Қайднома

Қидирув

Иван Йосович: «Совринли ўринлар учун охиригача курашамиз»

Иван Йосович: «Совринли ўринлар учун охиригача курашамиз»

  03.11.2020 09:09
  0
  329
Иван Йосович: «Совринли ўринлар учун охиригача курашамиз»

Бахтиёр Ашурматов мураббийлигидаги «Қўқон-1912» учун жорий мавсум кутилганиданда муваффақиятли ўтмоқда, десак муболаға бўлмайди. Ўтган икки мавсум жон сақлаш учун курашган жамоа бу йил сов­ринли ўринлар сари интилмоқда. Бу, албатта, клубда катта ҳажмдаги иш бажарилганини англатади. Ҳар бир турда рақибларига жиддий кураш тақдим қилаётган қўқонликлар ўзлари учун муҳим бўлган қимматли очколарни жамғаришмоқда. Етакчиларга қарши ўйинларда ҳам футболчилар дадил ҳаракат қилган ҳолда, етарлича қаршилик кўрсатишяпти. Албатта, мавсум якунланишига ҳали бир нечта тур бор ва хулоса чиқаришга эрта. Аммо жамоанинг бугунги кунда намойиш этаётган ўйини ва натижалари бизни шундай фикр юритишга ундамоқда. Оралиқда ҳаттоки, жамоанинг ўйинида маълум вақт пасайиш ҳам кузатилганига қарамасдан, тезда ўз даражасига қайта олди. Суперлига 21-туридан ўрин олган учрашувда ўз уйида АГМКни қабул қилган «Қўқон-1912» характер кўрсатган ҳолда, муҳим ғалабани тантана қилди. Гол Мурод Ҳолмуҳаммедов томонидан урилган бўлсада, қолган футболчилар ҳам ғалабага ўзига яраша улуш қўшишди. Ушбу учрашувдан сўнг жамоанинг сербия­лик ҳимоячиси Иван Йосовични суҳбатга чорладик. Легионер футболчи бу йил «Қўқон-1912» таркибидаги барқарор ўйинлари билан мухлислар эътирофига сазовор бўлмоқда. Унинг биринчи даврада урган голлари жамоасига зарур очколарни тақдим этганди.

- Иван, даставвал ғалаба билан табриклаймиз. Жамоа ўз майдонида одатдагидек яхши ўйин намо-йиш этди ва ижобий натижани қўлга киритди. АГМК билан кечган ўйин ҳақида нима дея оласиз?

Табрик учун ташаккур. АГМКни яхши билардик, кучли жамоа, яхши савиядаги мураббийга эга. Ўйинга бир неча кун давомида тайёргарлик олиб бордик, совринли ўринлар ва ОЧЛга йўлланма олиш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Худди шунингдек, рақиб ҳам. Бундай ўйинлар мухлислар учун ҳам қизиқ. Кўрдингиз, 90 дақиқа давомида фақат кураш кечди. Биз эса ўзимиз яратган вазиятдан фойдаландик ва гол урдик. Рақиб сафида Ҳусниддин Ғофуровда гол уриш учун қулай имконият юзага келганди. Ушбу вазиятда у гол урганида, балки АГМК ғалаба қозониб кетиши ҳам мумкин эди.

- Сизнингча, бу жамоанинг жорий мавсумдаги энг омадли ўйиними?

- Футболда ва бошқа спорт турларида омад муҳим аҳамият касб этади. АГМК билан баҳсда омад биз томонда бўлди. Умуман олганда, ўйиндан ўйинга кучайиб боришга ҳаракат қилаётганимизни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

- Навбатдаги турда жамоа сафарда «Насаф»га қарши ўйнайди. Рақиб ўз майдонида жуда яхши ҳаракат қилади...

- Тўғри, «Насаф» ўз майдонида тартибли ва шиддатли ўйин кўрсатади, таркибида ёш, шижоатли футболчилар кўп. Жамоани тажрибали мураббий бошқармоқда. Марко Станоевич қаршиликларнинг етакчи ўйинчиларидан бири саналади. Ҳар бир ўйинда майдонда 100 фоиз максимал куч билан ҳаракат қилишимиз лозим. Бизда учинчи ўринни қўлга киритиш учун имконият сақланиб қолган.

- Умуман олганда, Ўзбекистондаги дебют мавсумингиз сиз учун қандай ўтяпти?

- Ҳар бир ўйинда муросасиз кураш кечмоқда, очко учун барча жамоалар ҳаракат қилмоқда. Мен ва клубим учун мавсум яхши ўтяпти. Йўқотилган очколарни ҳисобга олмаганда, албатта. «Қўқон-1912»нинг юқори ўринларга кўтарилиши учун ёрам бериш бош мақсадим ҳисобланади. Ўзимнинг яхши ўйинларим билан барчада ижобий таассурот қолдирмоқчиман.

- Хўш, юртимиз билан тўлиқ танишиб чиқиш имкони туғилдими? Қайси шаҳарлар сизда ёрқин таассурот қолдирди?

- Карантин туфайли ҳали Ўзбекис­тон билан тўлиқ танишиб чиқмадим. Фақат жамоамиз билан ўйинларга борганда шаҳарни бироз томоша қилдим. Тошкент ажойиб ва чиройли экан. Самарқанд ва Бухоро ҳақида ҳам худди шундай фикрдаман.

- Суперлиганинг сўнгги 4 тури нейтрал майдонларда ўтказилади. Жамоа биринчи давранинг худди шу палласини жуда яхши ўтказганди...

- Пандемия сабаб биринчи даврада шундай бўлганди. Нейтрал майдонда икки жамоа ҳам бир хил шароитда бўлади. Мухлисларимиз бизнинг 12 ўйинчимиз ҳисобланади. Олдинда янада муҳим бўлган ўйинлар кутмоқда.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz