Қайднома

Қидирув

Зўрсан-ку, Златан!

Зўрсан-ку, Златан!

  08.11.2020 10:10
  0
  118
Зўрсан-ку, Златан!

«Милан» учун мавсум старти ҳайратланарли кечмоқда. 6 турда 5 ғалаба, 1 дуранг ва «А» серия пешқадамлиги. Аввалги турда «Рома» «россонерлар»нинг ғалабали сериясига барҳам берган бўлса (3:3), ўтган дам олиш кунлари Златан бошчилигидаги футболчилар меҳмонда «Удинезе»ни енгишди (2:1). Бу сафар ҳам Ибрагимович жамоаси жонига оро кирди.

*** Биринчи бўлимда жарима майдончаси ичида яхши очилди, тўпни ўзида сақлаб туриб, шериги Кессиени ажойиб пас билан таъминлади. Ивуарлик футболчи эса чиройли гол урди.

*** Ўйин охирида Ибрагимович яна катта саҳнага чиқди: рақиб ҳимоячиларидан илдамроқ ҳаракат қилган «қария» ғалаба голи муаллифига айланди.

*** Ибра - «А» сериянинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди: 6 турда 7та гол (Златан коронавирус ва жароҳатлар сабаб фақат тўртта ўйинда майдонга тушди). Эслатиб ўтамиз, бир ой аввал у 39 ёшга тўлганди.

*** «Милан»га январда келган швед «А» серия доирасидаги 22та ўйинда жамоасининг 23та голида қатнашди (17тасини ўзи урди, 6тасига ассистентлик қилди).

*** Златаннинг Италия чемпионатидаги сермаҳсул серияси 6та ўйинга етди. 1994 йилдан буён бундай кўрсаткични қайд этиш фақат икки футболчига насиб қилган. Мавсум-2000|2001да Андрей Шевченко ва 2012 йилда Ибранинг ўзи.

*** Ибрагимович ҳам шахсий, ҳам клуб рекордини янгилаши мумкин.

***

Златан «Удинезе» билан ўйиндан кейин камтарона фикр билдириб, шерикларини мақтади, чемпионлик ҳақида ўйлашга эрта эканлигини таъкидлади: «Чиройли гол урдим, аммо энг муҳими, ғалаба қозондик - бу гол уч очко масаласини ҳал қилди. Европадаги энг ёш таркиблардан бирига эгамиз, гарчи мен сабабли ўртача ёш кўрсаткичи бироз баландроқ бўлсада. Шерикларим ғалабага чанқоқлар - ҳам ўйинларда, ҳам машғулотларда. Улар сабаб ўзимни навқирон сезяпман. Ҳозирча ҳаммаси яхши давом этмоқда. Ҳар бир учрашув финалга тенг. Кўрамиз, мавсум охирида қайси ўринни эгаллар эканмиз».

***

Стефано Пиоли эса Ибрагимович шаънига мақтовлар йўллашдан тўхтамаяпти: «Скудетто? Златан хоҳлаганини гапириши мумкин. У жамоамизнинг асосий футболчиси. Унинг иқтидори туфайли атрофидагилар ҳам ёрқин кўринишмоқда. Ўйиндан ўйинга олға интиляпмиз - қийинчиликларни енгиб ўтяпмиз. Бугунгидек мураккаб баҳслар туфайли ўсишга эриш­япмиз». Шериклари ҳам Ибрагимович билан фахрланишади. Хусусан, Франк Кессие чемпион бўлиш учун Златаннинг ортидан эргашиш кераклигини айтди.

***

Рақобатчилар очко йўқотаётган паллада «Милан» ишончли тарзда уларни ортда қолдириши мумкин. Таркибида Златани бор жамоа бундан ҳам юқорисига қодир, албатта.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz