Қайднома

Қидирув

Қисқаси, «ёмон»да бу Пеле деганлари...

Қисқаси, «ёмон»да бу Пеле деганлари...

  05.11.2020 03:30
  0
  183
Қисқаси, «ёмон»да бу Пеле деганлари...

ПЕЛЕНИНГ ҲАЛИ ҲАМ ЗАБТ ЭТИЛМАГАН РЕКОРДЛАРИ. Яқинда 80 ёшли юбилейини нишонлаган, футбол оламига Пеле тахаллуси билан танилган Эдсон Aрантис ду Наcименто профессионал фаолиятини 1977 йилда якунлаганди. Объектив сабабларга кўра, кўплаб замонавий мухлислар умр бўйи Пеле ўйинини томоша қилиш имкониятига эга бўлмаганлар ва шунинг учунми,  футбол қиролининг буюклиги ҳақидаги ҳикояларни «кекса авлод эртакларидан бошқа нарса эмас» қабилида қабул қилишади одатда. Ҳа, замонавий футболнинг ўзига хос даҳолари бор - Лионель Месси ва Криштиану Роналду. Улар жуда кўп ютуқлар дафтарини қайта ёзишди, аммо Пеленинг баъзи рекордлари ҳаттоки, шу иккиси учун ҳам етишишнинг иложи йўқ баландлик бўлиб қолмоқда. Демак, Эдсон Aрантис ду Наcименто юбилейи шарафига footballhd.ru сайти маълумотлари асосида унинг ҳамон янгиланмаган рекордларини эсга соламиз.

Футбол тарихидаги энг ёш жаҳон чемпиони ва ЖЧ финалида гол урган энг ёш футболчи. Пеле 1958 йили Швецияда ташкиллаштирилган жаҳон чемпионатига Бразилия терма жамоаси сафидаги 17 ёшли ўсмир сифатида боради. Ўша мундиал гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган собиқ иттифоқ терма жамоасига қарши кечган баҳс (2:0)да ёш истеъдод биринчи марта майдонда бўй кўрсатади ва жаҳон чемпионати тарихидаги энг ёш футболчига айланади. Тўғри, орадан унча кўп ўтмай, 1966 йили Пеленинг жамоадоши, Эду лақаби билан машҳурлашган Жонас Эдуардо Aмерико футбол қиролининг ёш бўйича жаҳон чемпио­натига тақдим қилган рекордини янгилайди ва «заявка»га кирган биринчи 16 ёшли ўйинчи мақомини олади. 1982 йилдан буён эса, 17 ёшу 41 кунлигида майдонга тушган Шимолий ирландиялик Норман Уайтсайд жаҳон чемпионатида ўйнаган энг ёш футболчи бўлиб турибди. У Пеленинг 1958 йили ўрнатган рекордини бирданига 6 ойга яхшилаган эди. Умуман олганда, 1958 йилдан ҳозирга қадар атиги 4 нафар футболчига жаҳон чемпионатида Пеледан ёшроқ пайтида майдонга тушиш насиб этган, холос. Лекин улардан ҳеч бири турнирда ғолиблик нашидасини сурмаган, ҳаттоки, жамоаси билан ярим финалга ҳам чиқмаган. Қисқаси, «селесао» Швецияда жаҳон кубогини ютган паллада Пеле 17 ёшу 249 кунлик эди. Демак, у ҳамон тарихдаги энг ёш жаҳон чемпиони ва турнир финалида ўйнаган энг ёш футболчидир. Бундан ташқари, Бразилия термаси ҳал қилувчи баҳсда шведларни 5:2 ҳисобида доғда қолдирганида, Пеле «дубль» қайд этиб, жаҳон чемпионати финалида гол урган энг ёш футболчига айланган. Оддий мисол, 2018 йили Россия мезбонлик қилган мундиалда Франция терма жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшган Килиан Мбаппе кўпчиликни ҳайрат кўчасига етаклади. Лекин у финал вақтида 19 ёшу 207 кунлик эди. Бу Пеле рекордидан жуда узоқда... Ҳаттоки, бу йўналишда иккинчи бўлиб турган италиялик Жузеппе Бергоми (1982 йилги жаҳон чемпио­натида 18 ёшу 201 кунлик бўлган) ҳам Пеледан анча орқада...

 

Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар. Балки қиролнинг мазкур рекорди бир неча йилдан кейин янгиланиши мумкиндир, аммо ҳозирча «селесао» тарихидаги энг яхши тўпурар мақоми ҳам айнан Пелега тегишли! Футбол қироли мамлакат миллий жамоасининг жами 114та ўйинида қатнашиб, 95та гол урган. Тўғри, ФИФA расмий равишда фақат 92та ўйинини тан олган, шунинг учун унинг 77та голи реестрга киритилган, холос. Ҳаттоки, шу ҳам ҳамон Пеленинг ҳужумчилари билан танилган терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб туришини таъминламоқда. Кейинчалик ўша буюк Ромарио «селесао» таркибидаги 70та ўйинда 55та гол урди, «сўйлоқ» Роналдо эса 98та учрашув ва 62та гол маррасида тўхтади. Бундан ташқари, Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши 10 нафар тўпурар рўйхатида ўртача кўрсаткич бўйича ҳам айнан Пеле пешқадам ролида. Унинг 1та ўйинига 0,84та гол тўғри келади. Айтиш ўринли, айни пайт Неймарда Пелени ортда қолдириш учун яхши имконият бор. У «селасао» таркибидаги 103 учрашувда 64та гол ҳосил қилди. «ПСЖ» юлдузи ҳозир 28 ёшда. Демак, яна бир неча мавсум юқори савияда тўп суриб, Пеленинг 77та голдан иборат шодасини янгилаши ҳеч гап эмас. Факт шуки, футбол қироли ҳозирча  «селесао»нинг энг яхши снайпери бўлиб қолмоқда. У яна Жанубий Aмерика миллий жамоалари тарихидаги энг яхши тўп­урар ҳисобланади.

 

Жаҳон чемпионати тарихидаги энг яхши ассистент. Пеле ўзининг шонли даврида нафақат гол уриш, балки заргарона тўп узатиш воситасида жамоадошларини қулай вазиятга чиқариши билан ҳам ажралиб турган. У 17 ёшидаёқ футболда элит IQ даражасига чиққанди. Бу Пеленинг ўз даврида (катта эҳтимолки, бутун тарихда ҳам) энг ижодкор ва ҳар томонлама ривожланган футболчи бўлганини англатади. Шуни назарда тутсак, жаҳон чемпионати тарихида энг яхши ассистент (шунингдек, турнир финалининг энг яхши ассистенти) мақоми ҳануз футбол қиролига тегишли эканлигида ажабланадиган томони йўқ. Умуман олганда, Пеле жаҳон чемпионати финал босқичида жами 10та голга ассистентлик қилган. Бразилиялик футбол афсунгарининг 7та самарали узатмаси 1970 йили Мексикада ташкиллаштирилган мундиалга тўғри келади. Ўшанда Пеле Италия термасига қарши кечган сўнгги ўйин (4:1)да 2та голга ҳаммуаллифлик қилиб, жаҳон чемпионати ҳал қилувчи учрашуви учун ҳам рекорд ўрнатганди. Ҳозирги замон футболчилари орасида Лио­нель Месси жаҳон чемпионати финал босқичидаги энг яхши ассистент ҳисобланади. Aргентиналик футболчи ҳисобида 6та самарали узатма бор, лекин у аллақачон 32 ёшни уриб қўйди ва катта эҳтимолки, Қатар-2022 мундиали аргентиналик юлдуз учун охиргиси бўлади. Леонинг Қатарга бориш-бормаслиги ва борган тақдирида нечта голга ассистентлик қилишини вақт кўрсатади ҳали.

 

Футбол тарихида «хет-трик»лар сони бўйича мутлақ етакчи. Пеле фаолиятидаги энг ёрқин рекордлардан бири. Aгарда фақат ФИФA, КОНМЕБОЛ ва бошқа футбол ташкилотлари томонидан тан олинган учрашувларни ҳисобга олсак, Пеленинг ҳисобида 92та «хет-трик» (!!!) бор. Бошқача айтганда, у 92та ўйинда 276та гол урган. Бу баъзи таниқли ҳужумчиларнинг бутун фаолияти давомида тўплаган умумий натижасидан ҳам баландроқдир. Пеленинг айниқса, 1958 йилги мундиалда Франция термаси, 1963 йили «Рок кубоги»да Aргентина термасига, шунингдек, Қитъалараро кубоги-1962да ўша машҳур Эйсебиоси бор «Бенфика» клубига тортиқ этган «хет-трик»лари алоҳида эътирофга лойиқ. 92та «хет-трик»нинг аҳамияти, шунингдек, ушбу рекорднинг ўзгариш истиқболини тушуниш учун 35 ёшли Криштиану Роналдуда «атиги» 56та, 32 ёшли Лионель Мессида эса 53та «хет-трик» борлигини айтиш кифоя. Бу рақамлар замондошларимиз учун фантастик ҳисобланади, аммо португалиялик ёки аргентиналик юлдуз футбол қироли рекордини янгилай олмаса керак, барибир.

 

Футбол тарихидаги ягона 3 карра жаҳон чемпиони. Пеле илк марта 1958 йили жаҳон чемпиони бўлган ва кейинги мундиалдаёқ, 21 ёшида икки карра мақомини олган. 1966 йили эса «селесао» Англияда ҳаттоки, гуруҳдан чиқолмайди, аммо атиги 4 йил ўтиб, Мексика-70 мундиа­лида яна тенгсиз эканлигини исботлайди. Футбол тарихида икки карра жаҳон чемпионига айланган атиги 20 нафар футболчи бор. Аммо 3 карра жаҳон чемпиони - танҳо Пеле. У ушбу натижани ярим асрдан буён ушлаб турибди ва гарчи бундай ютуқ эришиб бўлмайдиган натижа саналмасада, ҳозиргача ҳеч ким унга яқинлашиш уддасидан чиқмаяпти. Бу ҳам Пеленинг футболдаги алоҳида мав­қеи ва унинг буюклигини яна бир исботидир.

Р.S.: «Олтин тўп»лар сони бўйича етакчи. Буни ўқигач, муаллифга тош отиш ва мақолага нисбатан ғазабли изоҳ ёзишга шошилманг. 1995 йилгача «Олтин тўп» ҳақиқатан ҳам, фақат европалик футболчилар, 2007 йилгача эса фақат «кўҳна қитъа» клубларида ўйнаганларга берилган. France Football 2016 йили мукофот таъсис этилганининг 60 йиллигини нишонлаш баробарида тарихга мурожаат қилиб, агар мукофот ташкил топганидаёқ глобал мақомга эга бўлганида, уни яна кимлар қўлга олишлари мумкинлигини кўриб чиқди. Диққат қилинг, таҳлилга мувофиқ, аввалги даврда топширилган 39та совриннинг 12таси Европага дахли йўқ футболчиларга насиб этар экан. Янги «лауретлар» орасида Ромарио, Марио Кемпес, Гарринча, Диего Марадона (икки марта) ва Пеле (етти марта!) бор. Оддий айтганда, France Football таҳлили 1958, 1959, 1960, 1961, 1963, 1964 ва 1970 йилларда «Олтин тўп» футбол қиролига берилишини кўрсатди. Шубҳа йўқ, кўпчилик тўпланган «Олтин тўп»лар сони бўйича Лионель Месси расмий рекордчи эканлигини билади, унинг ҳисобида 6та «ҳайкалча» бор. Aммо агар ушбу мукофот учун бошидан барча миллат вакиллари ўртасида (футболчининг қаерда ўйнашидан қатъий назар, албатта) танлов йўлга қўйилганида, аргентиналик юлдуз учун бу борада Криштиану Роналду билан рақобат эмас, Пелега тенглашиш ҳаракати асосий маъно бўлармиди...?

Д.ДАДАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz