Қайднома

Қидирув

Хулио Сенн: "Реал"дан намуна олинса арзийди”

Хулио Сенн: "Реал"дан намуна олинса арзийди”

  07.11.2020 09:09
  0
  370
Хулио Сенн:

Спортчилар, санъаткорлар ва шу соҳаларга алоқадор компанияларга ҳуқуқий, молиявий ҳамда иқтисодий масалаларда маслаҳат бериш билан шуғулланадиган Европадаги энг йирик Senn Ferrero Asociados Sports агентлиги бошқарув раҳбари Хулио Сенн La Galerna наш­ри таҳририятида меҳмон бўлди. Функционер фаолиятини 1990 йилда аудитор лавозимидан бошлаган бўлсада, биринчи навбатда, ашаддий мадридист ҳисобланади.

У болалигидан «сосьо» гуруҳи аъзоси бўлиб, 1999 йилдан делегат мақомида клуб Ассамблеяларида гуруҳ номидан иштирок этиб келмоқда. Лоренсо Санс ва Флорентино Перес даврларида клуб бош директори лавозимини эгаллади. Шунингдек, ашаддий мадридист учинчи минг йилликнинг дастлабки йилларида «Қироллик клуби»ни замонавий компания даражасига олиб чиққан «ХХI аср «Реал Мадрид»и лойиҳаси муаллифи. Бошқачароқ айтганда, Хулио Сенн агентлик касби билан шуғулланмаган ҳолда «кўҳна қитъа»да энг кўп шартномаларни ишлаб чиққан, баҳолаган ва тавсия этган мутахассисдир.

- Яқинда анъанавий бўлмаган мавсум ва унинг ортидан ёзги трансфер кампанияси ниҳоясига етди. Жараёнга қандай баҳо берасиз?

- Футбол мавсуми хусусида тўхталадиган бўлсам, мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, уни муваффақиятли ўтди, деб ҳисоблайман. Ла Лига ва испан клубларидаги пухта бошқарув тизими эвазига иқтисодий муаммолар ва сезиларли йўқотишлар четлаб ўтилди. Харидларга келсак, халқаро трансфер бозори қисқарди: ФИФА маълумотларига кўра, пандемия туфайли юзага келган инқироз таъсирида олди-сотдилар ҳажми 28 фоизга камайди. Анчагина келишувлар амалга оширилди, албатта. Лекин йирик трансферлар аввалги йилларга нисбатан анча камроқ бўлди ва трансфернинг арзонроқ вариантлари пайдо бўлди: гап ўзаро ўйинчилар алмашиш ва кейинчалик харид қилиш шарти билан ижарага олиш ҳақида кетмоқда. Тўғри, бу аввало клубларга зарар келтиради. Аммо пандемия камтар клублардан кўра грандларга кўпроқ зиён келтирди, деб ўйлайман.

- Буни изоҳлай оласизми?

- Ҳа, албатта. Улкан стадион ва кўпсонли мухлислар армиясига эга номдор клублар учун чипта ва абонементлар савдоси, шунингдек, аъзолик бадаллари муҳим даромад манбалари ҳисобланади. Стадиондан қўшимча фойдаланиш, экскурсиялар ва шунга ўхшаш тадбирларни қўшганда, умумий даромаднинг 30 фоизи айнан шу йўл билан олинади. Мисол учун, бизнинг «Реал» ҳар мавсумни 250 млн. евро атрофидаги тушум билан тугатарди. Ўтган мавсумга мўлжалланган чипталар сотилмай қолди, абонементлар қийматининг бир қисми қайтариб берилди... жорий мавсумда эса даромаддан бутунлай маҳрум бўлдик. Бундай шароитда клублар ТВ ҳуқуқлари савдосидан тушадиган даромадлар эвазига фаолиятларини давом эттирадилар. Грандлар даромадининг 30 фоизи телетрансляциялар ҳиссасига тўғри келади. Лекин камтарин жамоаларда бу кўрсаткич бюджетнинг 80 фоизини ташкил этади. Айнан шу сабабли инқироз зарари грандлар учун анча сезиларли. Испанияда амалга оширилган йирик келишувни эслай оласизми? Бизнинг лигамиздан бошқа чемпионатларга, айниқса, АПЛга футболчилар сотдик. Бироқ ўзимиз энди харидор эмасмиз.

­- Мана шу жиҳат лигамизнинг кун сайин заифлашиб бораётганидан далолатми?

- Йўқ, бу заифлашиб қолганимизни англатмайди. Ўтган мавсум футболимизда молиявий-иқтисодий назорат ўрнатилгач, клубларимиз ўта жиддий синовдан ўтишди. Бу тадбир даромадлари 20-30 фоизга қисқарган шароитда жамоаларнинг барқарорлиги қай даражада бўлиши ва молиявий ҳисоботга таъсирини аниқлаб берди. Маълум бўлишича, клубларимизнинг молиявий иммунитети аъло даражада. Ҳозир харажатларни камайтириш йўналишида кўпроқ ишлашимиз талаб этилади. Бу ҳам бевосита футболчилар билан боғлиқ. Чунки кутилаётган даромад клуб ғазнасига тушмасдан туриб, улар ўз мажбуриятларини адо этишлари лозим. Яна шуни унутмаслик керакки, айрим жамоаларда иш ҳақи учун сарфланадиган маблағ харажатларнинг 75 фоиздан кўпроғини ташкил этади. Айниқса, катта маош оладиган футболчиларда муаммолар юзага келиши мумкин. Иш ҳақининг харажатлардаги улуши 50 фоизга тенг бўлган «Реал»да бошқаларга намуна бўладиган қадам амалга оширилди. Футболчилар маошларини 10 фоизга камайтиришга қарор қилишди. Бундан ташқари, Ла Лигадаги ғалаба учун бериладиган барча мукофот пулларидан воз кечишди. Бу ҳам тежамкорлик. Ўйинчилар юксак масъулиятни намойиш этишди. Пандемия ҳолатидан хулоса чиқарадиган бўлсам, афсуски, бу уларнинг охирги моддий йўқотишлари эмас.

- Клуб фаолиятини қандай баҳолайсиз?

- Ўйлашимча, амалдаги бюджетни сақлаб қолиш учун клуб керакли чораларни кўрмоқда. Мутасаддилар янги харидларни амалга оширмасликларини айтишганди. Бу ўта ажабланарли баёнот бўлсада, улар сўзларининг устидан чиқдилар - ҳеч кимни харид қилишмади. Умуман, клуб бу йил аввалги йилдагидек ажойиб ишларни амалга оширмоқда. Бироқ олдинда қўллаб-қувватлашга муҳтож бир қатор юмушлар кутмоқда. Сармоя сарфлаш (стадиондаги қурилиш ишларидан ташқари) ва харажатларни тўхтатиш эвазига молиявий балансни тиклашга эришдик. Энди бу тежамкорлик самарасини бўлар-бўлмасга сарфлашга ҳаққимиз йўқ. Бозор қисқараётган бўлса, биз ҳам белни маҳкамроқ боғлаймиз.

- Айтинг-чи, ҳозир молиявий бар­қарор клубга эгамизми?

- Ҳа, шак-шубҳасиз. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун аввалги йил ҳисоботлари ва ҳозирги молиявий имкониятимиз билан қарздорлик миқдорига назар ташлаш кифоя. Клуб даромади кафолатланган лойиҳаларга сармоя киритиш услубига ўтмоқда. Уй билан айнан шу услубда шуғулланиш лозим... бундай дейишимнинг сабаби - жуда кўп уйларда ипотека кредити учун етарли бўлган маблағни ишлаб топа олишмаяпти. Клуб мавжуд воситаларни доимий даромад кафолатланган тақдирда сарфлаш жараёнига ўтмоқда. Менимча, «Реал»нинг молиявий ҳолати талаб даражасида. Алоҳида эътиборга молик ягона жиҳат шуки, таркибни янгилаш масаласига эҳтиёткорлик ва пухта ҳисоб-китоб асосида ёндашмоқ керак: одатда таркибнинг янгиланиши босқичма-бос­қич амалга оширилади. Аммо бу жараён 2-3 йил ичида ниҳоясига етиши тажрибадан маълум. Бизда эса стадионни таъмирлаш ишлари кетмоқда. Мана шу ҳолат вазиятни бироз мураккаблаштиради. Бироқ мен малакали мутахассислардан иборат бошқарув гуруҳи тўғри ечимни топишига ишонаман.

- Сўзларингиздан хулоса чиқарадиган бўлсак, Ла Лига ўз вазифасини талаб даражасида уддалаяпти...

- Молиявий назорат ва клублар барқарорлиги нуқтаи назаридан олганда, ҳа: катта-кичик барча жамоалар устидан доимий назорат ўрнатилган. Шунга қарамасдан, юксак савиядаги футболчиларнинг чемпионатимиздан кетиши жамоалардаги рақобатбардошликнинг нисбатан пасайиши, ТВ ҳуқуқлари баҳосининг тушиб кетишига сабаб бўлиши мумкин, деган тахминга олиб келади. Яқин ўтмишда Ла Лигада Месси, Неймар, Роналду ва Бэйл каби юлдузлар тўп суришгани боис, мусобақа турли мамлакатлардаги мухлисларни ўзига жалб этарди. Ҳозир шу футболчиларнинг қайсиси бор? Фақат Месси, унинг ҳам узоқ вақт ўйнашига кафолат йўқ. Ла Лига саҳнага барқарор клублар, лекин камсонли ноёб иқтидорлар билан чиқмоқда... Ўйлайманки, бу масалада футбол соҳасига алоқадор барча шахслар, жумладан, ҳукуматимиз раҳбарлари жиддий бош қотиришларига тўғри келади. Чунки Испания солиқ тизимидаги тартибсизликлар хорижий футболчиларнинг Ла Лигага қизиқишларини пасайтириб юборади, бу борада қўшни мамлакатлар билан рақобатлаша олмаймиз. Бундан ташқари, бизда қўшниларимиздаги каби мигрантлар учун қулай шароитлар яратилмаган. Қисқаси, солиқ миқдори Италиядагидек 25 эмас, 45 фоиз эканлиги давлат ғазнасига қанча фойда ва қанча зарар келтиришини ўйлаб кўришимиз керак. Ноёб иқтидорлар хорижга кетиб қолмоқда, бозор қисқармоқда. Қолаверса, спорт сайёҳлигига ҳам жиддий путур етмоқда. Ла Лига раҳбарияти бу масалада ҳукумат вакиллари билан кенгашиб, тўла-тўкис жавоб олди: яқин келажакда солиқ тизимида ўзгаришлар бўлмайди.

- Пандемия клубларнинг футболчиларга бераётган ҳайратланарли маошларига чек қўяди, деб ўйлайсизми?

- Инқироз клублар даромади турли манбалардан келиши ва ўйинчиларга юқори иш ҳақини кафолатлаш мумкин эмаслигини исботлади. Биз олинаётган даромаддан кўпроқ ҳақ бера олмаймиз. Футбол осмонида шерикларидан ёрқинроқ нур сочадиган ва кўпроқ маош оладиган юлдузлар доимо бўлган ва бўлади... аммо индустрия бозорни «пуфламаслиги» керак. Ўйлайманки, келажакда ўз ишини яхши биладиган спорт директорлари ва скаутлар катта саҳнага чиқишади.

- Даҳшатли футбол «пуфаги» пандемия туфайли «ёрилдими»?

- Ўйлашимча, инқирознинг таъсири сезиларли эмас. Чунки футбол индустрияси мустаҳкам эканлиги исботланган: пандемия даврида телетрансляциялар ҳуқуқи сақланиб қолганди. 3 ой давомида стадионларга бора олмай, уйда ўтирдик... кейин футболни телеэкранлар орқали томоша қилиш қизиқарли эканлиги ойдинлашди. Испанияда пулли каналлар қиммат эмас, учрашувлар аудиторияси кенгайиб кетди. Шу ўринда чемпионат тикланиши учун Хавьер Тебас елиб-югургани ва бор имкониятларини ишга солгани диққатга молик. Бунинг учун ундан миннатдормиз.

- «Барса»га жамоадан кетишини маълум қилиш орқали «инқироз»ни юзага келтирган Месси ҳақида қандай фикрдасиз? Можаро қай тарзда ҳал этилди?

- Жавобни саволингизнинг 2-қисмидан бошлайман: можаро Ла Лига учун ижобий якунланди. Жараён қандай кечди? Ҳар икки томондан жуда ёмон. Бошдаёқ футболчининг ёрдамчилари масалани нотўғри талқин этишди. Клуб бир амаллаб вазиятни юмшатди... қани кўрайлик-чи, январда томонлар қандай тўхтамга келишаркин. Шахсан мен Мессининг қолиши тарафдориман.

- Бу ҳолат клуб нуфузига таъсир этади, деб ўйлайсизми?

- Билмайман. Боиси, «Барса»нинг имиджи ҳар қандай футболчиникидан юқори. Менимча, клуб ва футболчи ўртасидаги келишмовчилик туфайли имиджга путур етиши мумкин. Бу борада «Реал» ақлли иш тутди: Роналду кетиш истагини билдирди, клуби билан келишувга эришди. «Реал» унинг баҳосини белгилади ва масала осонликча ҳал бўлди. Ўйинчини мажбуран ушлаб туришдан анча яхши вариант...

- Ёш иқтидорларни таркибга жалб этиш борасида «Реал» стратегиясини қандай баҳолайсиз?

- Ўйлайманки, Флорентино Перес фаолиятининг ҳар бир босқичига доимо ўзига яраша бизнес-режа билан ёндашади. Ҳозир юксак савиядаги иқтидор соҳиблари йўқлиги сабабли, уларни излаб топиш, тортиб олиш ва талаб даражасида тарбиялаш талаб этилади. Кейин улар ёрқин ўйин кўрсатишлари ёки кўрсата олмасликлари мумкин. Бироқ сир эмаски, бозорда 30 млн.га баҳоланган футболчи шунга яраша тўп суришига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шуни унутмайликки, «Реал» анчадан бери ёшларга ишонч билдирмоқда. Таваккал масаласига келсак, бир юлдузни 200 млн.га харид қилиб чув тушгандан, 8-10 нафар ёш иқтидорни тарбиялаш афзалроқ. Шу қоидага амал қилаётган «Реал» ўз тарихидаги 2-муваффақиятли босқични босиб ўтмоқда.

- «Реал»нинг ҳозирги таркиби 3та турнирда қатнашиш учун яроқли, деб ўйлайсизми?

- Ўйин сифати ва техник салоҳият жиҳатидан олганда, ҳа. Аммо ҳозир Европадаги айрим бадавлат клублар ўта кучли таркиб шакллантиришган. Кўпинча бу уринишлар ҳам наф бермайди. Аммо дурустроқ эътибор қаратилса, уларнинг ўйинчилари ҳам бизникидек навқирон ёшлардан иборат. Рақобат - тараққиёт гарови, у жуда муҳим ва керакли жиҳат. Биз мунтазам равишда ЕЧЛда зафар қуча олмаймиз. Шу сабабли тўхтамай ривожланаётган таркибни шакллантиришимиз шарт.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz