Қайднома

Қидирув

Триллернамо ҳаёт ёхуд АНСУ ФАТИ - ТУҒМА РЕКОРДЧИ!

Триллернамо ҳаёт ёхуд АНСУ ФАТИ - ТУҒМА РЕКОРДЧИ!

  07.11.2020 11:11
  0
  460
Триллернамо ҳаёт ёхуд АНСУ ФАТИ - ТУҒМА РЕКОРДЧИ!

Ҳали 18 ёшга тўлмаган бу футболчи ҳозирнинг ўзида 10тадан ортиқ ре­­-корд­ни янгилашга улгурди. Яна анча­-йин умрбоқийдек кўринаётган кўрсаткичларни қайд этди. Мана, қаранг:

- Ансумане Фати - Испания терма жамоасида гол урган энг ёш футболчи (17 ёшу 311 кунлик).

- Ансумане Фати - Ла Лига тарихида «дубл»га эришган энг ёш футболчи (17 ёшу 94 кунлик).

- Ансумане Фати - ЧЛда гол урган энг ёш футболчи (17 ёшу 40 кунлик).

- Ансумане Фати - «Камп Ноу»даги расмий ўйинда гол урган энг ёш футболчи (16 ёшу 318 кунлик)...

Шунингдек, яна бир қатор камтаринроқ рекордлари ҳам бор. Ҳа, янги мавсумнинг илк беллашувида нав­батдаги рекордни расмийлаштирган бўлмасада, 2та гол уриш баробаридан пенальти ишлагани билан мухлислар эътиборини ўзига қаратган Ансу Фати - туғма истеъдод, «Барселона» учун чин топилма. Бундай эффектли порлаш Лионель Мессидек даҳо тўп сурадиган жамоа учун - камдан-кам учрайдиган ҳолат!

Митти ҚишлоҚ вакоммунизм

Майдонда шунчалик юксак эътирофга сазовор бўлиб улгурган Ансу ҳаётда ўта камтар ва камгап йигитча. У футбол майдонида кимсан Лео Месси билан ёнма-ён тўп сураётгани, Испания шарафини ҳимоя қилаётгани ва «Камп Ноу»да голлар ураётганидан фахрланишини айтади, холос. Лекин Ансумане майдон ташқарисида ҳам кўплаб муҳим воқеаларни бошидан кечирган. Оддий айтганда, йигитча оғир шароитда яшаб, ёшига нисбатан анча барвақт улғайди. Ансу 1 ёшга тўлган 2003 йили Гвинея-Бисауда фуқаролар уруши бошланди. Шунда бўлажак футболчининг отаси Бори Фати оиласи билан Португалияга йўл олди. У аввалига янги мамлакат чемпионатининг қуйи дивизионларида бир неча йил тўп сурди, кейин ишсиз қолди. Шу аснода тақдир тақозоси билан Испанияга, Мариналеда қишлоғига кўчиб ўтди. Атиги 2500 киши истиқомат қиладиган Андалусия провинциясидаги бу мўъжаз қишлоқда кўҳна қасрлар, пляж ёки сайёҳларни ўзига жалб этадиган осори-атиқалар бўлмасада, у хорижда ҳам анча машҳур. Гап шундаки, Мариналеда анчадан буён коммунизм тузумида яшамоқда. Бир куни қишлоқ ҳаёти ва иш шароитидан норози ёлланма ишчилар қўлларига қурол олиб, ўзлари тер тўкадиган зайтун плантация­сини эгаллаб олишади. Андалусиядаги барча плантациялар қатори Мариналеда боғлари ҳам маҳаллий зодагонлар тасарруфида эди. Уларнинг бош соҳибаси - герцогиня Каэтана Фитц-Жеймс Стюарт исёнчилар билан судлашиб, охир-оқибат, 1200 гектар майдонни улар ихтиёрига топширишдан ўзга чора тополмайди. Қишлоқ мэри Хуан Мануэль Гордильо эса хусусий мулкчиликни бекор қилиб, кооперативлар ташкил этади. Айни пайтга қадар қишлоқ аҳолиси асосан зайтун ёғи ишлаб чиқариш ҳисобига ҳаёт кечирмоқда. Мариналеда ўз брендига эга эмаслиги боис, тайёр маҳсулот Италияга экспорт қилинади ва ўша ердан савдога чиқарилади. Қишлоқ аҳолиси бошпана билан таъминланган, янги турар-жойлар оқсоқоллар маслаҳати асосида бунёд этилади. Турар-жойнинг 1 ойлик ижара ҳақи атиги 15 еврога тенг. Қишлоқда 40 йилдан буён шу тузум ҳукмрон. Хуллас, Бори Фати Мариналеда ҳар бир оила бошпана ва иш билан таъминланишини эшитгач, дарҳол у ерга йўл олганди.

Тўғри, катта Фати қишлоқдаги ҳаё­тини тиланчилик билан бошлади. Ке­йинроқ кўчада мэр билан дуч келгач, касби ўзгарди. Яъни қишлоқ раҳбари уни дарҳол иш билан таъминлади. Шу тариқа Ансунинг отаси юк машинаси ҳайдовчисига айланди. Мавсум талабига биноан, Бори Фати чиқиндилар ва зайтун мевалари учун яшиқлар ташиш билан шуғулланарди. Фатилар оиласига Мариналедадан 10 км. узоқликдаги Эррера шаҳрига туташ аҳоли турар-жойидан бошпана беришди. Шундан кейин оила бошлиғи Ансуни футбол мактабига бериш ҳақида бош қотира бошлади.

 

Фантастик таассурот ва «Севилья» академияси

Эррерада миттигина «Пелотерос» футбол академияси фаолият юритарди. Бори у ерга 2 нафар ўғлони - Браим ва Ансуни олиб борди. Диққатга савозор факт: маҳаллий мураббий Перес Мина асли африкалик муҳожирнинг фарзандларини атиги 2 дақиқа ичида синовдан ўтказиб бўлди: тўнғич ўғил Браими анча иқтидорли, укаси эса ҳайратланарли даражада иқтидор соҳиби эди. «50 йилдан буён футбол ичида ишлаётган бўлсам, бундай болага дуч келган эмасман. Биз унга дарҳол либос ва бутса харид қилдик. Қандай ўйнашни ўргатишимизга эса, эҳтиёж йўқ эди», - деганди мураббий Ансунинг болаликдаги ҳаракатлари ҳақида. Андалусиядаги бошқа барча академиялар каби «Пелотерос» ҳам «Севилья» билан доимий алоқада эди. Ака-ука Фатиларга тез орада марказдан чорлов келди. Жамоа мутахассисларининг ҳайрати Эррерадагидан кам бўлмади ва иккисини ҳам зудлик билан «Севилья» академиясига олиб ўтишди. Айнан шу паллада кутилмаган воқеа юз берди. Ансунинг иқтидори «Севилья» чегарасидан ортиқ, деб ўйлаган «Пелотерос» мураббийи «Барселона»га қўнғироқ қилганди. Ўша пайт «Ла Масия»ни бошқарган Альберт Пуч воқеани ўзгача таърифлайди: «Уларнинг иккиси ҳам иқтидорли бўлсада, Ансу акасидан яққол ажралиб турарди. Буни кўргач, нимадир қилиш кераклигини англадим. Чунки болаларни «Севилья» академиясига олишга улгуришганди. Ке­йин бир неча марта Бори Фати ёнига бордим, ҳаттоки, шаҳарча мэри билан ҳам учрашдим. Уларга болакай, яъни Ансу «Барселона»да фақат футбол ўйнашни эмас, балки пухта билим олиш ва мукаммал улғайиш учун ажойиб шароитга эга бўлишини тушунтирдим». Пучнинг кучли таъсири остида Бори Фатининг «Барселона» таклифига розилик билдиргани нафақат «Севилья», балки «Реал»га ҳам ёқмади. Маълум бўлишича, «Қироллик клуби» ҳам Ансуга қизиқиб қолган ва унинг отаси билан музокара олиб борган. «Реал» ҳаммадан кўпроқ маблағ ва Мадриддан уй ваъда қилганди. Бироқ Вальдебебасга борганимда, ўғлимга муносиб бошпана йўқлигини тушундим. Барселонада эса барча шарт-шароитлар муҳайё этилганди», - дея изоҳ беради катта Фати ўз танловига. Хуллас, у кичик ўғлини «Ла Масия»га ўтказгач, «Се­вилья» бунга жавобан Испания футбол федерациясига шикоят ёзиб, Ансу ўз академияси тарбияланувчиси эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни топширди. Натижада ёш иқтидор соҳиби 1 йил бошқа жамоада ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Лекин болакай мусобақаларда майдонга тушмаслик шарти билан «Ла Масия»да қолди.

 

«Барселона» ва 3 нафар агент

10 ёшли Ансу Барселонага онаси билан йўл олди, Бори эса Мариналедада қолди. Тўғри, оила бошлиғи ҳар ҳафта улардан хабар олиб турди. Альберт Пучнинг фикрича, 1 йилга футбол ўйнашдан четлатилгани Фати ҳаётига фақат ижобий таъсир этди: «У академияга бирданига келгани йўқ. Аввалига уйида, ота-онаси ёнида қолиб, вақти-вақти билан базага келарди ва муҳитга аста-секин мослашди. Шу тариқа кўникиш борасида умуман муаммога дуч келмади - камдан-кам учрайдиган ҳолат. Кўпчилик ота-оналар фарзандларини мукаммал ҳисоблайдилар, қандайдир камчиликка йўл қўйганида, айбни мактабга ағдарадилар. Ансунинг йўриғи тамоман ўзгача. Ота-онаси қатъий интизомга ўргатишгани боис, йигитча ортиқча қийинчиликсиз янги турмуш тарзига мослашиб олди». «Барселона»га Диего Марадонани олиб келиш ва клуб вакилини Мессининг салфетка қоғозга ёзилган шартномага имзо чекишга кўндириш орқали Каталонияда юксак нуфузга эришган Хосеп Мария Мингелланинг ўғли Хосе Мингелла агент сифатида Ансуни ўз тасарруфига олди. Фати у билан 2019 йилнинг ёзига қадар ҳамкорлик қилди, кейин янги шартнома хусусида қийинчиликлар юзага келди. Мингелланинг назарида клуб талаб даражасида маблағ таклиф этмаганди. Шу боис у янги келишувни имзолашни чўзиб юборди. Натижада ҳужумчининг отаси Родриго Месси (Лионель Мессининг акаси)га мурожаат қилди. Шу аснода Родриго воситасида шартнома қисқа вақт ичида расмийлаштирилди. «Улар клубнинг арзимас имтиёзига кўнишди ва Родриго билан ҳамкорлик қила бошлашди», - дея изоҳ берганди Мингелла.

Мавжуд маълумотларга ишонсак, келишув чиндан ҳам, клуб манфаатларини кўзлаб тузилганди. Ансунинг 1 йиллик иш ҳақи 700000 еврога тенг бўлиб, ҳар мавсум 250000 еврога ортиб бориши кўзда тутилганди. Товон пули эса - 170 млн. евро! Футболчи асосий жамоага ўтгач, иш ҳақи 1 миллион еврога чиқади, йиллик ўсиш аввалгидек 250 минг даражасида қолади, товон пули бирданига 400 млн. еврога оширилади. Шартнома 2022 йилгача мўлжалланган, лекин клуб шартларни ўзгартирмаган ҳолда, яна 2 йилга узайтириш ҳуқуқига эга. Ўтган мавсум давомида «Барселона» Фатига оид бир қатор таклифлар олди. Дейлик, «МЮ» 100 млн. евро беришга тайёр эканлиги хусусида миш-мишлар тарқалди. Бироқ футболчининг отаси тафсилотларни ошкор этишни истамади: «Мени янгиликлар қизиқтирмайди ва ўғлимни «Барселона»дан бошқа жамоада тасаввур қилолмайман». Афтидан, болалигидан Мессига мухлислик қилган йигитча учун орзунинг ушалиши бойликдан муҳимроққа ўхшайди. Аммо ёзда яна бир кутилмаган бурилиш юз берди: Месси «Барселона»дан кетиш тадорикини кўра бошлади. Қайсидир босқичда бу аниқ юз берадиган вариантдек кўринди. Айни ўша паллада Фатилар оиласи яна клуб фойдасига қарор қилиб, Родриго хизматидан воз кечди. «Барселона» ва Месси ўртасидаги зиддият энг юқори нуқтасига кўтарилган палла - 19 август санасида Ансу Фати таниқли агент Жорже Мендешнинг мижозига айланди. Орадан 3 ҳафта ўтгач, клуб ҳужумчини асосий жамоага кўчирди ва шартномада кўрсатилган ўзгаришларни расмийлаштирди. Энди Фатининг баҳоси - 400 млн. евро. Аммо Мендешнинг бунга алоқаси йўқ, шунчаки, Родриго Месси имзолаган банд кучга кирди.

«Барселона» раҳбариятидаги тартибсизликни исботлайдиган ажабтовур жиҳат: клуб директори Гильермо Амор товон пули миқдорининг ошганидан мутлақо бехабар экан. Марҳамат, унинг «Вильярреал» билан кечган ўйиндан кейинги мулоҳазаси билан танишинг: «Ўйлашимча, қиймат кўтарилган. Бу ҳақда ОАВ орқали билдим. Келинг, яхшиси, бу мавзуни шу билан якунлаб қўя қолайлик». Ажабланарли томони, директор янгиликдан ОАВда хабар топган. Ваҳоланки, товон пули баҳосининг кўтарилгани ҳақида «Барселона» расмий сайти 23 сентябрь куни хабар берганди. Бундан ташқари, Жорже Мендешдек нуфузли агент товон пули салкам ярим миллиард еврога тенг ўта ноёб иқтидор соҳиби Жейдон Санчонинг «Боруссия»даги маошидан 10 баравар кам иш ҳақи олишига рози бўлса-я. Лекин вазиятни ўзгартиришнинг деярли иложи йўқ: «Барселона» Фатини 2024 йилнинг ёзига қадар арзимаган маош билан ушлаб туришни кафолатлаб бўлган.

Ансунинг ўзи эса бундай масалаларга умуман қизиқмайдигандек, гўё. У бор куч-қувватини аямаган ҳолда тўп сурмоқда, «Инстаграм»га Месси ва онаси билан тушган суратларини, «Барселона» либосида ўйнаётган лавҳаларини жойлашдан бўшамаяпти. Ҳа, Ансу Фатининг ижтимоий тармоқлардаги интервьюлари жуда зерикарли (ўйинларининг тамоман акси). Қўшимчасига, бу клубга нисбатан чексиз ҳурмати ва мукаммал тарбия намунаси. «Барселона» мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Аммо бундан 12 йил муқаддам шундай давр кузатилганди. Бироқ ҳар бир ноёб иқтидорнинг ўзига хос алоҳида йўли бўлишидан келиб чиқадиган бўлсак, бу икки даврни таққослаш ноўрин. Нима бўлганда ҳам, айни паллада ҳужумчи учун ҳам, клуб учун ҳам, ҳаммаси рисоладагидек кечмоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz