Қайднома

Қидирув

Легионерларимиздан дараклар: Чемпионлик масаласи ҳали очиқ...

Легионерларимиздан дараклар: Чемпионлик масаласи ҳали очиқ...

  10.11.2020 01:10
  0
  437
Легионерларимиздан дараклар: Чемпионлик масаласи ҳали очиқ...

Марказий ўйинда «сариқ». Беларусь чемпионати Олий лигаси 28-турида олтин медаль учун курашаётган 2та жамоа ўзаро тўқнаш келди. Яъни турнир жадвалида 2-бўлиб турган Жасур Яхшибоевнинг клуби - «Шахтёр» Солигорскда БАТЭни қабул қилди. Ўйинда ҳисобни меҳмонлар очишди, мезбонлар эса, 81-дақиқага келибгина пенальти воситасида мувозанатни тиклашди - 1:1. Жасур Яхшибоев якунда ғалабани солигорскликлар томон оғдириши мумкин эди.
Бироқ аввалига ҳакам жарима майдонида ҳамюртимизга нисбатан ишлатилган қўполликдан кўз юмди, кейин у дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб, имкониятдан фойдаланолмади. Майдонда тўлиқ вақт ҳаракатланган Жасурнинг иккинчи бўлим ярмида сариқ карточка олганини ҳам айтиш ўринли. Ушбу натижадан кейин БАТЭ ­пешқадамликни сақлаб қолди (54 очко). «Шахтёр» ҳисобида эса 53 очко бор. Демак, Яхшибоев жамоасининг чемпион бўлиши учун БАТЭ охирги 2та турда очко йўқотиши керак. Шунда ҳам солигорсликлардан 2та ўйинда 100 фоизли натижа қайд этиш талаб қилинади. «Белшина» - «Энергетик-БГУ» ўйинида меҳмон жамоа рақибга асло имконият қолдирмади - 5:1. «Талабалар» сафидаги Ҳумоюнмирзо Иминов 55-дақиқагача тўп суриб, 1та гол ҳаммуаллифига айланди. Шаҳбоз Умаров эса 71-дақиқада захирадан ўйинга қўшилиб, «Энергетик»нинг охирги голини ўз номига расмийлаштирди.

Иккиси ҳам йўқ. Россия Премьер-лигаси 14-туридан ўрин олган «Тамбов» - «Ахмат» ўйини меҳмон жамоанинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Тамбовликлар сафига ижара келишуви асосида қўшилган «Локомотив» (Москва) ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддинов бу сафар ҳам захирада қолди. Шунингдек, «Спартак» ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов ҳам 14-турда майдонга тушгани йўқ. Ваҳоланки, «Спартак» бош директори Шамиль Газизов ўйиндан олдин ҳамюртимизнинг жароҳатдан қутулгани ва умумий гуруҳда тайёргарлик кўраётганини айтганди. Натижага келсак, москваликлар Екатеринбургда «Урал»га қарши ўйинда яна қимматли очколарни бой беришди - 2:2.

Ғаниев ой лауреати бўлишга номзод. БАА чемпионатининг октябрь ойидаги энг яхши футболчиси бўлишга номзодлар рўйхати эълон қилинди. Эътиборлиси, унда «Шабаб Ал-Аҳли» сафида тўп сураётган Азиз Ғаниев ҳам бор. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи маҳаллий биринчиликнинг 3-турида «Ал-Ваҳда»га қарши баҳсда чиройли гол муаллифига айланиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолганди. Аввалги ҳафта БАА элит дивизио­нида 4-5-турлар ўйинлари бўлиб ўтди. «Шабаб Ал-Аҳли» аввалига «Хата»ни 3:0 ҳисобида енгди. Азиз Ғаниев бу ғалабага 90 дақиқалик фаоллиги билан ҳисса қўшди. Дейлик, мезбон жамоанинг 3-голига айнан ҳамюртимиз ассистентлик қилди. Дубайликлар кейинги турда «Хаур Факкан» меҳмони бўлишди. Ҳамюртимиз 2:2 ҳисобида якунланган бу учрашувда тўлиқ вақт давомида майдонда бўлди. «Ал-Шаржа» ва Отабек Шукуровнингишлари жойида. Шаржаликлар аввалига ўз майдонларида «Ал-Дафра»га имконият қолдиришмади - 5:0 (Отабек Шукуров 61-дақиқада захирага олинди). 5-тур ўйинини «Ал-Жазира» майдонида ўтказган «Ал-Шаржа» ягона гол эвазига ғалаба қозониб, 100 фоизлик кўрсаткичини сақлаб қолди - 5та ўйинда 15 очко ва якка пешқадам. Отабекнинг «Жазира» билан ўйинда тўлиқ вақт тўп сурганини ҳам айтиш жоиз.

Тўхтахўжаев гол муаллифи. Қатар кубоги 4-босқичидан ўрин олган «Ал-Дуҳайл» - «Қатар СК» ўйини 1:0 ҳисобида якунланди. Мағлуб жамоа сафидаги Сардор Рашидов майдонга тушмади. Шунингдек, Одил Аҳмедов маълум сабабларга кўра,Хитой чемпионатининг навбатдаги тур ўйинини ўтказиб юборди. Шунга қарамай, унинг жамоаси - «Тянжин Тэда» сафарда «Хенан» билан баҳсда муроса кўчасини танлади (0:0). Хитой Биринчи лигаси 5-турида эса «Шеньян Урбан» ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев «Хуакайер» дарвозасини нишонга олди. Бу ўйин 2:2 ҳисобида якунланди.

Малайзия чемпионатида ўйнаётган Санжар Шоаҳмедов «Теренггану»нинг «Фелда Юнайтед»га қарши сафар ўйинида ўз ҳисобига гол ёзиб қўйиб, 3:0 кўринишидаги ғалабага ҳисса қўшди. «Теренггану» кейинги турда «Паханг»ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва Санжар бу сафар майдонда 89 дақиқа тиним билмади. Шоаҳмедов шунингдек, жамоасининг Малайзия кубоги чорак финалига олиб чиққан голга муаллифлик қилди. «Терренгану» нимчорак финал ўйинини ўз майдонида «Кучинг»га қарши ўтказиб, ҳамюртимиз томонидан 37-дақиқада урилган гол эвазига ғалабага эришди. Жамоа энди 12 ноябрь куни ярим финал йўлланмаси йўлида «Перак» билан куч синашади.

Элдор Шомуродов жароҳат туфайли «Женоа» - «Рома» баҳси (1:3) қайдномасига ҳам киритилмади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz