«Навбаҳор»нинг россиялик бош мураббийи Андрей Канчельскис истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда клуб расмий сайти эълон қилди.
«Канчельскис «Навбаҳор»да 2018-2020 йилларда (танаффус билан) фаолият юритди. Канчельскис мураббийлигида «лочинлар» Суперлигада жами 40та ўйин ўтказиб, 12та ғалаба, 18та дуранг ва 10та мағлубиятни қайд этишди. Рақиблар дарвозасига 40та гол уриб, ўз дарвозаларидан 35та тўп ўтказиб юборишди ҳамда жами 54 очко тўплашди.
Андрей Канчельскис 2018 йилги мавсум якунланишига 7та тур қолганида, «Навбаҳор» бошқарувини Илҳом Мўминжоновдан қабул қилиб олиб, ўша мавсумдаги 7та ўйинда 3та ютуқ, 1та дуранг ва 3та мағлубиятни қайд этган ҳолда, жамоанинг турнир жадвалидаги 3-поғонасини сақлаб қолганди.
2019 йили эса наманганликлар 9-ўринни эгаллашди.
Андрей Канчельскис Москвага жўнаб кетганида, «Навбаҳор» 18та турдан сўнг, турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турганди.
Биз Андрей Канчельскисга «Навбаҳор»даги фаолияти учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ҳамда кейинги фаолиятида омад ёр бўлишини тилаймиз.
Энди жорий мавсум якунига қадар жамоамизни Нўъмон Ҳасанов бошқаради», – деб ёзади клуб расмий сайти.
Шунингдек, клуб матбуот хизмати истеъфо сабабларини ҳам изоҳлади:
«Сўнгги икки ҳафта давомида Наманганнинг «Навбаҳор» клуби атрофида турли мунозаралар ва баҳслар юзага келмоқда. Улардан асосийси эса жамоанинг россиялик собиқ бош мураббийи Андрей Антанасович Канчельскис атрофидаги баҳслардир. Бу ҳақда Россия ҳамда юртимиз оммавий ахборот воситалари (ОАВ)да турли мақолалар чоп этилди.
Жумладан, Россиянинг «Спорт 24» сайтига интервью берган Канчельскис «Навбаҳор»дан истеъфога чиқиши сабабини клуб томонидан маошларнинг ўз вақтида тўланмаганлиги, клуб раҳбарияти билан муносабатларида муаммолар юзага келганлиги ҳамда Наманган вилоят ҳокимининг алмашганлиги билан изоҳлаган.
«Навбаҳор» ПФК эса Андрей Канчельскиснинг истеъфога чиқарилиши сабабларини қуйидагилар билан изоҳлайди: жамоа натижалари салбий тус олганлиги (яъни, «Навбаҳор» унинг мураббийлигида сўнгги 9та ўйинда ғалаба қозона олмаганлиги), клуб раҳбарияти, ҳамкасблари ва мухлислар орасида ўзининг яхши мутахассис эканлигини исботлаб бера олмаганлиги, клуб раҳбарияти томонидан билдирилган огоҳлантиришларга эътиборсизлик қилганлиги, айрим ҳолатларда спиртли ичимликлар истеъмол қилганлиги ҳамда ушбу хатти-ҳаракатлари билан ўз обрўсига путур етказганлиги.
Ваҳоланки, жамоа бош мураббийи клубнинг юзи ҳисобланади. Андрей Канчельскиснинг ойлик маошларни ўз вақтида берилмаганлиги борасидаги фикрига тўхталадиган бўлсак, клуб раҳбарияти томонидан россиялик мураббийга маошлари берилганида у атайин, провокация уюштириш мақсадида маошни олишдан бош тортган.Бунинг сабаби эса энди ойдинлашмоқда. У бу ишни амалга ошириш билан «Навбаҳор» ПФКдан кўпроқ компенсация пули ундиришни режалаштирган.
Шунингдек Суперлиганинг 10-13-турлари марказлашган ҳолда, Тошкентда ўтказилганида, у спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда, 3-4 кунлаб хонасидан чиқмаган. Жамоа машғулотларини эса ёрдамчи мураббийлар ўтказишган.
Шунингдек, Суперлига 18-туридан ўрин олган, 1 октябрь куни Бухорода ўтказилган «Бухоро» – «Навбаҳор» (0:0) учрашувидан сўнг, клуб раҳбарияти томонидан жамоанинг қониқарсиз натижаларини таҳлил қилиш мақсадида жамоа мураббийлар штабига йиғилиш ўтказилиши борасида хат берилган. Бироқ россиялик мутахассис турли баҳоналарни рўкач қилган ҳолда, мазкур йиғилишга ташриф буюрмади.
Умуман олганда, Андрей Канчельскис жамоанинг «Бухоро»га қарши кечган баҳсидан сўнг, Наманганга ташриф буюрмай, клуб раҳбарияти ҳамда мухлислар орасига совуқчилик туширишга ҳаракат қилди.
Ваҳоланки, шу йилнинг 22 сентябрь куни клуб раҳбарияти, ходимлари, «Навбаҳор» жамоаси мураббийлар штаби ва футболчилари иштирок этган, клубдаги ички муҳит, жамоанинг сўнгги ўйинлардаги омадсизлиги сабаблари, ижтимоий тармоқларда «Навбаҳор» тўғрисида билдирилаётган турли фикрлар, шунингдек, жамоамизнин Суперлиганинг 17-туридан ўрин олган Қаршининг «Насаф» жамоасига қарши кечадиган ўйинига тайёргарлик бўйича масалалар муҳокама қилинган йиғилишда россиялик мутахассис клуб раҳбариятига «Навбаҳор»да жорий мавсум якунига қадар фаолият юритиш, жамоанинг мавсум якунидаги натижасидан келиб чиққан ҳолда, кейинги фаолиятига ойдинлик киритишга ваъда берганди.
Буни ўша йиғилишда қатнашганлар тасдиқлашлари мумкин. Лекин Андрей Канчельскис ўша ваъдаси, бундан ташқари, клуб раҳбарияти, хусусан, мухлисларга берган ваъдаларини бажармай, клуб раҳбариятини огоҳлантирмаган ҳолда, «Бухоро»га қарши кечган баҳсдан сўнг, Наманганга қайтмай, Россия пойтахти Москвага жўнаб кетди.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, россиялик мутахассисга клуб томонидан барча шароитлар яратиб берилганди. Лекин Андрей Канчельскис шунга яраша ижобий натижа қайд эта олмади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, россиялик мутахассиснинг нега истеъфога чиқарилганлигини билиш учун унинг мураббийлигидаги сўнгги 9 ўйин натижаси ҳамда турнир жадвалидаги ҳолатга назар ташлаш кифоя.
Буни футболдан хабари бор ҳар қандай мухлис яхши тушунади.
Хуллас, «Навбаҳор»нинг россиялик собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскиснинг клуб раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилишининг объектив ва субъектив сабаблари шулардан иборат. Бошқа ҳар қандай гап-сўзлар эса сафсатадан ўзга нарса эмас».
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20