Қайднома

Қидирув

Тим КЭХИЛЛ: «Фарзандларим орзуси рўёбга чиқишини истайман»

Тим КЭХИЛЛ: «Фарзандларим орзуси рўёбга чиқишини истайман»

  02.11.2020 01:10
  0
  283
Тим КЭХИЛЛ: «Фарзандларим орзуси рўёбга чиқишини истайман»

«Эвертон» клубининг тирик афсоналаридан бири, австралиялик собиқ футболчи Тим Кэхиллнинг айни пайт бош қашишга ҳам вақти йўқ экан. Шундай бўлса ҳам, championat.com вакили у билан видеоқўнғироқ орқали атиги ярим соатгина суҳбатлашишга улгурди. Кэхилл мазкур интервьюда Ҳиндистон, кенгуру, Самоа ошхонаси ва Қатардаги фаолияти ҳақида гапириб берди.

* Тим Кэхилл Сидней шаҳрида туғилган, шунинг учун бўлса керак, ўзини Sydney boy деб атайди. У Авс­тралия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар (50та гол), ўйин сони бўйича иккинчи (108та ўйин, Марк Шварцерда 109) ва «соккерузлар»нинг 21-асрдаги жаҳон чемпионатларида дастлабки голи муаллифи ҳисобланади.

* Самоа ёшлар терма жамоасида ҳам фаолият юритган, чунки унинг онаси айнан шу мамлакатда туғилган. Собиқ футболчи Полинезияда ҳеч қачон истиқомат қилмаган, лекин бу ўлкага тез-тез меҳмонга бориб туради, чунки Самоани жаннат деб ҳисоблайди.

* Отаси - ирландиялик, аммо у Тимни эгизак акаларидан фарқли ўлароқ, регбига эмас, балки футболга берган.

* Кэхилл - «Эвертон» афсонаси (226та ўйин, 56та гол) бўлибгина қолмай, балки кийиниш хонасида ҳам обрў қозонган. У бошқа легионерларнинг маҳаллий шароитга мослашишларида катта ёрдам берган.

* «Эвертон»дан кейин Тим АҚШ («Нью-Йорк Ред Буллз»), Хитой («Шанхай Шеньхуа», «Ханчжоу Гринтаун») ва Ҳиндистон («Жамшедпур»)да фаолият юритди. У ерларда меҳмонхонага қамалиб ўтиргани йўқ, балки ҳар бир мамлакат маданиятини чуқурроқ ўрганишга интилди.

Айни пайт Тим Ливерпуль шаҳрида истиқомат қилмоқда, ўғлини «Эвертон» академиясига етаклаб бориш билан бирга, ўзи ҳам Pro лицензияси учун ўқияпти ва шу билан бирга Sky Sports телеканалида АПЛ ўйинларини шарҳлаяпти. Бу орада ойда бир марта Қатарга учишига тўғри келади, чунки у БААнинг U-16 ва U-19 термаларини шуғуллантиради. Айтганча, Кэйхилл Қатардаги ЖЧ-2022 вакилларидан бири ҳисобланади.

Роналдонинг либосини олиш воқеаси

- Ҳозир «Эвертон» академиясида шуғулланаётган ва мен тўплаган футбол либослари коллекциясига меҳр қўйган 15 ёшли ўғлим Шейнинг хонасида ўтирибман, - дея гап бошлади Тим. - Рақиб либослари ҳар бир футболчининг уйида бор, фақат ҳамма ҳам уни кўз-кўз қилавермайди. Мен эса футболсиз яшолмаслигим сабабли, уларни коллекция қилиб, фаолиятим ҳақида ўз фарзандларимга хотира қолдирмоқчиман. Бутун фаолиятим мобайнида 700та ўйинда майдонга тушдим. Шунинг учун коллекциямда 200-300талаб футболкалар мавжуд...

- Улар орасида қайси бирини қўлга киритиш қийин бўлган?

- 2006 йилги жаҳон чемпионатида Бразилия билан тўқнаш келгандик. Ўшанда мени ҳам, Роналдони ҳам алмаштиришганди. Унинг чиқиш йўлагига анча яқин ўтириб олганини кўрдим ва мен ҳам худди шундай жойга бориб ўтирдим, финал ҳуштагидан сўнг унга етиб олиб, футболкасини сўрадим. Сайёрамизнинг энг кучли футболчиларидан бирига тегишли «тўққизлик»ни шу тарзда қўлга киритганман.

Дунё бўйлаб саёҳат

- Австралия ЖЧ саралашида Осиё минтақасида баҳс олиб боради. Бизда шундай ҳазил борки, мен Осиёнинг барча мамлакат аҳлидан узр сўрашим керак экан. Чунки уларнинг терма жамоаларига муҳим ҳисобланган кўплаб голлар урганман. Ва бу тўғри - Баҳрайн ёки Уммон томонларга борганимда, маҳаллий ишқибозлар ёнимга келиб: «Бизнинг жамоани сен ўлдирдинг», дейишарди. Сўнгги икки йилдан бери ҳар ой бир ҳафтага Қатарга учаман. У ерда ёшларни ўз билим ва кўникмаларим билан шуғуллантириш, мусобақаларга бошлаб бориш, уларнинг ўсиш жараёнини кузатиш менга ёқади. Чунки бу мамлакатда футболни эъзозлашади.

Австралия учун Осиё кубогида зафар қучиш - бу жаҳон чемпионатини ютиш билан баробар. Шундай экан, энди тасаввур қилиб кўринга, Австралиядан 600 карра кичик бўлган Қатар учун ғалаба нимани англатишини. Қатар буни уддалади - ОК-2019ни ютди! Уларда Феликс Санчес Басдек ажойиб мураббий, Хави фаолият юритаётган ёш иқтидорларга тўла кучли лига бор. Футбол ривожи юксак даражада кетяпти. Терма жамоасининг олдидаги вазифа - ЖЧда гуруҳ босқичини муносиб босиб ўтиш ва ўз юртидаги футбол байрамидан роҳат олиш. Қатарда дам оладиган, саёҳат қиладиган ажойиб масканлар бор: оилам билан пляжга бораман, музей ва савдо марказларини айланамиз. Чўлга саёҳат! Чиройли бассейнлар, гольф ва футбол майдонлари, от миниш, шарқона таомлар... Лекин шундай бўлсада, Қатардан ҳайратланмайман, чунки дунё бўйлаб кўп жойларда бўлдим, Осиёда узоқ вақт ўйнадим. Англия ва АҚШдан кейин Шанхайга бордим. Кўчада 30 миллион одам юради, бир томонда умумий овқатланиш шахобчалари, бир томонда эса етти юлдузли «Мишлен» ресторани... Кейин Ҳиндистонга - «Жамшидпур» клубига бордим. Аэропортдан базагача уч ярим соатли йўл. Вақтдан унумли фойдаланиб, маҳаллий ўйинчилардан уларнинг маданияти ва ошхонаси ҳақида маълумот олдим.

Австралиянинг муҳим жиҳати

- Самоа - бу жаннат. Пляжлар, табиат, ороллар. У ерда телефон умуман керак эмас - шундоққина меҳмонхона олдида, қум устида ўтирасан, гольф ўйнайсан...

Умуман олганда, мен машҳур операси ва Харбор-Бридждек улкан кўпригига эга Сиднейданман. У ерда чиройли футбол стадионлари ва Австралия гран-прилари бор. Брисбен - бу гигант рифлар ва ажойиб гольф майдонларидир. Мен фақат каттта шаҳарларни санаб ўтдим, мамлакатимиз бепоён.

- Австралияга хос бўлган нималарни сизга тез-тез эслатиб туришади?

- Ҳар бир жаҳон чемпионатлари ва халқаро турнирларда австралияликларга грилда пишган қисқичбақалар ҳақида гапиришади.

- Кенгурулар-чи?

- Кенгуру - менинг лақабим. Бунга баланд сакрашларим ва бош билан урилган голларим эвазига эришганман. Ота-онамни зиёрат қилгани келганимда кенгуруларни кўп кўраман. Шаҳардан ташқарида жуда тез-тез учрайди, уларнинг ҳеч кимга зиёни етмайди.

- Терма жамоангизни Гус Хиддинк бошқарган. У ҳақда бошқаларга номаълум бўлган ниманидир биласизми?

- Бир гал у футболчилар билан гаров ўйнаганди: «Кимки 30 метрдан дарвоза устунини аниқ нишонга олса, бир шиша винога эга бўлади». Сўнгра сакраб турган тўпни тепиб, мўлжалга аниқ текказди. Ҳаммасини ҳисоб-китоб орқали бажарди ва сов­ғани қабул қилди. 2006 йилги жаҳон чемпионатида, Япония термасига қарши кечадиган ўйин куни эрталаб менга захирада ўтиришимни айт­ганди. Иккинчи бўлим бошидан туширди, мен иккита гол урдим ва биз 3:1 ҳисобида зафар қучдик. Гус ўйинчига қандай мотивация беришни яхши биларди.

- Охирги савол. Орзуингиз қандай?

- Фарзандларим орзуси рўёбга чиқишини истайман.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz