Қайднома

Қидирув

Бебош кечинмалардан ғолиблик туйғуси сари

Бебош кечинмалардан ғолиблик туйғуси сари

  11.11.2020 05:55
  0
  364
Бебош кечинмалардан ғолиблик туйғуси сари

Футболга алоқадор шундай ғалати ҳиссиёт борки, уни бошқаларга тўла-тўкис тушунтиришнинг иложи йўқ. Якшанба оқшоми ҳам бизда шу каби ҳолат кузатилди. Кун кеч бўлса ҳамки «ИнтерФутбол» учун мақола ёзилмади. Йўқ, ҳамма нарса тайёр. Мақола учун материал ҳам етарли. Лекин ишга киришмадик. Негадир «Лацио» - «Ювентус» баҳсидан кўнгил узолмай, уни охиригача томоша қилиб ўтиравердик. Учрашувнинг иккинчи бўлимида «Ювентус» шу қадар мўътадил тўп сурдики, ичимизда «Демак, «Лацио» гол уриши керак экан!» қабилида ҳиссиёт уйғонди. Гол тушмагур эса, «ҳа» деганда урилавермади. Шу ҳиссиёт оғушида сўнг­ги сонияларга етиб бордик. Гарчи Чиро Иммобиледек моҳир ҳужумчиси майдонда бўлмасада, «Лацио» гол урди. Бироз бепарво Андреа Пирло шунга яраша шароит яратди, яъни жамоасини ғалаба сари бошламади. Боз устига, Криштиану  Роналду жароҳатланди ва ажаблана-ажаблана майдондан чиқиб кетди. Бир кун аввал Антуан Гризманн пенальти тепишга ҳозирланар экан, Ғуломжон ака Ҳамидов «Дембелега бериш керак. Кўнглим сезяпти. Шу уролмайди!» - деган эди. Домладаги ҳиссиёт устун чиқди...

«Эвертон» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Гарри Магуайр «Истанбул»дан енгилгач, жамоа Оле-Гуннар Сульшердан узр сўраганини айт­ди ва «МЮ»нинг бу сафар 3 очко олишига ишонганини таъкидлади. Бу - Магуайрдаги ҳиссиёт. «Пахтакор»нинг «Бунёдкор» стадионида чемпионликни тантана қилмаслиги ҳақида Вадим Абрамов топшириқ берганини эса, ўйин якунлангач, «дубль» соҳиби Нурилло Тўхтасинов ҳаяжон ичра сўзлади. Жамоасидан жуда мушкул вазифани бажаришни талаб қилган Вадим Абрамовнинг кўнглидан нималар кечгани, уни қандай ҳиссиёт қуршаб олганини тушуниш мумкин. Нурилло Тўхтасинов узоқдан зарба йўллаганида, Ҳожиакбар Алижонов кетма-кет сариқ карточка олганида, Жалолиддин Машарипов қизил карточкага муносиб мушт туширганида ҳиссиёт ғолиб эди. Шу ҳиссиёт «Бун­ёдкор»нинг ғалабасига замин ҳозирлади. Рим Туринга яна ютқазишни истамагани каби терма жамоамиз бош мураббийи ҳам «шерлар» устидан қозонилажак ғалабага тобора тўкилиб бораётган обрўсини сақлаб қолиш воситасидек қарагандир. Вазиятдан усталик билан фойдаланиш, «ётиб қолгунча, отиб қол» деганлари шу! Албатта, бу каби ҳиссиётлар учун «Лацио» ва Симоне Инзаги, «Бунёдкор» ва Вадим Абрамовни айблаш ноўрин. Гоҳо-гоҳо бошқаларда ҳам бош кўтариб туради бундайин бебош кечинмалар.

Бебош кечинмалар нима ўзи? Футболда кечинмаларнинг ўрни қандай? АПЛ, Ла Лига, Бундеслиганинг янги мавсуми кўрсатиб турибдики, футболда тактика ва туйғу ўртасида қизғин кураш кечмоқда. «Барселона» ва «МЮ» ўйинларида туйғу тактикани нари сурмоқда. Бошқарувсиз кечинмаларни ғолиблик туйғусига айлантириш учун Рональд Куман ва Оле-Гуннар Сульшер ҳам анча-мунча тер тўкишади. Бу борада Бундеслига етакчиларига ҳавас қилса арзийди. Қаранг, ёш Эрлинг Холанд жарима майдонида Антуан Гризманнга нисбатан совуққон ва тажрибалидек кўринмоқда. Биламиз, футбол завқ-шавқ, туйғулар ва эҳтирослар билан теран, жозибали. Бироқ жиловсиз туйғулар қурбонига айланиш ниҳоятда аламли. Ўз майдонида «Лилл»га 0:3 ҳисобида ютқазган «Милан»ни мухлислар шунинг учун ҳам тушунишмайди.

Бебош ва тийиқсиз кечинмаларни ғолиблик туйғусига айлантириш футболда энг муҳим жараён ҳисобланади. 20-30 ёш орасида туйғулар тўлиб-тошади ва футболчини ўз измига бўйсундиради. Бундай вазиятда руҳан бақувват мураббий жамоани бир маромда бошқаради. Вадим Абрамовда айни мана шу жиҳат кўпинча муаммо туғдиради. «Пахтакор» бизнинг стадионида чемпион бўлмаслиги керак», - дейиш катта мураббийга хос бўлмаган хулоса. Бошқача айтганда, шунчаки, эҳтиросга берилиш. Миллий жамоамиз манфаатлари бу каби руҳий ёндашувни кўтармайди. Бош мураббийнинг Жасур Яхшибоев ва Сардор Рашидовга муносабатида ҳам ҳиссиётнинг таъсири сезилди. Унутмайликки, мундиал йўлланмаси ғолиблик туйғусига кулиб боқади.

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz