Ҳамон ўз ўйинини тополмаётган айрим жамоаларни инобатга олмасак, етакчи бешлик вакиллари старт ҳаяжонидан фориғ бўлишди ва турнир жадвалида одатий кўриниш юзага кела бошлади. Яъни, шанба-якшанба оқшомларидаги беллашувларнинг аксарияти фаворитлар фойдасига ҳал бўлди.
Англия. Дебютантларга аталган тур
Тур баҳсларини бошлаб берган «Вулверхэмптон» - «Кристал Пэлас» қарама-қаршилиги майдон эгаларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Биринчи бўлим ўрталарида амалга оширилган икки гол ўйин тақдирини ҳал қилди.
«Шеффилд Юнайтед» - «Манчестер Сити» учрашуви эса меҳмонларнинг камтарона (1:0) устунлиги билан ниҳоясига етди. Тўғри, мухлислар Гвардиола шогирдларининг сермаҳсул ўйинларига кўникиб қолишган. Бироқ «шаҳарликлар» жуда кўп ҳужумлар уюштирган бўлишсада, мезбонлар дарвозасига фақат бир марта йўл топа олдилар. Ҳар ҳолда, муҳим 3 очко қўлга киритилди.
Манчестернинг иккинчи жамоаси - «МЮ» эса «Олд Траффорд»да «Арсенал»га имкониятни бой берди - 0:1. Мазкур ғалабадан кейин «тўпчилар» турнир жадвалидаги вазиятни бироз яхшилаб, 9-поғонага кўтарилишди.
«Ливерпул»нинг «Энфилд Роуд»даги «Вест Хэм»га қарши баҳси мезбонлар учун омадсиз бошланди. Клопп шогирдлари 10-дақиқада «болғачилар»нинг тезкор ҳужумини тўхтата олишмади. Лекин голни хотиржамлик билан қабул қилиб, ўйинни меҳмонлар ярим майдонига кўчиришди. Якунда Муҳаммад Салоҳнинг аниқ зарбаси эвазига танаффус арафасида мувозанат тикланди.
2-бўлим майдон эгаларининг устунлигида ўтган бўлсада, уни таблода ифода этишнинг иложи анчагача топилмади. Фақат 70-дақиқада майдонга тушган Жердан Шакири ва Диогу Жотанинг саъй-ҳаракатлари эвазига меҳмонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар кўпайди. Ниҳоят, португалиялик дебютант ўз жамоасига муҳим 3 очкони тақдим этадиган ғалаба голини урди.
Бёрнлига сафар қилган «Челси»нинг йирик ҳисобдаги (3:0) ғалабасида жамоанинг сенегаллик дарвозабони Эдуар Менди муҳим роль ўйнади. Бу учрашувда ҳам у ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади.
Пешқадамликни ўз қўлига олиш учун ажойиб имкониятни сақлаб қолган «Астон Вилла» қаторасига 4 ғалабадан кейин иккинчи мағлубиятини тан олди. Аниқроғи, унга қарши яхши тайёргарлик кўрган «Саутгемптон» ўйинни фаоллик билан бошлаб, танаффусга қадар 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Ингзнинг голидан кейин фарқ янада йириклашгач, меҳмонлар бироз хотиржамликка йўл қўйишди ва ўз дарвозаларидан 3та тўп олиб чиқишди. Голларнинг 2таси қўшимча вақтда урилганини инобатга олсак, «авлиёлар» ўша лаҳзаларни қай аҳволда ўтказишганини тасаввур қилиш қийин эмас.
7-турнинг сўнгги беллашувида «Лидс» майдонига ташриф буюрган «Лестер» сафардан ажойиб (4:1) зафар билан қайтди ва 15 очко жамғарган ҳолда чемпионга қўшни бўлиб олди. Шу кетишда Брендан Рожерс «тулкилар»нинг 2-мўъжизаси муаллифига айланиши ҳеч гап эмас.
Испания. «Реал» ўзига келмоқда
Мавсумни ўта суст бошлаган Ла Лига чемпиони ниҳоят ўз мухлисларига йирик ҳисобдаги (4:1) ғалабани туҳфа этди. Тўғри, аутсайдерлар сафида бораётган рақибни енгиш мақташга арзийдиган қаҳрамонлик эмас. Лекин бошқа томондан олганда, «қора гуруҳ»ни тарк этиш учун дебютант ҳар қандай жамоага қарши тиш-тирноғи билан курашиши аниқ. Хуллас, «Қироллик клуби» тиришқоқ меҳмонлар дарвозасини ҳар бўлимда 2 мартадан забт этди. Эътиборлиси, 1 йилдан кўпроқ вақтдан бери гол «ҳиди»ни унутган Эден Азар дастлабки голни ўз номига ёздириб қўйди.
«Севилья» ҳужумчиси ал Носирининг Бильбаода урган тезкор (9) голи 76-дақиқагача маҳаллий «Атлетик»дан устунликни таъминлаб турганди. Бироқ мезбонлар Муниаин ва Сансетнинг голлари эвазига баҳс тақдирини ўз фойдаларига ҳал этишди - 2:1.
Диего Симеоненинг «Атлетико»си Осасуна сафаридан ишонарли (3:1) зафар билан қайтди ва турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олди. Пешқадамдан 2та ўйин кам ўтказган «матрасчилар» карвонбошиликни қўлларига олиш учун яхши имкониятга эгалар. Аммо бунинг учун жамоа зафарли серияни давом эттириши шарт.
Туринда «Ювентус»ни маҳв этган (2:0) «Барселона» ички чемпионатда ҳанузгача ўз ўйинини топа олмаяпти. Бу гал Куман шогирдлари «Алавес» майдонидан жанговар (1:1) дуранг билан қайтишди. Чунки аввал ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқиб, кейин мувозанатни тиклашди. Шундан кейин ярим соат бир нафар ортиқча ўйинчи билан ўйнаган бўлишсада, ҳисобни ўзгартира олишмади.
Мавсумни муваффақиятли бошлаган «Гранада» «Леванте» билан (1:1), доимо еврокубоклар йўлланмасига даъвогарлик қиладиган «Валенсия» эса «Хетафе» билан сулҳ (2:2) имзолашга мажбур бўлишди.
Мусобақа етакчиси - «Реал Сосьедад» Вигода маҳаллий «Сельта» устидан йирик (4:1) ғалабани расмийлаштирди.
Германия. Етакчи ўзгарди
Турнинг дастлабки беллашувида «Штутгарт»ни қабул қилган «Шальке» танаффусга ғолиб сифатида йўл олган бўлсада, кичик устунликни сақлаб қола олмади. Меҳмонлар ўйинчиси Гонсалеснинг пенальтидан урган голи мувозанатни тиклади - 1:1. Дортмунд «Боруссия»си сафарда «Арминия»ни маҳв этишда қийинчиликка дуч келмади - Матс Хуммельснинг «дубл»и муҳим 3 очко тақдирини ҳал қилди. Шунингдек, «Бавария» ҳам «Кёльн»га қарши чемпионга хос виқор билан тўп суриб, танаффусга 2 тўп устунлиги билан йўл олди. Мезбонлар 82-дақиқадаги жавоб тўпи билан қаноатланишди. Шундан кейин мухлислар эътибори Менхенгладбахга қаратилди. У ерда маҳаллий «Боруссия» пешқадам - «РБ Лейпциг»га қарши майдонга тушди. Учрашувнинг 60-дақиқасида Вольф томонидан амалга оширилган аниқ зарба меҳмонларни мавсумдаги дастлабки мағлубиятни тан олишга мажбур этди. Жамоаларнинг ЕЧЛдаги сўнгги натижаларидан келиб чиқадиган бўлсак, «Реал»дек турнир қироли билан жанговар (2:2) дурангга имзо чеккан, боз устига, 3 очко тортиб олишига қўшимча дақиқалар халал берган «Боруссия»нинг «МЮ»дан 5та жавобсиз гол қабул қилган «РБ Лейпциг»дан устун келгани адолатли ечим. Хуллас, Гладбахдан қуруқ қайтган пешқадам нафақат чемпионни, балки «Боруссия» Дортмундни ҳам олдинга ўтказиб юборди.
Италия. Юбилейдаги тарихий зафар
Ҳа, ўзининг 123 ёшга тўлишини Италия гранди тарихий ғалаба билан нишонлади. Гап шундаки, мана шу ортда қолган 1 асрдан кўпроқ вақт давомида «кекса синьора» «Специя» билан 9 марта куч синашган, аммо бирор марта бўлсада, ғалабага эриша олмаганди.
Таъкидлаш жоизки, чемпионнинг енгилмас дебютантни таслим этиши ҳам осон кечмади. Тўғри, Альваро Мората 14-дақиқада ҳисобни очди. Бироқ майдон эгалари жавоб қайтаришни пайсалга солишмади ва мувозанатни тиклашди. Натижада томонлар дурангга рози бўлган ҳолда танаффусга чиқишди.
Иккинчи бўлимда Андреа Пирло бир қатор ўйинчиларни, жумладан, ўйинни соғиниб қолган Роналдуни майдонга туширди. Шундан кейин ташаббус меҳмонлар томонига ўтди ва Криштиану дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Тез орада Рабьо ҳисобдаги фарқни оширди. Кейин майдон эгалари ўз жарима майдончалари ичида ўйин қоидасини бузишгач, Роналду пенальтидан 2-голини урди - 1:4. Шу тариқа «Ювентус» 3-ўринга кўтарилиб олди.
Мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётган «Милан» ва «Сассуоло» ҳам навбатдаги ғалабаларини расмийлаштирдилар. Очиғи, 3 очкони қўлга киритиш ҳар икки жамоага ҳам осон бўлмади. Пешқадам Удинеда жиддий қаршиликка дуч келди. Кессиенинг 18-дақиқадаги голига мезбонлар 48-дақиқада жавоб қайтаришди. Ўйин меҳмонларнинг самарасиз ҳужумлари билан поёнига етаётган паллада тажрибали Ибрагимович ўзини кўрсатди - тўпни устидан оширган ҳолда, олис бурчакни нишонга олди - 1:2.
«Сассуоло» эса анчайин жиддий рақиб - «Наполи»дан сафарда устун келди. Кескин курашлар остида ўтган ўйиннинг иккинчи ярмида меҳмонлар пенальти ёрдамида ҳисобни очишди. Табиийки, майдон эгалари мағлубиятдан қутулиш мақсадида олдинга ташланишди. Бироқ ярим соатдан кўпроқ вақт ичида гол ура олишмади. «Сассуоло» қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида иккинчи тўпни «Наполи» дарвозасига йўллади ва мавқеини мустаҳкамлаб олди.
«Интер» ўз майдонида «Парма»ни енга олмай (2:2), қимматли 2 очкодан жудо бўлди. Лекин аслида ўша оқшом меҳмонлар ғалабага ҳақлироқ эдилар. Иккинчи бўлим бошланишида ҳисобни очган Жервиньо 62-дақиқада «дубл»ни расмийлаштирди. 2 дақиқадан кейин Брозович жавоб голини урди. Перишич эса қўшимча вақтдаги аниқ зарбаси билан жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди.
Голларга бой ва муросасиз кечган «Торино» - «Лацио» қарама-қаршилигида (3:4) қўшимча вақт ғолиб номини аниқлаб берди. «Қора гуруҳ»ни тарк этиш учун астойдил бел боғлаган мезбонлар 87-дақиқада учинчи марта олдинга чиқиб олишганди. Буни қарангки, қўшимча вақтнинг 5 ва 8-дақиқаларида римликлар 2та гол уриб, 3 очколик бўлишди. Футболга хос мини-мўъжиза.
Франция. «Монако»дан йирик ғалаба
Лига 1нинг навбатдаги тури фаворитлар устунлигида ўтди. «Ренн» ўз майдонида «Брест» устидан иродали ғалабага эришди. «ПСЖ» Нантдан, «Ницца» эса «Анже» майдонидан бир хил - йирик (3:0) ғалаба билан қайтишди. Фақат «Монако» ўз майдонида «Бордо» дарвозасига жавобсиз 4та гол урди. «Монпелье» ва «Мец» сафарда ягона гол эвазига «Сент-Этьен» ва «Ним»дан устун келишди. «Лилль» - «Лион» беллашувида голларни мезбонлар уришди - Бамба меҳмонлар дарвозасини ишғол этди, Челик эса автогол муаллифига айланди - 1:1. Шу омадсизлик туфайли чемпион яққол пешқадамга айланди.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20