Қайднома

Қидирув

“Милан”ни тетиклаштирган халоскор- Стефано Пиолини ҳақида гаплашамиз...

“Милан”ни тетиклаштирган халоскор- Стефано Пиолини ҳақида гаплашамиз...

  12.11.2020 04:40
  0
  342
 “Милан”ни тетиклаштирган халоскор- Стефано Пиолини ҳақида гаплашамиз...

Ҳа, Стефано Пиолини бемалол «Милан» халоскори сифатида эътироф этиш мумкин. Ҳар қандай вазиятда хотиржамликни бой бермайдиган Златан Ибрагимович ўтган мавсум «Сассуоло»га қарши ўйин арафасида ин­тервью берар экан, мухбирлардан одатий саволлар кутганди. Бироқ ита­лия­лик касбдошимизнинг луқмасидан кейин швециялик афсона бироз довдираб қолди. «Нима, Пиоли ростдан ҳам қоладими?» сўради ҳужумчи ишонқирамай. Ўша пайтдаги вазиятдан хулоса чиқарсак, «Милан» раҳбарияти мураббий билан ўртадаги шартнома муддати узайтирилишини кейинроқ эълон қилишни режалаштирганди. Бироқ Kicker нашрида чиққан мақола клуб мутасаддиларини шошилинч тарзда иш тутишга мажбур этди. Бу чинакам сенсация эди. Ахир анчадан буён барча илҳақ бўлиб кутаётган Ральф Рангникнинг Италия «А» сериясига юзланиши «футболдаги энг ёмон сир» мақомини олганди. Ҳар ҳолда, жамоатчилик германиялик мутахассис «Милан»ни жадал тараққиёт йўлига олиб чиқишини тахмин қила бошлаганди. Шу нуқтаи назардан айтсак, Стефано Пиолининг «Милан» бош мураббийи лавозимида қолганини тасдиқлаган хабар граната портлаши эффектини берди, гўё... footballhd.ru сайтининг қуйидаги мақоласи айнан Пиоли|«Милан» юксалиши ҳақида.

***

Кимдир ўйлаши мумкин: «Йўқ, миланликлар бундай қарорни энг сўнгги паллада қабул қилишган». Лекин факт шуки, кўпчилик февралнинг даст­лабки ярмидаги «Милан дербиси», «Ювентус»га қарши кечган Италия кубоги ярим финалини синчиклаб ўрганиб чиқиб, «Лацио», «Интер» ва «Фиорентина» клублари собиқ мураббийи «россонерлар»ни чиндан ҳам, инқироз кўчасидан ёруғ йўл сари бурганига ишонч ҳосил қилди. «Қизил-қоралар»нинг рестартдан ке­йинги ўйинлари эса, Пиолининг фао­лиятига оид барча шубҳа-гумонларни бутунлай тарқатиб юборди.

***

2020 йилги «Милан» - умумий кўрсаткичлар бўйича «А» сериянинг учинчи жамоаси. Мана, жамоа янги мавсумда ҳам ёрқин старт олди. Ҳар ҳолда, миланликлар «А» сериянинг дастлабки 6та турида бор-йўғи 2 очко йўқотишди. Айниқса, «Ювентус»га қарши кечган ўйинда амалга оширилган «камбэк» таҳсинга лойиқ. Унутмаслик керак, гап ўтган йилнинг декабрида ҳам энг нўноқ ҳужум чизиғига эга бўлган жамоа ҳақида бормоқда. Энди шу клуб 1964 йилдан буён янгиланмаётган рекордни қулатди - қаторасига 10та учрашувда камида 2та гол урди! Бундай «қизил-қора» машинани тўхтатишнинг иложи йўқдек. Ҳа, «Милан» Стефано Пиоли раҳбарлигида шундай шиддатли силжишга эришдики, мураббийни истеъфога чиқариш ғоясини фақат телбалик сифатида баҳолаш мумкин.

***

Март ойида ОАВда клуб Ральф Рангник билан ноябрдан буён музокара олиб бораётгани эълон қилинганди. Аслида шартнома деярли тайёр бўлганди. Бироқ Пиоли матбуотдаги чиқишида клуб бош директори Иван Газидис унга ҳар хил гап-сўзларга парво қилмаслик кераклигини таъкидлаганини айтди: «Газидис мени ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганига ишонтирди, охирги ҳафталарда эришган натижаларимиз албатта, инобатга олинишини билдирди.  Ке­йин жамоа машғулотларига тез-тез ташриф буюра бошлади. Хуллас, у менга, бажараётган ишимизга катта ҳурмат билан ёндашмоқда».

***

Клубдаги кейинги тақдири бош директор қўлида эканлигини англаган мураббий вақтни бой бермай, тезда германиялик касбдоши «Милан» мутасаддиларига ваъда қилган ишларни амалга оширишга киришди. 54 ёшли Пиоли жумладан, ўтган йилги харидлардан самарали фойдаланиш йўлларини қидирди, ноёб иқтидорлар билан якка тартибда шуғулланишни йўлга қўйди. Мураббийнинг фидойилиги натижасида футболчилар ҳам унга нисбатан муносабатларини кескин ўзгартиришди. «Мистерни барчамиз тўла қўллаб-қувватлаймиз», - деди «президент, мураббий ва футболчи» вазифаларини ўрнига қўяётган Златан Ибрагимович. Устозини ажойиб инсон ва малакали мураббий сифатида таърифлаган дарвозабон Жанлуижи Доннарумма ҳам швециялик машҳур клубдоши фикрини маъқуллади. Туркиялик Ҳоқон Чалханоглу эса, янада кучлироқ таъриф ишлатди: «Шахсан мен айнан Пиоли учун ўйнайман. У бутун жамоа учун энг муҳим шахс. Шундай мутахассис билан ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз».

***

Ҳаттоки, Рангник номзоди учун иккала қўлини кўтаришга шай турганлар ҳам мавсумлар оралиғида тин олишга вақт топмаган клубдаги ўзгаришлар нимага олиб келиши хусусида ўйланиб қолишди:

1. Янги бош мураббий қисқа вақтда ўз фалсафасини қандай сингдиради?

2. Футболчиларни ўзгача тактикага мослаштира оладими?

3. Ўз мўлжалидаги ижрочиларни харид қилиш имконияти қандай...?

4. Шунчалик юксак натижаларга эришаётган касбдошидан устун эканлигини жамоа аъзоларига қандай исботлайди?

***

«Милан» ҳам биринчи навбатда, ички уйғунлик ҳақида бош қотириши аниқ эди. Бинобарин, ҳозир кўплаб жамоалар таваккал қилишни истамаяпти, айни шу сабабми, Массимилиано Аллегри ва Маурисио Почеттино ҳануз ишсиз юришибди. Боз устига, «Милан» март ойида футбол бўлими раҳбари Звонимир Бобанни истеъфога чиқарганди. Хуллас, техник директор Паоло Мальдини янги мураббий ёллаш ғоясига қатъий қарши чиқди. Шунингдек, ўз фикрини ўтказа оладиган Ибрагимович ҳам ғайритабиий тарзда иш тутаётган клуб билан шартнома муддатини узайтириш режасидан воз кечишини билдирди. «Милан» шундай ички тартибсизликлардан қалтираб турган паллада Пио­ли шогирдларини тинчлантириб, ҳамжиҳатликни тиклади. На шикоят қилди, на қандайдир талаблар қўйди. Шунчаки, иш жойида намуна бўлишга арзийдиган даражада фаолиятини давом эттирди. Мальдини ўз мақсадига етганини инобатга олсак, яқин келажакда клуб амалдаги техник директоридан воз кечмаса керак. Лекин айрим ОАВ вакилларининг хулосаларига кўра, бу борада тўлиқ ишонч билан гапиришга ҳали эрта.

***

Швециялик тирик афсона яқинда ўз одатига кўра, катта гапирди: «Агар жамоа ўтган мавсум аввалида ҳозиргидек ҳолатда бўлганида, шубҳасиз, скудеттони қўлга киритардик». Тўғри, Златан доимо ўзига юксак баҳо беради, аммо шундай машҳур юлдузнинг ҳамон сафда эканлиги ёш иқтидорларга ижобий таъсир этишини ким инкор этади? Албатта, Ибра «Бо­лонья»­га қарши беллашувда ўрнини жамоадошига бўшатиб беришга мажбур бўлганидан роса ранжиди. Бироқ фахрий ҳужумчи мураббий унинг томонида эканлигини жуда яхши билади. Қолаверса, жамоадошлари ва мухлислар ҳам Златан ҳурматини жойига қўядилар, уни қадрлайдилар. Мураббий эса унинг юксак нуфузини инкор этмаяпти. Аммо шу 100 фоизлик ишончга қарамай, «Милан» скаутлари янги марказий ҳужумчи қидирувини тўхтатишган эмас. Шунинг учунми, асосий савол ҳамон жавобсиз қолмоқда: ваъда қилинган инқилоб нима бўлади? Уни бекор қилишдими ёки кечиктиришди? Балки амалга ошириб бўлишгандир...

***

Ральф Рангник катта эҳтимолки, 1 йил аввал белгиланган режани рўёбга чиқаришда тажовузкорликни танларди. Газидис вақтида бу борада собиқ бош мураббий Женнаро Гаттузо ва спорт директори Леонардо билан ҳам фикр алмашганди: «Милан» ақллироқ иш кўради, жарангдор номлар ортидан қувмайди ва ёш иқтидорларни излашни кучайтиради». Бироқ шундан кейин Гаттузо ҳам, Леонардо ҳам бош чайқатган ҳолда, клубдан кетишди. Ўша ёз «россонерлар» асосан 25 ёшдан кичик футболчиларни харид қилишди. 21 ёшли бельгиялик Алексис Салемакерс эса таркибга қишда қўшилди. Эркин агент мақомини олган Пьер Калулу номзоди юзага чиқишига қадар клуб ҳимоя чизиғига англиялик Натан Фергюсонни мўлжаллаётганди. Ҳозир жамоатчилик ўртасида «Рангник амалдаги режани рад этган ҳолда, ўзининг қайта қуриш лойиҳаси билан машғул бўларди» қабилидаги тахмин анча оммалашди. Аслида эса бундай эмас: германиялик мутахассис скаутлар раҳбари Жеффри Монкада ва спорт директори Рики Массара каби таниқли экспертларни ёллаган клубга жуда мос тушади. Қолаверса, ҳозирги режа анча мослашувчан: Бобан ва Мальдини жамоанинг тажрибасиз эканлигидан нолиганларида, мутасаддилар таркибга Ибрагимович ва Симон Кьерни жалб этишди. Ибрани қўя турайлик, ижара келишуви асосида олинган Кьер шунчалик ёрқин таассурот қолдирдики, «Милан» уни дарҳол харид қилди.

***

Хуллас, қандай хулосага эгамиз? Бугунги «Милан» - ёрқин келажак йўлида ҳар қандай масалада муросага келадиган жамоа. Бунда ҳамманинг фикри инобатга олинади, шу боис навбатдаги мураббий алмашувига йўл қўйилмади. «Келажак - бугунги кун».  Бу Стефано Пиолининг фикри. Ҳозирда кўпчилик уни маъ­қуллашга мойил...

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz