Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Шимоллик ноёб топилма Йенс Петер Хауге ҳақида...

Вундеркиндлар: Шимоллик ноёб топилма Йенс Петер Хауге ҳақида...

  02.11.2020 03:03
  0
  153
Вундеркиндлар: Шимоллик ноёб топилма Йенс Петер Хауге ҳақида...

Сўнгги пайтларда «Милан» ўзининг ажойиб ўйинлари билан мухлисларини хушнуд этмоқда. Эътиборга молик футболчилар орасида «россонерлар»нинг янги аъзоси, норвегиялик ёш иқтидор соҳиби Йенс Петер Хауге ҳам бор. Унинг «Боде-Глимт»дан трансфер қилиниши - оригинал танлов, демакки, ушбу ўйинчи ҳақида кўпроқ маълумот олишга ундайди.

Норвегия «Аталанта»си

«Боде-Глимт» - ажойиб жамоа. Унинг базаси жойлашган Боде шаҳри шимолий ҳудуд ҳисобланади. Маҳаллий шароит асосан чанғи спортига мос бўлсада, у ерда яхшигина футбол клуби тузишни уддалашган. Дастлаб жамоанинг номи «Глимт», яъни «яшин» бўлган, аммо кўп ўтмай, атамага ўзгартириш киритишга тўғри келган. Сабаби - қўшни шаҳарчада худди шундай аталувчи клуб бор эди.

Жамоа тарихида ўсиш ва паса-йиш даврлари кўп кузатилган. Вақти-вақти билан еврокубоклар йўлланмаси қўлга киритилган, ажабланарлиси, аксар ҳолларда рақиб сифатида Италия вакиллари тўғри келарди. Гўёки, камтар норвегияликларнинг топ-чемпионат жамоаларига тўқнаш келиши ноодатий ҳолдек туюлади, аммо «Боде-Глимт» Европа бўйлаб 7та (кўпинча қисқа) юришнинг тўрттасида «А» серия вакилларига тўқнаш келган. Ҳаттоки, евродебют (Кубок эгалари кубоги-1976|1977) ҳам «Наполи»га қарши ўтган. Бундан ҳам қизиғи, «Глимт» жорий мавсум Миланга сафар уюштиришдан аввал икки марта литваликлар тўсиғидан ўтди: дастлабки рақиб «Кауно Жальгирис» бўлди, кейингиси эса - Вильнюснинг «Жальгирис»и.

Бу мавсум «Боде-Глимт» учун ўзгача аҳамият касб этади. Ҳозиргача клубга Норвегия чемпиони бўлиш насиб қилмаган, ваҳоланки, тўрт марта (1977, 1993, 2003 ва 2019 йилларда) жамоа иккинчи ўринни эгаллаган. Айни пайт «олтин» деярли нақд. Шимолликлар 2-поғонадаги «Русенборг»ни нақ 18 очкога ортда қолдиришмоқда. Боз устига, «Боде-Глимт» 69та гол урган, бир ўйинга ўртача 3,45та тўп киритаётган бу жамоани Норвегия «Аталанта»си дейиш мумкин. Мазкур жамоанинг «Сан-Сиро»да ҳам сермаҳсул ўйин кўрсатгани бежиз эмас. Албатта, ушбу муваффақиятлар замирида кўпчиликка нотаниш бўлган мураббий Кьетиль Кнудсеннинг хизматлари ётибди.

«Гол}пас» тизимида «Боде-Глимт»нинг икки футболчиси пешқадам. 14}17 кўрсаткич билан 25 ёшли даниялик қанот ҳужумчиси Филип Цинкернагель (унинг кейинчалик қайси жамоага ўтиши жуда қизиқ) биринчи ўринда. Қаҳрамонимиз - «Милан»нинг 20 ёшли янги футболчиси Йенс Петтер Хауге эса 14}10 натижа қайд этиб, иккинчи бўлиб турганди.

Бир кўришда муҳаббат

Инсайдерларнинг бир овоздан таъкидлашларича, «Милан» Хаугени Европа Лигасидаги ўйиндан аввал ҳам кузатиб борган. Йенс Петтер Норвегиянинг катталар термасидаги дебютини яқиндагина, Миллатлар Лигасининг октябрь ойидаги беллашувларида нишонлади. Авваллари эса барча ёшдаги термаларда Эрлинг Холанд билан ёнма-ён тўп сурган. «Россонерлар»дан ташқари, Хаугега «Аталанта» ва «МЮ»дан ҳам қизиқиш бўлган, аммо бу клублар аниқ таклифлар билан чиқишмаганди.

Норвегиялик вундеркинднинг кучли жиҳатлари қайси? Табиийки, ҳужумнинг чап қанотида тўп сурадиган футболчи учун тезлик ва техника муҳим сифатлар саналади - Хаугеда бундай хусусият бор. Ундаги самарадорлик ҳам таҳсинга лойиқ: товони билан кутилмаганда берадиган паслари, чаққон «рулеткалар» ёки бироз танаффус қилиб, сўнгра алдаши... Ушбу футболчининг ўзига хос жиҳати сифатида скандинавларга хос совуққонликни кўрсатиш мумкин. Дарвоза рўпарасида пайдо бўлганда, Йенс Петтер тўпни тепишга шошмайди, хотиржам тарзда зарба йўллаш учун қулай фурсат туғилишини кутади, имкон яралганда эса тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб тўрга йўллайди. Пенальтиларни ҳам унга бемалол ишониш мумкин - ортиқча асабийлашиш бўлмайди.

«Милан»га қарши «Сан-Сиро»да кечган баҳс Хауге учун энг яхши реклама вазифасини ўтади. Йигитча порлади. Биринчи бўлимда самарали узатма муаллифига айланди, жарима майдончаси ичига аниқ пас йўллади. Иккинчи 45 дақиқаликда эса ёш иқтидор соҳиби гол ҳам урди, жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган зарбаси Доннаруммани чорасиз қолдирди. Асосийси, бутун учрашув давомида Хауге дриблингларни амалга оширишдан чўчимади, ажойиб ва кескин узатмалар берди - агар шерикларига маҳорат етишмовчилиги панд бермаганда, «Боде-Глимт» «Милан» дарвозасини уч, ҳатто тўртинчи марта ҳам ишғол қилиши ҳеч гап эмасди.

Бундай иштирокдан сўнг «Милан»да умуман шубҳа қолмади: бу футболчини қўлга киритиш керак. Хауге чап қанотда Анте Ребичга ўринбосар сифатида олинди. У ҳам худди хорватиялик форвард сингари ўнг оёқда тепади, шу оёғида зарба йўллаш учун марказга ўтишни ёқтиради. Унутмаслик керакки, Ребич, ўз навбатида, Ибрагимовичнинг ўрнини эгаллаши ҳам мумкин, шунда Хаугеда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш имконияти туғилади. Албатта, ушбу икки позицияни ёпишга қодир Рафаэль Леао борлигини ҳам унутмаслик керак.

Нимадир йўҚотадими?

Катта риск йўқ. Хаугенинг трансфери учун 5 млн. евро тўланди - «Милан» каби клублар учун улкан сумма эмас. Мабодо, йигитчанинг ўйини чиқмаса, бу муваффақиятсизлик 2017-2019 йилларда амалга оширилган омадсиз трансферлар соясида қолиб кетади.

Аммо шубҳалар ҳам йўқ эмас. Хаугега тажриба етишмайди, унинг Норвегия лигасидаги кароматини эса рақиблар даражасининг пастлиги билан осонгина изоҳлаш мумкин. Ҳа, Йенс Петтер «Боде-Глимт»да ҳар бир ўйинда ўртача 7,7та муваффақиятли алдаб ўтишни амалга оширарди, қойилмақом кўрсаткич, бироқ Италияда шунча бўш ҳудудга эга бўлмаслиги турган гап. Балки, бошланишига нисбатан енгилроқ чемпионатда тўп сургани маъқулмиди, дейлик, скандинавияликлар билан ишлашни хуш кўрадиган Эредивизиеда. «Специя»га қарши баҳсда «Милан»даги дебютини нишонлаган Хаугенинг асабийлашаётгани сезилди - бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Кейинги баҳсларда шу асабларни жиловлай олармикан?

Шунингдек, қаҳрамонимизда объектив камчиликлар ҳам бор. Тўпни ўзида кўп сақлайди, кераксиз дриблингларга бориши ёки очилган шеригини пайқамай, дарвоза томон зарба йўллаши мумкин. Ҳимояланиш масаласида ҳам ўрганадиган жиҳатлари бисёр. Оғирлик бўйича ҳам муаммо бор - 184 см бўйга эга футболчи атиги 70 кг. вазнга эга. Яккакурашларда анча қийналади.

Ниҳоят, ўзаро ўйиндаги ҳаракатларига қараб футболчи сотиб олиш тажрибаси хавотирга солади. Бу нарса 1990 йиллардаги «Милан»га хос бўлиб, тайинли натижа бермаганди - Дюгаррини ёки Клюйверт ва Давидсни эсга олинг. Дарвоқе, ўша йиллари норвегиялик нотаниш ўйинчи ҳам бўлган: «Тромсё»нинг марказий ҳимоячиси Стейнар Нильсен мавсум-1997|1998 учун сотиб олинганди. Нильсен ҳатто Италия кубогида «Интер» дарвозасига гол ҳам урган, бироқ умумий ҳисобда «россонерлар» либосида бор-йўғи 7та ўйин ўтказиб, мавсум якунлангач, клубни тарк этган.

Хаугенинг ҳолати нисбатан бар­қарор, йигитча кўпчиликнинг эътиборига тушиб улгурди, қолаверса, Пиоли бошчилигидаги жамоада ёшларнинг етарли эканлиги янги футболчининг таркибга киришиб кетишини енгиллаштиради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Милан» диққатга молик трансферни амалга оширди.

Д.ДАДАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz