Қайднома

Қидирув

ЎзПФЛ: Муаммолар сабаби нима?

ЎзПФЛ: Муаммолар сабаби нима?

  03.11.2020 10:10
  0
  335
ЎзПФЛ: Муаммолар сабаби нима?

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев «Телеграм»даги канали орқали доимий равишда мухлисларни қизиқтираётган турли саволларга жавоб бериш баробарида ўзбек футболида рўй бераётгани муҳим воқеаларга ҳам алоҳида тўхталмоқда.

Coca Cola Суперлиганинг охирги 4та тури ҳақида

- Мухлисларда баъзи тушунмовчиликлар бор. ПФЛ расмий сайтида эълон қилинаётган материаллар қунт билан ўқиб чиқилса, клубларни бирор масалага мажбурий чорламаётганимизни тушуниш мумкин. Ҳозир мухлисларнинг маълум миқдорда стадионларга киришларига рухсат берилган. Шундан келиб чиқиб, охирги 4та тур учрашувлари «уй-сафар» тизимида ўтса, ПФЛ икки қўлини кўтариб, шу йўлдан юришга тайёр. Бироқ шунинг ўзи бир қатор жамоалар эътирозига сабаб бўлади. Мураббийлардан фақат Вадим Абрамов «уй-сафар» тизимида қолиш вариантини илгари сурди. Марказлаштирилган мусобақага ҳам бугун эҳтиёж йўқ. Чунки вилоятлараро қатновлар бемалол, самолёт, поезд ишлаб турибди. Август ойида эса ҳолат умуман бош­қа эди, йўллар ёпиқ, қатновлар тўхтатилганди. Тошкент шаҳар ва вилоя­тидан бошқасига эса 14та клубни ўринбосарлари билан қўшиб жойлаштиролмасдик. Бугун ПФЛ Тошкентга келмоқчи бўлаётган ёки ўз вилоятида қолишни истаётган клублар талабини бирдек қондиришга ҳаракат қиляпти. Майдонлар шундан келиб чиқиб белгиланди ва ҳали-ҳамон клублар билан ишланяпти. Водийнинг икки жамоаси ўзаро келишиб, учрашувни Сурхондарёда ўтказишни истаса, ПФЛ шунга ҳам тайёр. Аммо барчанинг талабини бирдек қондириш қийин. Чунки клубларнинг ҳаммаси «Пахтакор» стадионида ўйнашни истайди, «Бунёдкор» майсасини унча хушламайди. Водий ҳақида гап кетса, «Навбаҳор» майдони яхши, Қўқон ва Андижондагисини эса клублар ёқламайди. Йил бўйи ўз майдони ҳақида ақалли бир оғиз маълумот бермаган «Бухоро» ҳам, прожектор масаласида сўз очмаган «Сурхон» ҳам майдон танлайди ва ҳоказо. Айтмоқчимизки, овоз бериш ҳуқуқи ҳаммада бор ва ПФЛ шундан келиб чиқиб ишлайди. Демак, «ПФЛ ундай қиляпти, бундай қиляпти» қабилидаги гапларга ҳожат йўқ. Биз мухлислардан турли миш-мишларга эътибор қилмай, ПФЛ бераётган хабарларни охиригача ўқиш ва шундан кейин хулоса чиқаришни сўрардик. Ишонамизки, 2021 йил пандемиясиз бус-бутун ва шу вақтгача бўлганлари орасида энг қизиқарли чемпионатни ўтказамиз.

* * *

Кўп берилаётган саволлар...

- «Насаф» давлат улуши бор корхоналар томонидан молиялаштириладиган жамоаларнинг Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилаётгани сабаб, ОФК лицензиясини ололмадими?

- Йўқ, бу ёлғондан бошқа нарса эмас. Чунки ОФК лицензияси учун ҳужжатлар топширилаётганда, бу иш ҳали амалга ошмаганди. Шунингдек, АГМК, «Бунёдкор», «Локомотив», «Нав­баҳор», «Металлург» билан ҳам шундай ҳол рўй беряпти, аммо бу клублар ОФК лицензиясини олди.

- Рўзиқул Бердиев ПФЛ томонидан жазоландими?

- Йўқ, бу каби интизом чораларини ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси кўриб чиқади ва унинг қарор чиқарувчи органида ПФЛ вакили бўлмайди. Ҳар қандай тўғридан-тўғри қизил карточка иши шу қўмитага тушади.

- «Бухоро» — «Сўғдиёна» учрашуви ҳакамини ПФЛ ўзгартирдими?

- Йўқ, учрашувларга ҳакамларни ЎФА Ҳакамлар бўлими тайинлайди. ПФЛ учрашувларда ишлаганларга гонорар тўлайди ва клублар ҳакамлик бўйича шикоят ёзганида, ишни кўриб чиқиши учун ЎФАга оширади.

* * *

«Андижон»га таҚиҚ Қўйилди

- ФИФА «Андижон»га кетма-кет 3та трансферлар ойнаси учун тақиқ қўйди. Виталий Мирний олдидаги қарз вақтида бартараф этилмагани учун. ФИФА қарорига кўра, «Андижон» 2021 йилги мавсум учун қишки ва ёзги, шунингдек, 2022 йилгиси учун қишки трансферлар ойнасида янги футболчилар билан шартнома тузолмайди. Жамоа собиқ футболчи олдидаги қарзини узса, бу тақиқ олиб ташланади.

Эслатма: ФИФА яқиндагина «Шўртан»га 2021 йилги мавсумнинг қишки трансфери учун тақиқ қўйганди.

* * *

Муаммолар сабаби нима?

- Ажойиб формула бор, клубни «технично» хусусийлаштириб оласиз. Мухлислар бунинг тагига ҳеч қачон етолмайдилар. Кейин эса ҳокимиятни отамиз, қандайдир машина заводини онамиз, дейсиз. Барча учун вилоят футболини кўтариш йўлида ҳаракат қилаётгандек кўринасиз. Аслида эса, сизнинг томорқангизга сувни вилоят ҳокимияти етказиб туриши, бошқа бир корхона эса экинларга чиқим қилиб туриши шарт. Ёнингизга овози баландроқ бир-икки мухлисни қўшиб олсангиз, улар сизни совут каби ҳимоя қиладилар. Оламга жар солаётганларида, кимнингдир фирмаси эмас, вилоят футболи, дея гапиришади. Аслида хусусий клуб фақатгина унинг эгалари томонидан молиялаштирилиши керак. Бу ерда клуб вакиллари «ўз жунини давлат жуни билан аралаштиришлари» керак эмас. Мисол учун, «Оқ-тепа» ёки «Турон» катта клублар олдида жуда камтар. Аммо улар давлатдан тийин ҳам олмайди. Афсуски, ўз ёнидан чиқим қилаётганлар доимо давлат улуши бор корхоналар томонидан молиялаштириладиган катта акулалар оёғи остида қолиб кетаверадилар. Мана шу фикрларнинг ўзиёқ клубларни хусусийлаштириш нечоғли муҳимлигини кўрсатади. Чунки қаерда давлатнинг пули бўлса, ўша жойда унга эга чиқишни истайдиган одамлар топилади, албатта. Қайсидир клубда бугунга келиб, тахминан 4 миллиард қарздорлик бор. Албатта, клуб эгалари ушбу қарзни кимдир бўйнига олиши, ҳаммаси текис бўлишини исташади. Бироқ бу билан муаммо ҳал этилмайди. ОФК бежизга йилда 2 марта аудит текшируви талабини қўймайди. Яна бир масала, чиндан ҳам, вилоят футболи ривожи учун ҳаракат қилганлар ўша маконда яхши бир база қурмоқчи бўлишади, иқтидорли ёшлар сочилиб кетмасликлари учун академия ҳақида ўйлашади. Агар хусусий клуб давлатдан, давлат улуши бор корхонадан пул олиб, эвазига бир неча юз миллион турадиган футболчилар билан шартнома тузаётган бўлса, шунинг ўзиёқ шубҳага етаклайди.

* * *

«Сурхон»га муҳлат берилди

- ФИФА «Сурхон»га 45 кун муҳлат берди. Улгурилмаса, клубга 3та трансферлар ойнасигача тақиқ қў­йилади. Термизликлар сербиялик футболчи Владимир Бубанья иши учун товон тўлашлари керак. Унинг қолиб кетган маоши умумий 28 минг доллардан ошиқроқ ҳисоблаб берилган. Вақтида тўланмаган ҳар ҳолат учун - 5 фоиз пеня тўланади. Шунингдек, клуб шартнома бандларини вақтида бажармагани ҳамда футболчи уни бир томонлама бекор қилишга мажбур бўлгани учун «Сурхон» 46 минг долларга яқин компенсация тўлайди. Вақтида тўланмаган ҳар бир ҳолат учун бунисига ҳам 5 фоиздан пеня ёзилади. ФИФА ўзимизнинг сўмда ҳам тўланиши керак сумма ҳақида огоҳлантирган. Маълумот учун, Владимир Бубанья барча ишни регламент бўйича тўғри бажарди. У клубни икки марта ёзма равишда огоҳлантирди, иккинчисида ПФЛни ҳам бундан хабардор қилди. Шундан сўнг шартномани бекор қилди. Клуб эса футболчи ҳамда ПФЛ хатларига қарамай, ишни ўз вақтида ҳал қилмади.

* * *

Ҳокимдан хайрли ташаббус

- Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров «Турон» клуби ўз учрашувларини ўтказиб келаётган стадионнинг бўш ҳудудидан 100 ўринли футбол академиясини ташкил қилиш учун ер ажратиш бўйича таклиф тайёрлаш ҳамда вилоят ҳокимлигига киритиш кўрсатмасини берган. «Турон» клуби режасига кўра, академия ҳудудида 105х70 ўлчамли 4та катта майдон, 40х20 ўлчамли 4та мини-майдон, шу ўлчамли 1та футзал қопламаси ҳамда 20х10 ўлчамли 1та бассейн бўлади. Агар шу иш амалга ошса, моддий-техник база сифати бўйича Яйпандаги футбол академияси «Бун­ёдкор»дан кейинги ўринни эгаллаши мумкин. «Турон» ФК 120 ўринга мўлжалланган базасини қуриш ишларини ҳам бошлади. Иншоот келаси йилнинг апрель ойига тайёр бўлиши режалаштирилган. Мазкур базадан асосий, U-21 ҳамда U-18 жамоалари фойдаланади. Келаси йилга қадар «Турон» ўзи фойдаланиб келаётган стадионга 2000 люксли прожекторлар ўрнатиш режасини ишлаб чиқяпти. Маълумот учун, Ўзбекистонда «Бунёдкор» стадионидан бошқа бирорта арена прожекторлари қуввати 2000 люксга етмайди. Бу ОФК талабларига тўлиқ жавоб беради, демакдир.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz