Қайднома

Қидирув

«Қизил» лойиҳа ёхуд «МЮ» ва «Ливерпул»дан ўзгача ташаббус

«Қизил» лойиҳа ёхуд «МЮ» ва «Ливерпул»дан ўзгача ташаббус

  06.11.2020 03:30
  0
  297
«Қизил» лойиҳа ёхуд «МЮ» ва «Ливерпул»дан ўзгача ташаббус

Футболда ҳокимликни эгаллаш ниятида бўлган «Ливерпуль» ва «МЮ» АПЛ ҳамда Англия футбол ассосиациясига молиявий мадад қўлини чўзишга тайёр. Бу яширин пора эмасми, мабодо? Британияликлар азалдан эскилик тарафдорилар, айниқса, спорт соҳасида. Аммо айни пайт бутун мамлакат футболи янги инқилобий лойиҳа - «Катта сурат» (Project Big Picture)ни муҳокама қилмоқда.

ҒОЯ МОҲИЯТИ

Мазкур лойиҳа ташаббускорлари сифатида «Ливерпуль» (Fenway Sports Group хўжайинлари орқали) ҳамда «Манчестер Юнайтед» кўрсатилмоқда. Мана, уларнинг ҳамкорлик дастурлари:

*** АПЛ иштирокчилари сони 20тадан 18тага туширилади, ўз навбатида, Чемпионшип, Биринчи ва Иккинчи лигалар (учинчи ва тўртинчи дивизион)да 24тадан қатнашчи қолади.

*** АПЛ турнир жадвалида охирги 2та ўринни банд этган жамоалар Чемпионшипга тушиб кетади, 16-поғона эгаси Чемпионшип вакили билан элитада қатнашиш ҳуқуқини берувчи «плей-офф» баҳсларида куч синашади.

*** Лига кубоги ва Суперкубок учун ўйин бекор қилинади.

*** АПЛдан тушиб кетадиган клубларга ажратиладиган тўлов бекор қилинади.

*** ЕФЛ (АПЛдан бошқа барча профессионал лигаларни назорат қилувчи Англия футбол лигаси) 250 млн. фунт миқдорида бир марталик тўлов олади.

*** АПЛ даромадининг 25 фоизи ҳар йили ЕФЛ ҳисобига ўтказилади.

*** ФА (футбол ассоциацияси) йўқотилган даромадга компенсация сифатида бир марта 100 млн. олади.

*** АПЛнинг 9та клуби элитадаги узоқ муддатли иштирокка асосан, «имтиёзли овоз бериш ҳуқуқи»га эга бўлади. Ҳамма нарсанинг яралишига айнан шу банд сабабдир, балки. Қолган манфаатлар - шунчаки, ўз-ўзини ҳимоя қилиш.

*** Меҳмон жамоалар мухлислари учун чипталар нархи лимити чамаси 20 фунт атрофида қайд этилади, уларнинг сафарга чиқишлари субсидия қилинади, стадион сиғимининг 8 фоизи меҳмонларга ажратилади.

*** АПЛ тушумининг 6 фоизи юқори 4та лигадаги стадионларни яхшилаш йўлида сарфланади.

*** АПЛ даромадини тақсимлашнинг янги қоидаси амалга киритилади.

*** Аёллар профессионал лигаси АПЛ ва ФАдан ажратилади.

*** Ижара қоидалари ўзгаради, одатда августга белгиланадиган мавсум старти кечроқ муддатга сурилади.

Лойиҳа тарафдорлари катта ўзгаришларга коронавирус пандемияси пайти қийин аҳволга тушиб қолган қуйи дивизионлар клубларидаги молиявий муаммолар сабаб қўл урилганини таъкидлашмоқда. Шу мақсадда аванс сифатида 250 млн. миқдорида молиявий кўмак берилади (ўтган йилги йўқотишлар ўрнини қоплаш учун), кейин эса ҳар йили АПЛ даромадининг чорак қисми уларга ўтказилади. «Ливерпул»нинг собиқ ижрочи-директори, ЕФЛнинг ҳозирги раиси Рик Парри мазкур таклифни тўла қўллаб-қувватлади: «Бу барча клубларимизнинг узоқ муддатга ўзини тиклаб олишини таъминлайди. Умуман, Анг­лия профессионал футболини молия­лаштириш эҳтиёжи COVID-19 туфайли вужудга келган инқироздан аввал пайдо бўлганди».

 

МАХСУС ТАДБИР

Аммо айни пайт инқилобчилар сафи яққол тор - АПЛ, мухлислар, ОАВ ва ҳаттоки, ҳукумат аъзолари ҳам лойиҳага қарши чиқишди. Умумий фикрга кўра, ташкилотчилар шу тариқа бошқарувни эгаллаб олишга уринишмоқда, зеро, ушбу режа АПЛнинг «сараланганлар» мақомига эга бўлмаган клубларини ҳаёт учун зарур масалалар муҳокамасида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бундай масалалар қаторига телеҳуқуқлар шартномаси, молиявий қоидалар ва ҳаттоки, муайян шахснинг бирор клубни сотиб олишига рухсат бериши ҳам киради. Ўз навбатида, дастур амалга татбиқ этилса, топ-клублар устунликка эришади: тақвимни истаганча енгиллаштириш, шу тариқа даромадли ўртоқлик учрашувлари ёки Европа Суперлигаси сингари янги турнирлар манфаатини биринчи ўринга қўйиш мумкин. АПЛ томонидан берилган катта баёнотнинг умумий мазмуни: «Англия футболи сайёрамиздаги энг оммалашганидир, у ёрқин, тезкор ва рақобатбардош лигалар тузилмасига эга, шуни сақлаб қолиш даркор. Парри янги ғояни расман қўллаб-қувватлашда бироз шошди. Ҳа, қайсидир ўзгаришларнинг кенг муҳокамаси маъқулланади, аммо таклифларнинг аксарияти ўйинга салбий таъсир кўрсатиши мумкин».

Маданият, ОАВ ва спорт вазирлиги мутахассислари ушбу таклифни ёпиқ клуб тузишга уриниш мақсадида вужудга келган «парда ортидаги келишув» сифатида баҳолашди. Қўшимча сифатида барқарорлик, шаффофлик ва ҳалол рақобатнинг биринчи даражали эканлиги, уларни бекор қиладиган ҳамма ҳаракатлар чуқур хавотир келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлашди. Муассаса раҳбари Оливер Дауден мазкур ғояга танқидий кўз билан қарашини билдириб, агар у амалга ошса, Англия футболи бошқарув принципларини жиддийроқ назоратга олиш билан таҳдид қилди.

 

«ТЎҚҚИЗЛИК КЛУБИ»ГАҚАЙСИЛАР КИРАДИ?

Режа маъқулланиши учун уни АПЛ аъзоларидан 70 фоизи, яъни камида 14та клуб қўллаб-қувватлаши даркор. Ўзгаришлар туфайли Премьер-лига иштирокчилари сони камайиши инобатга олинса, лойиҳани қўллаб-қувватлайдиганлар кўп топилмаса керак (айниқса, турнир жадвалининг иккинчи қисмига жойлашганлар орасида). Аммо ташаббускорлар орасида камида 2та топ-клуб (жумладан, амалдаги чемпион ҳам) борлиги бундай имкониятга жиддий қарашни тақозо этади. Лойиҳачилар «кучли олтилик»даги қолган клублар («Арсенал», «Тоттенхэм», «Манчестер Сити» ва «Челси») ҳам ушбу ислоҳотни қўллаб-қувватлашига ишонишмоқда. Бундан ташқари, «Эвертон», «Вест Хэм» ҳамда «Саутгемптон» (АПЛда узоқ йиллардан буён қатнашаётганлар рўйхатида 9-11-ўринларни эгаллаб турганлар)га алоҳида мақом бериш режалаштирилмоқда. Эътиборлиси, шундай имтиёзга эга бўлувчилар рўйхатида Премьер-лигадаги иштироклар сони бўйича «Манчестер Сити»дан юқорироқ турувчи «Астон Вилла» ва «Ньюкасл» қайд этилмаган.

 

350 МИЛЛИОНЛИ ПОРА

Ислоҳот ЕФЛ тимсолида кучли тарафдорга эга, чунки у пандемия туфайли чуқур молиявий инқирозга учради. Тушунарлики, даромадни тақсимлаш борасидаги манфаатли тизим, бадавлат АПЛга кетадиган пул оқимининг бир қисми қуйи лигаларга тушиши  ЕФЛга маъқул тушади. «Етакчи клублар даромади Премьер-лига билан чекланади, Чемпионшипда эҳтиёткорликка катта эътибор қаратилмоқда, Биринчи ва Иккинчи лигалар эса молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда, - деди Парри. - Бизнинг режамиз ушбу муаммони ҳал қилишда кўмак беради». У мазкур фикрини тасдиқлаш учун статистикага мурожаат этди. Мавсум-2018|2019да ЕФЛнинг 72та клуби тўлов сифатида 146 миллион фунт олди, АПЛ эса Премьер-лиганинг 14та кучсиз жамоасига бундан 10 баравар кўп тўлади - 1,56 миллиард! Парашют тўлови (элитани тарк этадиган клубларга берилади) миқдори 246 «лимон»ни ташкил этди - бу Чемпионшип жамоалари пул айланмасининг учдан бир қисми демакдир. Қисқаси, лигалар ўртасидаги тафовут жуда катта, мувозанатни тиклаш учун эса дарҳол қандайдир чора кўриш лозим. Шундай экан, мазкур таклиф қабул қилинмаган тақдирда ҳам, унга муқобил вариант керак, барибир. Гап-сўзларга қараганда, даромадни янгича тақсимлаш тизими яқин келажакда амалиётга татбиқ этилади. Маҳаллий футбол федерацияси «бош­қарувни эгаллаш»ни маъқуллаши учун уни ҳам сотиб олишга уринишмоқда - «совға» сифатида бир неча 100 миллион. Ўзгаришларни жорий этишнинг эҳтимолий даври - мавсум-2022|2023. Агар ислоҳот амалга оширилса, АПЛ ҳаётидаги муҳим масалаларни ечиш учун 9та «танланганлар»дан 6та овоз олиш кифоя қилади. Яъни «кучли олтилик» бутун Премьер-лига бошқарувини қўлга олиб, маркетинг бўйича манфаатлари йўлида иш тутиши мумкин. Шунда қолган 12та клубнинг уларга бўйсунишига тўғри келади.

ЎЙИНЛАР СОНИ ҚИСҚАРИШИ МУҚАРРАР

Англияда Лига кубоги ва суперкубок учун ўйинни бекор қилиш ғояси муҳокама қилинмаётган бир паллада Россия ОАВ айнан шу масалани бош мавзу сифатида кўтармоқда. Ҳа, АПЛ иштирокчилари сони 18тага қисқартирилиши ҳақидаги хабарлар ҳам у қадар кескин янграмаяпти. Ўз навбатида, буларнинг бари бошқаларга нисбатан кўпроқ ўйин ўтказадиган топ-клублар учун улкан аҳамият касб этади. Ахир етакчилар ички чемпионатдаги 38та турдан ташқари, Лига кубоги ва мамлакат кубоги баҳсларида ҳам қатнашишлари керак. Бунга Чемпионлар Лигасидаги потенциал 13та (Европа Лигасида 15та) учрашув, миллий суперкубок, УЕФА суперкубоги, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўйинларини қўшинг. Оддий айтганда, клубларнинг бир йилда 60тагача ўйин ўтказишига тўғри келади. Юрген Клопп ўтган йилиёқ «Ливерпул»нинг Лига кубогида иштирок этишдан воз кечиши мумкинлигини айтганди. Гарчи ушбу гап амалга ошмаган бўлсада, «қизиллар»нинг мазкур турнирга бепарво эканликлари айни ҳақиқат. «Ливерпуль» ўтган мавсум чорак финал доирасида «Астон Вилла»га қарши кечган баҳсда майдонга ёшларни тушириб, Бирмингемдан 0:5 ҳисобидаги мағлубият билан қайтганди. Жорий йилги Лига кубогида эса аралаш таркиб 4-раунддан ўтолмади (пенальтилар сериясида «Арсенал»га имконият бой берилди). Францияда ҳам худди шунга ўхшаш йўл танланди - ёзда Лига кубоги бекор қилинди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz