Қайднома

Қидирув

Яхшибоевдан «хет-трик» + «пас» ва бошқа легионерларимизда нима гаплар?

Яхшибоевдан «хет-трик» + «пас» ва бошқа легионерларимизда нима гаплар?

  03.11.2020 10:50
  0
  343
Яхшибоевдан «хет-трик» + «пас» ва бошқа легионерларимизда нима гаплар?

Элдор нега ўйнамади? «Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродов аввалги ҳафта ўртасида Италия кубоги дои­расида «Катанзаро» клубига қарши кечган ўйинда майдонга тушмади. Бунга ҳамюртимизнинг сон мушагидаги кичик жароҳат сабабдир. Ўйин натижасига келсак, генуя­ликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Италия кубоги 4-раундига чиқишди. Элдор айни шу жароҳат туфайли 1 ноябрь куни «А» серияси доирасида «Сампдория»га қарши кечган «Генуя дербиси»ни ҳам ўтказиб юборди. Кутилишича, Шомуродов 8 ноябрга белгиланган «Рома» билан ўйинга қадар тикланиши мумкин.

Ўруновга вақт керак. Россиянинг «Уфа» клуби собиқ бош мураббийи Вадим Евсеевнинг айтишича, «Спартак»­да тўп сураётган ҳамюртимиз Остон Ўруновга  янги клубда ўзини кўрсатиши учун шунчаки, вақт керак. «Уфа» бошқа, «Спартак» бошқа. Демоқчиманки, Ўруновга озгина вақт керак. Унинг кучли тарафлари бор - тезкорлик, кучли дриблинг. Қисқаси, иқтидори баланд. Остон дейлик, Влашич савиясига чиқа оладими? Эҳтимол, лекин у ўйнаши керак», - деди Евсеев. Айтиш жоиз, жароҳатдан энди қутулган ҳамюртимиз ўтган шанба куни «Спартак» сафида жорий мавсум ҳисобидан 6-марта майдонга тушди. Бироқ москваликлар ўз майдонларида кутилмаганда, «Ростов»га ютқазиб қўйишди - 0:1. Боз устига, ўйинга 80-дақиқада қўшилган легионеримиз атиги 5 дақиқа ҳаракатланиб, яна жароҳатланди. «Спартак» бош директори Шамиль Газизовнинг маълум қилишича, ярим ҳимоячининг сони бироз лат еган ва жароҳат жиддий эмас: «Ўруновга нима бўлди? Шунчаки, сонининг орқа қисми бироз лат еди. Бахтсиз ҳодиса. Аслида у ўйинга тайёр эди. Бундай кўнгилсизликлар учраб туради. Умид шуки, унинг жароҳати жиддий эмас». Эслатиш керак, Остон Ўрунов Ўзбекистон миллий жамоасининг ноябрь ойидаги йиғинига чақирилган эди. «Тамбов» вакили Жасур Жалолиддинов эса, РПЛ 13-турида «Динамо» билан бўлган уй учрашуви (1:2)да майдонга тушгани йўқ. Дарвоқе, «Тамбов» президенти Арсен Габуев яқинда клубдан кетди. «Арсен Таймуразович ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Ҳозирча президент ўрнини ким эгаллаши ҳақида бир тўхтамга келмадик. Клуб президенти лавозими - бу штатдан ташқари жой. Шундай экан, янги президент умумий йиғилишда сайланади», - деди «Тамбов» бош директори Ольга Коновалова. Габуев 2018 йилдан буён «Тамбов» президенти ролида ишлаётганди. Россия Биринчи дивизиони вакили - «Нефтехимик» ўтган ҳафта 2та ўйинни ғалаба билан якунлади. Жумладан, «Краснодар-2» 5:0 ҳисобида доғда қолдирилган баҳсда Вагиз Галиулин иккинчи бўлимда майдонга тушиб, 54-дақиқада гол муаллифига айланди. Бобур Давлатов ҳам айнан иккинчи 45 дақиқаликда тўп сурди. 19-тур ўйинида эса «Нефтехимик» меҳмонда «Балтика»ни ягона гол эвазига енгди. Галиулин бу сафар 79-дақиқагача майдонда бўлди, Давлатов захирада қолди.

Ғаниев қутқарувчи ролида. БААнинг «Шабаб ал-Аҳли» клуби миллий чемпионат 3-туридан ўрин олган «Ал-Ваҳда»га қарши сафар ўйинида 1:1 ҳисобини қайд этди. Эътиборли томони, меҳмон жамоанинг голига ҳам­юртимиз Азиз /аниев муаллифлик қилди. У 73-дақиқада жарима зарбасини қойилмақом тарзда амалга оширгач, тўп тўсинга тегиб, дарвозага тушди. Муҳими, Азиз шу голи билан «Шабаб»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Айтиш ўринли, учрашувда тўлиқ вақт ҳаракатланган ҳам­юртимиз 62-дақиқада сариқ карточка ҳам олди. Айни пайт «Шабаб ал-Аҳли» 5 очкога эга. 3-тур доирасидаги «Ал-Айн» - «Шаржа» учрашуви 1:2 ҳисобида якунланди. Меҳмон жамоа ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров майдонда тўлиқ вақт давомида фаоллик кўрсатиб, 1та голга ассистентлик қилди. Отабек худди Азиз каби ҳакам томонидан огоҳлантирилди (90+2 дақиқада).

Тўпурарлар пойгасида интрига. Беларусь чемпионати Олий лигаси 25-туридан ўрин олган «Бельшина» - «Шахтёр» ўйини меҳмон жамоа вакили Жасур Яхшибоевга аталди. Ҳар ҳолда, солигорскликлар қолдирилган ўйинда мезбонларга айтарли имконият қолдиришмади - 5:1. Шу ғалаба ортидан турнир жадвали пешқадами БАТЭ билан очколар ўртасидаги фарқни минимал даражага пасайтирган (53га 52) «Шахтёр»нинг ўйиндаги 3та голи ҳамюртимиз номига ёзилди. 85-дақиқага қадар майдонда тиним билмаган Жасур қўшимчасига яна бир голга ассистентлик ҳам қилди. Шу тариқа унинг жорий мавсумдаги голлари сони 16тага етди. Айни пайт тўп­урарлар пойгаси пешқадами Максим Скавиш (БАТЭ) ҳисобида 17та гол бор. «Энергетик-БГУ» эса 23-турнинг қолдирилган ўйинида «Слуцк»га 0:2 ҳисобида ютқазди. Жамоа сафидаги Шаҳбоз Умаров тўлиқ 90 дақиқа ўйнаган бўлса, Ҳумоюнмирзо Иминов танаффусда ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди (у бўлим ўрталарида сариқ карточка олганди).

Ж.Кореяда нохушлик. Ҳамюртимиз Икром Алибоевнинг клуби - «Сеул» футболчиси Ким Нам Чун пойтахтдаги истироҳат боғларидан бирида ўлик ҳолда топилди. The Korea Times нашрида ёзилишича, полиция тахминига кўра, 31 ёшли футболчи ўз жонига қасд қилган. «Сеул»нинг натижасига келсак, жамоа ҳамюртимиз иштирок этмаган ўйин (27-тур)да «Инчхон»га имкониятни бой берди - 0:1. «Сеонгнам» - «Пусан И~Парк» ўйинида мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучишди. Майдон эгалари таркибида Жамшид Искандеров 90 дақиқа тўп сурган бўлса, меҳмонлар ҳимоячиси Достон Турсунов қайдномага ҳам киритилмади. Шунингдек, «Кванжу» вакили Рустам Ашурматов ҳам «Ульсан Хюндай» майдонидаги омадсиз ўйин (0:3) қайдномасига киритилмади. Қуйи лига 26-туридан ўрин олган «Чоннам» - «Ансан Гринерс» ўйини (0:0)да мезбон клуб футболчиси Олег Зотеев 65-дақиқада майдонга тушди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz