаверса, Суперлигада қаторасига 3та ­ўйинда омадсизликка учраганимизни инобатга олсак, бугун ғалаба қозонмасак бўлмасди. Хуллас, йигитларда иштиёқ жуда юқорилиги ўз сўзини айтди ва майдондаги устунлик ҳамда якуний ҳисоб шунга яраша бўлди.

- Ҳисобни назарда тутсак, ўйин «Бунёдкор» учун жуда енгил ўтди, шундайми?

- Биласиз, «Андижон» ҳозирда ҳар бир ўйинда борини ташламоқда, очко учун охиригача курашмоқда. Қисқаси, меҳмонларнинг бизга жиддий кураш тақдим этишлари кутилганди. Менимча, тезкор 2та голимиз рақиб режасини бузиб юборди, шекилли. Шунинг таъсиридами, ўйин биз учун нисбатан енгилроқ ўтди. Айнан тезкор голлар вазифамизни енгиллаштиргани - айни ҳақиқат.

 - Бир қарашда, «Бунёдкор» мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди...

- Фикрингизга қўшиламан. Чиндан ҳам, бугун ҳаракатларимиз яхши чиқди, ўйинимиз қовушди.

- Турнир жадвалининг 3-қаторида бораётган «Насаф» очколар бўйича анча олдинга чиқиб олди. Айни ҳолатда жамоангизнинг сов­риндорлар сафига кириш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Назарий жиҳатдан мавсумни сов­риндор сифатида якунлаш учун  ҳали имконият бор. Менимча, қолган учрашувларнинг барчасида ғалаба қозонсак, 3-ўринга кўтарилишимиз ҳеч гап эмас.

- Жамоангизни олдинда «Навбаҳор»га қарши қийин ўйин кутиб турибди.

- Табиийки, ҳар бир баҳс олдидан рақиб ўйинини ўрганиб чиқамиз, шунга асосан тайёргарлик олиб борамиз. Шундай экан, «Навбаҳор»нинг айни пайт кўрсатаётган ўйинларини атрофлича таҳлил қилиб, муносиб шайланамиз.

- «Бунёдкор»да муаммолар борлиги кўпчиликка маълум. Шуни ҳисобга олиб, клубнинг ҳозирги натижаларини қониқарли баҳолаш мумкинми?

- Ҳа, муаммолар йўқ эмас, шунга қарамай, майдонда бу каби масалаларни унутиб, клуб шаъни, мураббийлар ва мухлислар ишончини оқлаш учун боримизни беряпмиз. Натижага эса мавсум якунида баҳо берган маъқул.

- «Бунёдкор»нинг муҳим голларига муаллифлик қилмоқдасиз. Шу аснода турли рамзий жамоалардан жой олмоқдасиз. Айтингчи, сиз учун индувидиал соврин қанчалик аҳамиятли?

- Очиғи, жамоа ютуғи олдида индивидуал соврин аҳамиятсиз. Шахсан мен жамоа билан турнирни ғолиб сифатида якунлашни кўпроқ қадрлайман.

- Кўпчиликни ўйлантираётган муаммолардан бири - миллий футболимизда тўпурар ҳужумчилар камлиги. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ? Эҳтимол, ҳужумчиларни қулай вазиятларга олиб чиқадиган плеймейкерлар топилмаётгандир...

- Нега энди, ҳозир бизда моҳир ҳужумчилар етарли - Шомуродов, Сергеев, Абдухолиқов... Плеймейкер ролига ҳам савияли футболчилар кўп. Умуман, юртимиз футболида марказий зона ҳамиша энг кучли позиция ҳисобланган.

- «Женоа»га ўтган собиқ «бун­ёдкорчи» Элдор Шомуродов имкониятини яхши билсангиз керак. Сизнингча, юртимиздаги яна қайси футболчилар Европанинг кучли чемпионатларига тортишади?

- Шомуродов - ажойиб ҳужумчи. Унинг Италияда ўйнаётгани биз учун ҳам яхши. Зеро, энди Европада футболчиларимизга эътибор кучаяди. Муҳими, миллий чемпионатимизда Европада бемалол ўйнай оладиган футболчилар бор, албатта.

- Олимпия термаси қитъамизнинг етакчи жамоаларига қарши тўп суриб, улардан ҳеч бир жабҳада қолишмаслигини кўрсатди. Бироқ негадир жамоа вакилларидан ҳеч ким кучли чемпионат клублари назарига тушгани йўқ...

- Билмадим, бу борада нимадир дейишим қийин. Менимча, кўп нарса рекламага ҳам боғлиқ. Европанинг яхши жамоаларида ўйнаш учун аввало, терма жамоада ўзимизни кўрсатишимиз  керак.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz