Таркибида ҳамюртимиз Темур Толипов тўп сураётган «Алай» жамоаси яқинда Қирғизистон кубоги соҳибига айланди. Ўшликлар финалда «Абдиш-Ата»ни ўйиннинг 36-дақиқасида урилган ягона гол эвазига доғда қолдиришди. Вақтида иқтидорли футболчи сифатида тилга олинган Темур Толипов ҳам ҳал қилувчи баҳсда фаол ҳаракатланиб, «Алай»нинг муваффақиятига муносиб ҳисса қўшди. Маълумот учун, Темур фаолиятининг илк босқичида «Пахтакор» ва «Навбаҳор»да чакки ўйнамаганди. Дейлик, у «шерлар» сафида ОЧЛдаги дебют ўйинидаёқ «Ал-Жазира» дарвозасига гол ургач, кўпчилик бизда яна бир келажаги порлоқ ҳужумчи етишиб чиқаётганини тахмин қилганди. Бироқ Толипов кейинчалик асосан жамоа алмаштириш билан овора бўлди. Мана, ҳужумчи охирги икки мавсумдан буён Қирғизистон чемпионати вакили - «Алай» сафида барқарор ўйин кўрсатмоқда. Қисқаси, бугунги суҳбатдошимиз қўшни юртда аввалги ҳолатини тиклашга уринмоқда. Тўғри, «Алай» ички чемпионатда муваффақиятсиз иштирок этди, кубок турнирида эса яхши ўйнаб, совринни ўзиники қилди ва 2013 йилдан буён давом этаётган нохуш анънасига чек қўйди. Гап шундаки, «Алай» мамлакат кубогида сўнгги марта бундан 7 йил олдин зафар қучганди. Ўз ўрнида 2015 йили жамоани ўзбекистонлик собиқ футболчи Андрей Власичев маълум вақт бошқарганини ҳам таъкидлаш жоиз.
- Темур, аввало, кубок турниридаги ғалаба ва соврин билан табриклаймиз. Бу «Алай» учун аҳамиятли ютуқ ҳисобланар экан. Келинг, суҳбатимизни жамоангизнинг кубок турниридаги иштирокига боғлиқ таассуротларингиз билан бошласак. Тушунарлики, айниқса, финал учрашуви таассуротлари эсда қолади. Зеро, ҳар қандай даражадаги ғалаба завқи бошқача бўлади...
- Табрик учун раҳмат. Жамоамиз «Абдиш-Ата»га қарши кечадиган финал учрашувига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрганди. Чунки ички чемпионатда натижамиз яхши бўлмади, шу сабаб ҳам, асосий эътибор ва кучни кубок мусобақасига йўналтирдик. Аслида пандемия туфайли жамоамизнинг кўплаб футболчилари умумий аҳволи яхши эмасди. Шунга қарамай, финалда фақат ғалабани кўзладик, бор кучни шу ўйинга ташладик. Мана, ҳаракатларимиз самараси ўлароқ, бош совринни қўлга киритиб, мақсадга эришдик. Умуман, рақиб жамоа ҳам кубокни ютишга муносиб ўйин кўрсатди. Муҳими, омад биз томонда бўлди. «Алай» 2013 йилдан буён Қирғизистон кубогида ғолиб чиқолмаётган экан. Шунинг учунми, мухлисларимиз бу сафар биздан фақат ғалаба кутишганди.
- Пандемия даврида клуб ва Қирғизистон чемпионатида қандай ўзгаришлар кузатилди?
- Ҳа, пандемия нафақат футбол, балки барча спорт турларига салбий таъсир ўтказди. Чемпионат баҳсларига тайёргарлик кўриш ва тикланиш анча қийин кечди. Ҳар сафар йиғинларда тайёргарлик жараёнини бошидан бошлашимизга тўғри келди. Мухлисларсиз ўйнаш эса икки ҳисса оғирлик туғдирди. «Алай» ажойиб мухлисларга эга. Уларнинг қўллаб-қувватлашларини ҳис қилган ҳолда, тетик ўйнардик. Охирги мавсумда бизга айнан фанатларнинг олға ундашлари етишмади. Аслини олганда, мухлисларсиз ўйнаш ҳар бир клуб учун - муаммо. Лекин илож қанча, вазият шуни тақозо этди.
- Айтингчи, яқин орада Ўзбекистон чемпионатига қайтишингиз мумкинми?
- Албатта, ниятим ҳам шу.
- Хўш, режалар қандай, таклифлар борми?
- Ҳа, 1-2та чорлов йўқ эмас. Агар яхшироқ вариант юзага келса, эҳтимол, кейинги мавсумдаёқ Ўзбекистонга қайтарман... Лекин ҳозирча аниқ гап йўқ.
- Сизнингча, Ўзбекистонда иқтидорли футболчиларнинг эрта йўқолиб қолишларига сабаб нима? Вақтида халқаро мусобақаларда ҳам ўзларини кўрсатган айрим футболчилар бугун ҳаттоки, Про-лигада ҳам ўйнолмаяптилар...
- Ўйлашимча, бизда ҳали ҳам таниш-билишчилик бор. Оддий мисол, Европада ёшларга ўзларини кўрсатишлари учун кенг имконият берилади. Ҳар ҳолда, битта хато туфайли футболчини таркибдан узоқлаштирмайдилар. «Бунёдкор» ва «Насаф» мисолида ёшларга қандай ишониш кераклигини кўришимиз мумкин. Бошқа гапим йўқ.
- Шахсан сизга «Пахтакор»да айнан нима етишмаганди?
- Ишонч ва вақт.
- «Пахтакор»даги фаолиятингиз ҳақида сўз борса, аввало, «Ал-Жазира» дарвозасига гол урганингиз ёдга тушади. 2016 йили таркиби ва молиявий ҳолати бугунгидек бўлмасада, жамоа ОЧЛ гуруҳ босқичида «Ал-Ҳилол», «Тракторсози» ва «Ал-Жазира» билан мардонавор курашиб, 10 очко жамғарган, кейинги раундга чиқиши учун атиги 1 очко етишмаганди. Таркиб ўзагини эса клуб академиясидан чиққан ёш йигитлар ташкил этишганди.
- Ҳа, бу - фаолиятимдаги унутилмас лаҳзалар... Чиндан ҳам, ажойиб ва аҳил жамоа йиғилганди. Йигитлар ўртасида чиройли муносабат шаклланганди. Ўша даврни унутиш қийин.
- Жорий йил «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги иштирокини кузатдингизми?
- Албатта, «Пахтакор» ўйинларини кўрдим ва жамоага чин дилдан мухлислик қилдим. Кутилмаган кичик хато мағлубият олиб келди. Ўйлайманки, «Пахтакор» кейинги мавсум халқаро майдонда бундан-да яхши иштирок этади.
А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20