Қайднома

Қидирув

Жараён: “Андижон”га нима бўляпти ўзи?

Жараён: “Андижон”га нима бўляпти ўзи?

  11.11.2020 08:00
  0
  445
Жараён: “Андижон”га нима бўляпти ўзи?

Сўнгги кунларда «Андижон» атрофида турли гап-сўзлар тарқалди, клуб ҳамон омма диққат марказида турибди. Демак, ҳафта давомида жамоа билан рўй берган воқеаларга эътибор қаратамиз.

«Озодлик» радиосига номи ошкор этилмаган манбанинг хабар беришича, 1 ноябрь куни Coca Cola Суперлига доирасидан ўрин олган «Сурхон»га қарши ўйиндаги мағлубият­(0:1)дан сўнг «Андижон» футболчилари клуб раҳбари Дониёр Муллажонов «одам»лари томонидан калтакланган. Мутасадди жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг истеъфога чиқарилгани ва ўйин­чилар билан жиддий гаплашиб олганини таъкидлади. «Футболчиларнинг дўппосланиши биринчи марта кузатилмаяпти, аввал ҳам шундай бўлганди. Айтишларича, клуб раҳбарлари ҳар бир мағлубиятдан сўнг вилоят ҳокимидан танбеҳ эшитишаётган экан. Биз ҳам ғалаба қозонишни истаймиз, бундай ишларни мушт билан ҳал қилиб бўлмайди», - деди «Андижон»нинг номи ошкор этилмаётган футболчиси. Манбанинг таъкидлашича, ўйинчилар жамоадан ҳайдалишдан қўрқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмасликни маъқул кўришган.

Eurosport ушбу мавзуда мақола тайёрлаб, унга «Реал ҳаётдаги «Газмяс» сарлавҳасини қўйди. Маълумот учун, Россияда «Наша Раша» номли теледастур бўлиб, унда «Газмяс» футбол клуби мураббийининг ҳар гал мағлубиятдан сўнг шогирдларини аёвсиз дўппослаши тасвирланарди...

Умуман, «Андижон» клубида бош мураббий истеъфоси кўп муҳокамаларга олиб келди. Аслида вазият қандай? Жамоа бош директори Дониёр Муллажонов бу борада алоҳида изоҳ берди. «Ҳа, Бахтиёр Ҳамидуллаев масаласи жуда кўп баҳсларни келтириб чиқармоқда. Бунга қандайдир қўнғироқ ёки кимларнингдир гап-сўзлари сабаб эмас. Бу шахсий фикрим. Зеро, Ҳамидуллаевга жуда кўп имконият яратиб бердик. Фикримча, у ижтимоий тармоқларга берган интервьюларида айтган гаплари билан ўзини вазиятдан олиб чиқмоқчи бўлди. Менга ҳам «Бу футболчилар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди» қабилида кўп мурожаат қилган. Мураббий шундай деса, футболчилардан нима кутиш мумкин? Мураббий масаласи жуда қалтис, чунки у қандай тарбия берса, руҳияти қандай бўлса, футболчилар шунга қараб ўзгаришади. Табиатан янгиликларга мойилман ва ҳаммага бир марта имконият бераман. Агар қўлидан келса, бажариши керак. Бу мен ёки Ҳамидуллаевнинг футболи эмас, Андижон халқи футболи! Ҳамидуллаев «Ишимга аралашишмасин, мураббий бўлсам, ўзим ҳал қиламан, қандай йўл тутишни ўзим биламан», дебди. Бу гаплар керак эмасди. Футбол - миллионлар ўйини, халқ ўйини, бу соҳада кичик хато ҳам қимматга тушиши мумкин. Қолаверса, мураббий мураббийлигини қилиши лозим. Жамоани қабул қилганимизда, Андижон футболи тарафма-тараф эди. Яъни футболчилар алоҳида, мураббийлар алоҳида, ходимлар эса алоҳида томонга ажралиб қолишганди. Бошланишида Ҳамидуллаевга ишонч билдирдик. Тўғри, у Андижон фарзанди, қолаверса, яхши ҳужумчи эди. Лекин аслида «Металлург» билан ўйиндан сўнг унинг жамоадан кетиши аниқ бўлганди. Чунки жамоани яхши тайёрлай олмагани учун ундан кўп нарса талаб қилмаслигимизни сўраганди. Айтишича, мураббийга аввал катта пул тўлаш, кейин натижа талаб қилиш керак экан. Ваҳоланки, Бахтиёр Ҳамидуллаев ҳали мураббийликда натижа қайд этмай туриб, ўзини юлдуз санамоқда. Андижон фарзанди бўла туриб, шундай дейиши - хато. Биз бундай инсон билан қандай ишлаймиз?

Жамоани қабул қилиб олгандан буён 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфладик. Ким учун? Ўзимиз учунми? Йўқ, халқимиз, Андижонимиз учун! Инсон ўз манфаатини биринчи ўринга қўяр экан, ҳаётда ҳеч нарсага эришолмайди. Пулдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор. Дейлик, Ватан туйғуси. Олдинги интервьюларда ҳам айтганман, бизга туғилиб-ўсган ви­лоя­ти шаъни учун жонини бериб ишлайдиган мутахассислар керак. Футболчилар масаласига келсак, йигитларни анча эркалатиб юбордик. Улар орасида йил охиригача белгиланган маошини олганлар ҳам бор. Шунга яраша натижа талаб қиламиз-да, албатта. Жамоа учун олдингидан яхши шароитлар яратдик, аммо кўряпсизки, натижа йўқ. Нима учун Андижонда футбол бўлмаслиги керак? Агар ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқармасак, яна эски тизим, эски фикрлаш ва эски ғоялар билан кетсак, футболимиз ривожланишдан тўхтаб қолади. Нега янги ходимларни ишга олдик? Янги инсон, янги ғоя, янги қон бўлишини хоҳладик. Четдан туриб ёзиш, фикр бериш, гапириш осон. Агар шу билан бирор нарса ўзгарганида, ҳозиргача ўзгарарди. Турли гап-сўзларга парво қилмайман, чунки шахсий фикрим бор. Мени барча тўғри тушунишидан умидворман. Эътиборимизни гап-сўзлар эмас, балки футболга қаратишимиз лозим. Олдинга юришда давом этамиз. Нима бўлган тақдирда ҳам, ортга чекиниш йўқ. Менга айримлар фикридан кўра, Андижон аҳлига берган ваъдамиз, уларнинг олдидаги вазифамиз муҳимроқ. Бош мураббий масаласига келсак, бу иш 99 фоиз ҳал бўлди. Худо хоҳласа, тез орада расман эълон қиламиз», - деди Дониёр Муллажонов.

Чиндан ҳам, «Андижон» раҳбари интервьюсидан ҳеч қанча вақт ўтмай, жамоага янги бош мураббий тайинланди - Отабек Ғуломхўжаев. Ушбу мутахассис дастлаб «Пахтакор» ва «Бунёдкор» академияларида ишлаган, кейинчалик 2015-2016 йилларда Ўзбекистон U-16 ўсмирлар термасида бош мураббий Темур Олимхўжаевга ёрдамчи сифатида фаолият олиб борган. Улар бирга мазкур жамоани 2016 йили Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати (U-16)га олиб боришган. 2018-2019 йиллар эса Ғуломхўжаев Ўзбекистон U-19 термаси бош мураббийи сифатида ишлади. Ушбу жамоа сафида «Андижон»нинг ёш футболчиси Фарҳод Соҳибжонов ҳам ўйнаганди. Отабек Ғуломхўжаев Ўзбекистон ёшлар термасидан истеъфога чиқарилгач, «Навба­ҳор»да селекционер мураббий вазифасини бажарди. Маълумот учун, Отабек Ғуломхўжаев 1982 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У футболчилик фаолиятида 2001-2002 йиллар айнан «Андижон»да тўп сурган. Афсуски, оғир жароҳат туфайли 20 ёшидаёқ бутсаларини михга илишга мажбур бўлган. «Навбаҳор»да таркибни ёшартиришга эришган ушбу мутахассисни «Андижон»га таклиф қилишдан мақсад - келгуси йиллар ёшларга катта имконият бериш ва улар билан ишлашни тўғри йўлга қўйиш.

Муносабат

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири биринчи ўринборсари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов sputnik интернет-наршига берган интервьюсида мазкур гап-сўзларга тўхталиб, «Сурхон» - «Андижон» учрашувидан сўнг бирор воқеа содир бўлганини эшитмаганини таъкидлади: «Йўқ, бу ҳақда ҳеч нарса эшитмадим. Агар нимадир рўй берганида, албатта, эшитардим. Бу нотўғри маълумот. ЎФА томонидан хизмат сафарига юборилган, ўйинни ташкиллаштирувчи шахс - комиссар бор. Агар нимадир рўй берса, у кўрган бўларди, албатта. Бундай воқеани кўрмай қолишлик - имконсиз. Агар шундай воқеа бўлганида, ўйин қайд­номасига ёзиларди. Ўйин протоколига эса бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz