Қайднома

Қидирув

Санжар Рашидов: «Карантин суръатни пасайтирди»

Санжар Рашидов: «Карантин суръатни пасайтирди»

  06.11.2020 01:10
  0
  161
Санжар Рашидов: «Карантин суръатни пасайтирди»

Мана, Ўзбекистон Суперлигаси-2020 аста-секин поёнига яқинлашмоқда. Аввалги йилларда худди шу пайт чемпионатнинг охирги турларини кузатардик. Аммо баҳорги карантин тартиби ортидан юзага келган танаффус ҳамда тақвимнинг ўзгариб кетгани натижасида мавсум анча чўзилди. Қолаверса, биринчи давранинг якуний 4та тури марказлашган тизимда ўтказилгани жамоалар натижасига ҳам, футболчиларнинг жисмоний ҳолатига ҳам таъсир қилди, барибир. Бугунги суҳбатдошимиз - «Сўғдиёна» етакчиларидан бири Санжар Рашидов. У билан жорий мавсум ва охирги 4та турни нейтрал майдонларда ўтказиш режаси ҳақидаги фикрлари юзасидан гаплашдик.

- Санжар, суҳбатни кўпчиликни ўйлантираётган савол билан бошласак - «Сўғдиёна»нинг жорий мавсумдаги беқарорлигини қандай изоҳлаш мумкин?

- Менимча, жамоамиз натижаларига нисбатан беқарорлик иборасини ишлатиш ноўрин. Тўғри, кўплаб ўйинларда кутилган натижани қайд этолмадик, бунга асосан орада юзага келган карантин сабаб бўлди, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда, энди-энди ўйи­нимиз шакланаётган паллада катта танаффус бўлди. Умуман, кўзда тутилмаган тўхталиш фақат биз эмас, бошқа жамоаларга ҳам таъсир ўтказмай қолмади.

- Мавсум бошида интервью бериб, «Сўғдиёна»нинг аввалги йилгидан юқорироқ ўринга интилишини айтгандингиз. Мана, чемпионат тугаяпти, аммо мавсум стартидаги гапларингиз ўз тасдиғини топгани йўқ...

- Ҳа, йил бошида режалар улкан эди. Лекин чемпионатдаги танаффусдан кейин суръат бироз тушди. Қолаверса, Суперлигада рақобат анча ошганини ҳам унутмаслик керак.

- Демак, карантин «Сўғдиёна» ўйинига кучли таъсир кўрсатди. Шундайми?

- Шунчаки, режалар ўзгариб кетди. Лекин таъсир кўламини аниқ айтолмайман.

- Статистикага қарасак, жамоангиз карантингача 2та ўйинда ҳам ғалаба қозонолмади, кейин етакчиларни енгдинглар. Шундан сўнг натижалар яна пасайди. Бунга ички муҳит сабаб бўлмадими?

- Йўқ, муҳит жойида. Бизда аҳил жамоа шаклланган, ўзаро муносабат борасида муаммо йўқ.

- Жамоа ёзги трансферлар пайти бирор футболчи билан шартнома тузмади. Нима, ҳозирги таркиб идеалми ёки бунга моддий ҳолат имкон бермади?

- Бу саволга мураббийларнинг жавоб беришгани маъқул. Ҳар ҳолда, таркиб ва трансферлар масаласида бирор гап айтолмайман, бунга ваколатим ҳам йўқ.

- Сўнгги турларни нейтрал майдонларда ташкиллаштириш қарорига муносабатингиз қандай? Бу «Сўғдиёна»га салбий таъсир қиладими ёки ижобий?

- Менимча, тўғри қарор чиқарилди. Биринчи давранинг охирги турлари каби иккинчисида ҳам шундай бўлгани - адолатдан.

- Орзудаги ўзбек футболини қандай тасаввур қиласиз?

- Қизиқ савол. Менинг орзумдаги ўзбек футболида барча жамоалар болаларга катта эътибор қаратади, ҳар бир клуб ўз академиясига эга бўлади.

Оғабек САМИСОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz