Қайднома

Қидирув

Ракурс: Мутлақо бошқача Кай

Ракурс: Мутлақо бошқача Кай

  12.11.2020 06:06
  0
  138
Ракурс: Мутлақо бошқача Кай

Жорий мавсум «Челси» сафига қўшилган ҳужумкор ярим ҳимоячи Кай Хаверцнинг қизиқишлари футболчиларнинг одатий хоббиларидан мутлақо фарқланади. Кай болалигидан Михаэль Баллакка мухлислик қилган, унинг «Челси»га муҳаббати боиси шу. Эътиборлиси, германиялик иқтидорни майдондан ташқарида кўпинча мусиқа машғулоти ёки эшаклар ёнида кўриш мумкин.

*** «Челси» Хаверц учун «Байер»га нақ 80 миллион евро тўлади. Трансфер қийматининг баландлигига қарамай, футболчи майдон четида ҳамон сокин ҳаёт тарзига мойил. 21 ёшли йигит пианино чалишни билади, модага қизиқади ва ҳайвонларга алоҳида меҳр кўрсатади.

*** Кай яхши савияга чиқиш йўлида бош кўтармай ишлади. Шу тариқа 17 ёшида «Байер»нинг асосий таркибидан жой олди. Хаверц 2017 йили ЧЛ доирасида «Атлетико»га қарши кечган учрашувни мактаб имтиҳони туфайли ўтказиб юборганди. Кай бундай тиришқоқ бўлиб улғайгани учун ҳуқуқшунос онаси ва полициячи отасидан қарздордир.

*** Кайнинг ақлий салоҳияти майдонда унга роса қўл келади. Футболда тактиканинг нақадар муҳимлиги барчага маълум.

*** Майдондан ташқарида футболчининг хаёли кўпинча ҳайвонлар билан банд бўлади: «Қанчалик ғалати туюлмасин, болалигимдан эшакларни яхши кўраман. Қачондир эшак боқишни орзу қилардим. Энди цирк ёки шунга ўхшаш жойлардаги эшакларга ёрдам бериш учун яхшигина имконим бор. Яқин йиллар учун катта лойиҳам шу. Ҳайвонлар биз ва дунё учун жуда муҳим. Тўғри, футбол ҳаётимда биринчи ўринда туради, лекин мен учун оилам ва бу каби лойиҳалар ҳам муҳим. Имкон борича инсонлар ва ҳайвонларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Тўғриси, ҳаётда футболдан бошқа муҳим нарсалар ҳам кўп».

*** Кайнинг футболга қизиқишида бобоси - Рихарднинг ўрни катта. У вақтида «Алемания Мариадорф» клуби президенти эди. Кай «Байер» академиясига ўтгунича шу клубда шуғулланган.

*** Кай пианино чалишни бувисидан ўрганган. У оилада мусиқа билан шуғулланадиган ягона фарзанд эмас: «Акам болалигидан гитара чалади. Унга ҳавас қилиб, бувимнинг пианиносида иш бошлаганман. Бу машғулотни 3 ёшлигимдан буён канда қилмайман. Қачонки, пианино чалсам, кайфиятим ўз-ўзидан кўтарилади».

*** Истеъдодли ярим ҳимоячи узоқ вақт «Реал» ва «Бавария» клублари эътиборида юрди. Аммо якунда футболчини «Челси» илиб кетди. Кайнинг айтишича, у «Челси»ни яқиндан жиддий кузатган ва энди «Байер» ҳамда Германия термаси собиқ етакчиси Михаэль Баллак изидан бораётганидан хурсанд: «Бу рўёби чиққан орзум. Янги клубга қўлдан келганича манфаат келтириш учун енг шимариб меҳнат қилишим керак. Михаэль Баллак юқори савияли футболчи эди - менинг болаликдаги қаҳрамоним. У менинг позициямда ўйнарди ва гол уришга иштиёқи баланд ярим ҳимоячи сифатида меҳримни қозонган. Мен ҳам имкон қадар кўпроқ гол уришни истайман. Михаэлга ҳар доим катта футболчи сифатида қараганман. Аммо у билан бирор марта суҳбатлашмаганмиз. Тан оламан, якуний қарор чиқаришимда, Фрэнк Лэмпард ҳам катта роль ўйнади. Лекин ақлимни танибманки, «Челси»ни яхши кўраман. Болалигимдан «кўклар»нинг барча ўйин­ларини кузатиб келаман. Шундай экан, мазкур қарорга келиш унча қийин бўлмади. Клубнинг «Сафимизга келишингни хоҳлаймиз. Бизга кераксан. Илтимос, жамоамизга қўшил. Нимани хоҳласанг, барчасини муҳайё қиламиз» - қабилидаги мурожаати ҳам муҳим аҳамият касб этди, албатта. Клубни алмаштираётган пайт мени айнан шундай фикрлар чулғаб олганди. «Челси» - гигант клуб ва айнан шу ерда эканлигимдан бахтиёрман. Барчани қувонтириш учун бор имкониятларни ишга соламан. Ҳа, ўтган мавсум бошқа клублар билан ҳам музокара олиб боргандик ва бу нормал ҳолат, менимча. Охир-оқибат, «Челси» менга ҳаммасини ваъда қилди. Бу ерда катта лойиҳа бор, қолаверса, ёшлар билан ўйнашни ёқтираман».

*** Кай Хаверц ҳозирча худди «Челси»нинг янгиланган таркиби каби мослашиш жараёнида. Уни «кўклар»­нинг етакчиси сифатида таърифлашга ҳали эрта, лекин мухлислар трансферига нима учун шунча маблағ сарф­ланганини англай бошлашди: Лига кубогидан ўрин олган «Барнсли»га қарши баҳсда 66 дақиқа ичида «хет-трик» расмийлаштиргани унинг ички салоҳияти юқори эканлигидан далолат.

Д.АЛИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz