Қайднома

Қидирув

Лука Модрич: “VAR “Реал” фойдасига ишлаяпти? Асло”

Лука Модрич: “VAR “Реал” фойдасига ишлаяпти? Асло”

  13.11.2020 08:08
  0
  268
Лука Модрич: “VAR “Реал” фойдасига ишлаяпти? Асло”

Лука Модрич: “VAR “Реал” фойдасига ишлаяпти? Асло”

«Олтин тўп»нинг амалдаги соҳиби, «Реал» ярим ҳимоясида ҳамон катта роль ўйнаётган хорватиялик Лука Модрич яқинда El Partidazo de COPE кўрсатуви меҳмони бўлди. Муаллифлар режага мувофиқ, миттигина футболчидан «Менинг ўйиним» номли автобиографик китоби, келажаги ва «Мадрид»да ҳукм сураётган айни вазият ҳақида сўрашди.

VAR ёрдами ҳақидаги гап-сўзлар

- Олдин тизим «Қироллик клуби»га ёрдам бераётганини гапиришарди, ҳозир яна шу мавзу... Баъзида мантиқсизликда ҳам ҳаддан ошиб кетишяпти. Майли, VAR «Реал»­га ён босаётган экан. Унда тизимнинг жамоамиз фойдaсига чиқарган лоақал битта нотўғри қарорини кўрсатингчи? Барча қарорлар ҳаққоний ва адолатли. Умуман, VAR футболда адолатни таъминлашга хизмат қилмоқда.

«Барселона»нинг танқидига муносабат

- VAR «Реал»га қарши бўлганида ёки зараримизга нотўғри қарор чиқарганида, ҳеч ким оғиз очмайди. Дейлик, фойдамизга яққол пенальти белгиланмаган ўйинлар кузатилди, аммо бу борада ҳамма жим. Aфтидан, шу аснода бизга босим ўтказишга уринишмоқда. Аслида VAR тизими муваффақиятини кўрмаяптилар, тан­қидлар ноўрин. Ҳар ҳолда, VARнинг «Реал»га ёрдам бераётгани мутлақо нотўғри.

Гарет Бэйлга омад

- Деярли бутун профессионал фаолиятим Гарет билан бирга ўтди. У ажо­йиб йигит, ўта камтар. Бэйл орада шунчаки, ноҳақ танқидларга учради. Сўнгги йиллар негадир мудом муҳокамалар марказига тушиб қолди, аммо «Мадрид»да қилган ишлари таҳсинга сазовор, барибир. Ҳа, сўнгги мавсумларда иши унча юришмади ва афсуски, ҳамма унинг олдинги ишларини унутдилар. Бэйлнинг характери? Ҳар ким ўзига хос феъл-атворга эга. Гарет чиндан ҳам, камгап ва йигитлар билан унча мулоқотга киришмасди, лекин кийиниш хонасида ҳеч қандай муаммо чиқарган эмас. Охирги 1,5 йилда аввалги хизматлари, ўйинлари унутилганидан афсусдаман, албатта.

Шартнома муддатини узайтириш масаласи

- Фаолиятимни айнан «Реал»да давом эттирмоқчиман. Лекин бу фақат менга боғлиқ эмас: клуб сендан нима истаётгани, мураббий нуқтаи назарини аниқлаб олишинг керак. Факт шуки, футболни чинакамига севаман. Истагим - охиригача «Реал»да ўйнаш, аммо бу истак клуб учун муаммо туғдиришини хоҳламайман. Муҳими, ҳамма билан яхши муносабатдаман ва ўйлайманки, ҳали бир тўхтамга келамиз, албатта. Ишонинг, «Реал»да ўзимни худди уйдагидек ҳис қиламан. Тахминий гапиришни ёқтирмайман. Клуб президенти билан ҳар куни кўришамиз, чунки у доим ёнимизда. Лекин шартнома мавзусида алоҳида гаплашганимизча йўқ.

Эден Aзар ўйинига ишонч

- Ғайриоддий ҳолат: Эден бу ерга энг зўрлардан бири эканлигини кўрсатиш учун келган ва жорий йил барчасини исботлайди, албатта. Бошида асосий ролни бажаришга тайёрлигини кўрсатди, аммо жароҳатлар тўсқинлик қилди. Азар бизга керак ва у ҳали «Реал» трансферга нега шу қадар кўп сарфлаганини кўрсатиб қўйишига ишонаман.

Виниcиус Жуниор - келажак умиди

- Бу йигит машғулотларда кетма-кет голлар уради ва буни «Леванте»га қарши баҳсда ҳам кўрсатди. У - келажак умиди.

Aнсу Фати феномени

- Бировга қараш унча яхши эмас - у аввало, ўз ўйинига эътибор қаратиши керак. Ансу улкан истеъдод, шубҳасиз.

Мессининг «Барcелона»дан кетиши...

- Биз учун яхши эмас - шундай буюк футболчининг ўз жамоасида қолганидан хурсандман. У билан бу мавзуда гаплашганим йўқ. Қайтараман, Леонинг Ла Лигадан кетмагани - қувончли ҳолат. Чунки шахсан мен энг кучлиларга қарши ўйнашни хоҳлайман.

Жозе Моуриньо билан ҳамкорлик

- «Мадрид» сафига қўшилишимда айнан Моу муҳим роль ўйнаганини унутмайман. Ажойиб мураббий. Кўп таъкидлаганман - у билан ҳамкорлигимиз атиги бир йилда узилганидан афсусдаман. Мени «Реал»га чақиргани учун Жозедан бир умр миннатдорман. У қаттиққўл ва кучли, лекин ҳар доим очиқ гаплашади. Табиатан шундай дангалчи ва дилидагини яширмайдиган одамларга ҳурматим баланд. Умуман, Жозе билан яхши муносабатда эдик.

Карло Aнчелоттига ҳурмат

- Дон Карло ҳам ажойиб мураббий, аммо инсон сифатида янада яхшироқдир. Унинг бошқарувида икки мавсум муваффақиятли ўйнадик, жуда чиройли футбол кўрсатдик.

Рафаэль Бенитес иши

- Бенитес яхши мураббий, аммо маълум сабаблар туфайли «Реал»да муваффақият қозонмади. Ҳамма ҳам бир уринишда маррага етолмайди. Рафа билан ҳеч қандай муаммога бормадик. Ўша воқеа (Бенитес майдонда Модричга тўпни қандай оширишни ўргатишга уринган) эса машғулотдаги оддий жараён.

Зайниддин Зидан - идеал

- Шубҳасиз, у энг яхшиси. Биз билан эришган сон-саноқсиз ютуқлари такрорланмас даврдир. Одамлар ҳалигача Зиданни қадрламайдилар: доимо турли саволлар беришади, мантиқсиз танқидлар... Ана, радио ёки телевизорни ёқинг, эътироз ва танқидларни эшитасиз, барибир. Агар конструктив баҳо берилса, яхши. Афсуски, аксарият танқидларда асос йўқ. Муҳими, Зизунинг феъл-атвори «Реал»га жуда мос келади. Демоқчиманки, у «Реал» учун идеал мураббий ва тарихда Фергюсон ёки Венгер каби ёрқин из қолдириши мумкин.

«Реал»гача бошқа жамоалар

- Ҳа, «Реал»га келишимга қадар баъзи клублар эгалари билан гаплашганман, аммо Мадриддан қўнғироқ қилишганидан кейин бошқаларнинг қизиғи қолмаганди. Шундан сўнг таклифларни тинглашни ҳам хоҳламадим ва фақат «Мадрид»га интилдим. Тўғри, шартнома тузиш кўп вақт талаб қилди, чунки жараён мураккаб эди.

Кийиниш хонаси етакчиси

- Ўз ҳақимда гапиришим қийин. Лекин шуни айтишим керак, баъзилар бақириш билан етакчига айланишади. Менда ҳам етакчилик фазилатлари бор, фақат бақирмайман. Бошқаларга ўрнак бўлсам, йигитлар бунга эътибор билан қарашса, бас. Умуман, кийиниш хонаси етакчиси ҳақида гапириш шарт эмас.

Максимал даражада ўйнаш

салоҳияти

- Ўйлашимча, мен учун яна 2-3 йил вақт қолди. Шундай экан, қадамба-қадам боришим керак.

Пенальти тепиш имконияти

- Aгар Рамосдан пенальти тепишга рухсат сўрасам, у қаршилик қилмайди - бунга аминман. Лекин Серхио бехато бажаряптими, ўзи тепаверсин, шуниси маъқул. Дарвоқе, Рамоснинг сўнгги муваффақиятсиз зарбаси Хорватия термасига қарши ўйинда кузатилганди.

Мураббийлик истиқболи

- Аввало, махсус курсларда таҳсил олишим керак. Шундан кейин бу йўлда давом этиш-этмаслик тўғрисида бир тўхтамга келаман. Нима бўлишидан қатъий назар, футболда қолишни истардим.

35 ёшга киргани фактори

- Ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Ҳали кучим бор ва яна бир неча йил бемалол талаб даражасида ўйнашим мумкин.

«Реал»нинг трансфер сиёсати

- «Реал» бирор футболчи сотиб олмади. Демак, анча хотиржамман (кулади).

Биографик асари

- Ўзи китоб ёзиш ғояси анча олдин туғилганди. Мана, энди шундай имконият юзага келди. Шунчаки, ҳаётим ҳақида батафсил гапириб беришни хоҳладим. Бу ўқувчиларга ёқишидан умидворман.

Хорватия терма жамоасини бошқариши...

- Йўқ, буйруқни бош мураббий беради, мен эса жамоанинг энг ёши катта футболчиси сифатида айрим масалаларда ёрдам беришим мумкин.

Ҳаётидаги катта айрилиқ

- Бобомнинг ўлдирилгани ҳаётимда оғриқли из қолдирди. У билан ақл бовар қилмас даражада аҳил эдик, кўп вақтни ёнида, уйида ўтказардим. Бобом жуда ёш эди, бундай қадрдонимни эрта йўқотганим ҳалигача алам қилади. Ўша машъум куннинг айрим лаҳзалари хотирамда қолган. Бобом одатда ҳамиша бир вақтда уйга қайтарди, лекин ўша куни келмади. Қандай фожиа юз берганини эса кечаси, тинтув пайти билдик.

Болалик хотиралари

- Оиламиз қишлоқдан чиқиб кетганида, 6 ёшда эдим. Бошқа қочоқлар билан бир жойдан қўним топдик. Ўшанда болалар билан футбол ўйнаганимни ҳамон бошқача энтикиш билан эслайман.

Бомба, қўрқув...

- Машғулотда эдик, бирдан серена янгради ва ҳаммамиз бомбадан сақланадиган жойга югурдик. Яхшики, бирор дўстимни йўқотмадим, аммо бомбанинг биз яшаган меҳмонхонага тушгани... Қандайдир ёмон воқеа юз бераётганини тушундик, қўрқувга тушдик. Шунда ҳам ҳаммаси яхшилик билан тугаши, отамнинг уйга омон қайтишига умид боғлаганман.

Коронавирус ва уруш миқёси 

- Булар умуман бошқа-бошқа нарса. Вирус ҳаётнинг бир синови ва бу иложи борича тезроқ тугашини истайман. Ҳозир ҳамма учун ноқулай. Ахир бундай яшашга ўрганмаганмиз. Лекин ҳозирги даврни уруш йилларига таққослаш ноўрин.

Шахс сифатида шаклланиш жараёни

- Мен билан содир бўлган барча воқеалар шахс сифатида шаклланишимга ёрдам берди. Шунингдек, ота-онам истиқболим йўлида узоқ йўл босишди, кўп тер тўкишди. Тўғриси, соддароқман ва бундан уялмайман. Менимча, болаликдан сокин юришга мойил эдим. Лекин гавда жиҳатидан кичикроқ бўлганим учун ўз жойимни топиш илинжида мудом кураш олиб боришимга тўғри келган. Ҳамма ўша вақтдаёқ иқтидорим катта эканлигини айтарди.

Футболчилар образи

- Ҳа, одамлар футболчиларга ёрлиқ ёпиштиришга мойиллар, гарчи исталган спорт турида профессионал даражага кўтарилиш осон бўлмасада. Футболчилар ҳам дам олишлари керак. Айримларнинг назарида, спортчилар учун ҳаммаси осмондан тушади, улар ортиқча жон куйдиришмайди. Лекин биламизки, асло бундай эмас.

Футболдан кейинги ҳаёти

- Биз Мадридни яхши кўрамиз ва катта эҳтимолки, шу ерда қоламиз.

М.Пўлатов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz